Оқолтинда очиқ осмон остида
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими, Республика Маънавият ва маърифат марказининг вилоят бўлими ҳамда вилоят халқ таълими бошқармаси билан ҳамкорликда Оқолтин туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси асосида “Ижодий тарғиботчилар ишини қандай қилиб янги поғонага кўтариш мумкин?” мавзусида тумандаги 13-сонли мактабда “Очиқ осмон остида маҳорат дарслари” тадбири ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Бойжигит Абдуллаев, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Муроджон Ҳайитов, вилоят халқ таълими бошқармаси вакиллари, Гулистон давлат университети профессори Равшанбек Маҳмудов ва умумтаълим мактабларида меҳнат қилаётган ижодий-маданий тарғиботчилар иштирок этишди.
Дастлаб, ушбу мактабда мактабнинг ижодий-маданий тарғиботчиси Баҳром Боймуродов ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон Бадиий Академияси тасарруфидаги Сирдарё ихтисослашган санъат мактаб-интернати Амалий графика ва дизайн бўлими ўқитувчиси Дилдора Ҳамидова ва шу гуруҳ ўқувчиларининг ижодий кўргазмаси намойиш этилди.
Шундан сўнг, шу йилнинг апрель ойидан умумтаълим мактабларида жорий этилган ижодий-маданий тарғиботчилар штати, шу асосда меҳнат қилишаётган тарғиботчиларнинг вазифалари, уларнинг фаолиятлари таҳлил қилинди, керакли тавсиялар берилди. Ўзаро фойдали фикр алмашув руҳида ўтган тадбир иштирокчиларга маъқул бўлди.
Ғулом ПРИМОВ,
“Hurriyat” мухбири