Тилла узук

Баъзан ҳаётда содир бўладиган айрим воқеалар одамнинг эсидан чиқмас экан. У пайтлар келин бўлиб тушган уйимга унча узоқ бўлмаган коллежда эндигина ёрдамчи мутахассис бўлиб ишга киргандим. Ўшанда турмуш ўртоғим ва қайнотамнинг тадбиркорлиги юришмай, ишлари ёпилиб, уйда қийналиб қолган пайтимиз эди.

Ўғлим боғчага борарди. У ҳаётим мазмуни эди. Болажоним доимо ойижон, ойлик олсангиз ширинликлар оламиз-а, дерди. Афсус­ки, маошим унинг боғча тўловлари, кундалик чиқимлардан ортмасди. Лекин мен умидимни узмадим. Ҳали шундай кун келадики, Аллоҳим менга ҳам закотлар беришимга етарли маб­лағлар етказади, деб чин дилдан Яратгандан сўраб юрардим.

Кунларнинг бирида жуда ҳам пул керак бўлди. Аксига олиб хўжайиним иккаламизнинг ҳам чўнтагимиз қуп-қуруқ эди. Нима қилишни билмасдик. Шунда хаёлимга бир фикр келди:

— Келинг, — дедим турмуш ўртоғимга. — Биз ўтирган уйнинг пасти катта ертўла, ичи тўла қоғоз, шуларни йиғиб-тўплаб маҳалла четидаги чиқинди қабул қилиш жойига олиб бориб сотиб келамиз, — дедим.

Аввалига турмуш ўртоғим рози бўлмади. Лекин менинг қистовим билан базўр кўнди. Режамизни уйда ўтирган қайнотамга ҳам айт­дик улар ҳам йўқ демадилар. Биз енг шимариб маб­лағ топиш илинжида ертўла омборига тушиб астойдил ишга шўнғиб кетдик. Бизга жажжи болажоним ҳам, қўявер дейишимизга қарамасдан, кўмаклашарди.

Ертўламизда қоғоз уюмлари жуда кўп эди. Бир пасда бир уюм қоғоз чиқиндиларини йиғиштириб олдик. Баҳонада ертўламиз ҳам тартибли бўлаётган эди. Биринчи тўп­лаганимизни ўғлим икковимиз чиқинди қабул қилиш жойига бориб сотиб келдик. Яна ишга шўнғидик. Тасодифан қўлим қаттиқроқ нарсага илинди. Олиб қарасам усти чанг, эскириб кетган, икки уч қават латтага ўралган нарса, ичида қаттиқроқ бир нарса борлигини сездим. Ичини очиб кўрсам бир халта пул турар эди.

Ҳайрон бўлиб қотиб қолдим. Чунки бу жой пул беркитадиган жой эмас эди-да. Эшиги ҳам қулфланмасди. Шунда беихтиёр, вой, пул топиб олдим, деб бақириб юбордим. Турмуш ўртоғим “қани-қани”, дея ёнимга югуриб келди. Биламан бу пул уларники эмас эди. Мен ўйланиб ўтирмасдан бу пуллар дадажонники, дея хурсанд бўлиб, уларга бериш учун ташқарига   интилдим. Шунда бир қадам юрмасимдан қўлимдан маҳкам ушлаб олган хўжайиним: “Менга бер онаси, ахир бизга пул керак-ку! Қолаверса, камчилигимизни бутлаб олардик. Уйдагиларга айтмай қўя қол, барибир бу ерга пул қўйганларини билишмайди. Қара, ҳамма ёғи эскириб, чанг босиб кетганини”, деб қўлимдан пулни олмоқчи бўлди.

Мен кўнмадим. Кейин: “Ҳеч бўлмаса, икки-уч пачкасини ташлаб кетгин”, дея жаҳл қилди. Шунда ҳам кўнмадим. Мен қайнотамнинг ёнларига қанот қоқиб учиб бордим. “Дадажон, дадажон”, деб ҳайқирдим. Қайнотам қаттиқроқ чақирганимни эшитиб, “ҳа келин, тинчликми?” — деб менга қаради.

— Қаранг, ертўладан пул топиб олдим, сизники бўлса керак, — деб югуриб бориб қўлимдаги халтани уларга тутқаздим.

Улар ўйланиб қолдилар. Бироз ўтиб: “Қаердан топдингиз?” —деди.

— Ертўладан…

Ниҳоят бир менга, бир пулларга қараб: “Раҳмат келин, барака топинг, умрингиз узоқ бўлсин”, дея дуо қилдилар. Қайнотам ҳам, мен ҳам жуда хурсанд эдик. Шунда қайнотам: “Келин, эртага сизга ҳамма рўзғорлигингизни олиб келиб бераман”, деди. Аммо ўзлари ҳам бу пулларни қачон қўйганлигини билмаслиги юзларидан кўриниб турарди.

Ва яна ертўлага тушиб ишимни давом эттирдим. Хўжайиним эса менга бир сўз ҳам демас, жимгина ишини давом эттирарди. Иккинчи марта ҳам қоғоз чиқиндиларини тўпладик-да, яна ўғлим билан уларни олиб бориб сотиб, пул қилиб қайтдик. Болажоним қўлларида ушлаб олган унча кўп бўлмаган бу пулларни, санашни билмаса-да, қайта-қайта санаб кўрарди. Уни хурсандчилигидан чарчоғим ҳам билинмас, яна уйга келиб ертўлага тушиб қоғоз чиқиндиларини йиғиб, теришга киришиб кетган эдим.

Воқеанинг қизиғи эса кейин бошланди. Шунча йил ўша ертўла устидаги уйда яшаб у ердан қоғоз чиқиндиларини йиғиштириш хаёлимга ҳам келмаган экан. Аслида у ерни хўжайиним ҳар замонда жиянларини олиб келиб тартибга солиб турарди. Чиқинди қоғозларини йиғар эканман, ҳар доимгидек қоладиган ва кетадиганларини ажратишни давом эттирдим. Кераксиз дафтар, қоғоз парчаларини ажратар эканман, кўзим бир чиройли оқ кўзли узукка тушди.

Аввалига унча эътибор бермадим. Лекин узук ялтираши билан мени ўзига жалб этарди. Шошиб узукни олдим-да, хўжайинимга:

— Дадаси, қаранг узук топиб олдим, — дея қўлимга тақиб олдим.

Худди қуйиб қўйгандек бармоғимга лойиқ келди. Улар: “ҳа, қуллуғ бўлсин”, дея тўнғиллади.

— Раҳмат, — дедим.

Ниҳоят, бугунга етадиган пулни тўплаган одамлардек, ишимизни якунладик. Қоғоз чиқиндиларини сотиб келиб, ювиниб-тараниб, пулларни киссага солиб, кўчамизда жойлашган савдо дўконига кириб, турли хил егуликлар олиб келиб, ўзимизча байрам қилдик. Ҳамма уй ишларимни қилиб бўлиб, кечаси ҳужжатли ишларимни ёзиш учун дарс столимга ўтирдим. Ҳаммаёқ жим-жит ўғлим ҳам қорнини тўқлаб, ухлаб қолганди. Хўжайиним бўлса телевизор қаршисида   ёнбошлаб ўтирар эди. Шунда ҳужжатларимни ёзаётиб қўлим бармоқларида   ҳалиям тақувлик турган, чироқ остида ялт-юлт этаётган ҳалиги оқ кўзли узукнинг шуъласи мени ўзига яна жалб этди. Бамайлихотир ўтириб, уни бармоқларимдан аста ечиб олиб томоша қила бошладим. Узук кичикроқ бўлса-да, лекин жуда чиройли эди.

У худди асл тиллага ўхшаб жилоланарди. Уни томоша қилар эканман, айлана томонида жойлашган асл тиллаларга хос муҳрига кўзим тушди. Узукни ўзимга яқинлаштириб синчковлик билан тикилдим. Ҳа, у оддий узук эмасди. Ҳа-ҳа, у асл тилла, муҳр босилган Бухоро тилласи эканига кўзларимга ишонмасдан қайта-қайта қарадим.

Хурсандчилигимдан йиғлаб юборибман. Шунда хўжайиним менга ҳайрон боқиб: “Яна нима бўлди, онаси”, деб сўради. Ҳа, улардан ичимни тирнаётган бирор гап бўлгудек бўлса беркитиб туролмас эдим. Айбим бўлса ҳам, гап эшитсам ҳам ичимдаги гапларни шартта айтиб тўкиб солмагунимча ёрилиб кетгудек бўлардим.

— Қаранг дадаси, узукка, — дедим.

Хўжайиним: “Ҳа, нима бўлибди”, деди эъти­борсизлик билан.

— Тавба, қаранг бунга ёки мен адашяпманми ахир унда тилла муҳри бор экан, — деб уларнинг қўлига тутқаздим.

Хўжайиним ҳам узукни қўлига олди-да,   кўзлари чақнаб кетди. Ва улар ҳам узукда ростдан ҳам тилла муҳри бор экан, дея тасдиқлади. Улар менга бу узук ўша ертўладан топиб олган узугингми дея саволга тутар эди ҳайратланиб. Мен эса ўша чиқиндиларни ажрата туриб топиб олган узугим тилла бўлса-я, дея кўзларимга ишонмас эдим. Хўжайиним қўлида   узукни ушлаб турар экан, менга   тикилган мамнун кўзлари билан: “узукни ол онаси бу сенинг тўғри сўзлигингга, ҳалоллигингга Аллоҳимни берган насибасидир. Буни сен меҳнат қилаётган   пайтингда топиб олган ҳалол узугинг. У ҳеч кимники эмас, акс ҳолда ертўлада ётмас эди. Сенга насиб қилган экан бу узук уни қўлларингга тақиб ол ёки сотиб камчиликларингга ишлат. Барибир мен ҳозир сен айтган нарсаларингни олиб бера олмаяпман, – деди. Оиламизда фақат сингилларим бор улар эса аллақачон турмушга чиқиб кетган. Қолаверса, уларнинг ҳозир бундан ҳам зўр тиллалари бор. Айтган тақдирингда ҳам “олаверинг келинойи”, дейишган бўлар эди. Мен уларни биламан. Онам бўлса тиллаларини чиқиндига ташлаб қўймас эди”, дея узукни худди ўзлари сотиб олиб берган кишидек қўлимга тақиб қўйди. Мен бўлса   нима дейишни билмасдан бир тилла узукка, бир турмуш ўртоғимга қарар эдим. Хўжайинимнинг ҳар доим айтадиган гаплари бор эди: “Онаси сен ҳар доим Аллоҳимдан нима ният қилсанг, биласанми, доим сенга беради. Илтимос, фақат сен кўп-кўп яхши ниятлар қилгин. Нимагадир сенинг дуоларинг, албатта, ижобат бўлади”, дея яна такрорлади. Мен бу гапларни эшитиб жуда-жуда хурсанд бўлиб, бир паст йиғлаб ҳам олдим.

Яна ўйлаб қолдим: ростдан ҳам бу Аллоҳим қайнотамга топиб берган пулларни эвазига берган ҳадясимикан? Ахир мен бу тилла узукни яширинча олмадим-ку. Айтишади-ку: “Олтин олма, дуо ол”, деб.

Турмуш ўртоғим розилиги билан бу тилла узукни ўзимда қолдиришга қарор қилдим. Эртаси куни ишхонамга узукни ялтиратиб тақиб бордим. Коллежда ишимни тугатиб бўлиб, ҳар доимгидек ўқитувчи дугоналарим тўпланиб ўтирадиган кутубхонага кирдим ва улар билан кўришиб бўлиб, ҳамкасбларимга айтинглар-чи, менда нима ўзгариш бўлибди, дедим. Ва битта ўқитувчи дугонам сезиб қолиб, узукни кўрсатиб “узук олибсизми, муборак бўлсин”, деди. Бироздан кейин уларга кечаги бўлган воқеаларни гапириб бердим. Ҳаммаси ҳайрон эди. Баъзилари соддасан деса, баъзиси тўғри иш қилибсан, дейишарди. Хуллас, ҳангома бўлиб кетди.

Лекин бу тилла узукни қўлимда кўп сақлаб тура олмадим. Нимага дейсизми, сабаби ўша пайтда бизга жуда ҳам пул керак эди, камчиликларимиз талайгина, бутлашга пулимиз етмаётган эди. Тилла узукни тақдимда бозорга отландим. Тилла олувчи дўконга кириб, пулга алмаштирдим.

Лекин барибир ўзимдан мамнун эдим. Ҳар тугул рўзғоримизга ярайдиган иш қила олдим-ку.

Садоқат ИСЛОМОВА,

Фарғона вилояти, Учкўприк тумани.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven + 12 =