Мумунинг кўзлари

Илк учратганимда ёқимсиз, исқирт, дайди кўринган у. Олдимдан қувганман ҳам ўшанда. Кейин унинг йўлакда тикилиб ётишига кўникиб қолдим.

– Ма, ол!

У нонни тишлаганича кафе орқасига чопган ва кўп ўтмай қайтиб келган.

– Муму ақлли ит, фақат забонсиз. – Кафе эгаси уни икки йилдан бери шу атрофда юришини, кафе орқасида ини ва кучукчалари борлигини айтгач, нонни қаерга ташлаб келганини билганман. – Унга қараб, раҳматли қўшнимнинг гапи эсимга тушади. “Келгусида дунёга ит бўлиб келарканман, башоратчи айтган. Кўзларимни эслаб қолинг, бундай қоп-қора, катта кўзлар ҳеч кимда йўқ”, деган. Астағфуруллоҳ!

Одатда иккита шашлик, чорак кулча буюраман, чой ичиб, ён-атрофни кузатаман. Энди учта кабоб ва яримта нон буюраман, ахир шеригим бор.

“Чиндан ҳам, Мумунинг кўзлари одамникига ўхшайди. Юмалоқ, тиниқ, маъноли. Нима тилаётганини айтиб туради. Миннатдор бўлса, улар чақнайди. Хафа қилишса-чи? Оч қолса ёки болачаларини йўқотса-чи? Кўзлари бу ҳолатларини англатармикан? Жонивор руҳияти кўзида инъикос топармикан? Умуман, ҳайвонларда руҳият борми? У одамникига яқинми, балки бош­қачароқдир?”

—Болачаларинг яхшими, Муму?

Муму гапимни тушунгандек қувноқ кўзларини тикади. “Г” ҳарфига ўхшаш олд оёқлари билан бети ва тумшуғини кетма-кет силаб қўяди. Гоҳо бошини қиялаб овқатланишимни кузатади. – Ке, оғайни, чой ич, – дейман ҳазиллашиб. – Қўрқма, келавер, хўжайининг билан ўзим гаплашаман.

Йўқ, Муму кафе, стол-стул кимлар учунлигини билади. “Кўзларинг, Муму, худди одамникидай! Ҳатто уларни илгари қаердадир кўргандайман? Кимдадир кўргандайман?..”

Уч-тўрт кун кафега чиқмадим. Илҳом келиб, одамовилик босганди. Ёзувлардан бироз қутулгач, кафега кирдим.

– Муму кўринмаяпти, икки кундан ошди. – Кафе эгаси кабобни олдимга қўяр экан, айбдордек қўшиб қўйди: – Кучукчаларини қўшнилардан кимдир анҳорга отиб юборибди. Анкиллашарди-да… Муму уларни қидириб юрибди, шекилли. Жуда раҳмдил, сезгир, худди инсоннинг ўзи. Ўтган сафар ҳам, кучукчаларидан айрилганида, бедарак кетганди…

Кечқурун уйга қайтаётиб кафе томонга бурилдим. Узоқдан Муму кўринди. У худди мени кутиб тургандек, олдимга чопиб келди. Тиззамга олд оёқларини қўйиб, қўлларимни ялади.

– Ориқлаб кетибсан-ку, оғайни? Қаерларда эдинг? Болачаларингни изладингми? Маммаларинг осилиб, қуриб қолибди. Қулоқларинг тиш­ланган, тирналган. Бечора…

Муму раҳмим келаётганини сезарди. Бошини силасам, миннатдор бўлиб, қўлларимни яларди.

Мумуга ҳам овқат олдим. У панжара ортида, йўлакда ётганича мендан кўзини узмайди. – Мунча тикиласан? Соғиндингми? Иш билан банд эдим, оғайни. Сени изламадим. Мана, қайтибсан… Ол, е!

Муму олдига ташланган бурда нон ва бир парча гўштни чайнамай ютади. Уни чўмилтириш зарур, деган ўйга бораман.

Подъездимиз олдида “уй ҳимоячилари” ўтиришади. Улар мени Муму билан кўришгач, эшик олдини тўсишди.

– Ит билан мумкин эмас-у!

– “Собачий грипп!”

– Қанақа “Собачий грипп?” –дейман норози.

– Вут газитда ёзилган.

– Да, вот и здесь! – Рўпарамда яшовчи рус кампир эшикка илинган эълонни кўрсатади.

– Йитт! – Учинчи қаватда яшовчи чол ҳассаси билан Мумуни қувади. –Оёғингни синдираман! “Собачий грипп”дан олтита ўлган. Икки кунда-я!

– Вас надо проверить, всё таки вы общались с бездомной сабокой.

Телевизорда “собачий грипп” ҳақида тинмай хабар-маълумот берилаяпти. Кейинги бир ҳафтада етти вилоятда карантин эълон қилинган, олтмишдан зиёд киши ҳаётдан кўз юмган эмиш.

Бутун жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти АҚШ да бир ҳафтада тўрт мингдан ошиқ кишида “Собачий грипп” топилгани, саксон бир киши вафот этгани ҳақида хабар беради. Европа аҳолисининг 70 фоизи “Собачий грипп” юқтириши мумкин эмиш. Бутун куч эгасиз ит-мушукларни ушлашга қаратилаётган экан. “Ёзув-чизувларим билан банд юриб, дунёдаги янгиликлардан бехабар қолибман-а…”

Муму – эгасиз, дайди. Ўзимдек якка. Балки шу боис уни эслайдиган бўлиб қолгандирман? “Мен ҳам яқинларимни йўқотганман. Адашганман. Улар, ўзимга яқин деб билганларим, ўгайлигини қилишди. Мумунинг ўгайлари – бегоналари, меники – нон берганим, емай-едирганим, боққаним, оёққа қўйганларимдир. Тақдиримиз ўхшаш. Бедиллик – ёвуз куч.Унинг олдида ит ҳам, одам ҳам ожиз. Уни ақл, иймон ва раҳм билан енгиш мумкинмикан? Даргумон…”

Мумунинг кўзлари дуч келганга илтижо билан тикилавермайди. Кафеда уни чақирадиганлар, олдига у-бу нарса ташлайдиганлар кўп. Ҳайратлиси, у рўпарамдаги йўлакда олд оёқларини чўзганича, катта, қоп-қора кўзларини тикиб, мендан ишора кутади.

– Муму!

У ўрнидан турмоқчи бўладию, оёғини эплолмай, қайта чўзилади.

Олдига бораман, бошини силайман. У тинмай оёғини ялайди. Тушунмайман.

– Муму! Нима бўлди, сенга? Ким хафа қилди, айт? “Собачий грипп” сендан эмас. Сен айбдор эмассан. Кўзларингдан сезилиб турибди, хафасан.

Мумунинг кўзларида ёш айланади. Қоп-қора гавҳарини қоплаган суюқлик кўзи бурчагида тўп­ланади. У ҳорғин нафас олганида ёшлари қўнғир-қора туклари устига қўнади, кейин маржон из қолдириб, пастга тўкилади. Муму йиғлаётганди. Шу пайт “Уй қўриқчилари” кўринади. Учинчи қаватда яшовчи чол Мумуга бақиради:

– Ҳали шўтдамисан? – Кейин у ёнидаги кампирга, темир таёқчасини силкитиб, мақтанади: – Кеча оёғига солгандим…

Муму тили билан ялаётган оёғининг ярми осилиб ётарди. У турмоқчи бўлардию, оёғига таяна олмай, қайта чўзиларди. Дорихонага чоп­дим. Дорихоначи йигитча мени ветдўхтирга улади.

– Итингиз неча ёшда?

– Билмайман…

– Паспорти борми?

– Паспорти?!…

– Бездомнийга қаролмаймиз. “Cобачий грипп”. У қаерда? Ўн беш минутда боришади, кутинг.

Бинт, йод ва маз олдим, синиқ суякни боғлашни суриштирдим.

Қайтсам, қора ниқобий камзул кийган икки киши, бирининг қўлида нишони калта, сассиз отиладиган милтиқ, Мумуни машинага ортишган экан. Мумунинг менга таниш, катта, қоп-қора кўзлари тепага қадалганича қотган. Секин уларни юмиб қўйдим…

Виктор АЛИМАСОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 + 17 =