Журналистлар ҳуқуқи ҳимояга муҳтож…ми?

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида “Ўзбекистонда журналистларнинг ҳуқуқий ҳимояси: муаммо ва ечимлар” мавзуида куни кеча ўтказилган давра суҳбатида журналист ва блогерлар, ҳуқуқ-тиртибот идораларининг ахборот хизматлари масъуллари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда Уюшма раиси Олимжон Ўсаров Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида матбуот ва сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситалари вакилларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар изчил давом эттирилаётганини алоҳида таъкидлади.

Шу билан бирга Уюшма раиси Тошкент шаҳри ҳокимидан жуда хафа эканлигини ҳам яширмади. “Тўғри, шаҳарда жуда катта бунёдкорлик ишлари амалга ошириляпти, буни биз ҳамиша эътироф этамиз, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз. Бироқ Президентимизнинг 2017 йил 10 августда “Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

Тўрттагина банддан иборат қарорда Тошкент шаҳар ҳокимлигига Тошкент шаҳрининг Ислом Каримов кўчасидаги 15-а уйдан уюшма учун жой бериш вазифаси юклатилган. Мана, орадан қарийб беш йил вақт ўтди. Лекин ҳалигача уюшмага жой ажратилгани йўқ. Ҳалигача ахборот соҳасидаги ваколатли давлат органининг биносида ижарада ўтирибмиз.

Президент сайлови муносабати билан юртимизга кўплаб хорижий журналистлар ташриф буюрмоқда. Уларнинг кўпчилиги уюшма фаолияти билан танишиш истагида бизга мурожаат қилишмоқда. Аммо гапнинг очиғи, биз уларни қабул қилиш учун ҳозирги ҳолатимиздан уяляпмиз”.

Олимжон Ўсаров Журналистлар ижодий уюшмасига оид юқорида таъкидлаган Президент қарорининг бошқа бандларида кўзда тутилган вазифалар ҳам амалга оширилмаганлигини, хусусан, мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида журналистлар учун имтиёзли нархлар асосида уйлар қурилиши белгиланган бўлса-да, шу пайтгача бу вазифа ҳам бажарилмаганлигини таъкидлади.

Тадбирда сўз олган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Р. Кушербаев, “Мадад” нодавлат ташкилоти раҳбари Т.Турсунов, Уюшма қошидаги касб этикаси бўйича жамоатчилик кенгаши раиси К. Баҳриев соҳага оид қонун ҳужжатларига киритилган ва киритилиши режалаштирилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар, журналистларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини юксалтиришга доир ишлар самарадорлигини янада ошириш ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича бир қатор вазифалар хусусида сўз юритди.

Жумладан, таниқли журналист Карим Баҳриев юртимизда журналистлар ҳимоясига оид қонунларнинг ҳанузгача қабул қилинмаётгани бўйича муносабатини билдирди:

— Депутатлар — халқ хизматкори. Халқ истаги ва орзуларини рўёбга чиқаради ганлар ҳам улар. Аммо бизда депутатлик жойига шу жойдан кетганидан кейин ўтириладиган мансаб учун келинади. Шунинг учун уларнинг тафаккури халққа эмас, мансабдорга керак қонунларни қабул қилишга ўрганган.

Ҳозир сўз эркинлигини таъминлаш бўйича ҳатто Президент қатъий ирода кўрсатяпти. Лекин журналистлар ҳимоясига оид бир нечта қонунлар бугун депутатлар қўлида турибди. Масалан, журналистларни ҳимоя қилишга оид қонунни олинг. Ушбу қонунда журналистларнинг мажбуриятлари бир ярим бет қилиб белгилаб қўйилган. Агар журналист бу қоидаларни бузса, катта миқдорда жарима белгиланган ва қаттиқ жазолар олади. Лекин қонунда унинг фаолияти ҳимоясиз қолса, бунга жазо борми? Йўқ.

Журналистларни ҳимоя қилишга оид қонунда унинг фаолияти тегиш­ли тартибда ҳимоя қилинади, дейилган. Лекин ўша тегишли тартибнинг ўзи йўқ.

Парламентда “Телевидение ва радиоэшиттириш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам неча йиллардан бери қабул қилинмай ётибди.

Агар инсонда эркин гапириш ҳуқуқи бўлмаса, қолган ҳуқуқлар ҳам амалга ошмайди. Мамлакатда сўз эркинлигида ортга қайтилса, қолган ҳуқуқлар ҳақида ўйламаса ҳам бўлади, – деди у.

Депутат Расул Кушербаев юқоридаги мулоҳазаларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, журналистлар ҳимоясига оид қонунчилигимиздаги камчиликлар мавжудлигини инкор қилмади.

—Баъзи ҳолатларда журналистларнинг камераларини синдириб ташлашганини кўрдик, – деди у. – Қаергадир журналистни киритишмайди ёки ортидан қувиб юрганига ҳам гувоҳмиз. Бу – жуда уятли ва кулгили ҳолат. Афсуски, биз журналистлар ҳимоясига доир қонунни қабул қилган бўлсак ҳам, уни бузганлик учун жавобгарлик масаласини ҳозиргача қабул қилмаганмиз.

Давра суҳбатида журналистларга баъзида бўлаётган босим ва тазйиқлар бўйича аниқ мисоллар келтирилиб, бундай хунук ҳолатларнинг олдини олиш, шундай вазиятлар юзага келганда ОАВ вакиллари қаерга, кимга мурожаат қилиши кераклиги хусусида ҳам фикр алмашилди.

Кўплаб журналистлар ҳам мавзу юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини ўртага ташлади.

Тадбир якунида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва “Мадад” нодавлат ташкилоти ўртасида журналистларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш борасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Мутахассислар томонидан ушбу ҳужжат асосида матбуот аҳлига кўрсатиладиган ҳуқуқий ёрдам турлари ва мақсадлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Шунингдек, уюшма аъзолигига қабул қилинган бир гуруҳ ижодкорларга тегишли гувоҳнома ва кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ахборот хизмати.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − five =