Абдураззоқ ОБРЎЙ. Пародиялар

Муаллиф ҳақида:

Таниқли ҳажвчи, шоир ва ёзувчи Абдураззоқ Обрўй — 1956 йили Пастдарғом туманида туғилган. 1985 йили Москва давлат университетининг журналистика факультетини битирган. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида, “Муштум” журналида, “Ватанпарвар” газетасида хизмат қилган. Пенсиядаги подполковник. У “Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган журналист” унвонини олган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Абдураз­зоқ Обрўйнинг “Хўплам-тўп­лам”, “Ҳиринг-ҳиринг”, “Тухумнинг қудрати”, “Аёлнинг қулоғи”, “Рухсат беринг шеър ўқийман”, “Сен авайла, асра Ўзбекистонни”, “Мен ўша ўр, мен ўша зўрман” китоб­лари нашр этилган.

 

ЎЗИ СЕНГА НЕ КЕРАК?

 

Айтсам сенга битта гап,

Сени яхши кўраман.

Олиб юрсанг авайлаб,

Юрагимни бераман.

Шерзод МУСТАФОнинг

“Ошиқ ноласи” шеъридан.

 

Ҳасса бўлмайди терак,

Толдан чўким сеники.

Сенга қанча жун керак,

Сочим, туким сеники.

 

Сақласанг гар милтиқлаб

Териб берай қошимни.

Олиб юрсанг қўлтиқлаб,

Узиб берай бошимни.

 

Агар узун демасанг,

Майли олгин қўлимни.

Бошинг эгиб келмасанг,

Ололмайсан кўнглимни.

 

 

УЗРХОНЛИК

 

Майли, уйсин қобоғин,

Узатсин табоғин.

Учириб кўнгил доғин,

“Битта узр сўраб қўй…”

Зоҳида МАЛИКОВАнинг

“Битта узр сўраб қўй…” шеъридан.

 

Тишинг нечта санасин,

Тухумларинг донасин,

Уйларингнинг хонасин,

Битта узр сўраб қўй!

 

Ўсма қўйсин қошингга,

Пашша тушсин ошингга,

Соч эксинлар бошинга,

Битта узр сўраб қўй!

 

Этингдан узиб олсин,

Суткасин бузиб олсин,

Юзта қўй, қизиб олсин,

Битта узр сўраб қўй!

 

Деҳқоннинг ери бўлсин,

Аёлнинг эри бўлсин,

Зоҳида шеъри қурсин,

Битта узр сўраб қўй!!

 

 

ОДАМИНИ ТОПИБСИЗ

 

                      Қайдалигим қайдан билай,

                     Мени мендан сўраб юрманг!

Хосият БОБОМУРОДОВАнинг

“Мени мендан сўраб юрманг!” шеъридан.

 

Жудаям узун бошимда саллам,

Аммо йўқдир жойида каллам,

Мени мендан сўраб юрманг!

 

Билиб қолдим оёғим йўқ,

Билмам яна қаёғим йўқ,

Мени мендан сўраб юрманг!

 

Чайнай десам оғзим қани,

Пучоғим бор, мағзим қани?

Мени мендан сўраб юрманг!

 

Бу кўз эмас, тошкосадир,

Қалам ўзи бўш ёзадир,

Мени мендан сўраб юрманг!

 

ЕТТИ ҚАДАМ КЕТСАНГ…

 

Магар ўлсам,

        о, бағрингда ўлгим келар,

Олис кетма,

     сенсиз бўзлаб қолмасин дил.

Садоқат Қурбонованинг

“Олис кетма” шеъридан.

 

Олис кетма,

мен сигарет чекаман,

Олис кетма, мен ҳаттоки ичаман.

Олис кетма,

сенсиз қандай учаман,

Олис кетма, бошқасини қучаман.

Олис кетма,

чин юракдан

уфлайман,

Олис кетма, сенсиз қандай

ухлайман.

Олис кетма,

мен-чи кимни топаман,

Олис кетма,

мен-чи кимни ўпаман.

Олис кетма,

нима бўлсам бўлайин,

Олис кетма,

шеър ёзмайин ўлайин.

 

 

БИЛМАДИМ…

 

Билмадим…

Нафсгами,

Орзугами,

Восвосгами,

Девоналикками,

Хуллас, бир нарсага

           эргашиб юрибман.

Барака БОҚИЙнинг

“Ғурур” шеъридан.

 

Билмадим…

Аллам борми,

Яллам борми,

Саллам борми,

Каллам борми,

Хуллас, думалоқ нарсани

кўтариб юрибман!

Билмадим…

Сўзим борми,

Кўзим борми,

Тузим борми,

Ўзим борми,

Хуллас, бақалоқ нарсани

кўтариб юрибман!

Билмадим…

Изим борми,

Безим борми,

Юзим борми,

Эсим борми,

Хуллас, бир нарсани

кўтариб юрибман!

Торим борми,

Орим борми,

Қорин борми,

Борим борми,

Хуллас, анақа   нарсани

кўтариб юрибман!

 

 

ОШГА КЕТГАН ЎША ХУЛИГАН

 

Зерикарли ўтади ҳаёт,

Эркак зоти бўлмаган жойда.

Рўзимурод МАҲМУДОВнинг

“Эркак бўлмаган жойда”

шеъридан.

 

Бақир-чақир ва муштлашиш йўқ,

Худди итдай тишлашиш йўқ,

Асов отдай кишнашиш йўқ,

Эркак зоти бўлмаган жойда.

 

Ўчиб ётар бир четда содка,

Қадаҳларга қуйилмас водка,

Чўкиб кетар денгизга лодка,

Эркак зоти бўлмаган жойда.

 

Суҳбат бўлмас хаёл ҳақида,

Пар тўшаклар, адёл ҳақида

Энг муҳими, аёл ҳақида,

Эркак зоти бўлмаган жойда.

 

Ҳамма жойда рўмол ўраган,

Эркак борми, дея сўраган,

Ошга кетган ўша хулиган,

Эркак зоти бўлмаган жойда.

 

 

ЧЎЗМАҚУЛОҚ

 

Мен бир сўзни йўқтотиб

                                қўйдим,

Пайдо бўлди эсимда тешик.

Оллаёр ХЎЖАНДИЙнинг

“Бир сўз…” шеъридан.

 

Мен бир қизни йўқотиб қўйдим,

Пайдо бўлди юракда дарча.

Шунда мен-ай, тўлғандим, куйдим,

Қарсак чалиб туришди барча.

Мен бир кўзни йўқотиб қўйдим,

Иккинчиси сал-пал кўради.

Учқўрғонда холамни кўрдим,

Бир кўз қани дея сўради!

Бир қулоғим йўқотиб қўйдим,

Биттасини чўзса бўлади.

Эшитмоқни ёқтирмай қўйдим,

Бунисин ҳам узса бўлади!

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen + 12 =