Қош қўяман деб… ёки танқид маданияти
Гапни оддий аксиомадан бошлай қолай: танқид – келажак меваси. Юртимизда эсаётган эркинлик шабадаларидан биз, журналистлар ҳам ўпкамизни тўлдириб нафас олаётган бир пайтда танқидий материал тайёрлаш жараёнлари ҳақида фикрлашиш пайти келди деб ўйлайман.
Мухбирлик фаолиятини туман газетасида бошлаган кезларимда бир шикоят хати бўйича “Лўттибознинг димоғи” деган фельетон ёзган эдим. Сарлавҳадан кўриниб турибдики, газетхон ҳозир бомба самарасини берадиган, катта фош қилувчи аҳамиятга молик бир мақола ўқиши керак. Бошланишини қаранг: “Узоқ Бекмирзаев ким? Ўғри, муттаҳам!”.
Гап қишлоқ сотувчисининг 50 килограммлик уннинг ҳар қопини 13 сўм 20 тийин ўрнига 15 сўмдан сотаётгани, 12 тийин турадиган шиша идиш (тара)ни 6 тийиндан олаётгани ҳақида кетарди. Бу ҳолатга йўл қўйган сотувчига “ўғри”, “муттаҳам”дан ташқари “лўттибоз”, “ноинсоф”, “нафс бандаси” каби этикетлар ҳам қаторлаштириб ёпиштирилган эди.
Танқидий материалга туман матлубот жамиятидан жавоб келди: “Фельетон матлубот жамиятининг тумандаги барча сотувчилари иштирок этган кенгайтирилган йиғилишида (айтиб қўяй, йиғилиш ўтгани даргумон – М.П.) муҳокама қилиниб, совет савдо қоидаларини қўпол равишда бузган сотувчи Узоқ Бекмирзаев ишдан олиб ташланди” — дейилганди унда. Биз жавоб хатини тўлиғича газетада эълон қилдик. Мен бўлсам, биринчи фельетоним чиққанидан теримга сиғмас даражада хурсанд, ўзимни гўё ҳамкасбларим, жамоатчилик назарида бир поғона юқорилагандай сезардим.
Бир куни ўша қишлоқ оқсоқоли Тошбой ака айтиб қолди:
— Ёзганингизни ҳаммаси тўғри, ука. Лекин қишлоғимизда талай вақт сотувчи топилмагандан, обрўли, ҳалол инсон деб, Узоқ акани дуппа-дуруст ўқитувчилик касбини ташлаб, дўконга ўтишга зўрға кўндиргандик. Унга осон эмас. Улов етишмаслигидан машина кира қилиб, 60-70 чақирим масофадан ун олиб келади. Юкни ортиш, тушириш харажатларини ҳам киссасидан тўлайди. Базадаги ҳаромхўрларни айтмайсизми! Ҳамма нарсанинг “усти”ни сўрайди. Ҳатто дарвоза қўриқлаб турган қоровулгача “ҳақ” талаб қилади. Буларнинг ҳаммаси харажат. Шунинг учун ҳам битта бизнинг қишлоқда эмас, қаерга борманг, ун маҳсулотлари аслидан юқори нархда сотилади. Буни РайПО раҳбарлари ҳам, текширувчи органлар ҳам яхши билади. Яхши билади эмас, кўплар шундан фойдаланиб, нафсини қондиради. Қанийди, бир мард чиқиб, мана шуларни ҳам ёзса! Базадаги учар омборчиларга журналист тугул ундан каттасининг ҳам тиши ўтмайди. Негаки, улар деярли барча катталарнинг “оғзини мойлаб”, тилини қисиқ қилиб улгурган…
Шу тобда ёзган материалимдан минг пушаймон бўлгандим. Бир куни мактабга бориб, ўқитувчилик касбига қайтган Узоқ акадан фельетон учун узр сўрадим. У қўлини силтаб: “Қўяверинг, эсимдан ҳам чиқиб кетди”, — деди кулиб. Бу воқеани эслаб, нима демоқчиман? Мақола, айниқса, танқидий мақола ёзганда ҳар бир сўз вазнини тарозига қўйиб, фактларни қайта-қайта текшириб, уларга ҳақиқат, адолат, беғаразлик, холислик нуқтаи назаридан баҳо бериш лозим.
Мунаввар ПАРДАЕВ,
Гулистон давлат университети
“Университет овози” газетаси
бош муҳаррири