Ўзбек миллий армиясини орзу қилган саркарда

ёхуд Миркомил МИРШАРОПОВ ким эди?

Ўзбек халқидан етишиб чиққан саркардалар орасида Миркомил Миршаропов алоҳида ўринни эгаллайди. 1900 йили Авлиё отада мол боқувчи оиласида туғилган,  рус-тузем мактабининг 4 синфини тугатган Миркомилни ҳеч ким келажакда машҳур саркарда бўлиб етишади, деб ўйламаган эди. У 1920 йили Тошкентдаги 8 ойлик ҳарбий курсни тугатганидан сўнг Хоразм ҳарбий нозирининг ўринбосари сифатида фаолият кўрсатган. Кейин Оренбург фронтида жанговар командир сифатида иштирок этгач, ҳарбий-назарий билимни мукаммал эгаллаш мақсадида 1925-1929 йилларда бўлажак Совет иттифоқи маршали К.Е.Ворошилов билан бирга Фрунзе номидаги ҳарбий академияда таҳсил олади. 1931 йилдан бошлаб 6-отлиқ ўзбек аскарлар полкига полк командири этиб тайинланади. Кейинчалик бу полк 19-тоғли  отлиқ ўзбек дивизиясига айлантирилади.

Миркомил Миршаропов жанговар йўлнинг мураккаб ва машаққатли бекатларидан ўтиб, 19-тоғли отлиқ ўзбек дивизиясининг қўмондони даражасига кўтарилади, шу дивизиянинг қўмондони сифатида халқ ва армия ўртасида катта шон-шуҳрат қозонди. У қўмондон бўлган дивизиянинг тантанали йиғинларида саркарда шарафига басталанган “Миршаропов марши” ижро этилади. Хуллас, Миркомил Миршаропов том маънода ўзбек халқи орасидан етишиб чиққан истеъдодли саркарда сифатида эътироф этилади.

Ўзбекистон шу йилларда Файзулла Хўжаев ва Акмал Икромов раҳбарлигида халқ хўжалиги, фан ва маданият соҳасида муайян ютуқларга эришаётган, бу раҳбарларнинг эл-юрт ўртасидаги обрў-эътибори ҳам кундан-кунга ошиб бораётган эди. Уларнинг яхши шаклланиб бораётган ўзбек диви­зиясига орқа қилиб, СССР Конституциясида белгиланган мустақилликни талаб этиши ҳеч гап эмас эди. Шунинг учун ҳам М.Миршаропов 1935 йили ўзбек дивизиясидан Мўғулистон Ҳарбий нозирлигига ҳарбий атташе сифатида юборилади. Ўзининг жанговар тажрибасини ошириш ва ўзбек тоғли отлиқ аскарлар дивизиясини янада шакллантириш орзуси билан яшаган М.Миршаропов СССР мудофаа халқ комиссари, курсдоши К.Е.Ворошиловга мурожаат этиб, ундан Ўзбекистонга қайтариб юборишини илтимос қилади. Аммо мудофаа халқ комиссарининг буйруғи билан у 1936 йил 11 майда эндигина тузилаётган Шимолий Кавказ тоғли халқлар алоҳида отлиқ аскарлар бригадасига командир-комиссар этиб тайинланади.

М.Миршаропов беш ой ичида Шимолий Кавказдаги Доғистон, Кабариддин-Болқор, Шимолий Осетин, Чечен-Ингуш автоном республикалари, шунингдек, Қорачой ва Черкесск автоном вилоятларида яшовчи 11 тилда сўзлашувчи 26 миллат ва элатга мансуб аскарларни ўз таркибига олган янги бригадани шакллантиришга муваффақ бўлади.

Ёш қўмондон ўз олдига қўйилган вазифани қисқа муддатда қанчалик муваффақиятли бажарганига қарамай, 1937 йил 23 июнь куни Майкоп шаҳридан яна Ворошилов номига “ўртоқлик хат”ини йўллаб, ундан она юртига хизматга юборишини сўрайди. Аммо орадан кўп ўтмай, 1937 йил 28 октябрда М.Миршаропов НКВДнинг Азов Қора денгиз ўлкаси бошқармаси томонидан қамоққа олиниб, махсус поезднинг панжарали купесида этап билан Тошкентга олиб келинади.

“Фавқулодда ҳодиса”

Баён этилаётган воқеалардан икки йил аввал М.Миршаропов қўмондонлик қилган 19-дивизиянинг Ғафуров ва Ҳошимов фамилияли икки аскари 1937 йилнинг қиш ойларида ичига сим тиқилган конфетни отга бериб,   уни ўлдирмоқчи бўлишган. НКВДга ёлланган аскарлардан бири бундан дарак топиб, 19-дивизия ҳузуридаги НКВД махсус бўлими вакилига бу “фавқулодда ҳодиса”ни хабар қилади. Хуллас, кўп ўтмай, дивизияда рўй берган “фавқулодда ҳодиса” хабари НКВД махсус бўлими бошлиғи Мишковскийнинг қулоғига етиб боради.

Сўнгги манба Мишковскийга оддий аскар Ғафуровнинг ўзига бириктирилган отни ёмон кўргани учун уни ўлдириб, бошқа отни олмоқчи бўлганини айтган. Аммо Мишковский махсус бўлим вакилини жеркиб ташлаб: “Сен қанақа чекистсан ўзи! Ҳар қандай аҳмоқона гапларга ҳам ишонаверасанми?! Бу уюшган зараркунандалик-ку! Шубҳасиз, бу ерда катта бир гуруҳ бор!” — деган. Хуллас, баҳонаталаб замон эмасми, НКВДнинг 19-дивизия ҳузуридаги махсус бўлими дивизиядаги аксилинқилобий миллатчилик ташкилотини фош этиш ишларини шошилинч равишда бошлаб юборади.

Дивизия қошидаги махсус бўлимнинг собиқ ходими  А.Я.Карпачевский 1939 йил 15 октябрда бўлиб ўтган сўроқ пайтида бундай кўргазма берган:

“Мен тергов ишига алоқадор шахсларга карточка тўлдирар ҳамда айбланувчилар ва гувоҳларнинг сўроқ баённомаларидан  кимнинг қандай кўргазма берганини кўчириб ёзар эдим. Бундан ташқари, кўпинча Мишковскийнинг фармойишига кўра, баъзи ҳолларда шахсан у ёки Амбарцумян ва бошқалар билан бирга айбланувчиларни тунда жазолаш мақсадида тайёрланган зах, сиймон полли камерага олиб борар эдим… Мишковский бу камерада айбланувчилар қўлига ҳар доим кишан солар (унинг ёзув столида ҳамиша бир жуфт кишан тайёр турарди) ёки маҳбусларини кишанлашни бизга топширар эди.

Агар айбланувчи сўроққа камерадан чақирилган бўлса, дивизиянинг махсус хонасида бир неча кун қолиб кетар эди… Мишковский чиқарган буйруққа кўра, айбланувчининг ўтириб-ётишига рухсат берилмаган. Агар айб­ланувчи 6 суткадан 10-12 суткагача бўлган даврда кўргазма беришдан бош тортса ёки талаб этилган нарсани ёзиб бермаса, Мишковский уни ўзининг хонасига олиб кетар ёки бу ишни Васильевга топширар эди. Баъзан улар уйқусизликдан мадорсизланган айбланувчиларни биргалашиб калтаклашар ва шундай йўл билан улардан керакли кўргазмани олишар эди. Агар айбланувчи кўргазма бермай, ўз қарорида қатъий турса, Мишковский Васильев билан бирга уни юқорида эслатганим сиймон камерага олиб бориб, айбланувчини қамчи билан уришар ва уни камерада кишанланган ҳолда тун бўйи қолдиришар  эди. Бу усулга дош бериб, кўргазма бермаган одам зоти бўлмаган”.

НКВДнинг Карпачевский кўргазмасида тилга олинган икки ходими  қиш чилласида аскарлар устига шлангдан сув сепиб, калтаклаб, суткалаб терговхонада турғизиб қўйиб, ўзларига керакли маълумотни олишга эришарди. Аскарлар  қийноқ  орқасида дивизияда аксилинқилобий инқилобий миллатчилик ва ҳатто қўзғолончилик ташкилотининг борлигини “тан олиб”, бу ташкилотга гўё аъзо бўлган дўстлари ва командирлари  номини айтиб берардилар. Шу тарзда 1937 йил мартидан 1938 йил ноябрига қадар бўлган муддатда дивизиянинг дастлаб 30, кейин 20 нафар, жами 50 нафар кўзга кўринган аскар ва командирлари қамоққа олинади. 16 киши, шу жумладан, Миркомил Миршаропов ва бошқа қўмондонлар отувга ҳукм қилинади. Қолганларга эса турли муддатли қамоқ жазоси берилади. Шу тарзда ўзбек халқининг ифтихори бўлган 19-тоғли отлиқ аскарлар дивизияси шафқатсизларча тугатилади ва тарқатиб юборилади.

1956 йили Совет давлатининг 30-50-йиллардаги қатағон сиёсати қораланиб, шу давр­­да жабрланганларнинг ишлари қайта кўрила бошлайди. Шу даврда ҳаёт бўлган ва М.Миршароповни кўрган ҳарбийлардан бири Нурмурод Бекмуродов (1900 йили, Пастдарғом туманида туғилган) 1956 йил 24 апрелда терговга чақирилганда, Миршаропов тўғрисида бундай маълумотни беради: “Мен Миршароповни тахминан 1927 йилдан бери билар эдим. У 1927-1932 йилларда 41-отлиқ аскарлар полкига, 1932 йилдан 1934 йилгача 19-ўзбек дивизиясига қўмондонлик қилган. У полк ва дивизия командири бўлган вақтида командирлар ва аскарлар ўртасида катта обрў қозонган. Лагерга яқин жойлашган колхозлардан бири унинг номи билан аталган, у ҳақидаги ўзбек тилидаги қўшиқда полк, кейин эса дивизия “Миршаропов дивизияси” деб улуғланган. Лекин мен уни ҳурмат қилмаганман. У менга нисбатан адолатсизлик қилган”.

Бу адолатсизлик нимадан иборат бўлганлигини билишни истарсиз, ҳурматли гезетхон? Н.Бекмуродов бу “адолатсизлик” ҳақида ҳам  ёзган: “Тахминан 1929 йили, — деган у, — мен Мақсумнинг бандасини тугатиб, унинг калласини олиб келганман. Самарқандга келганимда, у мени чақириб, нечта орден олганимни сўради. Мен ўша пайтда босмачиларга қарши курашдаги хизматим учун Бухоро ҳукуматидан иккита орден олган эдим. Мен нима учун ва неч­та орден олганимни айтдим. Шундан кейин у бошқа орден олмаслигимни айтиб, кабинетидан ҳайдаб чиқариб юборди. Миршаропов нега менга бундай адолатсизлик қилди, билмайман. Аммо Миршаропов шундай деганига қарамай, мен Мақсумнинг бандасини тугатганим учун орден олганман. Мени бу орденга ким тавсия этган, бу ҳам номаълум”.

Н.Бекмуродовнинг бу сўзларидан шундай хулоса чиқариш мумкинки, Миршаропов гарчанд ўзи ҳам босмачиларга қарши курашда маълум даражада иштирок этган бўлса-да, босмачиларнинг Туркистонни рус босқинчиларидан озод қилиш йўлида курашаётганларини, рус армиясининг эса босмачиларга қарши кураш баҳонасида Туркистон аҳолисини қираётганини яхши англаган эди.

Бекжонов Ибрагим Паскаевич (1895 йили, Рязань шаҳрида туғилган, истеъфодаги генерал) эса  терговчига Миршаропов ҳақидаги бундай маълумотни берган: “1929-30 йилларда Миршаропов дивизияга командир этиб та­йинланган, мен бўлсам шу вақтда 41-отлиқ аскарлар полкига командир эдим. 1933 йилда Олма-ота шаҳрига кетдим. 1935 йили қайтиб келганимда у дивизияда йўқ эди. У полкка командирлик қилган пайтида ўзини саводли ҳисоблар, қўли остидагиларга катта талабчанлик билан қарарди, аммо у  барча ишларни бош­қаларнинг қўли билан бажарарди. Хизмат моҳиятига кирмас, топшириқлари юзаки топшириқлар бўларди. У кўп вақтини Ўзбекистон К(б)ПМК ва МИКнинг турли съездлари, пленумлари, кенгашлари ва бошқа жойларда ўтказарди. Шу билан фахрланар, ўзини бошқалардан баланд, мустақил тутарди. Дивизияга командирлик қилганида ҳам шундай бўлди. У бригаданинг собиқ командири Иван Ефимович Петров билан ади-бадига бориб, унинг топшириқларини писанд қилмаган.

Яхши эслайман, Миршаропов доим айтардики, ўзбек дивизиясидаги европалик командирлар муваққат командирлар бўлиб, уларнинг вазифалари ўзбеклардан командир кадрларни тайёрлаш, шундан кейин барча командирлар таркиби фақат ўзбеклардан иборат бўлиши керак…”.

Мирабдуллаев Мирваҳоб (1904 йили, Тошкентда туғилган) эса 1956 йил 18 сентябрда терговчига бундай маълумотни берган: “Мен Миршароповни муомалали, маданий ва сезгир командирлардан бири сифатида билганман. У доим ҳарбий бўлимларда бўлиб оддий қизил аскарлар билан суҳбатлашар, уларнинг арз-додини диққат билан тинглар, қандай ёрдам бериши мумкин бўлса, шу ёрдамини берарди.  Шу билан бирга Миршаропов жуда талабчан эди. Ҳеч ким унинг топшириқларини бажармасликка журъат қилолмас эди. Командирлар ва жангчилар ўртасидаги ҳурмати катта, ҳамма ҳурмат қилар эди. Ҳарбий масалада, — мен ўша пайтда бу масалани қанчалик тўғри тушунардим, билмайман,  — лекин у яхши, саводли командир эди”.

* * *

 Миркомил Миршаропов тўғрисидаги хотираларда унинг нафақат истеъдодли қўмондон, балки жасур, мард ва матонатли инсон бўлганлиги ҳам айтилади. Аммо у 1937 йил 16 ноя­брда Ўзбекистон ССР Ички ишлар халқ комиссари Апресян номига ёзган аризаси 1921 йилдан бошлаб аксилинқилобий миллатчилик ташкилотига аъзо бўлгани ва фаолияти давомида советларга қарши онгли равишда иш олиб борганини айтган. Қўлимиздаги узуқ-юлуқ ёзма кўргазмаларда ҳам шу руҳдаги маълумотлар мавжуд.

Миркомил Миршароповнинг 1921 йилдан бош­лаб совет давлатига қарши онгли равишда иш олиб борганлиги ҳақидаги бу кўргазмалари мислсиз қийноқлар орқасида ёзилгани шубҳа уйғотмайди. Қийноқ ва азоблардан силласи қуриган саркарда, эҳтимол, тезроқ отиб ташлашларига умид қилиб, бундай ариза ва кўргазмаларни ёзган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Аммо шуниси ҳам борки, Миркомил Миршаропов жанговар ҳаётининг “босмачи”ларга қарши кураш даврига назар ташласак, унинг миллий озодлик йўлида фаолият кўрсатгани  бу ватандошларига хайрихоҳ бўлгани ва уларни мумкин қадар омон сақлаб қолишга ҳаракат қилганини кўрамиз.

Албатта, жасур ўзбек саркардаси Сталин ўлимидан сўнг оқланган. Ёвуз тузум қурбонига айланган ана шундай юзлаб, минглаб истеъдодлар халқ, ватан учун жонини бериб хизмат қилган бўлсалар-да, улар тақдири ниҳоятда аянчли якун топган эди.

Фақат бугун шуни ишонч билан айта оламизки, Миркомил Миршаропов ўз ватанининг мустамлакачилик кишанларига тобора ўралиб бораётгани, халқининг эса қулларча меҳнат қилаётганини кўрган зукко саркарда эди. Шунинг учун ҳам у Ўзбекистонда миллий кадрлардан иборат армияни тузмоқчи бўлган ва бунга қисман эришган. Балки Миркомил Миршаропов ҳаётининг ана шу юлдузли соатида унинг ҳуррият ва мустақиллик ҳақидаги орзуси яшириниб ётгандир.

Наим КАРИМОВ,

академик.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 + 16 =