Сўз қадри ва кучи ғолиб бўлсин!
— Сўз эркинлиги, демократия — матбуот ва журналистларгагина эмас, авваламбор, жамиятнинг ЎЗИ учун керак! Жамият соғлом бўлиши, ривожланиши ва унинг ҳар бир аъзоси том маънода озод ва ҳур, ҳуқуқлари тўла кафолатланган, ҳимояланган бўлишини истаса — матбуот эркинлиги тўла-тўкис таъминланиши лозим. Акс ҳолда, ўзимизни ёлғонлар билан “аллалашдан” нарига ўтмаймиз…
Алла аслини олганда “ухлатиш” вазифасини бажаради. Менимча, журналистлар мудраган жамиятни тўғрисўз “алла”си билан уйғотиши зарур. Баъзан жадид боболаримизнинг эзгу ниятларини ўйлаб қоламан…
Ҳақиқий адабиётни ШАХСлар яратади дейишади. Ўзбек матбуотида ҳам шахслар кўп бўлишини истайман. Шундай бўлса, у янаям кучли ва бақувват бўлади. Негаки, журналист шу халқнинг ғам-ташвиши билан яшайди, унинг оғирини енгил қилиш учун ишлайди, ижод қилади.
Чин сўзни маёқ қилган барча ҳамкасбларимни чин дилдан касб байрамимиз билан табриклайман. Аслида, холис меҳнатимиз натижасида тикланган адолат, ҳар бир яхши чиққан мақоламиз, эшиттиришимиз, кўрсатувимиз биз учун ҳақиқий байрам. Бу – ғалаба! Илоҳим, шундай ғалабаларимиз кўп бўлсин. Зеро, журналист доимо адолат тарафида бўлади. Унинг томонида бўлиш, собит қолиш эса осон эмас. Қўрқмайлик. Сўзимиз ўз таъсир кучи ва қадрини тикласин.
Гулмира Мусажонова,
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Маданият ва маърифат” телеканали катта муҳаррири: