Заррача ачинмай ташлаб кетар бахт

Туроб Ниёз

 

                        АСРАГИН БИЗНИ

Асрасин бизни Аллоҳ , ватанни суймаслардан,

Ватан деб ёнмаслардан, ватан деб куймаслардан,

Ватан ишқин қалбига имондай туймаслардан,

Асрасин бизни Аллоҳ, ватанни суймаслардан.

 

Ватанни суймаганлар халққа ҳам қўймас меҳр,

Бойликдан ўзгасига эътибор бермас ахир,

Шуни ҳаёт деб билгай, шуни дегайлар тақдир,

Асрасин бизни Аллоҳ ватанни суймаслардан.

 

Ҳатто она тилини бошқа тилга алмашгай,

Сўзласа ўз тилида, тутилиб, юз адашгай,

Танла деса бирини, ўзга тилни танлашгай,

Асрасин бизни Аллоҳ ватанни суймаслардан.

 

Қайда таълим олганлар, қайда олган тарбият?

Отаю оналари нимани қилган ният?

Ҳа, бу катта фожиадир, шармандаликдир ғоят,

Асрасин Аллоҳ бизни ватанни суймаслардан.

 

         БЎРИЛАР

Эртакларда лақмадир бўри,

Тулки эса айёр, устамон.

Ёмонларнинг қурийди шўри,

Муаммолар ечилар осон.

 

Ҳаётда-чи, сал бошқачароқ,

Бўрилар ҳам маккору айёр.

Тулкиларга дарс берар бешак,

Нафси учун барига тайёр.

 

         МАҚТАНЧОҚ

Кимдир тиргак бўлмаса сенга,

Ўз қўлингдан бирон иш келмас.

Муштламай қўяқол кўксинга.

Чиранишни қилақолгин бас.

 

“Даҳо” дейсан ўзингни ўзинг,

Осмонларда учиб юрасан.

Гапирасан чертиб ҳар сўзни,

Давраларда лофлар урасан.

 

Аслида-чи, ўз ҳаётингда,

Биронта ҳам қўриқ очмабсан.

Ҳақиқатни рўй-рост айтганда,

Тайини йўқ бир мақтанчоқсан.

 

                  ТЎЗОН

Беғубор осмонни қоплади тўзон,

Ерга ҳам ёғилди бегона чанглар.

Бундан озор чекди кўплар бегумон,

Шифокорга борди аҳволи танглар.

 

Балки бизга Аллоҳ   бергандир сабоқ

Кўзингдай асра деб тупроқ, ҳавони.

Йўқса аҳволимиз бўлгайдир чатоқ,

Излаб тополмасмиз керак давони.

 

МЕН ЭНДИ ЯШАЙМАН…

Тан оламан, сенсиз қийиндир менга,

Тугайди қувончлар, тугар завқу шаҳд.

Пушаймон бўламан туғилганимга,

Заррача ачинмай ташлаб кетар бахт.

 

Кўзларимдан эса ёш оқар тинмай,

Уларни тўхтатиб бўлмайди сира.

Юрагим ўртанар, ҳеч нима сиғмай,

Булутлар қоплаган осмондай хира.

 

Лабларим унутиб қўяр кулгуни,

Гулдайин очилиб, отмайди ханда.

Ёддан ҳам чиқардим ширин уйқуни,

Хотиржамлик йўқдир руҳ ила танда.

 

Шунда сен келасан зарра сездирмай,

Кўзларим ёпасан қўлларинг билан…

Мен энди яшайман сени бездирмай,

Чексиз севги, тиниқ ўйларим билан.

 

БУ ОҚШОМ

Бу оқшом мунчалик сокиндир, қаранг,

Осмон ҳам кўнгилга яқиндир, қаранг,

Булоқдай тиниқдир, ёрқиндир, қаранг,

Бу оқшом мунчалик сокиндир, қаранг.

 

Юлдузлар жам бўлиб, суҳбат қурмоқда,

Ой эса жимгина хаёл сурмоқда,

Анҳор мажнунтолнинг сочин ўрмоқда,

Бу оқшом мунчалик сокиндир, қаранг.

Дарахт япроқлари қимирламайди,

Сукутга чўмишган – шивирламайди,

Ҳовуз ҳам тинчиган – жимирламайди,

Бу оқшом мунчалик сокиндир, қаранг.

 

Шамол ҳам уйқуда – олмоқда ором,

Ором олмоқдадир толиққан олам,

Фақатгина бедор шоир ва қалам –

Бу оқшом мунчалик сокиндир, қаранг.

 

                         ЧИДАЁЛМАС

Бобораҳим Машраб ғазалига мухаммас

Ёр ишқининг ўтига инсон чидаёлмас,

Нафақат бу замин, ҳатто осмон чидаёлмас,

Ғарбу шарқ, шимол, ғариб –   тўрт томон чидаёлмас,

Хуршид юзининг шуъласига жон чидаёлмас,

Кофир кўзининг зулмига имон чидаёлмас.

 

Имкон йўқдир, кўнглида не борлигин билурға,

Илож йўқдир, ёр бирлан шодон ўйнаб-кулурға,

Наҳот ёр рози эрса, қалбим ўртаб, тилурға,

Лаъли лабини тарифини шарҳ қилурға,

Ҳам лавҳи қалам, котиби девон чидаёлмас.

 

Тонгги қуёш янглиғ порласа, ой каби тўлса,

Мисли гулдай очилсаю гулзоримда кулса,

Бир умр кетмаса йироққа, ёнимда бўлса,

Ул нозанин ар ноз ила жилвагар ўлса,

Кўз солса анга оқилу нодон чидаёлмас.

 

Қани эди шафқат айлабон қўлимдан тутса,

Йўлимга тинмай кўз тикиб, зор, интизор кутса,

Мени дея ҳижронда заҳар-зуққумлар ютса,

Бу ҳол ила ул шўхи паризод гузар этса,

Ҳуру парию одаму ғилмон чидаёлмас.

 

Фироқнинг ўтида қоврилиб, ўртаниб ётса,

Кўксига тиғ каби армонлар, қайғулар ботса,

Лек зарра ҳам даво топмаса, чорасиз қотса,

Мен ютган аламларни агар заррае тотса,

Дорои жаҳон, Хисрави даврон чидаёлмас.

 

Рақибни деб ёр мабодо мендан буткул тонса,

Менга эмас, ўзгаларнинг сўзларига инонса,

Оқибат каминамас, бегоналар қувонса,

Уммонга агар қатраи ашким дури томса,

Маллоҳ элию донаи маржон чидаёлмас.

 

         КЕТАЙЛИК КЎНГЛИМ ЭНДИ

Бош оққан томонларга кетайлик кўнглим энди,

Рад этма ўтинчимни, гапимга кўнгил энди,

Аразу гиналарни бир четга қўйгил энди,

Бош оққан томонларга кетайлик кўнглим энди.

 

Унутайлик бор ташвиш, юмушлар барчасини,

Ўйлайлик юрагимиз – кўксимиз парчасини,

Очайлик дунёларга бағримиз дарчасини,

Бош оққан томонларга кетайлик кўнглим энди.

 

Сафар олгай одамнинг оғриғу ғамларини,

Нигоҳларга қайтарар ҳаётнинг рангларини,

Яна қайта ёққайдир умиднинг шамларини,

Бош оққан томонларга кетайлик кўнглим энди.

 

Толиққан бу танларга шифо бўлгай ҳаволар,

Қабоқларни силайди ёр қўлидай саболар,

Қулоғимга чалинар сой бўйидан садолар,

Бош оққан томонларга кетайлик кўнглим энди.

 

Дарахт бир жойда ўсиб, кўкаради бир жойда,

Тўғри келмас бизларга бу тартиб, бу қоида,

Дунёни кўриш, билиш одамга фақат фойда,

Бош оққан томонларга кетайлик кўнглим энди.

 

Энди мени ҳеч нима тўхтатиб қололмагай,

Юрагимга на ғулу, на гумон сололмагай,

Ҳеч кимса сенинг каби дўст, ҳамкор бўлолмагай,

Бош оққан томонларга кетайлик кўнглим энди.

 

Муаллиф ҳақида:

Туроб Ниёз — 1959 йилда Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги Қоратош қиш­лоғида туғилган. Ўзбекис­тон Миллий университети (ТошДУ)нинг журналистика факультетида таҳсил олган. “Муҳаббат осмони”, “Гуллаган боғлар”, “Муҳаббат гуллари”, “Очиқ юрак”, “Кўнгилга мурожаат”, “Уммон юрак” номли шеърий ки­тоблар муаллифи.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

8 + fifteen =