Доллар

Жасур КЕНГБОЕВ

 

Муаллиф ҳақида:

Жасур Кенгбоев — 1985 йил Чироқчи туманидаги Кўкдала қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультетини тамомлаган (2007 йил). “Истеъдод мактаби” VII республика ёш ижодкорлар семинари иштирокчиси. “Кўҳна белбоғ” (2016 йил), “Юракнинг бир чети” (2019 йил), “Ўзбекнинг қарзи” (2021 йил) номли китоблари чоп этилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.

 

ДОЛЛАР

икоя)

Уч болакай елкасидаги сумкаларини базўр кўтариб, гувиллаб бутун қишлоқни ўз забтига олган изғиринга тўш бериб кетмоқда эди. Мактаб олис, ҳали мўл юришлари керак.

Болакайлардан бири Зоҳиджон оқ-сариқдан келган, юзлари лўппи, эгнида қалингина пўс­тинсифат пальто. Юрган йўлида қўнжи қуён терисидан тикилган, қоп-қора қилиб мойланганидан ялтиллаб турадиган этиги билан қор тепиб боради.

Иккинчи болакайнинг исми Шерали бўлиб, ёнидагиларга нисбатан бўйчанроқ, юз-кўзидан пишиқ-пухтагина экани кўриниб туради. У танлаб-танлаб қадам ташлайди, этигини кир қилгиси келмайди.

Сарвар исмли учинчи болакай эса дўстларига эргашаман деб ҳаллослаб қолади. Боиси, лой аралаш қорга ботган этикчаси намиқиб, совуқдан оёқлари зирқирайди. Лаблари кўкариб, дир-дир қалтираганча, бир Зоҳиджоннинг, бир Шералининг йўл очган изидан қадам ташлайди, бўлмаса этикчасидан тағин кўпроқ сув кириши мумкин…

Мактабга қадам қўйган илк кунидан бери бирга қатнайдиган уч оғайни қишлоқ оралаб кетаётиб, Бадал кўмирчининг ҳовлиси орқасидан ўтган илонизи йўл ёқасидан пул топиб олди. Пулни биринчи бўлиб Шерали кўриб қолди.

— Бу қандай пул экан-а? — деб сўради Шер­али ажабланиб.

Сарвар югуриб келиб, пулни у ёқ-бу ёғини айлантириб қарар экан:

— Ўзимизнинг пулга ўхшамас экан, —деди. — Лекин юз деб ёзилган…

— Қани, бу ёққа бер-чи? — деди Зоҳиджон. — Мен кўрай-чи?

Зоҳиджон пулни Сарварнинг чангалидан олиб, ушлаб кўрди. Намиққан қатини очиб, осмонга қаратиб тикилди. Сўнг:

— Бу — доллар-ку! — деди илжайиб.

— Аниқ долларми? — деб сўради Шерали шоша-пиша. Сарвар ҳам ҳовлиқиб қолди.

— Аниқ! — дея хитоб қилди Зоҳиджон. — Мен биламан, дадамнинг шундай пуллари бор.

Шерали билан Сарварнинг кўзлари порлаб кетди.

— Энди буни нима қиламиз? — деб сўради Шерали.

— Ўзимизнинг пулга неча сўм бўлади? — дея қизиқа кетди Сарвар совуқ қотган оёқларини бир-бирига ишқар экан.

Зоҳиджон айтдики, юз доллар катта пул бўлади, унга кўп нарса беради. Масалан, дадаси яқинда бир қўзили қўй сотиб олган эди.

Шерали билан Сарварнинг кўз олдига даста-даста пул келди.

— Буни энди учовимиз тенг бўламиз, — дея орзиқди Шерали.

— Йўқ! — деди Сарвар ва ютиниб қўйди. — Эгасини топиб, қайтариб берсак-чи? Излаб юргандир…

— Йўғ-ей, тентакмисан? — деди Шерали Сарварнинг соддалигидан кулиб. — Топган — топалоқ! Бу энди бизники! Унга нима олишни ўйлайлик.

Сарвар индамади.

Учовлон йўл-йўлакай шивир-шивир қилиб, олажак нарсаларини хомчўт қилиб борди.

— Мен бу пулга бир ҳафта хот-дог ва гамбургернинг каттасидан олиб ейман! — деди Зоҳиджон. — Қолганига ҳар куни компьютерхонада ўйин ўйнайман. Ортса, копток ҳам оламан, уйда футбол ўйнаймиз.

Шерали ўйланиб қолди. Отаси чет элга ишга кетгани билан анчадан буён пул жўнатмаяпти. Китобларининг авра-астари чиқиб қолган, сумкаси йиртилган, дафтар-ручка ҳам олиши керак. Шуларни ўйлар экан:

— Менинг ҳам оладиган нарсаларим жуда кўп, — деди. — Биринчи бўлиб, сумка билан дафтар оламан. Лекин бошқа нарсаларга етармикан?

— Етганига оласан-да, — дея кулди Зоҳиджон. Сўнг Сарварга юзланди: — Сен-чи, нима олмоқчисан?

Сарвар иккиланди. Бир кўз олдига дўржи пулни келтириб, тамшаниб хаёл сурса, бир пулини йўқотган кимдир бечоранинг ҳозир не аҳволга тушганини ўйлаб, юраги алланечук безовталанар эди. Аммо оёғидан ўтаётган аччиқ зах фикрларини тўла жамлаб, аниқ бир тўхтамга келишига халақит берар эди. Пулни-ку, ҳозир дўстлари билан бўлишиб олар, аммо унга ўзи учун бирор нарса харид қилиши даргумон. Чунки бултур отаси вафот этганидан бери онаси ва опаси — учови чирқираб қолди. Рўзғор абгор аҳволда. Кечагина онаси нон ёпмоқчи бўлиб, тоғорада ун олиб чиқ, деганида кўрдики, омбордаги қопнинг таги кўриниб қолган. Яна уч-тўрт кундан сўнг, ҳамсоялардан ун қарз сўраб чиқишлари аниқ…

Тағин… Онаси бечоранинг ковушидан қор киради. Пайпоғи ямалавериб, увадага айланган. Онаси бечора бўлса, ўзига пайпоқ олишга ҳам кўзи қиймайди. Қўл рўмолчаси учига тугиб қўйган майда пулларини ҳар куни бир санайди-да, авайлаб қайта тугиб, жойига қўйиб қўяди. Бод касалига чалинган, салқин тушди дегунча тунлари билан оғриб чиқадиган опасини даволатишга асрайди…

Сарвар энди шу пулдан — ўзига тегажак улушдан онасига жун пайпоқ, қалинроқ калиш олиб берсам, дея орзиқди. Агар ортиб қолса, онасининг эски рўмолини ўраб юрадиган опасига маҳси ҳам сотиб олса, қани эди.

Аммо… шу пайтда қўрадаги маъраб, девор ялаб ётган қўйлари ҳам кўз олдига келди. Уларга хашак сотиб олиши керак, бўлмаса, баҳор келиб, далада ўт битгунича сомонхона бурчагида қолган бир тутам сомони ҳам етмай қолади…

Ўйлади-ўйлади, охири:

— Мен, яхшиси, онамга калиш билан пайпоқ, опамга маҳси сотиб оламан!.. — деди.

Зоҳиджон билан Шерали худди жиннига қарагандай Сарварга тикилиб қолишди.

— Ўзингга ҳеч нима олмайсанми? — дея сўради Зоҳиджон.

— Йўқ… Менинг ҳамма нарсам бор… — деди Сарвар ва музлай бошлаган оёқларини бир-бирига тезроқ ишқалай бошлади.

Болакайлар баҳс қила-қила мактабга яқинлашиб қолдилар.

— Менга қаранглар, — деди Зоҳиджон доим­гидай жўрабошиларга хос ўктам овозда. — Пул топиб олганимизни ҳеч кимга айт­манглар. Фақат уни қандай қилиб сўмга алмаштиришни муаллимдан сўраб кўрамиз, хўпми?

Шериклари маъқуллади. Етиб боришлари билан қўнғироқ чалинди. Синфхона совуқ, бурчакдаги қора печда кўмир ёнар, аммо ҳайҳотдек хонани қиздиришга кучи етмас эди.

Бутун дарс бўйи учовлоннинг ўй-хаёлини топиб олинган пул буткул банд этган, муаллиманинг нима деяётгани мутлақо қулоғига кирмаётган эди. Учови ҳам боя айтган, сотиб олмоқчи бўлган нарсаларини қайта-қайта ҳисоб-китоб қилар, орттириб, яна нималар харид қилиш мумкинлигини ўйларди.

Қўнғироқ чалиниб, танаффус бошланди. Ҳамма синфдошлари югуриб, қор ўйнагани ташқарига чиқиб кетди. Синфхонада журнал тўлдираётган муаллима ва учовлон қолди.

— Устоз? — деди Зоҳиджон муаллима ёнига секин жилмайиб борар экан. — Сиздан битта нарса сўрамоқчи эдик.

Муаллима журналдан кўз узиб, кўзойнаги устидан аввал Зоҳиджонга, сўнг шерикларига тикилди.

— Бемалол, сўрайқол! — деди муаллима ҳайрон бўлиб. — Нима гап ўзи, Зоҳиджон?

— Ҳалиги, тинчлик, — деди безовталанган бир кўринишда. — Устоз, ҳалиги… биз манави пулни йўлдан топиб олдик. Шу неччи сўм бўлади, билмайсизми?

Муаллима Зоҳиджон тутқазган пулни олиб қаради.

— Ўҳ-ҳў, нақд юз доллар-ку бу! — деди муаллима кўзлари порлаб. — Буни нима қиласизлар энди, а?

— Бўлиб оламиз! — дея шошиб жавоб берди Шерали.

Муаллима чамалаб кўрди-да:

— Бу жуда кўп пул бўлади… — деди. — Тахминан бир миллион сўмдан ошади. Ҳар бирингизга уч юз минг сўмдан кўпроқдан тегади.

Семиз-семиз рақамларни кўз олдига келтирган учовлоннинг кўзлари ёниб кетди.

Муаллима пулни қайтариб берди ва журналини қўлтиқлаганча чиқиб кетди. Танаффус тугаб, қўнғироқ чалингач, синфбоши югуриб келди ва учовлонни директор чақираётганини айтди. Болалар бир-бирига савол назари билан қараб олишди ва ўқитувчилар хонаси томон кетишди.

Хонада муаллималаридан ташқари, доим қовоғидан қор ёғиб юрувчи шопмўйловли директор ва яна бир ўқитувчи бор экан. Директор ҳовлиқиб, ҳаяжонланиб турган болаларга бошдан-оёқ разм солар экан, вазмин гап бошлади:

— Сизлар қандайдир пул топиб олибсизлар, деб эшитдим. Шу ростми? — деди директор.

— Доллар! — дея билағонлик қилди Зоҳиджон.

— Ҳа, ўша доллар қани? — деди директор.

— Мана, — деди Зоҳиджон ва чўнтагидан пулни чиқарди.

Директорнинг ҳам пулни кўриб, кўзлари ўйнади.

— Қани, бу ёққа бер-чи, бир кўрайин…

Зоҳиджон худди жиноят устида қўлга тушгандек саросималанди. Гўё, директор ҳозир учовининг ҳам қулоғидан чўзиб, пулни олиб қўяди ва қайтиб бермайди. Шуни ўйлаб, хавотирлана-хавотирлана пулни узатди.

Директор пулни сиртидан сийпалаб кўрди.

— Оригинали экан, — деди. Сўнг учовлонга синовчан тикилиб сўради: — Хўш, нима қилмоқчисизлар энди?

— Бўлиб олмоқчимиз, — деди Шерали секингина, хавотир аралаш.

— Ҳммм, шунақами? — деди директор. — Бу катта пул. Сизларга кўплик қилмайдими?

Болаларнинг юраги шув этди, худди қўлтиғидан тарвузи тушиб, ёрилди.

Директор индамасдан пулни костюмининг ички чўнтагига солиб қўйди ва:

— Қўнғироқ чалинди, қани, тез дарсга киринглар-чи, — деди.

Уч оғайни хўмрайди. Юзларида норозилик кайфияти зуҳур бўлиб, шалвирабгина хонадан чиқиб кетишди.

— Тамом! — деди Зоҳиджон. — Пулдан айрилдик!

Шерикларининг қовоғи баттар солинди.

Дарс тугагач, уч оғайни ҳам то уйларига етгунича бир-бирига ғинг демасдан кетишди.

Кечқурун учови ҳам оналарига топиб олинган пул ва директорнинг қилмиши ҳақида оғиз очишди.

“Жуда соз бўпти-да, — деди Зоҳиджоннинг онаси пинагини бузмай. — Сенгинанинг қўлинг­­га пул тушмагани яхши. Компьютерхонадан бери келмай қўясан”.

“Э-э, чатоқ бўпти-ку, — деди Шералининг онаси ўйчан ҳолда. — Мактаб кийимларингни бутлаб олардинг-а, аттанг…”

Сарварнинг гапини эшитиб бўлгач, онасининг негадир кўзи милтиллади. Оҳори тўкилиб, ямоқ тушган чит кўйлагининг этагига мижжаларидан қалққан ёшни артар экан, Сарварнинг бошини силаб қўйди.

“Қўявер, болам, — деди. — Эгасига буюрмаган сенгаям буюрмас эди. Агар сизлар топган пулни еб тўймас ўша директорларинг олиб қўйган бўлса, тешиб чиқсин…”

Сўнг маъраб ётган қўйларга ошқовоқ пўчоғини ташлагани ташқарилаган онаси “Э-э, ёрилиблар ўлгур”, деди алам билан. Сарвар онаси қўйларни қарғадими ё директорними — билолмай қолди.

Эртаси куни учовлон мактаб боргач, синф­хона эшиги олдида директорга дуч келишди. Директорнинг афт-ангорига ҳам қарамасдан салом беришди. Алик олган директор:

— Сизларни кутиб турувдим, — деди ва синфхонага кирди. Учови эргашиб кириб, эътибор бермасдан, индамай бориб ўз парталарига ўтиришди. Учовининг ҳам кўнгли яна бирор нохушлик рўй беришидан ғаш тортди.

Шу пайт директор костюми чўнтагидан бир даста пул чиқарди.

— Мана! — деди тантанавор оҳангда. — Бу пул сизларники. Майли, топиб олган бўлсанг­лар ҳам ўзларингизга буюрсин! Тўғрисини айтсам, кеча долларларингни алмаштириб берай дедим, лекин ёнимда сўм йўқ эди. Бугун уйдан майдалаб келдим. Энди шуни учовингизга тенг бўлиб бермоқчиман. Пулни кераксиз нарсаларга ишлатиб юборманглар, ота-оналарингизга олиб боринглар, улар ўзлари кам-кўстингизга ишлатишади…

Бирдан зулматдай синфхона чароғон бўлиб кетгандай бўлди. Уч дўстнинг юраклари ҳап­қирди. Учови ҳам тезроқ дарс тугашини кутиб, сония санай бошлашди…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × two =