Қиш иссиқ келса ҳам…
Олтин қулф на ўзини, на хазинани қўриқлай олади.
Қишнинг кунлари иссиқ келса ҳам, барибир, у ёз бўлиб қолмайди.
Бировнинг фожиаси бошқа бировга — томоша.
Иродали бўлмоқ қайсар бўлмоқ дегани эмас.
Хайрли ишларни бошлагувчи бўлмасанг, ҳеч бўлмаганда хайрли ишларга эргашувчи бўл.
Шу қадар кибрли ва мақтанчоқ одамлар борки, улар “Ерни ҳам мен яратганман”, деб қолмаса эди, деб чўчиб турасан киши.
Тутуруқсиз одамдан тутун яхши.
Уйда милтиқ бўлса, у албатта бир куни отилади, уйда китоб бўлса кун келиб ўқилармикан, билмай қолди киши.
Ҳар қандай фарзанд олмос каби — тарошласанг гавҳарга айланади, ташлаб қўйсанг, оддий тошдан фарқи қолмайди.
Дўст қидиришдан тўхтама, душман ўзи келади.
Юрган сари йўл, улашганинг сари илминг кўпаяр.
“Ойнаи жаҳон”нинг бир дастурида донишманд билан суҳбат, бошқасида маймунларнинг шохдан-шохга сакраши намойиш қилинаётган эди… кўпчилик маймунни томоша қила бошлади…
Тиклаш энг қийин бўлган қаср бу муҳаббат қасридир, бузиш энг осон бўлгани ҳам ушбу қасрдир.
Барча дардни даволагувчи гиёҳ бўлмаганидек, ҳаммани маҳлиё қилгувчи ҳикмат ҳам йўқ.
Ёш бола кимнидир ёқтирмаяпти, бу — бесабаб эмас, аксинча бўлса, бу ҳам бесабаб эмас.
Вақти-соати етгач боғбон ҳар қанча уринмасин, гул барибир сўлади…
Мансурхон ТОИРОВ