Юборилмаган мактуб

Муаллиф ҳақида:

Чоршанби ДЕҲНАВИЙ (Бойбусинов) — 1948 йили Денов туманида туғилган.

1974 йилда Тожикистон давлат университетининг филология факультетини битирган.

“Уй иши”, “Жарликлар абадий эмас”, “Мингдан бири”, “Одамзод”, “Уй илони”, “Етим қолган севгилар” деб номланган қиссалар муаллифи.

“Эзгуликнинг яралиши”, “Акссадо”, “Баҳор дар пеш” (“Баҳор ҳали олдинда”), “Лайлатулқадр”, “Соясини эркалатган аёл” сингари ўнга яқин китоблари чоп этилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

 

Чоршанби ДЕҲНАВИЙ

 

(Ҳикоя)

 

Ҳаёт бошқаю китоб бошқа экан.

Севгисиям, аламу изтироблариям.

Гоҳида Лайли бўлиб, достонимни ўқиганнинг кўзларини ёшлатгим келади.

Бироқ ҳаётда қалблар тўсилган, истаклар тизгинланган. Нималар деяпман ўзи?   Наҳот тақдирга тан   бериш шунчалар қийин бўлса? Эҳ,   Ҳакимжон, Ҳакимжон… Ширин-ширин   ўйларга ўраниб, тонг оттирган тунларимни   эсласам… Эслаганда нима   ўзгарарди?   Дунёга келдингми,   яшашга маҳкумсан! Ҳаяжоним тинса-чи! Хаёлларим пала-партиш, сўзларим узуқ-юлуқ. Армонларга ем   бўлган орзулар мисоли.   Дардимни   кимгадир тўкмоқчи бўлиб, қалам ва қоғоз   оламан.

“Ҳурматли ота!” Йўқ, отамга нисбатан бундай расмий мурожаат қилолмайман. Азиз ва меҳрибон… ибораси кўнглимни тўлдирмас. Ибтидо учун   муносиб сўз тополсам-чи, расмиятчилик   қилмай, барини оғзаки айтиб, кўнглимни бўшатгим келардию яна отамни ранжитиб қўйишдан истиҳола   қилардим. Рост-да, ўгай бўлмаса, меҳрини аяб камситган, зориқтирган бўлмаса. Кўкси қалқон, қалби майдон бўлган азиз кишингга таъна тоши отишнинг ўзи азоб эмасми?!

Фикримдан қайтмасдан яна ёзишга киришаман. “Отажон! Ушбу сатрларни ўқиб кўзларингизга ишонмаслигингизни тасаввур этаман. Зотан, мен сизнинг энг суюкли, ўзингизнинг   табирингиз билан айтганда   қизингиз эмас, нозингизман ва ер-у кўкка ишонмаган эркангиздан юзингизга кўзгу тутиб, ўзлигингизни англатмоқчи бўлганини сира-сира кутмаганингиз табиий. Бу билан сизни ўзимча муҳокама қилиб, “яхши-ёмон”га турлаш фикридан йироқман. Чунки томирларимда оқаётган сизнинг қонларингиз билан   улғайдим, ақлимни таниб, еру кўкни, қуёшни, дунёни кўрдим. Қўлимга қалам тутқазиб, изтироб исканжасига унсиз чекаётган фиғонларимга садо бахш этаётган куч ҳам балки   сизнинг қонингиз қудратидир. Чинданам, сиз меҳрингизни ҳам, қаҳрингизни ҳам сир тутмагансиз. Фарқи меҳрингиз хонадонимизга, қаҳрингиз эса ўзгаларга аталган бўларди.

Мен буни кеч пайқадим. Унгача сиз тасаввуримда енгилмас куч тимсоли эдингиз. Сиздан одамлар ҳайи­қарди, аниқроғи қўрқишарди. Авзо­йингизга қараб гап қотишларидан, бирон маслаҳатли иш чиққудек бўлса оғзингизни пойлашларидан фахрланардим. Йўқса, сизнинг бошқалардан ортиқ ё кам фарқ қиладиган жойингиз йўқ, оддийгина ўқитувчи эдингиз, холос. Ўқитувчиликни ташлаб, ишсиз юрган кезларингизда ҳам кўланкангизни босишга ҳеч кимнинг юраги дов бермасди. Дарвоқе, директор ўринбосари гоҳида ола-ола қараб қўярди. Ҳа, директор эмас, ўринбосари. Лекин бояқишнинг ёвқарашлари узоқ чўзилмасди. Кўп ўтмай ишдан олиниб, бизга синф раҳбар этиб тайинланарди.

Афсуски, болаликдаги хулосалар кишини алдар экан. Ҳақиқатни илғай бошлаганимда негадир бошим беихтиёр эгилиб, назаримда ўзимни гуноҳкор сеза бошлайман. Гўё одамларнинг қўрқуви, замирида… Йўқ, буни барибир айтолмайман. Айтиш қийин бўлмагандан эмас, тан олиш кишини изтиробга солишидан. Дуч келган киши гўё менга қўлини бигиз қилиб, сизнинг қизингиз эканимга шама қиларди. Ўшанда ойимнинг   нега кўча-кўйга чиқмаслигини, тўй-ҳашамларда тортиниб, хотин-халажлар   билан яйраб кулмаслигини   англадим. Ишонинг ота, ойим сизнинг жуфти ҳалолингиз бўлганидан мамнун эмасдек туюларди. Ор қилмасада, шунга ўхшаш маҳзун бир кўланка очилиб-сочилиб юришларига имкон бермасди.

Сиз ҳақингизда илк марта салбий фикрга борганимда қай аҳволга тушганимни ҳали-ҳали тасаввур этолмайман. Наврўз арафаси эди. Сиз ўчакишган собиқ синф раҳбаримизнинг қамоқдан оқланиб чиққанини эшитиб, дарсдан сўнг кўргани бордик. Сочлари бир йилда анча оқариб, тўла юзлари солқилланиб қолган эди. У ҳаммамиз билан бир-бир кўришиб, ўқишимизни сўради. Уйга қайтиб, сиз билан Шораҳим аканинг чорпоя устида нимадир ҳақида бош қотириб ўтирганларингизни кўрдим.

— Занғарнинг оқланиб чиққани чатоқ бўлди, — дерди Шораҳим ака. Унинг қовоғидан қор ёғарди. — Бу ерда бир гап бор. Бизга гап ишқиб, тегмайдими?

— Уни сиз эмас, дўхтирларнинг хулосасига асосан суд қамаган. Ўшалар жавоб берсин деб туриб оласиз.

— Қайта ёзсак-чи? Тепароққа.

— Нима деб?! Қизимизнинг қулоғи азалдан ногирон эдию таёқ завучнинг бошида синди дебми?! Мақсадингиз яна қаматиш бўлса, бошқа йўли бор. Лекин сал қалтисроқ.

— Қандай?

— Қизингизнинг шаънига доғ тушиши мумкин.

— Тушса тушсин! Ор кетмасин!

— Унда шошилмаслик керак. Аввал ишга тикланиб, излар сал эскирсин, сўнг қармоққа қандай илинтиришни ўзим айтаман…

Эшитганларимга ишонгим келмасди. Қандай ишонайин, ота?! Шораҳим аканинг қизи менинг синф­дошим эди. У камгап, одамови, камсуқум, анграйиб юришларини билинтирмаслик учун бўлар-бўлмасга аралашмай, кўпинча ёлғизликни ихтиёр этарди. Қулоғи оғриб, касалхонага тушди-ю раҳбаримизнинг бошига бўҳтон ёғилди… Хайриятки, раҳбаримиз сиз билан Шораҳим аканинг қармоғига илинмади. У шаҳарга ишга ўтди.

Сўнг жамоа хўжалиги ағдар-тўнтар бўла бошлади.

Орада қўшнимиз кўчиб кетди.

Ёмони тоғамнинг устидан ёзилган имзосиз шикоятларнинг чўзилгани ойим­­ни роса қақшатди. У аразлаб кетган эди, яна бувам олиб келди.

— Болаларингни ўйламасам, хотин қорасига зор қилардим сен яккамоховни! — деди бувам ва беихтиёр тутақиб кетди… — Сенга қайнинг нима ёмонлик қилди?! Ёмонлиги отанг ҳовлидан ҳайдаб, кўчада қолганингда   бошпана берганими?! Бир чақасиз қолган пайтларингда устингни бут, қорнингни тўқ қилганими?! Тузини еб тузлиғига тупурадиган нонкўр экансан, иғвогар!

— Бўри есаям, емасаям оғзи   қон экан-да! Ўғлингизни ёзган одам   аниқ-ку!

— Ҳа ўлгани йуқ, улар ярашган   эди. Орага суқилиб тутантириқ бўлмаганингда ўчган олов қайта ёнмасди, безбет.

Мени кундалик бундай можаролар эмас, кўпроқ ойимнинг сиқилишлари қийнарди.

Ҳар замонда:

— Қизим, Ҳакимжон ҳақида   гапирмай қўйдинг, — дея гап очарди.

Мен қизариб кетардим.

— Бунинг уяти йўқ, қизим.   Севсанг ёки севганинг бўлса…

— Қўйсангиз-чи ойи.

— Ҳаёли, иболи бўлиш яхши қизим. Лекин урчуқ чуқур тушса чирийди… Сенга қандай тушунтирсам экан… Сен тенгилар уйли-жойли бўп кетишди.Қалбингга қулоқ солмай, сирингни   пинҳон тутиб юрадиган бўлсанг, бари сирлигича қолиб кетмасин дейман.

Ҳа, мен Ҳакимжонни   ёқтирардим. Поччаси қамалди-ю мен билан гап­лашмай қўйди. Эҳ, отажон, отажон…

Ойимнинг ташвишлари баъзан мени ҳам изтиробга соларди. Ёшим ўтган сайин тасаввуримдаги келажагим, қувончли онларим, бўлажак тўйим хиралашиб, қалбимни қандайдир умидсизлик қамрарди. Тўйим дабдабали эмас эди, дугоналарим қатори. Қисмат шуни ҳам аяйдиган бўлса… Ҳа, орзуларим, сути қуриган онасини тамшана-тамшана эмиб, силласи қуриб бораётган оч қўзичоққа ўхшаб кетарди.

Ҳакимжон қишлоқдан   кетганича бошқа қайтмади. Ҳатто поччаси қамоқдан чиққанда ҳам. Айтишларича, Тошкентда эмиш. Ҳойнаҳой, уйлангандир. Унинг айби нима? “Севаман” деган бўлмаса. Муомала ва муносабати ҳам синфдош­лар ҳазил-ҳузилидан нари эмас эди. Шунчаки боқиш­лари маъноли, нимадандир қизаринқираб, айтмоқчи бўлган сўзлари гўё ичида қолиб кетарди.

Миш-мишларга қараганда Ҳакимжон ҳам мени севаркан. Отаси эшитишни истамабди “Итдан бўлган қурбонликка ярамас!”, — дебди. Бундан кўра мени ўзингиз, ўз қўлларингиз билан бўғизлаб ташласангиз бўлмасмиди, отажон!

Мен сўниб бораётган умидларимга тўзим тилаб яшардим. Афсус­ки орзуларим пучга чиқди. Қисматимда хотини ўлган уч болали бир кимса битилган экан. Сиз совчиларга ўдағайлаган экансиз, ойим орага тушди:

— Совчиларнинг айби нима? Сиз бермасангиз тортиб олиб кетишармиди?

— Жиғимга тегма! Совчи дегани   дуч келган эшикни очиб кираверадими? Адашган итдай!

— Илон бўлганингизда чақмаган одамингиз қолмасди!

— Тилингни тий! Токи тирикман …

Ойим сўзингизни бўлди:

— Тирик   бўлганингиз учун ҳам бўсағангизни хатлаб ўтишга ҳеч кимнинг юраги дов бермайди. Мана оқибати гулдек қизингизнинг орзулари армон, ҳаваслари ҳасад бўлди!

Ойим ҳақ эди. Менинг ниятларим ортилган карвон кетиб бўлган эди. Менинг кўйимга сингилларим тушмасин деган илинж билан ноилож рози бўлдим. Ойим туни билан йиғлади. Эртасигаям, индинигаям, ҳозиргача йиғлайди. Ҳавасларимнинг армон бўлганига, кутган кунларим насиб этмаганига, сепимнинг жило бермай эскирганига, бировнинг тўшагига илимай, тунлари энагалик қилиб   чиқиш­ларимга…

Мен ойимни юпатардим. Қисмат дердим, тақдир дердим. Ойим ҳам тақдирга тан берса-чи! Балки ўзимдан ўтгандир, дердим. Севолмагандирман, севишни эпламагандирман… Ишқилиб сингилларимнинг бахти кулсин-да!

— Ҳа, қизим, сен қурбонликка ярадинг.

— Қўйинг ойи, ўша алмисоқдан қолган мақолни. Ҳаётда нималар бўлмайди? Гадо ҳам шоҳ бўлишни истайди, бунинг эса иложи йуқ…”, дердим.

…Ушбу мактубни, эзғин дилномамни ёзишга ёздиму ота-онамга юборишга ботина олмадим.

Ахир, отам, онам… Йўқ, ҳеч қачон уларнинг юзига тик қаролмайман…

 

Кичик ҳикоялар

 

Витаминли мақолалар

 

Туман газетасининг муҳаррири касалхона бош врачига сим қоқди:

— Бир мақола керак бўп қолди, — деди салом-аликдан сўнг, — шолғом ҳақида. Шундай ёзингки, сўзларидан витамин томсин!

Мақола чиқди. Харидорлар шолғом бозорининг чангини осмону фалакка чиқаришди.

Орадан кўп ўтмай муҳаррир яна қўнғироқ қилди.

— Бодринг етилиб қолди дўхтир. Сарғаймасидан йўқотайлик!

Одамлар газетадан бодрингнинг шифобахш хусусиятларини ўқиб бешикдаги чақалоқдан оғзида тиши қолмаган кампиргача — бари бодринг чайнайдиган бўлишди.

— Шафтолининг бозори карахт, — деди муҳаррир куз келиши билан.— Навбатдаги мисолни Луқмони Ҳакимдан   келтирмасангиз бўлмайдиганга ўхшайди.

Салом-аликлар қуюқлашган сайин витаминларга бўлган талаблар ортиб, бозор қизигандан қизирди. Яна бош врач муҳаррирга телефон қилди.

— Алё, — деди наридан бери сўрашиб, — турпимиз тош босадиган бўпти. Мақола тайёр. Мисоллари ибн Синодан. Турган-битгани селитра… Кечирасиз, витамин демоқчи эдим… Қисқаси шу мақоланиям чоп қилиш керак.

 

 

Узр

 

Тез ёрдам врачи навбатдаги чақириқ қоғозга кўз югуртириб, беихтиёр ҳамширани чақирди. Ҳамшира дам олиш хонасидан елпиниб чиқди.

— Визов! — деди Ҳалим Бақоевич шошилиб. — Нега анқайиб турибсиз, кетдик!

— Бир пас кутинг, дўхтур. Ўсмамни қуритиб олай.

Ҳалим Бақоевич жаҳл билан нимадир демоқчи бўлди-ю яна ўзини тийди. Эшикни зарб билан ёпиб, ташқарига чиқди. Бахтга қарши ҳайдовчи кўринмасди. Бориши мумкин бўлган жойлардан ҳам тополмади. Хуноби ошиб бўлим навбатчисига ўшқирди:

— Бизда қачон тартиб ўрнатилади? Бемор уйда жон талашиб кутса-ю. Биздагилар иш жойидан топилмаса!

Навбатчи ҳеч нарсага тушунмай:

— Аниқроқ гапиринг, тинчликми — деди. — Нима гап ўзи?

— Мен врачман, сизнинг ҳайдовчиларингизни топиб берадиган изқувар эмас. Балки беморни орқамга кўтариб келишим керакдир?

Навбатчи микрофон билан ҳайдовчини чақирди.

— Қачонгача беморга ёрдам беришга улгурмаймиз, — ҳайдовчини аямади Ҳалим Бақоевич. — Бирон марта тириклигидаям етиб борайлик.

Бемор гўдак экан. Ҳалим Бақоевич биринчи ёрдамни кўрсатиб, болани зудлик билан касалхонага етказиб келди. Қабулхона дўхтири телефонда гаплашарди. Гурунглари чўзилган эди, Ҳалим Бақоевич ўзини тутолмади:

— Мен сизнинг ҳузурингизга одам боласини олиб келдим, бузоқни эмас. Шундан сўнг дўхтир гапни калта қилиб, ўрнидан турди.

— Буни қайта қуриш деса бўлади, — деди дўхтир авзойини жийиб. — Бундай фидокороналик сиздан бошланганидан ниҳоятда хурсандман.

— Аввал беморни кўринг, кейин кесатаверасиз.

Дўхтир болани обдан синчиклаб, болалар бўлимига қўнғироқ қилди. Чақирилган дўхтирнинг келиши қийин кўчгач, Ҳалим Бақоевичнинг ўзи борди.

— Сиз нав- батчиликдамисиз ё санаторийда?! — деди дўхтирни уйғотиб. — Беморга нима бўлса бўлсин, лекин сизнинг уйқунгиз бузилмасин экан-да! Тантана билан қилган қасамёдингиз диплом олгунча экан-да! Йўқ, мен бундай тили бошқа-ю дили бошқаликнинг тагига етмай қўймайман.

Ҳалим Бақоевич гўдакни касалхонага жойлаштириб, аҳволи ўнглангунча бошида турди. Муҳими, ундан касбдошлари ранжимади. Аксинча, беморлар олдидаги масъулиятларини ҳис этиб, ҳушёр тортдилар. Бироқ…

Ҳалим Бақоевич эрталаб, аниқроғи нав­батчиликни топшириб уйга қайтиш олдидан кеча ранжитганларидан бир-бир узр сўраб чиқди:

Кечирасизлар, боланинг аҳволини кўриб кўзимга ҳеч нарса кўринмай қолди…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen − three =