“Мажнунтол”нинг мавжин кўринг
Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақш кабидир деб бежизга айтишмаган. Фарзандларимизни миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ўзбек тилига бўлган муҳаббатини оширишга қаратилган амалий ишларни нафақат мактаб, балки аввало, оиладан, сўнг мактабгача таълим муассасаларидан бошлаш тўғрироқ бўлади. Чунки Ватан туйғуси, халқпарварлик каби фазилатлар мурғакликдан, боғча ёшиданоқ ўғил-қизларга ўргатилса, онгу-шуурига сингдирилса, ўйлаймизки булар болаларнинг умри давомида шаклланиб, албатта, юртга садоқатли фарзандлар бўлиб камол топишларида муҳим омил бўлади. Мана шундай мақсадларни ҳар бир мактаб ва мактабгача таълим даргоҳлари ўзининг устувор вазифаси деб билиши ва замон билан ҳамнафас ҳаракат қилиши керак.
Бу борада олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар билан танишиш мақсадида пойтахтимизнинг Яккасарой туманида жойлашган 249-сонли “Мажнунтол” давлат мактабгача таълим муассасаси фаолияти билан қизиқдик.
Боғчага кириб борар эканмиз бизларни муассаса мудираси Севара Аҳмеджанова очиқ чеҳра билан кутиб олди. Сафаримизни боғча хоналарини кўздан кечириш билан бошладик. Кенг ва ёруғ хоналар болаларга мос равишда, қўл меҳнати билан тайёрланган турли ўйинчоқлар билан эртакмонанд равишда безатилганига гувоҳ бўлдик. Масалан, уйда гугурт ўйнамаслик, бунинг қандай оқибатларга олиб келишини кўрсатувчи, йўл ҳаракати қоидаларини ўргатувчи ҳамда яхшилик ва эзгуликни одат қилишга чорловчи кўргазмалар болалар учун тушунарли шу билан биргаликда қизиқарли тарзда хоналар деворига жойлаштирилган.
— Боғчамиз 360 ўринга мўлжалланган — дейди боғча мудираси Севара Аҳмеджанова. — Ҳозирда 12 та гуруҳда жами 320 нафар болаларга кўп йиллик тажрибага эга бўлган 12 нафар тарбиячимиз таълим-тарбия беришмоқда. Турли байрам-тадбирларини мунтазам равишда ўтказиб келамиз. Уларда тарбияланувчиларимизнинг фаоллик билан иштирок этиб, ўзлари мустақил равишда шеърлар ва қўшиқлар ёдлаб келишлари уларга бўлган умидимиз ва ишончимизни ошириб келган. Айниқса, тайёрлов гуруҳидан Мубина Юсупова, Эъзоза Абдуганиева, Жаҳонгир Мирзаумаров, Абдумажид Абдубоситов каби тарбияланувчиларимиз интилувчанлиги ва ўткир зеҳни билан намуна. Илоҳим кўз тегмасин!
Боғчага бўлган ташрифимиз давомида 21 октябрь давлат тили байрами куни муносабати билан “Ўзбек тилим — она тилим, бойлигим менинг” мавзусида ташкил этилган тадбирда иштирок этдик.
Унда замонавий мультимедиа воситаларидан фойдаланган ҳолда жажжи тарбияланувчиларнинг ўзбек тили ҳақидаги билимларини оширишга қаратилган видеоролик ва кўргазмалар намойиш этилди.
Бир-биридан бийрон, зукко ўғил-қизлар тилидан айтилган она тили ҳақидаги шеър ва ҳикматли сўзлар йиғилганлар олқиши ва севинчига сабабчи бўлди.
Мазкур боғчанинг мактабга тайёрлов гуруҳида турли миллатли оила фарзандлари тарбияланар экан. Шундай бўлса-да ўзбек тили байрамида барча болаларнинг бирдек фаол иштирок этгани ҳамда давлат тилида бурро қилиб турли чиқишлар қилгани ғоят қувонарли бўлди.
— Боғчамиз тарбияланувчилари турли миллатларга мансуб бўлсалар-да ўртоқлари билан ўз тилларида ҳам ўзбек тилида ҳам гаплашишга ҳаракат қилишади, — дейди муассаса тарбиячиси Наргиза Турғунова. – Чет тили машғулотларида ўзбек болалари улардан ёрдам олса, бошқа машғулотларда уларга ёрдамлашадилар. Эртаклар, ҳар хил саҳна кўринишлари орқали уларнинг бу борадаги қизиқишларини ошириб, осонроқ йўллар билан кўникма ҳосил қилишларига имконият яратамиз. Албатта, бунда қисқа қилиб икки-уч тилда ёзилган суратли эртак китоблардан фойдаланиш анча қўл келяпти.
Болаларга ёшлигидан мана шундай таълим берилса, ўйлаймизки албатта, улардан юртга фидойи, халқпарвар инсонлар етишиб чиқади.
Ушбу мактабгача таълим муассасасидан қайтаркансан, бу маскандаги ажойиб шарт-шароит, тажрибали ва меҳрибон тарбиячилар жамоаси билан танишиб, ўзинг ҳам яна бола бўлиб қолгинг келади. Раҳмат сенга “Мажнунтол” маскани!
Камолиддин РЎЗИМАТОВ