ҚАРЗ

(Ҳикоя)

Муаллиф ҳақида: Жўра Маҳмуд — 1942 йили Тошкентда туғилган. 1971 йил Тошкент театр ва рассомчилик институтини тамомлаган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1992), “Тўғон”, “Муаллим”, “Садоқат”, “Қулоқсиз хўтикча”, “Бешвой-иккивой” сингари 10дан ортиқ пьесалари республика театрларида саҳналаштирилган.

Актёрлик маҳорати бўйича қатор дарслик ва ўқув қўлланмалари муаллифи.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

 

озир ҳеч ким назарга илмайдиган, аммо ўша йиллари анча-мунча одамнинг қўли етмайдиган тўртбурчак машинамни сотган куним ҳали девори йўқ дарвозамни тақиллатиб Суннатилло кириб келди.

— Эшитдим, эшитдим машина сотибсан. Озгина қарз бериб турмасанг устимга керосин сепиб, ўзимни ёқиб юборишдан бошқа иложим қолмайди, ошнажон.

— Тинчликми ўзи? Мана бу чойдан хўпла, рангинг ўзгариб кетибди.

У мен узатган чойнинг ичига муштумдек нов­вот ташлаб чойдан хўплади.

— Э, ошнажон, тинчлик бўлганида каллаи саҳарлаб дарвозангни қоқармидим.

Ер сотиб олиб, иморат қурмай ҳар нарса бўлай. Шу уйнинг деворини кўтариб қўйиб, том ёпишга қўлим калталик қилганидан остонангда ёлвориб турибман, ошнажон.

— Қойилман, — дедим тамаки тутатиб, сен-ку деворини тиклабсан, мен ҳали ҳовлини ўраб олганим ҳам йўқ. Уйни-ку қўявер. Пойдеворидан нарига ўтолмадим. Шунинг учун дас­тёргина бўлиб турган мошинни сотишга мажбур бўлдим-да!

Суннатилло ёнимда турган пачкадаги сигаретдан икки дона олиб, бирини қулоғи ортига, бирини лабига қистирди. Тамакини ёндириб қаттиқ тортди-да, “уҳҳ” деб оғзидан тутун чиқарди.

— Худога шукур қил, бир хона бўлса ҳам уйинг бор. Қиш-қировли кунлардан зиён-заҳматсиз чиқиб оласан. Эрта бир куни шир этиб ёмғир ёғиб қолса, янганг иккимизнинг ҳолимизга маймунлар йиғлайди.

“Пул жигардан бўлади” деган гап бор эмасми, мен ҳам бўш келмадим.

— Ошхонани айвонга кўчириб, уч хоналик уйни тўрт хоналикка айлантириб олгандинг шекилли.

— Эскилар билиб айтишган экан, — деди Суннатилло қулоғидаги сигаретани ҳам тутатиб. — “Бирга туғилиш бор, бирга туриш йўқ” деб икки келиннинг нози-фироғию, невараларнинг жанжали жонимдан тўйдириб юборди. Шунинг учун ер сотиб олиб иморатни бошлаб юборган эдим. Аммо қаричимни ўлчамаган эканман. Бир мошин тупроқ қанча туришини билсанг керак. Тош, қумнинг нархини қўявер, ертўла билан пойдеворнинг ўзига бир вагон цемент етмади.

Хуллас, Суннатилло ҳам бўш келмади, “у” десам, “бу” деди. Ноилож жағ тишимни суғургандек қилиб бир ҳафтада қайтариш шарти билан етти пуштининг арвоҳини ўртага солиб қасам ичиб, икки минг “кўки”ни олиб кетди…

Қадрдон дўстимнинг “икки ҳафтаси”, бир ойга чўзилиб кетди.

Суннатилло участка қураётган маҳаллани бир ҳафта сўраб-суриштириб, топиб борганимда, у ҳовлида   янги экилган гулларга сув сепаётган экан.

Эшикдан киришим билан, худди Ҳаж сафаридан қайтган одамни қаршилагандек, қучоқ очиб кутиб олди. Уч марта бошини бошимга уриштириб ҳам қўйди.

Мен энди пулдан оғиз очган эдим:

— Яхшиям ўзинг келиб қолдинг, эртага сендан узр сўрагани ўзим бормоқчи бўлиб тургандим. Жон дўстим, яна бир ҳафта сабр қилиб тургин. Шу касофат ертўланинг устини ёпиб олай. Бир ҳафтага ҳам қолдирмай, пулингни қўш-қўллаб ўзим обориб бераман.

Мен тупроқ йўллардан калишимни суд­раб ночор орқага қайтдим.

Суннатиллонинг бир ҳафтаси энди бир йилга чўзилиб кетди. Мен ҳар куни эшик “тиқ” этса, танга топ­ган телбадек, кўчага югураман.

Охири “Тоғ Сулаймоннинг олдига келмаса, Сулаймоннинг ўзи тоғнинг ёнига боради” деган ҳикматга амал қилган ҳолда яна дўстимнинг уйига равона бўлдим.

Бу сафар у мени устига тўсин ташланган уйнинг биринчи қаватида кутиб олди.

— Э, яхши ўзинг келиб қолдинг. Эртага шу томнинг устига лўмбоз босиб бўлгандан кейин ўзим бормоқчи бўлиб турувдим.

Ўзи юмшоқ курсига, мени алланарсадан бўшаган яшикнинг устига ўтқазиб, қўлимга бир пиёла совуқ чой узатди. Мен ҳали унинг қарзидан оғиз очмасдан, ҳасрат дас­турхонини ёзди.

— Шу десанг, бу тўсин деганлари ҳам отнинг калласидек пул турар экан. Мошин кирасини айтмайсанми, эшитса илон пўст ташлайди. Келаси ҳафта, албатта қўш-қўллаб пулингни обориб бераман. Менга ишонавер. Мана қиблага қараб ўтирибман. Ўша пулингни оласан. Қўрқма!

— Ахир оғайни деган ҳам…

— Бўлди, бўлди. Тушундим! Энди сен ҳам гапни чувалаштирмагин. Бемалол уйингга боравер. Қўрқма, қочиб кетмайман. Оласан дедимми, пулингни оласан.

Яна бир бўхча ваъдани   қўлтиққа қистириб ортга қайтдим.

Дарвозаси девор билан ўралмаган ҳовлидаги қари тутнинг соясига кўрпача ташлаб, дарвозадан кўз узмай яна олти   ой кутиб ётдим.

Охири сабр косам тўлиб, тўғри бориб ёқасидан оламан, деган ният билан йўлга тушдим. Бу сафар у мени   уйининг иккинчи қаватидаги нозик меҳмонларга аталган хонанинг йўлагида   қарши олди. “Қарз”дан оғиз очишга ҳам улгурмасимдан мени “инсофга чақирган” бўлди:

— Инсофинг борми ўзи?! Суллоҳ тиламчидай, ҳадеб эшикни тақиллатмай кириб келаверасанми? Қанақа одамсан-а? Ўша пулингни бераман дедимми, бераман-да. Ўзинг кўриб турибсан, ҳали меҳмонхонанинг бўёғи қуригани йўқ. Сейфдан пулингни олиб берай десам, ичкарига ўтиб бўлмайди. Қимматбаҳо бўёғининг рангини бузиб қўйишим мумкин. “Так что”, уйнинг бўёғи қуриганидан кейин пулингни ўзим обориб бераман. Ҳозир эса узр, оёғинг тагини ҳам бўяш керак экан, усталар кутиб туришипти, нарироқ бўл, деб мени ҳовлига кузатиб қўйди.

Орадан яна етти ой ўтди. Бу сафар пулимни сўраб борганимда, у мени уйига киритмади. Ҳашаматли ҳовлининг янги қурилган дарвозасининг қулфи яхши ишламаслиги сабабли, мен кўчада, Суннатилло эса уйининг учинчи қаватидаги айвонидан туриб гаплашдик…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × three =