Фидойи олимнинг бой мероси

Ҳаёти ва фаолияти нафақат қашқадарёликларга, балки мамлакатимиз зиёлилари учун ибрат мактаби бўла оладиган адабиётшунос олим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Поён Равшанов узоқ йиллар Қарши давлат университетида халқимиз фарзандларига сабоқ берди. Оддий ўқитувчиликдан кафедра мудири, факультет декани ва ўқув ишлари проректорига қадар босқичда тўплаган илмларини эл билан баҳам кўрди. Саксондан зиёд тарихий, бадиий ва назмий асарлар яратди.

Домла бутун умрини илму маърифатга бағишлаш баробарида ўзининг ёрқин ва эркин фикрлари билан марказий ва маҳаллий матбуот нашрларида фаол иштирок этди. Элимизга маърифат, зиё улашди.

Олимнинг асарлари уч йирик йўналиш: адабиётшунослик, бадиий ижод ва тарихшуносликни ўз ичига олади. У адабиётшунос сифатида болалар қиссачилиги бўйича номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. “Болаликнинг сеҳрли олами”, “Адабий саҳифалар”, “Адабиёт: назария ва амалиёт” сингари илмий рисолалари ижодкор талабалар учун илм манбаи вазифасини ўтади. Шунингдек, Поён ака қўлёзма ва тошбосма манбалар устида ишлаб, “Темурнома”, “Туркий қавмлар тарихи” каби илмий-тарихий асарларни нашрга тайёрлади. “Ватан тарихидан: Турон VII–XIX асрларда”, “Амир Темур хонадони”, “Амир Темур ватани”, “Қашқадарё тарихи”, “Қарши тарихи”, “Шаҳрисабз тарихи”, “Женов тарихи” сингари ҳам ҳажм, ҳам моҳият эътибори билан салмоқли илмий асарлар яратди. Тарихий-илмий материаллар асосида “Завол”, “Нахшаб қиссаси”, “Темурбек ва амир Ҳусайн қиссаси”, “Шукуҳли умр” сингари бадиий асарлар ижод қилди.

Поён Равшанов Қашқадарё вилояти архивларида ишлаб Қашқадарёдан собиқ иттифоқ даврида ноҳақ қамоқларга олиниб, қатағон қилинган инсонларнинг ўтмишини ўрганиб уч жилдлик “Қатағон” “Истибдод” “Тажовуз” номли китоблар нашр қилдирди. Шунингдек, “Қизил салтанат исканжасида”, “Амирлашкар Алимқули тарихи” китобларини ёзди. Ушбу асарларидаги тарихий воқеликлар асосида “Қамоқ салтанати” романини, “Малика Кенагас ойим ёхуд Амир Насруллонинг ўлими қиссаси”, “Қоровулбеги қисмати”, “Қўлга тушган қасоскорлар” қиссалари дунё юзини кўрди. Бундан ташқари, у чорак асрдан ортиқ вақт давомида Насаф ва Кеш (Шаҳрисабз) узоқ ўтмишида шаклланган адабий ҳаёт тарихини тадқиқ этган адабиётшунос олимдир. Адабиётшунос олимнинг айниқса, “Адабий саҳифалар” асарида Қашқадарё тимсолида халқимизнинг энг қадимги даврларидаги ҳаёти ва ижодий тафаккур тарзи мукаммал ёритилган. Адабиётшуносликда биринчи бўлиб ушбу асарда IX–X асрлардан то XIX аср бошига қадар воҳада яшаб ижод этган Насафий ва Кеший нисбали йигирма бир шоир ва тўққиз хаттотнинг жаҳон тамаддунида тутган ўрни тўғрисида қимматли маълумотлар берилган. Поён Равшанов тарихшунослигининг каттагина қисми бевосита соҳибқирон Амир Темур ва унинг авлодлари ҳукмронлиги даврини қамраб олади. Олимнинг 1988 йилда катта шов-шувлар ва эътирофларга сабаб бўлган “Амир Темур муҳри” номли мақоласи ушбу хайрли ишларнинг дебочаси эди. Шундан сўнг изма-из Салоҳиддин Тошкандийнинг “Темурнома”си табдили ва тадқиқи, “Амир Темур туғилган жой ёхуд Занжирсарой қиссаси”, “Амир Темур ватани”, “Амир Темур ва Амир Ҳусайн қиссаси”, “Амир Темур хонадони” асарлари яратилди. Адибнинг, айниқса, Амир Темур ҳақида ёзган “Амир Темур сулоласи”, “Темурийлар силсиласи” каби асарлари бизни асл тарихий ҳақиқатлар билан янада яқиндан таништирди.

“Амир Темур сулоласи”ни муаллиф ўз ўқувчиларига тарихий роман сифатида тақдим қилади. Асарда Соҳибқирон ва унинг Марказий Осиё, Хуросон, Эрон ва Ҳиндистонда беш асрга яқин ҳукм сурган сулоласи қисмати тасвирланган. 1447 йилдан 1507 йилга қадар Мовароуннаҳр ва Хуросонда кечган шиддатли воқеа-ҳодисалар, сулоланинг олтмиш йиллик тарихи ёритилган “Темурийлар силсиласи” асари ҳам шу йўсинда дунё юзини кўрди. Маълумки, бу даврда Шоҳрух ва Улуғбек мирзодан мерос юртни идора қилган темурийзодалар ҳаёти ва фаолияти анча чигал кечди. Асарда тожу тахтга интилган, унга бир сира ва давомли муяссар бўлган бир неча темурийзодалар қисмати тарихий-бадиий манбалар асосида реал тасвирланган. Улар қаторида “Оқсарой тарихи” асари ҳам алоҳида ўрин тутади. Айниқса, 1380–1396 йилларда бун­ёд этилган Оқсарой қасри — соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари барпо эттирган бетакрор муҳташам меъморий обидадир. Унинг ҳайротомуз тарихи китобда кенг тасвирланган.

Алқисса, илмий-ижодий фаолияти билан адабиётимиз, тарихчилигимиз ривожига катта ҳисса қўшган адиб ва шоир, адабиётшунос ва тарихчи Поён Равшанов вафотидан сўнг 2020 йилнинг 12-13 ноябрь кунлари Қашқадарё вилоятига ташриф буюрган Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан унинг шахсий кутубхонасида сақланаётган 42 минг донадан зиёд китоблар — нодир маънавий мерос олимнинг оила аҳли истаги асосида вилоят Ёшлар марказига берилди. Ушбу мақсадда бу ердан алоҳида жой ажратилиб жиҳозланди. Шунингдек, мазкур кутубхонанинг мазмун-моҳиятини ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш вилоят раҳбарияти зиммасига юклатилди.

Бу шубҳасиз, олимга ва у қолдирган маънавий меросга юксак ҳурмат намуна­сидир.

Ғулом АБДИЕВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven + 20 =