Деновнинг маънавий қиёфаси

Тарих, умуман, ўтмиш камол топиш ва заволга юз тутиш силсиласидан иборат: бу қисмат ҳеч бир тамаддунга бегона эмас, қайсидир маънода, келажак ўтмишда суратланади, тарих шу боис ҳам биз учун азиздир.

Деновнинг тарихини айтаверсак, катта бир достон бўлади. Шаҳарнинг қоқ марказида бундан беш юз йил илгари қурилган Саййид Оталиқ мадрасаси рўпарасидаги “Эгизи”ни ўтган асрнинг йигирманчи йилларида “эскилик сарқити” сифатида бузиб, беш юз йилдан бери қилт этмай турган пишиқ ғиштларни бўлмағур мақсадлар учун ишлатиб юборишган. Аммо ҳозир бу ҳақда эмас, хайрли тасодиф туфайли сақланиб қолган Саййид Оталиқ мадрасасининг истиқлолимиз учун нечоғли аҳамиятли экани ҳақида гапирмоқчимиз. Мен унинг тимсолида буюк қадриятларимизнинг завол билмас ҳайкалини кўргандай бўламан.

Деновнинг бугунги камоли ана шундай мустаҳкам пойдевор устида турганлигига иқрор бўлиш одамнинг кўнг­лини тоғдай кўтариб юборади. Модомики шундай экан, замон чўққиларига назар ташлаб, аждодларимиз бизга бебаҳо бойликлар қолдириб кетганлигини эътироф этиб, уларга муносиб ворислар бўлишга ҳаракат қилмоғимиз лозим.

Ҳар жойнинг ўз ҳақиқатлари ва уларни меъёрда ушлаб турадиган азалий қонун-қоидалари бор. Ўз-ўзидан тушунарлики, бундай ўлчамлар Деновга ҳам тўла тааллуқлидир.

Оламнинг, одамнинг тўрт унсурдан таркиб топганини ҳамма билади. Буни қарангки, Деновда бу унсурларнинг ҳаммаси соз.

Денов худди чўллар тугаб, тоғлар бошланадиган минтақага тўғри келади. Ёзи салқин, қиши мўътадилдир. Шунинг учун ҳам бир вақтлар Деновда шакарқамиш етиштирганлар.

Денов хурмоси Ўзбекистондан ташқарида ҳам машҳур. Тўғри, қўшни туманларда, ҳатто бошқа вилоятларда ҳам хурмони ўстириш мумкин ва шундай бўлаяпти ҳам, аммо бирор жойда Деновдагичалик хурмо серҳосил ва ширин бўлмайди.

Деновнинг марказида Дендрарий боғи бор. У ерда қандай дарахтлар ўсмайди, дейсиз. “Лола” дарахтини кўриб, бу дунёнинг турган-битгани мўъжиза экан-да, дейсиз. Бир пайтлар Петрарканинг бошида гултож бўлган дафнага бу ерда жайдари ўсимлик сифатида қарашади. Ҳай-ҳай демасангиз, бамбук бир кеча-кундузда беш қаричга ўсади. Бир қарашда эътиборни тортмайдиган бу тафсилотлар Деновнинг тупроғи ва иқлими созлигини исботловчи далиллардир.

Оламни ҳайратга солган улуғ бобомиз Абу Наср Форобий “Фозил одамлар шаҳри” китобида истиқомат учун соз ва носоз бўлган манзилларнинг таърифини баён қилади. Соз жойларнинг аломатлари санаб ўтилган саҳифаларни ўқиётиб Форобий бу ёзганларида Деновни назарда тутмадимикан, деб ўйлаб қоласан киши. Шу китобда битилишича, соз тупроқ тоғларни қандай жойлашуви, шамолларнинг қандай ва қаёқдан эсиши, ичимлик сувининг сифати ўша юрт истиқоматчиларининг нафақат сиҳат-саломатлигига, балки уларнинг қуввайи ҳофизаси, ақлий ривожланишига ҳам жуда сезиларли таъсир қилар, одамларнинг табиатидаги муайян хусусиятлар ҳам шу омилларга боғлиқдир.

Қаранг, мустақиллик йилларида Деновдан беш нафар фидойи инсонлар — Иброҳим Файзуллаев, Аҳмад Нарзуллаев, Раҳмон Муҳаммадиев, Ҳамза Маҳкамов, Юсуф Зиёевлар Ўзбекистон Қаҳрамони деган шарафли унвонга сазовор бўлдилар.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Мурод, Ўзбекистон халқ артисти Ўлмас Расулов, Ўзбекистон ҳалқ бахшиси Боборайим Маматмуродов шу замин фарзандларидир. Адабиёт йўналиши бўйича тўрт нафар шоира қиз — Феруза Қурбонова, Шаҳноза Турсунова, Фарида Тошпўлатова, Дилрабо Норқулова Зулфия мукофоти совриндорлари бўлдилар.

Академик Назар Тўраевни илм аҳли яхши билади. Назар акадан бир сафар илмий фаолиятининг мазмунини сўрадим: ўн миллион даражадаги иссиқликда сиртнинг емирилишини қандай қилиб камайтириш муаммолари устидаги тадқиқотларини шогирдлари ҳамроҳлигида давом эттираётган экан. Агар ижтимоий тараққиёт шундай суръатлар билан давом этаверса, 50-60 йилдан сўнг инсоният ер юзидаги ва ер остидаги ёқиш мумкин бўлган ҳамма нарсани тугатади. Ана ўшанда инсониятнинг энергияга бўлган эҳтиёжини қаноатлантириш ва қондириш керак бўлади. Қандай қилиб? Бу ёқда ёқиш мумкин бўлган ўтин ҳам, кўмир ҳам, газ ҳам тугайди… ўшанда одамларда сувнинг таркибидаги водород атомини парчалашдан бошқа илож қолмайди. Дунё­даги барча денгиз, уммонлар водород атомини эса ҳавода парчалаб бўлмайди. Бунинг устига унинг парчаланиши учун 10 миллион даражада иссиқлик керак. Биз ҳозир водород парчаланаётган, тўғрироғи, портлаётган макон деворининг емирилиши даражасини камайтириш муаммоларини тадқиқ қилаяпмиз, деган эди Назар ака ўшанда. Назар ака баён этган масалаларнинг тафсилотларини кўз олдимизга келтириб ҳайратга тушмасликнинг иложи йўқ эди.

Денов шаҳрининг кун ботишида Қизилсув дарёсининг бўйида, Туп­роққўрғон деган манзил бор. Унинг ярмини дарё тошқини ювиб кетган. Ана шу ўпирилишлар чоғи чиқиб қолган буюмларни кўздан кечирган академик Галина Пугаченкова уларнинг милоддан олдинги даврларда ясалганини аниқлаган. Икки минг йилга бардош берадиган Тупроққўрғонни ота-боболаримиз бунёд этган. Манбаларда Қизилсув дарёсининг таги билан ўтиб қўрғоннинг ичидан чиқадиган лаҳм-­ерости йўли ҳақида ҳам гапирилади.

Бундай азамат қўрғонлар хўжакўрсинга қурилмаган ва айни ҳақиқат шундан иборатки, Қизилсув ҳам шунча вақтдан бери ўзанини ўзгартиргани ё қуриб қолгани йўқ, Қўрғон ҳам- эртаклардаги афсона эмас, жойида турибди.

Бугун иқтисодиётимиз ва мафкурамиздаги барқарорликнинг бир чети қад­риятларимизнинг улуғланаётганига ҳам бориб боғланади. Биладиганларга маълумки, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг садоқатли издошлари ва суюкли шогирдлари Шайх Алоуддин Аттори Валий ҳазратларининг хилхонаси Деновда. Буни қарангки, у шундай улуғ зот мангу қарор топган туп­роқ устида мақбара кўтариш бизга, тўғрироғи бизнинг авлодга насиб этган экан: Амир Темурнинг Аҳмад Яссавий ҳазратлари қабри устига кўтарган мақбараси ва улуғ ҳимматини олти юз йиллардан бери миннатдор бўлиб эслаганимиздек, Шайх Алоуддин Аттор ҳазратларининг бу муаззам мақбараси ҳам тафаккур ва тариқатга бўлган муҳаббатнинг тимсоли сифатида келажак авлодларни ҳам худди биз сингари ҳайрат ва ҳаяжонга солажакдир: бу савобли ишларнинг ажрини Яратганнинг ўзи берсин!

Зотан, тафаккур ҳайлиддин ёнган чароғлар — кўнгилдаги ёлқин то абод ўчмагай!

Деновнинг халқида аввал-охир тижоратга мойиллик кучли, шунинг учун Денов бозори гавжум ва жуда барокатли. Ҳа, Денов бозорининг гавжум бўлмаган куни йўқ. Ўзингиз биласиз, бозорга кирган одам қуруқ чиқмайди. Ва бунинг устига Деновнинг бозорида ҳеч нарса арзон эмас: демак истеъмолчининг эҳтиёжи баланд ва ҳамёнида ана шу эҳтиёжни ортиғи билан қоплайдиган даражада маблағи бор. Бекорга Деновни “Кичик Бомбей”, дейишмаган-да.

Деновликлар, масалан майда-майда томорқалардан ҳам катта-катта даромадлар ола билишади.Табиийки, моддий фаровонлик дас­турхонини тўкин-сочин қилишга бўлган эҳтиёжини ҳам ошириб юборади.

Ўтган эллик йил мобайнида Деновга ҳокимлик (Шўро замонида биринчи котиблик) қилган инсонларни кўпини кўзим билан кўрганман ва имкон қадар билганимча уларнинг таърифини қилишга қодирман: уларнинг ҳаммаси ҳам ўзини, демакки, эгаллаб турган вазифасини қадрлайдиган, раҳбарлик салоҳияти ҳам ёнидагилардай бир қадар баланд инсонлар эди. Аммо уларнинг ўндан саккизи кўча ибораси билан айтганда “урилиб” кетди. Бу Деновнинг ижтимоий об-ҳавосидан деб ўйлайман.

Айтдим-ку, Деновга дуо кетган: адолатнинг йўлини тутмаган одамнинг иши асло юришмайди.

Кўпдан-кўп тафсилотларни кўриб-ку­затиб, анча йиллардан бери битта хулосага келганман. Деновда инсон учун қусур ҳисобланган ҳамма нарсани қилиш ва ҳаттоки ғоздай бўлиб юриш мумкин, аммо бу ерда адолатсизликни, яъни умуминсоний қадриятлар мажмуасининг улгуси ўлароқ қарор топган ижтимоий мезонларни оёқости қилсангиз (ҳақорат, таҳқирлаш, камситиш, калондимоғлик), чойхонадаги иборалар билан айтганда “оқ”ни “қора” ё “қора”ни “оқ” десангиз ва фаолиятингизни шу асосга қурсангиз, деновликлар кечирмайдилар.

Аммо тоғнинг устида турган одам унинг юксаклигини ҳис қилмагани сингари Деновда яшаётган киши бу шаҳарнинг ноёблигини ҳам ҳамиша англаб етавермайди. Унга бошқаларнинг кўзи билан ёки четдан туриб қараш керак, шунда у бутун салобати ва беқиёслиги билан намоён бўлади. Мен бу ҳақда кўп ўйлаганман. Биласизми, Деновда аллақандай жозиба бор, кўп кузатувлардан сўнг бунга иқрор бўлганман. Кун сайин Деновда тараққиётнинг ёрқин изларини кузатасиз. Енгил машиналарнинг кўплигидан ҳатто йўллар ҳам торайиб қолаётганга ўхшайди. Мустақиллик шарофати билан тадбиркорликка йўл очилган қисқа пайт ичида шундай иморатлар қурилдики, шўро замонида уларни орзу ҳам қилиб бўлмас эди.

Чағониён амири Абдулмузаффар Чағонийнинг назмни яхши тушуниши ва ўзи ҳам гўзал шеърлар ёзишини ўқигансиз. Буни қаранг-ки, бу анъана давом этмоқда. Бугун зиёлилар орасида “Денов адабий муҳити” деган ибора эҳтиром билан тилга олинади. Чоршанби Деҳнавий, Хуррам Райимов, Искандар Музаффарзода, Шуҳрат Азизов, Холбиби Эргашева кабилар Деновнинг таниқли ижодкорлари. Мустақиллик шарофати билан Денов тумани янада чирой очди, яшарди, навқирон паллага кирди. Бетакрор ўтмиши, бой тарихи, гўзал маданияти билан у Ватан ичра яна бир Ватандир.

Денов тарихи ҳақида сўз юритиб, асло уни тугатиб бўлмагани сингари, бугунги Денов ҳақида ҳам сўз айтиб якунлаш жуда душвор. Айниқса, кейинги йилларда туманда олиб борилаётган ишларга алоҳида тўхталмоқ жоиз. Чунки шахсан муҳтарам Президентимизнинг топшириқларига биноан Денов жамолига ободончилик ва бунёдкорлик манзилига айланган. Кўчалар кенгайтирилмоқда, бир-биридан гўзал уйлар, иморатлар бунёд этилмоқда.

Тарихий масканларга эътибор берилмоқда. Энг муҳими, Янги Ўзбекис­тонимизнинг қадимги Чағониёни —обод ва қадди баланд Денов янада юксалмоқда.

Тоштемир ТУРДИЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 + two =