Акром Маликнинг ғужури

Аммо бу орзуга етишиш эса кўп мушкул. Насиб қилган, қалб даричалари Ҳазратнинг маърифат ёғдусига очиқ бўлган кишигагина бу насиб қилади. “Навоий улуғ аждодимиз”, “Бобомиз – шеърият мулкининг султони”, деб ҳайқириш, ҳавойи фахр туйиш билангина чекланиб, Навоийга оддий ўқувчи бўлишга ҳам ярамай, шоирлик, ёзувчилик даъво қилиш иллати ёшлар орасида анчагина кенг тарқалган бир замонда зуваласи адабиёт тупроғидан қорилган, заҳматкаш ижодкор биродаримиз Акром Маликнинг амалга ошираётган ишлари чиндан ҳам таҳсинга лойиқ. У Алишер Навоий ижодини чинакамига ўқувчига яқинлаштириш мақсадида олимона ишни амалга ошира бошлади.

“Хамса”нинг илк достони “Ҳайрат ул-­аброр”нинг матни, насрий баёни, шарҳи, луғати битта жилд остида жамланди. (Бу жилдлар ҳозирча иккита. Давоми нашрга тайёрланмоқда.) Бу китобларнинг ҳар бири мумтоз адабиётимизга жуда катта муҳаббат, бетиним изланишлар, уйқусиз тунларда юзлаб асарлар мутолааси, уларни бир-бирига чоғиштириш, қиёсий ўрганиш, улуғ шоир ижодининг теран томири бўлган диний илмлардан етарлича бохабарлик ва энг муҳими адабиётга содиқлик каби жиҳатларнинг, заҳматларнинг бир нуқтада кесишуви асносида майдонга келган. Бу жуда оғир иш. Шу ўринда латифага мойил бир матал эсимга келди. Дев деҳқоннинг сулув қизига ошиқ бўлиб, деҳқондан қизини ўзига беришни сўрабди. Ҳориб-толиб буғдой ўраётган деҳқон қўлидаги ўроқни девга тутқазиб, шу буғдойларни ўриб берсанг, қизимни сенга бераман, дебди. Бефаҳм дев, кенгиш далада энгашиб ётибди-да, буғдой пояларини санай бошлабди. Табиийки, адашиб кетибди. Сўнгра, ҳафсаласи пир бўлганча, “Булар жуда кўп экан. Буни ўриб бўлгунимча ўлиб кетаман”, дебди ва келган томонига қайтиб кетибди. Деҳқон ишининг, буғдой ўримининг оғирлиги хусусида гап кетганда, ҳануз,“ўроқ девни қочирган”, деган гап юради. Адабиётнинг қора меҳнати ҳам таъбир жоиз бўлса, девни қочиради. Айниқса, бугунги паллада. Ижтимоий тармоқлардан келаётган уч-тўрт сатрлик хабарни ўқишга ҳам эринаётган ўқувчилар даврасида Акром Маликнинг иши катта хирмон кўтарган заҳматкаш, ҳалол деҳқонни эслатади.

Навоийни англамоқ, унга дилдош бўлиб, унинг хаёли билан яшамоқ ҳисси, завқ-шавқи уни тотган кишига маълум.

Мумтоз шоирлар шеърларидан беш юз байт ёд билмаган кимсани шоирлар даврасига қўшиш мумкин бўлмаган даврдан келган обида – Навоий ижоди халқимизнинг чинакам бойлиги. Аммо катта хирмоннинг гирд-атрофида бемаъно кезиниб юришдан не маъни? Уни англаш, истеъфода қилиш керак. Ўйлайманки, одамларимизнинг атиги тўртдан бири Навоийни тушунганида, унинг ёғдусидан нур ололганида шубҳасиз, биз ҳар жиҳатдан юксак даражадаги миллатга айланган бўлар эдик. Аммо бу иш қачондир амалга ошиши керак-ку?! “Навоий бобомиз буюк!” деб қанчадан-қанча авлодлар ўтиб кетаётир. Аммо токайгача?

Шу маънода Акром Малик амалга оширган ҳар томонлама талабларга жавоб берадиган ушбу нашр энг зарур эҳтиёжларимиздан бири. Балки, энг заруридир.

Биз ўринли-ўринсиз ишлатаверадиган “оламшумул” деган сўз бор. Тағин, катта ҳодиса деб ҳам анчайин нарсаларни баҳолайверамиз. Адабиётнинг бир мухлиси ўлароқ мен учун Акром Маликнинг ушбу фидойи меҳнати чиндан ҳам оламшумул иш, катта ҳодиса. У ёш бўлишига қарамай, бошидан турли синовларни кечирди. Бу синовлар унинг иродасини буколмади, балки, тоблади. Умид ва қўрқув туйғуси инсоннинг неча пуллик жонзод эканини кўрсатади. Бу сезимлардан узоқлашган паллада инсоннинг Яратган олдидаги нуфузи тушиб кетади. Умидни Оллоҳдан, завқни меҳнатдан туйган, шашти қайтмаган Акром Малик бугун Навоий муҳиблари учун катта туҳфа беролди. Бу китоб­ларни ўқирканман, Навоий байтлари ҳар қандай ўзбекчани биладиган кишига баайни “чайнаб” берилганини ҳис қиламан. Тағинам, бу китобларга асл баҳони мумтоз адабиёт билимдонлари беришади.

Ўз ўрнида баъзи гапларни айтишни истардим. Қофияли-қофиясиз шеърсимон битикларни ёзиб, “ўзим учун ўзим!” дея, ўз соҳибига тобелигини тан олмай, асл шеър моҳиятига кириб ҳам улгурмай, оддийгина шеърий санъатлар ва техникани ўзлаштирмасдан шоирлик даъво қилаётган, оддий матн равишларига қурби келмай қисса-ҳикоялар битаётган Акромнинг айрим тенгдошларига демоқчиман: Бу адабиёт отли тилсим, ўзингда борини таъмасиз бериш, қурбон қилиш эвазига ўз сирини очади, аксинча масхара бўлганинг, ўзгалар вақтини ўғирлаганинг қолади. Буни вақтида тушуниш, эс борида этакни ёпиш керак. Асл айнимас, деганларидек, ҳақиқий истеъдод, чин эътиқодга эш бўлса, Акром Малик каби вақти келиб рўёбга чиқади, тан олинади.

Ўз вақтида ҳазрат Навоий ғужури, ори келиб, туркий тилнинг нуфузини кўтармоққа бел боғлаган ва “Хамса”ни яратган эди. Ибрат шулки, ҳар ишни ғужури бор одам бажаради. Ғужурли, ўз тили, адабиёти, қўйингки, элини суйган Акром Маликдек олимларимиз, ижодкорларимиз кўпайсин.

Шодмонқул САЛОМ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

9 + 7 =