Мен нима учун “Hurriyat”ни ўқийман?

Замонавий коммуникация ўз тараққиётининг қайси босқичида бўлмасин, унинг ўзаги ва қон томири барибир босма сўз бўлиб қолаверади. Чунки инсоният цивилизациясининг ҳар қандай кесимида қоғозга муҳрланган сўзнинг куч-қудратини ҳали ҳеч ким инкор эта олгани йўқ, эта олмайди ҳам.

Яқинда Деҳли шаҳридаги Ҳиндистон оммавий коммуникациялар инс­титутига иш юзасидан борганимизда, талабалар ётоқхонасида улар билан бирга 10 кун яшадик. Эътиборимизни тортгани шу бўлдики, маҳаллий талабалар ҳар тонгда бир қўлида ўзи яхши кўрган сутли чойини ичса, иккинчисида гаджет эмас, телефон эмас, балки турли газеталарни варақлар экан. Наҳотки ҳиндлар бизга қараганда “ривожланишдан орқада қолиб кетибди”, деб ўйладим. Чунки Деҳлида биз таҳсил олган 1993-94 йилларда ҳам газеталар ҳозиргидек қўлма-қўл ўқилар эди-да.

Кунчиқар мамлакат пойтахти — Токиода яна худди шундай “қолоқлик”ка гувоҳ бўлиш мумкин. Кимга қараманг, қўлида ниманидир мутолаа қилади. Қизиқ-да. Метрода ёнидаги одам билан ёки қўл телефонида таниши билан бемалол, керак бўлса баланд овозда гап­лашиб кетаверса бўлмайдими? Интернет жаҳонда энг ривож топган Японияда одамлар ўқишмоқда.

Ҳа, бугун дунёнинг энг тараққиётга эришган юртларида ҳам ҳамма газета ўқийди. Ҳатто олис Техаснинг Сан Антониосида ҳам шу аҳвол: газета мутолаа қиладиганлар сероб.

Ўша ердаги журналистика бўйича маҳаллий олиманинг бир гапи ҳеч қулоғимдан кетмаяпти: “одамлар ҳозир текин ахборотни қидириб сайтларга кириб кетишди. Ваҳоланки, агар ахборот текин бўлса – у истеъмолчи учун товар эмас, балки истеъмолчининг ўзи – ахборот манбасининг товарига, емишига айланиб қолади”.

Бас шундай экан, мен ҳам ахборот олишнинг энг синалган вариантини юқори қўяман ва ўзини зиёли деб ҳисоблайдиган киши албатта, биринчилардан бўлиб газета-журналларга обуна бўлиши керак деб ҳисоб­лайман.

Ахир биз бунёдкор халқмиз, эски нарсаларни, хусусан, 150 йил тарихга эга миллий газетачиликнинг қадрига етишимиз ундан завқу шавқ туйишимиз керак!

Каминанинг энг севимли нашри бўлган “Hurriyat”ни эса кейинги йил эмас, ундан кейинги йилларда ҳам ўқишдан жуда умидворман. Шу боис, унга албатта обуна бўламан.

Беруний АЛИМОВ,

Янги медиа таълим маркази директори,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент

 

Қадрли юртдошлар!

2022 йил учун обуна давом этмоқда. “Ўзбекистон почтаси” АЖ ва “Матбуот тарқатувчи” АК филиаллари, соҳага тааллуқли бошқа ташкилотлар ҳамда таҳририятнинг ўзи орқали обунани расмийлаштиришингиз мумкин.

Нашр индекси — 233

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 2 =