Шоир орзу қилган йўл

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоир Азим Суюн ўзи туғилиб ўсган маскан — Накурт қишлоғини ғоят севар ва қадрлар эди. Унинг гўзал табиати, олийжаноб ва мард инсонлари ҳақида кўплаб шеърлар ёзган. У она қишлоғининг   гўзал, обод, йўли равон бўлишини доим орзу қиларди ва бунинг учун қўлидан келган барча ишни қиларди. Чунончи, ўтган асрнинг 90- йилларида   Накурт қишлоғига борадиган йўлни таъмирлаш, бир қисмига асфальт ётқизиш юзасидан соҳа мутасаддилари ва вилоят ҳокимларига бир неча бор мурожаат қилганига шахсан гувоҳ бўлганман.

 

Ўша кезларда Азим Суюн мамлакатимиздаги етакчи матбуот нашри “Ўзбекистон овози” газетасининг бош муҳаррири, Олий Кенгаш депутати эди, бинобарин унинг сўзи инобатсиз қолмасди. Вилоят ҳокимининг буйруғига кўра,   18 километр узунликдаги   қишлоқ йўлини таъмирлаш ва асфальт ётқизиш ишлари жадал бошланди. Бироқ вилоят ҳокими ишдан олинди-ю, Накурт йўлининг қурилиши ҳам тақа- тақ тўхтади. У пайтда ҳокимлар бамисоли қўлқопдек тез-тез алмаштирилар ва бири бошлаган ишни иккинчиси давом эттирмас эди. Шу боисдан бошланган ишлар ўлда-жўлда қолиб кетаверарди.

Йўл ҳар қандай маскан учун муҳим аҳамиятга эга. Йўли абгор манзилга меҳмон ҳам оғриниб боради. Бинобарин, Накуртга Азим Суюннинг кўплаб дўстлари, устозлари — таниқли шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар,   ижодкорлар ташриф буюришган. Хусусан, машҳур шоирлар, Ўзбекистон Қаҳрамонлари Эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповларнинг дилкаш суҳбатлари накуртликлар хотирасида муҳрланиб қолган.   Пойтахтда яшовчи шоир она қишлоғига келар   экан, ҳар гал Накуртнинг ўйдим-чуқур йўлидан озорланиб, кўнгли ранжиб, азиз меҳмонлар олдида хижолат тортиб қайтарди. Мана шу нохуш таассурот уни яна бир бор вилоят раҳбари ҳузурига   етаклади. Янги раҳбар ҳам йўлни тузатиш, уни дастурга киритиш юзасидан қуюқ ваъдалар берди. Бироқ у ҳам ҳокимлик курсисида узоқ ўтирмади… Шу тариқа Накурт йўлига бахт кулиб боқмади, шоирнинг барча саъй-ҳаракатлари зое кетди.

Яқинда дўстлар билан дийдорлашиш мақсадида Накуртга бордим. Маржонбулоқ—Зармитан йўлидан шоирнинг қишлоғи томон бурилар эканман, янги асфальт ётқизилган, кафтдек текис, ойнадай равон йўлни кўриб кўнглим ёришиб кетди. Ахир, бу– шоир Азим Суюн орзу қилган йўл-ку!

Маълум бўлишича, йўлсозларнинг назари ниҳоят Накуртга ҳам етиб келибди. Самарқанд вилояти ҳокимининг фармойишига кўра, бюжетдан 1 миллиард 400 миллион сўм маблағ ажратилибди. Пай­ариқ туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси жамоаси эса жуда узоқ кутилган ишни жуда қисқа муддатда амалга ошириб, Накурт йўлининг асосий қисмини таъмирдан чиқарибди.

— Об-ҳаво совий бошлагани сабабли йўлнинг озроқ қисми чала қолди, — деди Пайариқ туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси бош муҳандиси Шуҳрат Рўзиқулов хижолат тортиб, — Худо хоҳласа, биринчи имкон туғилиши билан уни ҳам поёнига етказамиз.

Орзулар бир кунмас бир кун амалга ошар экан. Шоир Азим Суюннинг ҳам орзуси рўёбга чиқди, фақат буни шоирнинг ўзи кўрмагани биз учун армон бўлиб қолди.

Норбобо ШАКАРОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen + 8 =