Бир мушт — 9 ой қамоқ

Нега шифокорлар ёки тиббиёт ходимлари калтакланяпти, ҳақоратлар эшитишяпти. Бунга сабаб борми? Аслида қарс икки қўлдан дейишади. Нима бўлгандаям шифокорлар бизнинг нажоткорларимиздир. Уларни асрашимиз лозим.

Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги тиббиёт бирлашмасига қарашли тез тиббий ёрдам бўлимининг навбатчиси ҳам бир аёлдан азият чекди…

Моҳина Эркинова (исм-шарифлар ўзгартирилган) Самарқанд вилояти Оқдарё туман тиббиёт бирлашмасига қарашли тез тиббий ёрдам бўлимида диспетчер вазифасида ишлаб келаётганди.

У тез тиббий ёрдамга телефон орқали мурожаат қилган ва чақирув берган фуқароларни мурожаати ва чақирувларини бўлимда юритиладиган китобдан рўйхатдан ўтказиб, навбатчиликда турган шифокорларни чақирув манзилга юборарди.

Бўлимда асосан мурожаат ва чақирув учун учта рақамдаги телефонлар ишлаб туради.

Моҳина ўша куни ҳам доимгидек кун давомида келиб тушган чақирувларни қабул қилиб, манзилларга тиббий ходимларни юбориб турди.

Шу куни туманда яшовчи Муҳайёнинг 40 кунликдан ошган қизи Зилоланинг тоби қочди. Бундан онаизорнинг хавотири ошди. Тун ярмидан оққанда тахминан   кечаси соат 02:00 лар атрофида у тез тиббий ёрдам чақириш учун қўнғироқ қилди. Гўшакни кўтарган аёлдан “Тез ёрдамми?”, дея сўради.

Телефонга жавоб бераётган аёл “Йўқ адашиб тушдинг”, дея гўшакни қўйиб қўйди. Муҳайё яна шу рақамга уч маротаба телефон қилди. Ҳар сафар гўшакни кўтарган аёл “Адашиб тушдинг” дея жавоб бераверди.

Кейин у ажабланганича “103” рақамига қўнғироқ қилганида Самарқанд вилоят “Тез ёрдам”ига тушди. Уларга Оқдарё туман “Тез ёрдам” бўлимига қўнғироқ қилиб туша олмаётганлигини айтгач, гўшакни кўтарган навбатчи унга телефон рақамини айтди. Муҳайё уларга бу рақамга қўнғироқ қилса “Адашиб тушдинг” деяётганлигини таъкидлади. Вилоят “Тез ёрдам”дагилар унга Оқдарё туман “Тез ёрдам” бўлимининг фақатгина шу рақами борлигини айтишди.

Ноилож Муҳайё яна ўша ўзи олдинги терган рақамга кетма-кет тўрт бора қўнғироқ қилди. Тўртинчи маротабасида ҳайрият навбатчи Моҳина гўшакни кўтарди.

Бироқ аёл ўзини таништирмасдан, Моҳинани ҳақорат қилиб унга жуда уят сўзларни ёғдирганча, “Нима учун телефонни кўтармайсанлар!”, дея бақириб, телефонни ўчириб қўйди.

Бироздан сўнг яна телефон жиринг­лади. Унга эркак киши қўнғироқ қилиб, бироз олдин уни ҳақорат қилган аёлнинг қариндоши эканлигини айтиб, чақирув манзилини тўлиқ берди. Муҳайё 40 кунлик чақалоғининг тоби бўлмаганлигини тушунтирди. Моҳина чақирувни қабул қилиб олгач, шифокор Ёрқиной Юнусова, Фаёза Эломонова, ҳайдовчи Сирожиддин акадан иборат тез тиббий ёрдам гуруҳини айтилган манзилга юборди.

“Тез ёрдам”ни кутавериб тоқати-тоқ бўлган Муҳайё жияни Миробиддин билан навбатчининг ёнига келишди.

“Нима учун телефонни кўтармайсанлар? Нима учун ухлайсан? Сенларга давлат ойлик бериб қўйибди. Мени болам касал! Ухлашга нима ҳақинг бор!” дея Моҳинага бақира кетади.

Шовқинни эшитган тез тиббий ёрдамда бўлган врачлар, фельдшер, ҳамшира ва ҳайдовчилар дарҳол Моҳинанинг хонасига кириб келишади. Шифокорлардан бири Муҳайёни тинчлантиришга ҳаракат қилди.

Аммо у шифокорнинг сўзларига қулоқ солмасдан уларга “Нима ҳақларинг бор ухлашга”, дея роса бақир-чақир қилди.

Шу орада телефонга яна қўнғироқ бўлиб қолди. Моҳина жойига ўтириб, телефонга жавоб бераётган вақтида орқасида турган Муҳайё унинг бошига мушт туширди.

Шу ердаги шифокорлар дарҳол Муҳайё­­ни ташқарига олиб чиқиб кетишди. Моҳинанинг эса тоби бўлмай қолди. Шифокорлар тиббий ёрдам кўрсатишди, албатта.

Шундан сўнг Моҳина шифохонада ётиб, даволаниб чиқиб Муҳайёнинг устидан тегишли органларга арз қилди.

Суд Муҳайё Акромовани Ўзбекис­тон Республикаси ЖК 109-моддасининг 2-қисми ва 140-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топиб, узил-кесил 9 (тўққиз) ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

Муҳайё қилган ишидан пушаймон бўлди. Лекин бу пушаймонлик уни қилмишига яраша жазодан халос қила олмади.

Илёс ДОНИЁРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Самарқанд вилояти

Оқдарё туман судининг раиси,

Хонбиби ҲИММАТ қизи

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen − 9 =