Шарифа Салимова. Ҳаётий ҳикоялар
Муаллиф ҳақида:
Шарифа Салимова 1951 йил 30 декабрда Тошкент вилоятининг Паркент туманида туғилган.
1993 йил “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони, 2018 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.
Шоиранинг 1979 йили илк шеърий китоби “Ҳаёт завқи” чоп этилган. Сўнгра “Менинг баҳорим”, “Етти оққуш” (1991), “Ҳизр булоғи” (1996), “Гиёҳлар билан тиллашган инсон” (1996) “Аёлга эҳтиром” (1999), “Тонгга қасам” (2001), “Гиёҳлар билан тиллашиб тоғ ошаётган одам” тўпламлари (2007), “Олимлик ва одамийлик” (2011), “Ватан суврати” (2011), “Вафонинг иффат йўли” (2016), Кибриё Қаҳҳорова ҳақида тўплам, “Қувноқ алифбо” туркумидан “Ҳайвонот оламига саёҳат” (2016), “Бедор тун томчилари” (2018), “Қушлар алифбоси” (2021) каби китоблари чоп этилган. Асарлари озарбайжон, тожик, рус, қорақалпоқ, немис тилларига таржима қилинган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.
Сўқир аёл
“Тиқ-тиқ, тиқ-тиқ…” Онам бу товушни ҳаммадан илгари илғайди. “Қара, эҳтиёт бўлиб туринглар, Аллоҳнинг бир ожиз қули келаяпти, мабодо дилини оғритиб қўйманглар,” деб, дарров сўрига кўрпача ёзади. Сўнгра югуриб бориб, ёши олтмишларга яқинлашган, кўзларининг ўрнида чуқур чандиқ, эгнидаги усти боши уринган, қора камзулининг у ёқ, бу ёқларига тупроқ теккан аёлни етаклаб келади. “Ҳовлимиз ҳам бор бўлсин, манови тошлардан эҳтиёт бўлинг. Қоқилиб кетманг. Менга суяна қолинг…” Онам гўдакни авайлагандай сўқир аёлни сўрига ўтказади. Сўқир аёлнинг кўзларидаги кўз ёшми, терми ажратаолмайман, кўрпачага ўтириб қўлини дуога очади: “Илоҳо, Меҳриниса, тани жонинг соғ бўлсин, умринг узоқ бўлсин. Фарзандларингнинг роҳатини кўр. Менинг кўнглимга қарадинг. Худо сенинг кўнглингга қарасин…” Онам бошини жимгина эгиб, ихлос билан дуога қўл очади. Кейин тезлик билан дастурхон ёзиб, қозонда қайнаб турган “шулон шўрва”ми (онамнинг таъбирича) аёл олдига сузиб қўяди. Ёз пайтида аёл учун алоҳида шакароб қилинади.
Бир куни кечки томон овқатланиб ўтирсак, аёл кириб келди. Одатдагидек, шакаробни олдиларига қўйсак, озгина еб, қўллари билан тўғралган пиёзни ушлаб кўрди. “Бугун аччиқ-чучукни ким қилди, пиёзи қалин тўғралибди. Менга Ўринбой қилган аччиқ-чучук ёқади. Айтинглар, менга ўзи тайёрлаб олиб келсин”, деди. Ҳамма бир-бирига ялт этиб қаради. Акам қўлини ошдан тортиб, тезгина сочиққа артди-да, бир зумда пиёзни ипакдек тўғраб, шакаробни аёл олдига олиб бориб қўйди. Аёл мамнунлик билан шакаробдан, ошдан ер экан, кўзларининг ўрнидаги чандиқдан, билмайман ёшми, сувми оқарди. Аёл бизникига ҳар куни деярли бир вақтда – овқат пайтида келарди. Айтишларича бошига кулфат тушгандан сўнг бошқа вилоятдан бизнинг томонларга келиб қолган экан.
Онам бир куни мени етаклаб бозорга олиб тушди. “Юр, бир кийимлик “иштампил” олайлик, Фотма она кеча келганида кўзим тушди. Кўйлаги эскириб кетибди”. Газламалар сотиладиган дўконга борар эканмиз, онамнинг усти-бошига қарадим. Нимдошгина кўйлак “мени ҳам янгила” деб турарди. Ҳозирги пулни акам етмак қазигани борганида топган даромадидан онамга кийим-бош учун берган эди. Дўкон эгаси турли газмолларни олдимизга ёйиб ташлади. “Иштампил” оладиган онамнинг фикри ўзгарди. “Айланай, иним, манови материалингиз яхши экан. Жуда қимматмасми, шундан бир кийимлик беринг.” Узоқ савдолашувлардан сўнг дўкондор онам айтган нархга зўрға кўнди. Онам газмолни ушлаб, ўзида йўқ хурсанд эди. Биз ўша куни уйга кирмай, тўғри Ҳиммат кеннойимникига бордик. Ҳиммат кеннойим жонажон қўшнимиз, айни пайтда тикувчи ҳам эди. Газмолни кўриб, оғзилари очилиб қолди. “ Вой, Меҳри кеннойи, мунча чиройли, ўзингизгами?” Онам кулди. “Йўқ, бир яхши аёлга.” “Ўлчовини олмасам, қандай қилиб тикаман?” Шунда онам чўнтагини кавлаб, битта ўралган қоғоз чиқарди. Унинг ичида ўлчам олинган иплар бор эди.
Бу орада кўйлак битди. Ёш боламан, ҳаяжоним ортгандан ортарди. Кеч кирди. Яна ўша таниш “тиқ-тиқ” овози қулоққа чалинди. Онам ўзгача кайфият билан Фотма онага пешвоз чиқди. Сўқир аёл бугун қаттиқ чарчаган, зўрға нафас оларди. “Кун ёндираман деяпти, Меҳриниса, — деди аёл, — томоғим қуриб кетди, бир пиёла муздаккина сув бергин.” Онам дарров аёлга бир коса муздек сув тутди. Фотма она сувни ичиб роҳатланди, тамшанди, ўзини бироз елпиди. Кейин секингина “Одамзоднинг боши, Оллоҳнинг тоши экан, ажал ҳам келмади-я, деди хўрсиниб. “Ундоқ деманг, куфр бўлади, — онам Фотма онани юпатди. — Нима бўлди, кимдир сизни хафа қилдими?”. “Ўйнаб юрган болаларнинг ичида биттаси бор экан. Қолганлари доим салом беради, етаклаб олиб келиб қўяди. Ўша бола ҳассамни тортиб олиб сарсон қилди. Кейин бир ўтиб кетаётган яхши одам болани роса уришиб, ҳассамни олиб бериб, кечирим сўради. Она, кўнглингиз оғримасин, ҳали бола-да”, деди. Мен-ку хафамасман. Аммо сўқир одамнинг кимга кераги бор. Ортиқча ташвиш. Ўзимга қолса, кўзим кўр бўлсин, дебманми.Тўлин ойдек эдим, оилам, болаларим бор эди. Бахтли эдим. Бир кечада бошимга шу ишлар тушди. Бир-бири билан қирпичоқ бўлаётган иккита одамнинг ўртасига тушиб, уларни ўлимдан айириб қолдиму, ўзим кўзимдан ажралдим. Қўшнининг қўлидаги пичоғини тортиб олиб, бурилганимни биламан, иккинчи одам мени бор кучи билан итариб юборди ва мен рўпарамдаги дарахтга урилганимда, иккита қуриган шохи икки кўзимга кириб, гавҳарларим оқиб кетди. Эрим бир куни кимгадир, “бу сўқир билан қандай яшайман, болаларга ҳам қийин бўлди,” деганини эшитганимдан сўнг бир кечада ҳеч кимга билдирмай, пайпасланиб қадрдон уйимдан чиқиб кетдим. Оллоҳнинг тақдири экан бу жойларга келиб, яхши одамларникида туз-насибамни еб ўтирибман.”
Онам ўша куни сўқир онанинг кўнглини узоқ олди, қўшилишиб йиғлади. Орқаларини силади. Калишларини ювиб қўйди. Қайта-қайта қайноққина чойлар дамлаб берди. “Энди бу кеча бизникида қоласиз, Фотма она, — деди онам. — Мен ҳам қизингизман ахир.” “Иложим йўқ, Меҳриниса, — деди сўқир аёл, — ўзимга ўхшаган бир ғариб бор. Бормасам, у хафа бўлади.” “Унда шошмай туринг, деди онам, — сизга озгина атаганим бор. Битта кўйлак тиктирувдим киясиз, деб”. Фотма она шошиб қолди. Онам айланиб, ўргилиб сўқир онага кўйлакни кийгазди. Либос сўқир аёлнинг кексалигини бирдан ўн йиллар нарига отиб юборди. Қаршимизда тўкис аёл турар, фақат кўзлари кўрмасди. Аёл кўйлакни пайпаслаб ушлаб кўрди, юзларига кулгу югурди. Индамай онамни қучоқлади. Шу пайт кўча эшигимиз қарсиллаб очилиб, бир одам важоҳат билан кириб келди ва сўқир аёлни қучоқлаб, ҳўнграб юборди. “Опа, опажоним, жоним жигарим, дийдорингизга шунча зор қиласизми, сизни қидирмаган жойимиз қолмади-ку. Ўша иблис эрингизга керак бўлмасангиз мана бизга кераксиз, опа. Мана, мени уринг, ўлдиринг, фақат кетиб қолманг опа, сизни топгунча жигарларим ситилиб кетди-ку”. Фотма она ярадор йўлбарсдек тўлғонаётган йигитнинг юз-кўзини титраб силар экан: “Ахири, топиб келибсан-да, укажоним. Энди ўлсам ҳам майли. Ўлигим сарсон бўлмайди. Мени кечир, жоним. Мени кечир”, деди хирқираб. Йигит шоша-пиша кўзларини артиб, “Кеннойи, опамни сизларникида дейишгани учун ўзимга сиғмай чопдим, кўзимга ҳеч нима кўринмади,” – деди узр сўрагансимон. “Бу оилада қалбимнинг бир парчалари яшайди, — деди Фотма она. – Дунёда яхшилар кўп, иним. Меҳринисо менинг қиёматлик қизим. Мен ўтиб кетганимдан кейин ҳам қизимни, бу оилани унутмагин, то қиёмат қадар нон-туз ҳақи бор.”
Чиройли кўйлакда, жигари елкасидан қучоқлаб олган аёл ҳассани дўқиллатиб уйимиздан чиқиб кетар экан, онам ғалати бўлиб қолди. Ҳассанинг “Тиқ-тиқ, тиқ-тиқ”, “дўқ-дўқ, дўқ-дўқ” деган товушлари гўё хонадонимизни дуо қилганча абадиятга кетиб борарди…
Тошювган
Баҳор келди. Илиқ кунлар бошланди. Акам оиласи билан Қорақалпоқ боғдорчилик совхозининг Бешинчисой бўлимига деҳқончилик қилиш учун кетди. Энди биз болаларга “кун туғди”. Ҳафта охирлаши билан “далачи”ларга аталган ризқни кўтариб, йўлга тушамиз. Паркент марказига тушгач, автобусга ўтирамиз. Совхозгача йигирма тийинлик йўл. Тиқилинч автобусда одамлар орасидан қўлимизда нарса тўлдирилган челакни амаллаб тортиб оламиз. Нон тугилган оқ сурп рўмолни маҳкам бағримизга босамиз. Белгиланган манзилга етгач, автобусдан тушиб, қайдасан Бешинчисой, деб яёв йўлга тушамиз. Йўл узоқ, акамнинг олдига етиб бориш учун, Учинчисойдан ўтиш керак.Учинчисойга зўрға тушда етиб борамиз. Борамиз-у, у ёғига юришга қўрқамиз. Айниқса, мен. Учинчисой бошланишидаги йўл чеккасига узун ва қалин қилиб экилган акация дарахтлари юракка ваҳима солади. Орқаси боққа туташиб кетган бу жойда ғалати сирлилик бор. Бир қўлимда челак, бир қўлимда нонни кўтариб аста қадам ташлар эканман, худди дарахтлар орасидан эртаклардаги девлар, жодугарлар чиқиб келаётгандай бўлаверади. Туш пайти бўлгани учун шунақа сукунат бўладики, дод деб юборгинг келади.
Кейин баланд қирлар бошланади. Қўрқинчли сой орқада қолади. У ёғи озроққина йўл. Бизни узоқдан кўрган келинойим шошиб қолади. Югуриб келиб, қўлимиздан юкларни олади. Бағрига босиб, у юзимиздан, бу юзимиздан ўпади. Тушликка келиб, Ҳамдамариқ бўйида бир пиёла чой ичаётган акам хушнуд жилмаяди. Юз-кўзлари қувончдан порлайди…
Ёзги таътилга чиққач онам опам билан мени “келинойингга қарашасан, бу ерда бекор юрмаларинг, деб далага ҳайдади. Мен, онамга ўрганган бўталоқ – тўртинчи синф ўқувчиси қанча ҳаракат қилмайин, қолишнинг сира иложи бўлмади. “Болани ушлаб турсанг ҳам ҳарна фойданг тегади. Далада ишлашнинг ўзи бўлмайди”, деди онам. Ноилож далага кетдим. Ҳандалаклар бўйи уфурган, пайкалларда қовун-тарвузлар Паркентсой тошларидек юмалаб ётган, бошидан-охиригача ўтоқ қилиниб, сувлари жимиллаган сабзи-пиёзли эгатлар. Бир томонда бодринг, бир томонда помидор… Бир томонда райҳон, садарайҳон, ўсма, хинолар. Бир томонда оқиб ётган Ҳамдамариқ канали сокин, улуғвор. Айниқса, ой шуъласида балиқчаларнинг сакраб, яна сувга “чўлп-чўлп” этиб қайтиб тушиши, акамнинг сеҳрли эртаклари, жиянларимнинг илжайганда кўриниб кетадиган атиги икки донагина тишчалари… Келинойимнинг ўзи туташ қошларига эринмай ҳар куни ўсма қўйиши ва биз қизалоқларга ҳам меҳр билан қўйишлари…
Хуллас, бетўхтов иш ва ва бир чимдим ҳордиқ, эрталаб уйқудан аранг кўз очишлар бошланди. Жиянларим қоракўз ва жуда шўх. Майда ўрилган сочларим қўлига тушса бир тортади, жон ҳолатда амаллаб қўлидан ажратиб оламиз.
Акам зарур иш билан Паркентга тушиб келадиган бўлди. “Мен келгунча қўрқмай ўтиринглар. Сал кеч қолсам, хавотир олманглар. Қўрғонда қолмайман, келаман”, деб тайинлаб кетди. Биз кун бўйи белгиланган ишларимизни бажардик. Келинойим пиёзли нон ёпди. “Акангиз яхши кўради,” деб хамир солди.
Кун ботди. Шип-шийдам далалар тун зулматида юрагимизга ваҳима солди. Келинойим ўтириб, секингина йиғлай бошлади: “Акангиз қандай қилиб бизларни ёлғиз қолдириши мумкин? Йўлдош ака(каналнинг нариги томонидаги қўшни) ичиб келиб яна анов кундагидек қўрқитса-чи?”. Ўша куни аксига олиб ҳар куни осмонга чиқадиган ой ҳам йўқ эди. Ҳамдамариқнинг шалоплаши, сув каламушларининг қитир-қитири қўрқувни баттар кучайтирарди. Бир маҳал узоқдан зўрға судралиб келаётган соя кўзимизга чалинди. “Айтдим-ку, келинойимнинг пиқиллаб йиғлаши яна кучайди. Акангиз бунақа юрмайди. Энди нима қилдик?” Шарпа бизга жуда яқинлашди. Не кўз билан кўрайликки, боши ёрилган, юзлари моматалоқ, ўнг қўлини оқ рўмол билан бўйнига осиб олган, кўйлагининг енглари йиртилган акам эди. Келинойим бирдан йиғидан тўхтаб: роса ичиб,калтак едингизми? – деди қаҳрли товушда. Акам эндигина чиқаётган ғира-шира ой нурида базўр илжайди. “Яшавор-ей, мен нима дейману, қўбизим нима дейди, деган экан донолар. Усти очиқ, буғдой тўла тез юриб кетаётган машинадан йиқилдим. Тирик қолганимга шукур қилмайсанми”
— Вой, қандай қилиб буғдой ортилган машинанинг устига чиқиб қолдингиз. Биз бараварига акамни саволга кўмиб ташладик.
— Ўринбой, шу буғдойга қараб кетгин, машина адашиб бошқа жойга бурилиб кетмасин, деб катталар илтимос қилувди. Машинага чиқиб, буғдойнинг ичида маза қилиб ётиб кетаётган эдим. Тошювганга етганимизда тинчгина кетаётган машина бирданига йўл чеккасига чиқиб кетиб, дарахтга зарб билан урилди. Мен бортовой машинадан қандай қилиб отилиб чиқиб кетганимни билмайман, мен билан қўшилиб икки-уч тоннага яқин буғдой ерга тушди. Мени ўша буғдойлар асраб қолди. Бўлмаса бугун мени тирик кўрмаган бўлардинглар…
Паркентда гап ётмайди. Тонг саҳарлаб онам етиб келди. Акамнинг бош-кўзларини силаб, Худога ёққан жойинг бор экан, ўзи паноҳида асрабди, деди маъюс. Кейин у жойлардан шундоқ ўтиб кетиб бўлмайди, иложи бўлса тўхтаб, дуойи фотиҳа қилиб кейин кетиш керак. Ўзи ўша ерда доимо албатта бирор фалокат юз беради…
Мен эртасига онам билан уйга қайтдим. Онам ҳамон ўзига келолмас, йўл бўйи фалокат юз берган жой ҳақида гапирарди. Автобус ҳадеганда келавермагач, йўл машинага миндик. Паркентга кираверишдаги бир жойга етганида онам: иним, бизни шу ерда қолдиринг, деди. Ҳайдовчига пул берган эди олмади. Шу бир қадам жойга ҳам пул оламанми, уят бўлади, опа, деди у астойдил ранжиб.
Онам машина кетгач, қўлимдан етаклаб олди. “Қани, йўлнинг бу томонига ўтайлик. Сен энди катта бўлиб қолдинг. Ўзинг туғилиб ўсган юртнинг одамлари, тарихини билишинг керак. Бегоналар учун қизиқ бўлмаслиги мумкин. Бироқ, Паркентимизда бир-бирига бегонанинг ўзи йўқ. Мана бу уйилган тошларга қарагин. Одамлар учун у оддий тошлар уюми. Лекин нега уни халқ Тошювган деб атайди.
30 – йилларнинг бошида Паркентда ҳам бутун мамлакатда бўлгани каби миллатнинг энг асл фарзандлари “қулоқ” қилинган, мулклари тортиб олинган, Сибирга сургун қилинган. Қозонда қайнаб ётган овқатларигача ағдариб, уй эгаларини ўз уйларидан тепиб чиқарган. Бўҳтонлар билан Тоштурмаларда чиритиб юборган.
Шундай кунларнинг бирида Паркентга шаҳардан Аҳмад мўйлов (Аҳмад қорақош) деган одам давлат вакили бўлиб келган. Зардали, дўппи деса бош олиб келадиган бу одамдан Паркент халқининг юраги зириллаган. У ҳамма жойда ўз ҳукмини юргизишга эришган. Одамлар билан ихтилофга борган, қаршилик қилганни турли йўл билан синдирган.
Юз кўзларидан нур томган, зиёли, табиатан ҳалим Сайдаҳмад эшон ўша пайт имом хатиб бўлган. Эшоннинг эл орасидаги мавқеи вакилга ёқмаган, тортишув чиқариб, Саидаҳмад эшонни йўқ қилиш пайига тушган. Баҳона топиб қаматган. Сўнгра учта милиция ходими – икки паркентлик ва бир рус йигити етовида Сайдаҳмад эшонни Тошкент қамоқхонасига жойлаштириб келасизлар, деб жўнатиб юборган. Паркент кўчаларидан ялангоёқ оқ яктакда милициялар қуршовида кетаётганини кўрган одамлар бўлган. Халқ эшон ортидан бўтадай бўзлаб йиғлаган. Бироқ қабоҳатнинг узун қўллари яна бир инсоннинг ҳаётига чанг солган. Худди шу ерга келганда миршабларнинг нияти бузилган. Илмда камол касб қилган инсонлар кўзни юмиб ҳам бўлгуси воқеани қалб кўзлари билан кўра олади. Сайдаҳмад эшон тўхтаган. Таҳорат олиб, икки ракат намоз ўқиб олай, деб уларга юзланган. Намоз ўқиётганида миршаблар орқасида жаллоддай турган. Намоз якунида ўнг томонга қараб салом бераётганида бир миршаб, чап томонига қараб салом бераётганида яна бир миршаб ўқ узган. Саидаҳмад эшоннинг оппоқ яктаклари алвон қонга бўялган. Қиблага қараб ўтирган бул зот, эслашарди улуғлар, гўё бир даста нурдек ёруғ эди. Сайдаҳмад эшон сўнгги кучини тўплаб уларни дуойибад қилади. Айни шу пайтда рус миршаби унинг бошига ўқ узади.
Эшон буванинг қони ўз она юртининг тупроқларига тўкилди. Майса бўлиб кўкарди, гул бўлиб очилди, дарахт бўлиб мева тугди, Паркент осмонида дуо бўлиб элни балолардан асради. Халқнинг бутун вужуди кўздан иборат, қизим. Бу кўзлар тарихнинг қил томиригача равшан кўра олади. Ёмонлик қилганлар, қотиллар ал қасосул миналҳақ, деганларидек тез ўтмай ўз жавобини олишганини халқ ҳозиргача гапиради. Сайдаҳмад эшоннинг дуойибади Ҳақ даргоҳида қабул бўлган, дейишади.
— Бу йўллардан эҳтиёт бўлиб, покиза виждон, имон билан ўтганлар ҳақига дуо қилиб ўтиш керак, — деди онам тиловат қилиб бўлгач. Мен йўлим тушганда шундай улуғ жойларга тез-тез бориб тураман. Аканг болалик қилибди-да.
Онам билан мен ўрнимиздан оҳиста туриб, Паркент йўлига тушдик. Пиёда кетарканмиз, болаликда отам ва онам олиб борадиган зиёратгоҳлар, улкан издиҳомлар ёдимга тушди. Юрагимнинг тубида нимадир шивирлаётганга ўхшар, ғалати алпозда эдим. Онамнинг рўмоли шабадада ҳилпирар, ўзи қоматини тик тутиб, узоқдан кўринаётган Чотқол тоғлари томон қадам ташлаётгандай эди. Онам қўлимни қисди. Ялт этиб қарадим. — Тоғларни кўрдингми, — деди нигоҳи билан уларни кўрсатиб. Ҳа, — дедим мен болаларча соддалик билан. — Уларни ҳеч қачон ёдингдан чиқармагин, улар аждодларингдир.
Мен индамай онамнинг оёқларини қучоқлаб олдим.