Иштиёқ баланд бўлсин!

Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг биз таълим олган журналистика факультети биринчи босқичида “Журналистикага кириш” деган ўқув курси ўтилар эди. Билмадим, ҳозир шу ўқув курси борми, йўқми, унда талабаларга соҳа бўйича дастлабки назарий тушунчалар бериларди. Айни дастур машғулотлари ҳозир ҳам бор ва у бўлажак журналистлар учун матбуот, журналистика оламига киришда муҳим танишув остонаси эканлиги шубҳасиз.

Аслида эса   журналистика бўсағаси бу ердан эмас,   журналист бўлишни астойдил ўзига мақсад қилган ўқувчининг “беш”га ёзган иншосидан, кўп китоб, газета-журнал мутолаасидан, борлиқ, ҳаёт ва жараёнга ижодкорона кузатуви бор ё йўқлигидан бошланади. Ва яна унинг ҳали   мукаммал бўлмаса-да, устозлари таҳрири остида оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган тўрт-бешта хабару мақолалари журналистикага кириб келишининг илк қадамлари ҳисобланади. Қайсики ҳамкасбимиздан сўраманг, орадан неча йиллар ўтса-да,   илк ижод намунасини фаолиятининг энг катта воқеаси   сифатида гапиради. Мақоласи эълон қилинган, сарғайиб кетган газеталарни қимматли ашёдек авайлаб, асраб келади. Негаки, айни мана шу жимитдек хабар ёки лавҳаси унга журналист бўлиш истаги амалга ошишига рағбат бўлган, ўзига ишончни орттирган. Мақоласи тагидаги исми-шарифини қайта-қайта ўқиб, фахрланган. Кимнингдир “Газетада мақоланг чиқибди, ўқидим” деган сўзидан гўё энди бутун дунё уни биладигандек қувонган.

Шахсан ўзимда ҳам шундай бўлган. Еттинчи синфда ўқиб юрган давримда хабарларим ҳозирги “Тонг юлдузи”да эълон қилинган. Кейин эса туманимизнинг “Янгиер тонги”, вилоят “Сирдарё ҳақиқати” нашрларида чиқа бош­лаганман. “Тонг юлдузи”да ахборотларим эълон қилингач, республикамизнинг турли ҳудудларидаги ўқувчилардан ўнлаб хатлар олганимни ҳамон соғинч ва фахр билан эслайман. Мактаб директорининг “линейка” йиғилишларида давра ўртасига таклиф қилиб, “Кеча фалон газетада фалон мақоланг эълон қилинибди, “баракалла!” деган мақтовларини катта мукофотдек қабул қилганларим ҳануз ёдимда. Ҳатто таҳририятларнинг “Мақолангизда баъзи камчиликлар борлиги туфайли фойдалана олмадик, сиздан яна янги хабарлар кутамиз”деган мазмундаги мактублари ва “хатлар шарҳи” рукнидаги материалларда   исм-шарифинг келтирилиши ҳам биз ёш, ҳаваскорлар учун жуда катта эътибор саналар эди.

Ҳа, журналистикада айни мана шу омил, яъни эътибор, соҳага энди қадам ташлаётган ёшларга тўғри йўл кўрсатишда жуда муҳим ҳисобланади. Дейлик, бирор таҳририятга журналист бўлишни ният қилган ўқувчи келди. Айни илк ташриф журналистикага киришнинг остоналаридан биридир. Ўқувчи ёки ёш йигит-қизда, аввало, журналист бўлиш иштиёқи қай даражада ва у қандай юзага келган: кимларгадир, дейлик на артист, на журналист даражасида эмас, енгил-елпи кўрсатув ёки интернет оламидаги саводсиз битиклари билан “машҳур”ларга ҳавас орқалими, ёки том маънодаги профессионал журналистикани танлашга қаратилган астойдил мақсад туфайлими? Ҳузуримизга келганлардаги мана шу жиҳатларни аниқлашга эътибор қаратсак мақсадга мувофиқ бўлади, назаримда. Чунки, фавқулодда ноёб истеъдодни талаб қилувчи соҳалар сирасидан ҳисобланмиш журналистикага шунчаки   ҳаваскорлик билан кириб бўлмайди. Уни эгаллаш учун биринчи навбатда кучли иштиёқ, милтиллаган истеъдод учқуни зарур. Биз устозлар гарчи илк қораламаси “жуда бўш” бўлса-да, ёшларнинг ана шу томонларини ўрганишимиз лозим. Бинобарин, журналис­тикага киришнинг биринчи эшиги ҳам иштиёқ ва истеъдоддир.

“Беш қоғоз ўқинг, бир қоғоз ёзинг!”. Бу журналистика факультетида ўқитган устозларимиз берган ўгит. Энди билсам, мазкур қисқа маслаҳатда катта бир китоб мазмун-моҳияти мужассам экан. Қаранг, инсон ва ёки ҳар қандай жонзот овқатланмаса, ҳаракатдан тўхтайди. Зироатда ҳам шундай: қуёшга талпинмаса, озуқа ёки сувга тўймаса, барқ уриб ўсмайди, энг асосийси, ҳосили киройи бўлмайди. Шу маънода журналист ҳам ўқиб бормаса, ҳаёт билан ҳамнафас бўлмаса, унинг ижодида ранго-ранглик ўрнига бирхиллик, устозларимиз таъбири билан айтганда, “шаблон” кузатилади.

Камина мана бир неча йилдирки, ўша устозларим олдидаги қарзимни журналист бўлиш мақсадидаги ёшларга ўзимда борини ўргатиш билан узишни ният қилиб “Маҳорат мактаби” деган лойиҳа бўйича иш олиб боряпман. Юқорида келтирилганидек, аввало, ёшларнинг қатъий мақсади ва иштиёқини ўрганишни шогирд олишнинг бош мезони деб белгилаб олганман. Биринчи мулоқотда бирор мавзуда қисқа матн ёздирилади, яъни айни вақтнинг ўзида. Яна ёзганини кўз олдида таҳрир қилиш ҳам бўлажак журналистларнинг истеъдодини шакллантиришда самарали сабоқдир. Умуман телевидение, интернет ёки босма нашр мухбирими, қайси йўналишда бўлмасин, ўзига хос ёзиш ва таҳрир қилиш қобилиятига эга журналистнинг ижодий савияси юқори бўлади деган тамойил бўйича аниқ мисоллар асосида тушунчалар берилади. Албатта, уларнинг илк мақолаларини ОАВда эълон қилинишига амалий кўмаклашиш энг муҳим вазифалар сирасига киради. Қолаверса, журналистикага иштиёқмандларга мутолаа учун манбалар танловини белгилаб беришга катта эътибор қаратилади. Бунда айниқса, профессионал ҳамкасбларимиз фаолият юритаётган, соҳа бўйича амалий маҳорат мактабига айланган оммавий ахборот воситаларини тавсия қилиш муҳим деб ўйлайман.

Шукрки, айни вақтда озми-кўпми йўл-йўриқ берилган шогирдлардан 20 нафарга яқини журналистика олий таълимида ўқимоқда. Улар билан онлайн-машғулотлар эса тўхтагани йўқ. Талабаларга талаб ҳам ўзгаргани йўқ, яъни, ўқиш билан ёзиш ва изланишни бирга олиб боринг! Ахир журналистика ҳар доим ўқиш ва ижоддан тўхтамасликни талаб қиладиган соҳа!

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

“Халқ сўзи” газетасининг

Сирдарё вилояти бўйича мухбири,

“Меҳнат шуҳрати”ордени соҳиби

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve + 12 =