Фаришта супурган сўқмоқ

Расулжон КАМОЛОВ

 

Муаллиф ҳақида:

Расул КАМОЛ (Расулжон Камолов) — 1965 йил Риштон туманида туғилган. 1990 йил ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналис­тика факультетини тамомлаган. “Йигит ори” ҳикоялар тўплами чоп этилган.

Бугунги кунда “Янги Ўзбекистон” газетасининг Фарғона вилояти бўйича мухбири бўлиб ишлайди.

 

Фаришта супурган сўқмоқ

Бир от арава сиғарли сўқмоқ йўл энамнинг ҳовлисига олиб боради. Ёнғоқ ёғочидан ясалган бир табақли эшик олдида ҳовуз, тарвақайлаб   ўсган бақатерак кун бўйи ҳовлига соя ташлайди.

Доимо озода, сувлар сепилган сўқмоқ йўлни ким қачон, супуриб-сидириб қўйишини ҳеч кўрмаганман. Сабабини энамдан сўрасам, “Фаришталар супуриб, сув сепиб кетишгандир-да”, дерди.

Яланг оёқ юрсам, майин қум зарралари танамга роҳат бағишлайди. Таътил бўлди дегунча энамнинг ёнига, оддий, лекин жуда фариштали уйига ошиқаман.

Зебунисо энамнинг парилар, фаришталар ҳақидаги афсоналари, эртаклари кўп. Айтишича фаришта-парилар фақат энг пок инсон, хонадон ва юртларни йўқлаб борар экан.

— Энг покиза, беғубор кишилар, юртлар қаерда, — дея энамга юзланаман.

— Ўз фарзандларини   меҳр бериб алқаётган, одил кишилар яшаётган маскан-да.

— Фаришта – парилар қаерда яшайди?

— Ҳовуз бўйида. Ой нурига ҳамоҳанг тунда сув ёқалайди, ўйнаб ҳордиқ олишади. Қалби пок инсонларгина уни ҳис қилади, кўра олади.

— Одамлардан қўрқишмайдими?

— Қўрқишади, уларни чўчитиб юбормаслик керак. Ҳадиксираб қолишса келмай қўяди. Қўрқитган одамдан фаришта арийди.

— Сиз кўрганмисиз?

— Кўрганман.

— Қўрқмаганмисиз?

— Йўқ.

— Сизга нима деган?

— Тила – тилагингни, дейишган.

— Нимани тилагансиз?

— Юртимиз тинчлиги, сендек ўғил-қизларимни, соғ-саломат улғайишини сўраганман?

— Бошқа ҳеч нима сўрамаганмисиз?

— Сўрамапман-да.

— Сўраган нарсаларни берадими?

— Беради.

— Мен бўлганимда жуда кўп нарсаларни сўрардим.

— Сўрайвер болам, тилакларинг ижобат бўлсин, илоҳим. Мана шундай фаровон, тўкин-сочин кунларда яшаётганимизга кўз тегмасин, Оллоҳга шукур.

Энамнинг тутумига ҳайрон бўлиб, уйқу ахтараётган хиёл юмуқ кўзларига термуламан. Ахир фаришталар нима тиласа ижобат қилаётган бир пайт­­да нега ўзи учун ҳеч нарса сўрамади экан, дея ўйлайман. Энам устимга кўрпача тортади.

— Одамларга, парранда-ю даррандаларга озор бермасдан, яхши қўшничилик қилган, авлод-аждодлари руҳини шод этганларга ҳам фаришталар кўринади, — дея оҳиста елкамга қоқади. Унинг пинжига суриламан, кўзимга уйқу илинади. Ҳар оқшом шу алпозда ухлаб, фаришта, париларни кўриш илинжи билан тонгни қарши оламан…

Йиллар ўтди. Энди бироз улғайдим. Энам эса тобора қартайиб, дарахт шохидек эгилиб борарди. Уй юмушларига ёрдамлашаман. Сув олиб келиш, экинлар тагини юмшатиш ишлари менинг зиммамда.

Ҳар оқшом уйқуга кетганида ҳовли четидаги ҳовуз бўйига чиқаман. Қишлоқда сув бироз тақчил. Шу боис ҳам сув ҳовузларидан фойдаланилади. Катта сой суви, ҳафтада бир марта маҳаллага берилади. Ўшанда оқиб келган майда қум зарралари аралашиб бироз лойқаланган сув ҳовузга жамлангач, тиниқлашади, аммо доим муздек. Ҳовузнинг тўрт томонида сув олиш учун махсус пиллапоялар қилинган, ёш болалар ҳам ундан сув олишга, ичишга қийналмайди.

Оқшом чўкканида ҳовуз сувлари янада мавжланиб, тиниқлашиб кетгандек кўринади. Кўкда балқиган тўлин ой   унга нигоҳ ташлаб ҳовуз сатҳини ёритади. Сув бетида тўп-тўп бўлиб учиб юрган “сув ювғич” чивинлар уни жимирлатиб турфа манзаралар ясайди. Оқшом эпкини сув юзини аста силабсийпалаб сув бетига тушган япроқларни бир четга тортқилайди.

Ана шундай сокин кунларнинг бири эди. Сувга келувчиларнинг оёғи тинди. Осмонда ой тўлибди. Бирам- ёруғ, бирам ёруғ. Тун худди кундуздек ёришиб кетганди. Атроф жим-жит. Аста ҳовуз сатҳига келдим ва ҳайрат, ҳаяжон билан унга термулиб қолдим. Сув юзида сочлари олтиндек товланган ой юзли жимиттек пари-пайкарлар сайр қилиб кезинарди. Ой нурида ял-ял товланган бу хилқатлар тобора чирой очиб, катталашиб борарди.

Дарахт панасига яшириндим. Улар пайқашмади, бемалол учиб келиб сувга қўнди. Дастлаб бир-иккитаси келиб сув сатҳида сайр қилди. Кейин кўпайиб кетишди. Ой ёғдуси уларга мисоли нарвон эди. Кимдир пастга тушса, бошқа бири тепага кўтариларди. Эгниларига ташланган ҳарир матоларга қанот мисол осилиб бир-бирларини тортқилаб ўйнашарди. Биттаси келин мисоли бошига оқ чиммат ташлаб чиқди…

Ҳаммаси чиройли, лобар эди.   Ялпиз ўтлар билан бурканган ҳовуз бўйини ундан-да ёқимли, муаттар анбарлар тутиб кетди. Мен ажиб манзара, ҳушбўй, ёқимли ҳид ифорларига маст эдим.

Тонг ёришиб, хўроз қичқирганида уйғониб кетдим. Аммо кўрганларим туш ёки ўнгимда рўй берганми англаб етолмасдим. Атрофда ҳеч ким йўқ. Бақатерак   япроқлари шитирлаб, аста тин олди. Жарангдор кулги садолари ҳануз қулоқларим остида жаранглаб аста-секин узоқлашиб борарди. Нигоҳимни сувга қададим. Ҳовуз суви янада тиниқлашиб қолганини ҳис этиб ўзгача ҳая­жон билан ортга қайтдим.

Одатдагидек йўлаклар озода, сувлар сепилган эди. Оҳиста энам ётган ҳужрага бўйландим ва ҳайрат,   ҳаяжонда лол қолдим. Тунда димоғларимга инган муаттар, мусаффо, ёқимли анбар шу хонадан келарди. Энам эгнидаги   кўйлакнинг ҳарир гуллари, тундаги кичкина фаришталар эгнидаги нафис гуллардек товланиб кўзимни қамаштирди. Мен уларни чўчитиб юбормаслик илинжида оҳиста ортга чекиндим…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × five =