Ижод ҳақида битиклар

Чинакам асар туғилмасидан олдин унинг оҳанги, мусиқаси пайдо бўлади. Бу — ғоя эмас, сюжет ҳам эмас, айнан ОҲАНГдир. Мана шу оҳанг адибни қўлидан судраб келиб, столга “михлаб” қўяди. Асарнинг жони дегани шу бўлса керак.

* * *

Қаламкашга қишлоқнинг қалби, шаҳарнинг ақли керак!

* * *

Бадиий асар шундай дарахтки, унинг шохида умумбашарий мевалар етилади, илдизи эса миллий заминда ётади.

* * *

Изтироб чекиб ёзилган асар роҳат қилиб ўқилади.

Ёзувчи ўзи ҳис қилган ҳамма нарсани тўла-тўкис қоғозга тушира олмайди. Китобхон қоғозга тушганларнинг ҳаммасини тўла-тўкис ҳис қилолмайди. Бинобарин, китоб ёзаётган қаламкаш ҳаяжони китоб ўқиётган ўқувчи ҳаяжонидан ўн карра кучлироқ бўлади.

Асар ўқиётганингизда жиндай табассум қилсангиз, билингки, ўша саҳифаларни қаламкаш ростмана кулиб ёзган. Китоб ўқиётганингизда кўзингизга бир қатра ёш келса, билингки, қаламкаш ўша саҳифаларни ростмана йиғлаб ёзган.

* * *

Асар бинога ўхшайди. Фақат бино ғиштдан қурилади, асар эса сўздан. Энди бир нарсани тасаввур қилинг: битказилган бинодан битта ғиштни суғуриб олсангиз, унинг ҳуснига шикаст етади. Ўнта ғиштни кўчирсангиз, бино босиб қолади…

Шундай асарлар борки, бутун-бутун жумлаларни олиб ташласангиз ҳам, юзта сўзни ўчирсангиз ҳам, мингтаси ўрнини алмаштирсангиз ҳам ҳеч нима ўзгармайди…

Бунақанги “асар” бино эмас, вайронадир!

* * *

Талантсиз ёзувчи товуққа ўхшайди! Ёнғоқдек тухум туғади-да, қақоғлаб оламни бузади!

* * *

Истеъдодли адиб ҳаётида икки марта хатарли босқичдан ўтади. Биринчиси — нимаки ёзмасин чиқариши мушкул бўлган палла. Иккинчиси — нимаики ёзмасин, чиқариши осон бўлган палла. У биринчи босқичдан омон-эсон ўтади. Аммо иккинчи босқичдан ўтиши оғир, жуда оғир…

* * *

У — зўр ижодкор. Шунақанги “полвон”ки, қаёққа борса, бир қоп “пахта” орқалаб юради.

* * *

Ўз халқи танимаган, ўз халқи севмаган ёзувчини жаҳон китобхони севишига ишонмайман.

* * *

Қоғоз оқ бўлгани учун унга Сўз битадилар. Пайтава кир бўлгани учун унга Сўз ёзиб бўлмайди. Қоғоз пок бўлгани учун заррача чўғ тушса, ёниб кетади. Пайтава кир бўлгани учун тутайди-ю, ёнмайди. Ёзувчи бўлиш учун истеъдоднинг ўзи камлик қилади.

* * *

Ҳақиқий денгизчи уммонда ўзини қанчалик эркин ҳис қилса, ҳақиқий ёзувчи ҳам сўзлар уммонида шунчалик эркин сузиши керак. Тўртта жумла ёзмай туриб, у ёғига сўз тополмай қоладиган одамдан ёзувчи чиқмайди.

* * *

— Ҳаётдаги энг катта орзуингиз нима?

— Энг катта орзумми? … Шундай асар ёзсангки, китобхон уни ўқиётганида ҳамма нарсани унутиб, асар қаҳрамонлари ҳаёти билан яшаса. Китобни ўқиб бўлган куни ақалли бир кеча ухлолмай, тўлғаниб чиқса. … Орадан йиллар ўтиб, ўша китобни яна қўлга олганида қайтадан ҳаяжонга тушса, ундан янги маъноларни топса…

* * *

Қадимги кимёгарлар олтиннинг соф ёки қалбакилигини аниқлаш учун моҳактош қўллар эканлар. Ёзувчининг сўзи моҳакка ўхшайди. Бир оғиз Рости учун мингларнинг дуосини олади. Бир оғиз Ёлғони учун мингларнинг қарғишига қолади… Қаламкашнинг буюк бахти ҳам, буюк бахтсизлиги ҳам шунда!

Ўткир ҲОШИМОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen − 9 =