Ҳасратингдан айлагил огоҳ

Ориф ТЎХТАШ

 

Муаллиф ҳақида: 1976 йилда Иштихон туманида туғилган. “Ғунчалар табассуми”, “Қуёш йўли”, “Кўнгилга ташриф”, “Ватан атри”, “Ажабтовур арзномалар” ва “Бахтиёр болалик” номли шеърий тўпламлар муаллифи.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Шуҳрат” медали соҳиби.

 

                 ЯНГИ ОЙ

Тун осмони мисли тегирмон,

Тўлишган ой – тегирмон тоши.

Ва сочилган юлдузчалар – дон,

Тайёралар — қумурсқа, ташир.

 

Сомон йўли турар туташиб,

Буғдойзорга, ҳу анов қирга.

Булут – қопи билан дон ташиб,

Ҳар кун қуёш ботади терга.

 

Кечга бориб йиқилар беҳол,

Қилмишидан қизариб ранги.

Ўз-ўзига беради савол:

— Наҳот шундай яшасам мангу?! –

 

Тирикчилик, ҳар кун шу ҳолат,

Жони ҳиқилдоғига етди.

Тегирмонга буғдойни солиб,

Кўзи ногоҳ уйқуга кетди.

 

Удда қилолмади лекин у,

Татимади ўғрилик оши.

… Ана, турар ярми кўриниб,

Синиб қопти тегирмон тоши.

 

ТАҚДИР

Осмон — катта култепа,

Юлдузлар чўққа ўхшар.

Ой безовта.

                   Кутгани –

Келгани йўққа ўхшар.

 

Ўтга солиб бир замон,

Ёрининг мактубларин.

Энди эса кўзига

Сурмоқчидай кулларин –

 

Кезинади умидлаб,

Кўзларини ёшлайди.

Парча-парча булутлар —

Ёшин арта бошлайди.

 

Ё ой сеҳрли кўзгу,

Унда ўксик қиз акси.

Таниш чеҳра.

                     …Балки у —

Мен севган қиз эмасми?

 

Тан олмайин вақтида,

Жўшқин муҳаббатимни,

Қиймалаб, сўнг оловга —

Отган эди хатимни.

Энди…

           Осмон – бир ҳовли,

Юлдузлар изга ўхшар

Ой эса…

             Бир зулматга —

Тўй бўлган қизга ўхшар.

 

                         ВАТАН

Туғилганимдан то шу кунга қадар,

Нима топган бўлсам, шуни йўқотдим.

Йўқолдиқлар билан ўксинсам агар,

Топилдиқлар билан ўзни юпатдим.

                          

Эсанкираб қолдим илк йўқотувдан,

Ногоҳ ўғирлатдим ёшлик — эркимни.

Шунда хаёлимни тортқилаб, бирдан

Юрагим ортига бир қиз бекинди.

                          

Тутдай тўкилди-я аввалги дардим,

Ул чилвирсоч билан бўлиб андармон.

О, қандай яшардик! Қандай яшардим!..

Мен бугун севгисин йўқотганлардан.

          

Кейин дўст орттирдим ҳамроҳ деб йўлда,

Улар ҳам қайтмади кетиб ҳар томон.

Начора?! Кўникдим, далдам шу бўлди:

— Мен ахир ўзимга етиб ортаман!

                          

Соғиниб – сиқташга йўқ бунда ўрин,

Бирин йўқотган чоқ бирини топдим.

Ғойибни изласам, ундан ҳам зўри —

Дуч келиб, жой ола бошлайди қалбдан.

 

Айни дамда эса топганим — Ватан,

Унинг номи билан аталгувчи бахт.

Мен уни ҳаммадан, ҳамма нарсадан —

Азиз англамоғим,   асрамоғим шарт!

                                          

Бошқа истамасман йўқотмоқликни,

Бошқа топмоқни ҳам қилмасман орзу.

Бу шиддатли сўзлар юракнинг ҳукми,

Кўксим кенглигида тонгдай ёришув.

 

Тилларим бийрондир ҳайрат сеҳридан,

Биз энди биргамиз қиёмат қадар.

…Унинг садоқати, қайноқ меҳридан —

Ўзимни йўқотиб қўймасам агар!  

 

ҚИСМАТ

Севги нима асли, дедилар,

У гўзаллик фасли, дедилар.

Бир-бирига интиқ дилларнинг

Ҳеч туганмас васли, дедилар.

 

Дард дедилар, қароғлар намли,

Мард дедилар вафо қилганни.

Севмаганлар севиб қолганни —

Телбами ё мастми, дедилар.

 

Кўзлар эмас, кўзда ёш йиғлар,

Соғинчини этиб фош, йиғлар,

Юлдуз териб юрган ошиқлар —

Осмон шунча пастми, дедилар.

 

Бу дарднинг бир дармони — висол,

Бўлмасин ҳеч армони — висол.

Севги борки, бу олам гўзал,

У гўзаллик расми, дедилар.

 

Шукур, дедим,

                         Севар! Севаман!

Бош эгишим керак нега ман?!

Мағрур сўзим тинглаган ҳамон,

— Йиғисифат сасми? —   дедилар.

 

… Қулоқ тутсам киноясига,

Бахтим етмиш ниҳоясига.

— Ўтманг ёрнинг ҳимоясига,

У ўзганинг хасми, — дедилар.

 

ЮРАК

Қара, манов боғларни,

Япроқларни синчиклаб қара.

Учратмайсан бунда доғларни,

Ғуборлардан холи манзара.

 

Ювинтирмиш уларни ёмғир,

Кўмиб шивирларга, титроққа.

Андоза ол улардан, ахир —

Ўхшайсан-ку сен ҳам япроққа.

 

Кўзни яшнатади неки бор,

Ғунчаларнинг кулгусида шаън.

Бугун борлиқ қандай беғубор,

Сен нималар қайғусидасан?

 

Вужудимда сени деб қийноқ,

Айт, нимадир истаган нарсанг?

Ҳасратингдан айлагил огоҳ,

Балки сен ҳам ёмғир кутарсан?!

 

Афсус, бунда ўжарлик бекор,

Қилолмайсан сен ёмғир талаб.

Ахир сенга кўз ёшим етар —

Оққанлари … ичимга қараб!

 

ИШТИЁҚ

Рўмолчамни мен бугун кўз ёшга чайдим,

Ҳасратимни келинг, сизга айтай, она.

Кечагина бошқа эдим, бошқачайдим,

Дуо қилинг, мен ўзимга қайтай, она.

 

Нимадандир юрак-бағрим эзилади,

Теграм аро турфа хаёл кезинади,

Аввалимнинг ўрни ёмон сезилади,

Дуо қилинг, гул рўзимга қайтай, она.

 

Суянчиғим сен, дедингиз, суёлмадим,

Олисларга кетар бўлдим, уялмадим,

Йўл юрдим-у ортга қараб қўёлмадим,

Дуо қилинг, ўз изимга қайтай, она.

 

Ҳеч қурса бир ҳол сўрашга эриндим-а,

Шоирман, деб давраларда керилдим-а,

Бир сўзингиз олдида бор шеърим нима?!

Дуо қилинг, ҳақ сўзимга қайтай, она.

 

Омонлигим сўрови бор кўнглингизда,

Лек оқибат йўқ экан мен – ўғлингизда,

Шоирман-у шеърим йўқ сиз тўғрингизда,

Дуо қилинг, мен изнга қайтай, она.

 

Оналарнинг дуосини вожиб, дерлар,

Ёнингизда юрмайманми ёзиб шеърлар?..

Унут бўлмай ортида тонг отган қирлар,

Дуо қилинг, кундузимга қайтай, она.

 

Ҳа, қишлоқни соғинганман ва Сизларни,

Бағрингизга босганингиз чоғ – исларни,

Ҳовлимизни, томқизғалдоқ, ялпизларни…

Соғинчим мўл, қай бирини айтай, она?

Дуо қилинг, Илдизимга қайтай, она!

 

ДЎСТИНГ   БЎЛСИН

Дўстларим – Воҳид, Ғайрат ва Нодирга

Сирпанчиқдир бу дунёнинг йўллари,

Бу дунёнинг хилватлари хатарли.

Мадад учун узангувчи қўллари —

Дўстинг бўлсин то қиёмат қадарли.

 

Бу ҳаётнинг синовлари бисёрдир,

Ҳаммасига ҳамиша шай, ҳушёр тур,

Бир куч билан енгиб ўтмоқ душвордир,

Дўстинг бўлсин то қиёмат қадарли.

 

Гар татисин, десанг ўйнаб-кулганинг —

Дунёсига учма ёлғон дунёнинг,

Чин дўст билан тўлиб турар бир ёнинг,

Дўстинг бўлсин то қиёмат қадарли.

 

Бировлар бор – эгри санар тўғрингни,

Ошналардан бири икки бўлдингми?

Қурбингнимас, сўрагувчи кўнглингни —

Дўстинг бўлсин то қиёмат қадарли.

 

Адашмайди, йиқилмайди дўсти бор,

Дўсти борнинг қандай кам-у кўсти бор?

Яшай, десанг сен ҳам ғолиб, устувор —

Дўстинг бўлсин то қиёмат қадарли.

 

Дўст бўлмагай дўстларнинг ҳам барчаси,

Кулиб қочар кўзингдан ёш сачраса,

Улки дўстинг — оғир кунда учраса,

Дўстинг бўлсин то қиёмат қадарли.

 

Бир каломнинг келди айни фурсати,

Ўз ўрнида майли, уни дейин ҳам.

Чин дўст бўлса! — садоқатин кўрсатиб,

Дўстинг бўлсин Қиёматдан кейин ҳам!

 

БУ ДУНЁ

Бу шафқатсиз дунё, раҳмсиз дунё,

Гоҳ ёқимли, гоҳи ёқимсиз дунё.

Биродар, шодлиг-у ғамингни эмас,

Кўпроқ Ҳаққа қилар нолангни ўйла.

Раҳматларга лойиқ кўрсанг номингни,

Тиниқ тафаккур-ла тикла шонингни.

Бир парчаси бўлиб турган жонингни –

Ортингда қолгувчи болангни ўйла.

 

Бири кам дунёнинг камига чида,

Ками тўлар бўлса ғамига чида.

Кимга наф келтирмиш кечиккан нидо?

Қиёматга қадар чорангни ўйла.

 

Оламни кезмоққа мойилсан, бироқ —

Кўнгилни ватандан тутмагил йироқ,

Киндик қонинг томган мана шу тупроқ,

Мана шу уйингни, хонангни ўйла.

 

Кўксинг ситамлардан бўлса-да холи –

Ўйлама, меники бўлди, деб тоъле,

Фурсат қўлидадир инсон иқболи,

Кун келиб тўккувчи жолангни ўйла.

 

Ҳаёт мазмунини англа, фикр қил,

Яхшилик номини минг бор зикр қил,

Эзгулик кўрсатиб, кўриб, шукур қил,

Ҳар юракка экар лолангни ўйла.

 

У юрган йўлларнинг тупроғи олтин,

Ким у, отангдан ҳам қариган олдин?

… Барчасидан олдин, баридан олдин –

Сочлари оқарган онангни ўйла!

 

САРҲИСОБ

Сўнгимни билмадим.

Аввалим аён –

Ҳануз ёдимдадир болалик пайтим.

Кейин ўсмирликни кузатдим шоён,

Кўз очиб юмгунча улғайдим.

 

Чорак аср яшаб қўйганим ҳақдир,

Тайин ҳеч нарсага улгурмаганим.

Яна нелар ваъда қиларкан тақдир?

Вақтнинг ҳисобида ҳар бир қадамим.

 

Кунлар шиддатидан учоқлар ортда,

Тонг отар, кун ботар – яна ой сайри.

Йиллар пешонамга қаламин тортар,

О, у битикларни ўқиб бўлсайди!

 

Бир инсон умрининг мазмуни шулми:

Туғилмоқ, шошилиб яшамоқ, кейин…

Қачон эркалаймиз манов кўнгилни,

Унинг сўроғига мен нима дейин?

 

Қаранг, у кўксимни ургани-урган,

Нола қилолмасдан тили йўқ қушим.

Унга уқтириб ҳам бўлмайди бир гап,

Десам, — фурсатим йўқ, сабр қил, тушун! —

 

Аммо англагандай бўлар баъзида,

Ҳатто ҳозир мана шашти сусайди.

Эътибор қилолмам эътирозига,

Билганим — у мендан недир тусайди.

 

… Сўнгимни билмадим, бугуним бекор,

Бесамар кечмоқда ҳар лаҳза, пайтим.

Ёзганларим эса шунчаки ошкор –

Юрак саволидан   туғилган айтим!  

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eight + 6 =