Ёз фасли мазмунли ўтсин, болажон!

Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида Қўқон шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига тизимидаги 47 та умумий ўрта таълим мактаби, 55 та давлат мактабгача таълим ташкилоти, шунингдек, нодавлат таълим ташкилотлари ва “Баркамол авлод” болалар марказида 1 июндан 30 августгача мактаб ўқувчилари ва уюшмаган ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни соғломлаштириш ва ҳар томонлама ривожлантириш ишлари аллақачон бошлаб юборилди.

Шаҳардаги олтита умумий ўрта таълим мактабларида кундузги оромгоҳлар ташкил этилди. Барча мактабларда ахборот технологиялари, спорт, чет тиллари ва касб-ҳунарга ўргатувчи тўгараклар қизғин фаолият юритмоқда. Уларда олти мингга яқин ўқувчилар ўз билим ва дунёқарашларини бойитишмоқда.

“Қувноқ стартлар”, шахмат-шашка, мини-футбол каби спорт мусобақалари шаҳар ва вилоят миқёсида ташкил этилаётгани эса ўқувчи-ёшларни янада интилишга ундамоқда.

Спорт-соғломлаштириш, маданий-маърифий тадбирлар, тасвирий санъат дарслари, китобхонлик, кино соатлари орқали болажонлар бўш вақтларини мазмунли ўтказишмоқда.

— Болалар тўққиз ой давомида мактабда таҳсил олишди. Эндиликда таътил кунларини мазмунли ва соғлом ўтказишлари муҳим. Мактабларда соғломлаштириш майдончалари, тўгараклар фаолияти йўлга қўйилмоқда. Оромгоҳларда болалар бир марталик иссиқ нонушта билан таъминланади, — деди Қўқон шаҳар ММТБ бошлиғи И.Мирзаева. — “Долзарб 90 кун” тадбирларига старт бериш аввалида шаҳримиздаги 25- ва 44-умумий ўрта таълим мактабларида намунали семинарлар ташкил этилиб, унда ёз давомида эътибор қаратиш зарур бўлган муҳим жиҳатлар амалиётда кўрсатиб берилди. Шаҳримиздаги “Коинот” ва “Роҳат” ёзги соғломлаштириш оромгоҳларига педагог ходимларнинг фарзандлари имтиёзли жалб қилиниб, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга эришилмоқда.

Ҳар ҳафта истироҳат боғларида ташкил этилаётган кўнгилочар концерт дастурларида педагоглар ҳам оила аъзолари билан қатнашиб, мароқли ҳордиқ чиқармоқдалар.

Бу ташаббус ота-оналар томонидан ҳам мамнуният билан кутиб олинди. Ёзги мавсумда ҳам болаларга илм ва ҳунар ўргатаётган устозлардан улар миннатдор бўлишмоқда.

Қўқонликларни қувонтирган яна бир воқеа 15-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари жамоаси “Турон” мактаб театри беллашувларининг республика босқичида иштирок қиляпти.

Ёзнинг иссиқ кунлари давомида болаларга салқин ва баҳаво жойларда дам олиб қувнаб-яйрашлари учун яратилган муносиб шароит келгусида иқтидорли ўқувчиларни юзага чиқариш уларни нафақат шаҳримиз, балки бутун мамлакатимизга танита оладиган муносиб фарзандлар қилиб камол топишни мақсад қилганмиз.

Мазкур ташаббус келажак авлоднинг соғлом, билимли ва фаол бўлиб улғайиши учун муҳим замин яратади, албатта.

Ўктам АБДУЛЛАЕВ,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 − 3 =