Креатив фикрлаш журналистга керакми? Ёхуд Уолт Дисней яратган Скруч амаки

Шиддат билан ҳаракатланаётган ахборот даврида журналистга ҳам қанотли хабарлар билан ҳамқадам бўлиш осон эмас. Шу пайтгача соҳа дарғалари яратган ўзбек миллий журналистикаси анъаналарига нисбатан, фаолият кўрсатаётган ёки рақобат ва медиабизнес йўналишида аудиторияни ўзига жалб қилаётган нодавлат ОАВларининг фаолиятини кузатар экансиз —   бир қарашда ахборот макони эгаллангандек туюлади. Аммо…

Хўш, бундай вазиятда журналистлар нима қилаяпти? Севимли касблари янгиланаётган жамиятдан муқим ўрин эгаллай оладими? Албатта, эгаллай олади! Бунинг учун одатий нарсаларга янгича ёндашиш, ҳар қандай муаммонинг ечимини топиш, эскирган дунёқарашни ўзгартириб ат­рофга янгича назар солиш, бир сўз билан айтганда, креатив фикрлаш мақсадга эришишда муҳим манба ҳисобланади.

Аслида креативлик ўзи нима? Шунчаки замонавий услубми ёки урф бўлаётган янгича сўзми ёки фикрлаш турими?

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети PR ва халқаро коммуникациялар кафедраси мудири, филология фанлари номзоди Юлдуз Ортиқованинг “Журналистикада креатив фикрлаш” ўқув қўлланмаси ушбу масалага ойдинлик киритади. Креатив фикрлаш — ўзига хос илмий назария бўлиб, у журналистнинг ижодкорлик қобилиятини шакллантиради.

Қўлланма икки боб ва йигирма икки бўлимдан иборат. Биринчи боб креатив фикр­лашнинг назарий асосларини ўзида акс эттирса, иккинчи боб ғоянинг амалиётга татбиқ этилишига бағишланган. Китобда креативликнинг илмий асослари қаторида, жаҳонда Эдвард де Бононинг креатив фикр юритишнинг олти шляпа усули, Уолт Диснейнинг эса уч стул назарияси бўйича ижодий фикрлаш ҳақида ҳам назарий, ҳам амалий маълумотлар келтирилган.

Уолт Дисней (1901-1966 й.й.)ни кўпчилик Микки Маус сингари икки юздан ортиқ мультипликация қаҳрамонларини яратган ижодкор деб билишади. Аммо у таниқли режиссёр, рассом ва продюссер эканлигидан ташқари, креатив фикрлаш усулларини кашф қилган файласуф ҳам эди. Ўзининг ноанъанавий фикрлаш кўламидан кенг фойдаланиб, мультик қаҳрамонлари орқали ва “Диснейленд” дам олиш масканини яратииб миллиардерга айланган киши.

Шунингдек, Уолт Дисней “Уч стул” назариясини ҳаётга татбиқ этган олимдир. У фикрлашда бир йўналишдан иккинчисига ё учинчисига ўтишни осонлаштириш мақсадида ушбу назарияни яратади.

Дастуриламал вазифасини ўтайдиган бундай ўқув қўлланма мамлакатимизда илк бор яратилиши. Келтирилган назарий ва амалий материаллар, мисоллар, машқлар рисоланинг оригиналлигини таъминлаган.

Ушбу ўқув қўлланма нафақат журналис­тика соҳасида креатив фикрлашни ўргатади, балки барча ўқувчида оламга, атроф­даги воқеаларга бўлган муносабатни ўзгартиради, ижодий ёндашишни шакллантиради, баъзи хато ва омадсизликлардан тўғри хулоса чиқариб, келажакда ҳаёт йўлини тўғри танлаш учун тажриба орттиришга ёрдам беради.

Юсуф ЖЎРАЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 + fourteen =