Илк севгимни эслатди япроқ…

Муаллиф ҳақида: Озод ХУШНАЗАРЗОДА — 1951 йили Оҳангарон туманида туғилган.

Муаллифнинг “Соат чиқиллайди”, “Қаршингизга келдим”, “Миллатим, дардингга дармонман”, “Атиргул” номли шеърий тўпламлари чоп этилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

 

Учқур отдай   тинмай югурмоқда вақт,

Гўёки чақмоқдай   ўтмоқда умрим.

Бисёр андуҳ ичра ўтмоқдадир вақт,

Занжирлаб   келади уни ташлагим.

Во ажаб   уйқуга кўзлар   тўймайди,

Зулукдай   тунларим ўтмоқда бекор.

Бунчалик узун тун   ҳам бўлмасайди.

Қанча соат уйқу, қанчаси бедор…

 

Белдан қувват кетди, оғрийди таним,

Хаста оёқларим базўр   судралар.

Ҳазин жилмаяди   олтмиш беш ёшим,

Олдинда не қисмат, Яратган билар.

 

Соғиниб яшадик учрашув   онни,

Азиз синфдошим — дўсту ёронни.

Бу дунё ғанимат — неъмати ҳам шу,

Эй дўстим, ҳаётнинг шудир ҳикмати.

 

Бир ажиб, бир сирли   қуюлмоқда шом,

Масжиддан ёғилди   ажойиб азон.

Неча кун қалбимга бермаган ором,

Сўнгсиз хаёлимни кўмворди хазон.

 

                            * * *

Истанбул   лавашин жойида едим,

Деҳли чаватиси ҳам чакки эмас.

Кимки   нима айтсин ўзимча дедим,

Ҳар ким ўз таомин   ҳеч ёмон демас.

 

Оллоҳ неъмати кўп, олам ғоят кенг,

Бугун бормоқ мумкин   турли томонга,

Ҳеч қандай мўъжиза келолмайди тенг,

Ўзбек тандиридан   узилган нонга…

 

                                * * *

Эй, дўстим, дунёга   меҳмон бўлдик биз,

Оллоҳимга қутлуғ, иймон   бўлдик биз.

Бир   ғаройиб, турфа замон кўрдик биз,

Афсус, дунё ўзи   бир дамлик экан…

 

Эй, дўстим, яшашга   ажиб имкон бор

Руҳим тетик, хушнуд, белда дармон бор

Онам эрта кетди, дилда армон бор,

Афсус, дунё   ўзи бир камлик экан..

 

Эй, дўстим, бир   куни биз ҳам кетармиз,

Яратган Эгамга   етармиз.

Жаннат райҳонларин обод этармиз,

Афсус, дунё   ўзи   бир дамлик экан….

 

             * * *

Эҳ, бу фоний дунёда,

На бир дўст, на ёр қолди.

Бедорликда оҳ чексам,

Хотиралар авж олди.

 

Дўст-ёроннинг наздида,

Тетик, шаҳдам юраман.

Лекин мен-чи, аслида,

Юрак-бағри пораман.

 

Мен гулимни йўқотдим,

Худди тирик мурдаман.

Танам базўр судралар,

Бир оёғи гўрдаман.

 

Ҳиралашар кўзларим,

Қалтирайди қўлларим.

Баъзан ўйга толаман,

Лойқаланди   йўлларим.

 

Умр, қаранг, тез ўтди,

Умр ўтиб кетди-я.

Ҳаётим ниҳоясида,

Нафас оляпман ёлғиз…

 

Бу қандайин кўр дунё,

Яхши учун зиндондир.

Ёвуз учун зўр дунё,

Бойлик, зўрлик, имкондир.

 

Кимдир унвон олмоқда,

Кимдир эса нимарса,

Гоҳо ашъорлар битдим,

Ўқиб кўрсам…ҳеч нарса…

 

                        * * *

Кўҳна   дафтар…Варақ қатида,

Илк севгимни эслатди   япроқ…

Йиллар олиб кетди кафтида,

Бугун севгим бир сиқим тупроқ…

 

Айб кимда деб изламоқ нечун?

Энди афсус….кимга ҳам даркор!

Яшаяпман севгимиз учун,

Йўқ, севгимиз   ўлмаган, бекор!

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 − two =