Устозимни эслаб…

Мен ўшанда 11-синф ўқувчиси эдим. Интернетдан Ўзбекис­тон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳаким ва телебош­ловчи Дилдора Рустамованинг телефон рақамини олдим.

Журналистикага бўлган қизиқишим уларга қўнғироқ қилишга ундади. Биринчилардан бўлиб Саъдулла Ҳаким қўнғироғимга жавоб берди.

Саъдулла Ҳаким билан суҳбат қурдим, у кишидан журналистикага доир маслаҳатлар олдим. Кейин телеграм орқали шеърларимни жўнатдим. Мени ижодий имтиҳонларим бўлиши керак эди ўша йили. Иншоларимни, шеърларимни доим устоз Саъдулла Ҳакимга жўнатиб, ўгитларидан ўзим учун хулосалар чиқариб иш юритадиган бўлдим. Биз бир-биримизга устоз-шогирд бўлиб қолдик. Устоз мен учун отадек бўлиб қолган эди. Улар ҳам мени ўз қизидек кўрарди.

Саъдулла ака ҳар бир қўнғироқлари орқали менинг ижодимни ўзгача меҳр билан алқардилар.

Мен эса доим “Меҳрибон, Aзиз устозим” — дея жавоб қайтарардим.

У кишининг оталардек меҳри худди қуёшдек қалбимга илиқлик таратарди. Устоз ўзининг достонини менга телеграм орқали жўнатиб, фикримни сўради. Достонни ўқиб чиқдим, менга ёқди ва ўз фикримни баён этдим. Устозим менга “Сен келажакда диди баланд ижодкор бўласан”, дердилар.

Ғалаба қозонсам ҳам, ҳақ бўлсам ҳам, ноҳақ бўлсам ҳам у киши доим фақат мен томон бўларди. Ўша йили мен университетга ўқишга киролмадим. Ҳатто ўшандаям менга бир оғиз ёмон гапириб кўнглимни чўктирмади. Мен қандай бўлсам ҳам унинг наздида энг зўр шогирд эдим. Устозим борлиги учун мен ўзимни худди суянишим учун улкан бир тоғим бордек, кучли ҳис қилардим.

Мен узоқ вилоятда яшардим, устозим эса пойтахтда. Биз бир-биримиздан анча узоқда бўлсак-да, қалбимиз яқин эди. Баъзилар бир-бирининг ёнида туриб ҳам яқин тутолмайди, биз эса у киши билан масофадан туриб бўлса ҳам қалбан яқин эдик.

Ўшанда билдимки, меҳр учун масофа муҳим эмас энг муҳими кўнгиллар яқинлиги бўлса кифоя экан!

Устозимнинг панд-насиҳатлари ҳамон қулоғимда жаранглаб туради. Бир неча кун устозимдан ҳеч қандай хабар келмади, қўнғироқларимга ҳам жавоб бўлмади, нима бўлди экан, деб роса хавотир олдим. Кутдим…

Aммо бир кун Тезкор хабарлар телеграм каналида “Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳаким вафот этди” — деган бир совуқ хабарга кўзим тушиб қолди. Ўша ондаёқ кўзларимдан шошқатор ёшлар оқа бошлади… Гўёки юрагим томиридан бир тор узилиб кетгандай бўлди. Уч кеча-ю кундуз йиғлаб тонг оттирдим… Саъдулла Ҳаким менга икки йил мобайнида устозлик қилди.   Нафақат устозлик балки у менинг энг яқин кишимдек эди. Етти ёт бегона бўла туриб ҳам ўз фарзандидай яхши кўрди, менга беҳад ижодий мадад берди.

Лекин мен учун ҳамиша тирик. Мен Саъдулла Ҳакимнинг шогирди, ҳозир ёшим 20 да, барча таниқли ижодкорлар мени ёшимда пойтахтга келиб ижодда ўз ўринларига эга бўлишган. Яқинда Тошкентга келдим, пойтахтга мен ҳам журналист, ҳам шоира сифатида ўз йўлимни, ўз ўрнимни топмоқчиман. Устозимнинг берган ўгитларига доим амал қилиб журналист бўлиб, ижод сирларини пухта ўрганиб, ўқиб, изланиб албатта, устозимнинг руҳини шод қиламан.

Ҳосилабону ЭРГАШОВА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 + eleven =