Хотирлари ол “Шафақ”
Китоб жавоним сари қўл чўзиб, бир зум туриб қолдим. Бир-биридан мазмундор, қалин муқовали китобларга боқиб, суратидан сийратидаги покиза, содда ва маъсум тийнати балқиб турган устоз Шукруллонинг китобини қўлимга олдим. “Шафақ”. Янги китоб, ўзбек ва рус тилида “Академнашр” томонидан чоп этилган мазкур шеърий китоб адибнинг таваллуд кунига муносиб совға бўлди, назаримда. Устоз ижодкор ҳаёт бўлганларида қутлуғ 100 ёшни қарши олган бўларди.
Мутай Карим, Давид Қўғилтинов, Расул Ҳамзатов каби таниқли ижодкорларнинг ўз даврида Шукрулло ижодига атаб ёзилган фикрлари янги китобга ўзига хос файз берган бўлса, турли йилларда ёзилган шеърлар шоирнинг кечмишидан, туйғуларидан бугунги ўқувчини бохабар этади. Айниқса,“Чўққи устида қуёш”, “Виждон”, “Тирик ўлмоқ”, “Из” каби шеърларида миллатнинг руҳини ўстирадиган, орзу ва умид берадиган, ҳаёт ва ўлим оралиғидаги умрни тоза виждон билан яшаш ҳақидаги содда ва равон, шаклбозликдан ҳоли, самимий мисралари кишини мушоҳадага чорлайди.
Адиб бир асрга етгулик ҳаётида не-не кўргуликларни, қатағон шамолларини, довулларини кўрган ва уларни борича китобларига тушира олган етук ижодкор эди. Устоз билан суҳбатдош бўлишга, қимматли тарихий ёдномаларини тинглашга мушарраф бўлган шогирдлар қаторида мен ҳам бахтлиман. Ҳар бир учрашув — тарих, ҳар бир суҳбати панднома эди Шукрулло домланинг.
Адиб ўз дасхати билан берган “Тирик руҳлар”, “Кафансиз кўмилганлар” каби китобларида мустабид тузумнинг хира кунлари, унда закий аждодларимиз бошига кулфатлар солган адолатсиз тузумнинг ноҳақликлари ҳақида рўй-рост сўзлаган асарлари бугун ҳам қадри ва қиймати баландлигига амин бўламан.
Китобни беихтиёр варақлаб кўраман.
“Убайдуллахоннинг гуноҳи бормиди?! Бундай савол фақат унинг уйида ёки қариндош-уруғлари орасидагина бўлмай, қамалиш хабарини эшитган бутун Тошкент шаҳридаги одамлар ҳатто узоқ-узоқлардаги танишлари орасида айланиб катта шов-шувга сабаб бўлган эди.
– Шундай одам қамалибдими?
– Отилармишми?
– Ё тавба! Қайси Убайдулла?
– Шайхонтовурлик Асадулла махсумнинг ўғли.
– Адвокат-да!
– Фақат адвокат эмас, унинг қилган ишлари унча-мунча одамнинг қўлидан келмасди.
– … Бу ўша ўриснинг буюк ёзувчиси Толстойга хат ёзган одам-да!
– Ҳа, ўша! Убайдулла!
– Бу адвокат бўлса ёзувчи билан нимани талашган?
– Миллатни!
– Миллатни?!
– Ҳа, миллатни! Миллатни тақдирини талашишдан бошқа уни дарди бўлган эмас. Бўлмаган. (“Тирик руҳлар”. Тошкент. Адабиёт учқунлари. 2018 й.)
Эрксевар, миллатнинг ҳур йигитларидан бири, устознинг холаваччаси бўлмиш Убайдулла Хўжаев ҳақида, унинг юртпарварлик ҳаракатлари борасида ёзувчи асарларида алоҳида тўхталган. “У замонларда Толстой асарларини ўқиш эмас, унинг номини ҳатто ижодкорлар орасида ҳам билганлар кам бўлган бир даврда, унинг “Ёвузликка қаршилик кўрсатмаслик” ҳақидаги дунёқараши, фалсафаси тўғрисида буюк адиб билан баҳслашишга журъат этиш!.. Унинг устига яна рус тилида, Толстойни қойил қиладиган савияда ёзиб, ифода қилиш!..” деганди ёзувчи ўз асарида.
Адабиётга қизиқиб, Тошкентдаги Педагогика билим юртида талаба бўлган Шукрулло ўша даврда гуркираб майдонга чиққан Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитратларнинг ижодидан таъсирланиши табиий эди, албатта.Усмон Носир ўша йилларнинг энг севикли шоири бўлиб, “Юрак”, “Меҳрим” каби китоблари ўқувчиларнинг қўлидан, таъриф-тавсифи тиллардан тушмаган. Замоннинг зайли билан халқ душмани бўлиб қамалган, комсомоллар йиғилишида лаънатлаб, кимнинг қўлида китоблари бўлса ёқиб ташлаши таъкидланган шоир Усмон Носирнинг шеърини даврада айтгани ва қўрқмай ёд олганини тан олгани учун қамоққа олинган Шукрулло ўша вақтда ўттизга ҳам кирмаган эди.
2019 йил июль ойида устозни йўқлаб борганимизда анчагача суҳбатлашиб ўтирдик. Даврнинг долғали кунларини тонгги тушдек тиниқ хотирлаган устознинг китобларни кўзойнаксиз ўқишлари бизни янаям ҳайратлантирганди.
— Қамоққа тушганимда иккита фарзандимиз бор, хотиним яна ҳомиладор эди, — дея эслаганди устоз биз билан суҳбатда. — Бу йўлда мен билан ёнма-ён туриб, қийинчилигимга бардош берган аёлни эсламай ўтмасам бўлмас. Мунаввархон жуда сабрли, ақлли аёл эди. 1951 йилнинг январь ойида уйни махсус кишилар тинтув қилиб, мени олиб кетишганча шу билан 25 йиллик қамоқ жазосига суд ҳукм қилди. 5 йил деганда айбсиз айбдор бўлиб, “жазони ўтаб” қайтдим. Шу кунларда кўрмаган хўрликларим қолмади. Юртдан олисда, инсон зотига, шаънига зид қилмишлар, туҳмат ва ҳақоратлар, алдов ва зўравонликларни кўриб, хаёлимда менинг ноҳақ қамалганимни ортимдагилар, халқим, яқинларим билармикан, менга ишонишармикан, аёлим шунча йил кутармикин?, деган азобли ўйлар, беадоқ саволлар исканжасида яшадим. Қамоқдаги хўрликлар бир томон, шум хаёллар бир томон бўлиб юрганимда Мунаввархондан хат олдим: “Шукрулло ака, ноумид бўлманг, йигирма беш йил ўтади-кетади. Чиққанингизда бор-йўғи эллик тўртда бўласиз. Болаларимиз энди атак-чечак қилаётибди. Қамоқдан чиққанингизда уларнинг уйланадиган, турмушга чиқадиган вақти бўлади. Келишингиз билан тўйлар қиламиз”, – деб ёзибди-да. Буни қаранг, аёлнинг жасоратини кўринг. Бу қадар ҳаётсеварлик, матонатли, бардошли бўлиш ҳазилакам гапми.
… Бугун адиб орамизда йўқ. Юз билан юзлашиб, замоннинг ситамларини хўб тортган адиб ҳақида фарзанди Абдуғофур ака шундай дейди:
– Ота-онамдек бардошли, бир-бирига меҳрли инсонларни учратмадим. Дадам қалби уммон, кечиримли ва сабрли киши эдилар. Уйимизга таниқли шоирлар, ёзувчилар кўп келишарди. Расул Ҳамзатов, Рима Казакова, Ўлжас Сулаймонов, Чингиз Айтматов каби машҳур ижодкорлар кўп бора меҳмон бўлишган. Расул Ҳамзатов Тошкентга келса, албатта бизникига кирар, менга “Гафур отвези меня в Чирчик” дердилар. У ердаги турналар монументига соатлаб тикилиб ўтирарди. Ғафур Ғулом, Зулфия, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Рауф Парфи, Мамадали Маҳмудовлар хонадонимизнинг азиз меҳмонлари бўлишган. Қатағон йилларидаги қийинчиликларни жимгина, оҳ-воҳсиз, чиройли сабр билан ўтказдилар. Кейинчалик оқланганларидан кейин эътироф ва унвонларни ҳам шундай вазминлик билан қабул қилдилар.
Бугун шукурки, асарлари нашриётларда қайта-қайта нашр этилмоқда. Яқинда мутасадди ташкилотлар томонидан уйимизга отамга бағишланган хотира лавҳи ўрнатиб кетишди. Бу уйни яқин келажакда Шукрулло номидаги уй-музейига айлантириш режам бор. Дадамнинг туйғулари, қувонч ва изтироблари кўчган асарлар ёш авлодга сабоқ бериши керак, менимча. Қолаверса, дадамнинг авлодларга асарлари орқали ҳали айтадиган сўзлари кўп деб ўйлайман.
Биз ҳам шу фикрларга қўшилдик. Токи, ҳақ гапни ҳамма вақт айта олган, виждони, халқи олдида юзи ёруғ, асарлари билан қанча қалбларга кириб борган ёзувчининг китобларида ҳали бизга айтар гаплари кўп, ҳикматлари мўл…
Наргиза АСАДОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.