Ҳужжат қандай юритилади? Ёхуд Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Китобат ул-атфол” асарини ўқиганмисиз?

Туркистон ўлкасида ҳужжатчилик ва тил тарихида мавжуд қоидаларга асосланган манбаларни ҳисобга олмасдан, уларни тарихий тажрибасидаги ижобий ва салбий жиҳатларини чуқур илмий таҳлил қилмасдан, ҳозирги ҳужжатчилик ва тил тарихининг моҳияти ва аҳамиятини тўлиқ тушуниш ва баҳолаш мумкин эмас. Шунинг учун ҳам мамлакатимиз тарихий қимматга эга бўлган асарларини ўрганиш ва уларни келажак авлодларга етказиш борасида кўпгина хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ХХ аср бошларида ҳужжатчилик ва тил тарихида яратилган асарлар бугунги кунда ҳам ўзининг қадрини ва қимматини йўқотган эмас.

 

Шундай асарлардан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий томонидан ёзилган “Китобат ул-атфол” (Болалар учун ёзув китоби) китоби. 1908 йили Самарқандда нашр қилинган. Инқилобгача икки марта чоп этилди. Иккинчиси 1914 йилда қайта чиқарилган. У ўзбек ва форс тилларида ёзилган.

“Китобат ул-атфол” китоби Беҳбудий томонидан ХХ аср бошларида усули жадида мактабларига ҳужжатчилик ва тил қоидаларини ўргатиш мақсадида яратилган янги усулдаги услубий қўлланма ҳисобланади. У ХХ аср бошида Туркистон ўлкасида ҳужжат юритиш ва тил соҳасида ислоҳотларни амалга ошириш нуқтаи назаридан тузилган.

Қўлланмада ҳужжат юритиш қоидалари ўз аксини топган бўлиб, яъни ота ва онанинг болаларга муносабатлари; ота-она олдидаги бурчи; болаларнинг ҳуқуқлари; хат ёзмоқнинг қоидалари ва шартлари; маҳаллий ҳокимиятга ариза ёзиш; маълумотнома; тасдиқнома; мамлакат фуқаролиги учун ва хорижий паспорт бериш; шаҳодатнома; тилхат каби ҳужжат намуналарининг ёзилиш тартиби ва қоидалари ўз аксини топган.

Шуни айтиш лозимки, тарққийпарвар М.Беҳбудий ушбу қўлланмани усули жадида мактабининг охирги босқичи учун мўлжаллаб ёзган эди. Чунки, Беҳбудийнинг таъкидлашича, усули жадида мактабини тамомлаган ўқувчи барча замонавий фанларни эгаллаш билан бир қаторда Туркистон ўлкасида тижорат ишлари билан шуғулланиши, мирзо сифатида ишларини амалга ошириши, ўлканинг бўлиснойхоналарида, идораларида ишлаши мумкин бўларди. Бу қўлланма асосан ўқувчига мавжуд идора ва органларда иш юритиш қоидаларидан сабоқ беришга мулжалланган эди.

Айни пайтда муаллиф китобни нашр этишдан мақсадини ҳам айтиб ўтади. Яъни: “Биз ҳам шул қоидаға биноан мажмуаи китобат ва иншо” унвонида авлоди ватан учун расмий ва хусусий ҳамда Туркистоннинг шаръий ва миллий махкамаларина маъмул(амалдаги) барча васойиқ(восиқалар), ҳужжату ва билжумла мусулмон волоснўйи управители (ноҳия мудири) ҳузуринда бўладиган дознония, протокул, қабоҳатнома ва расмий ҳар нав мактубларни мухтавий(ўз ичига олган) бир неча жуздан мураккаб бир асар таҳрир ва нашр этмоқ амалинда эдук. Шу мақсадға ушбу “Китобат ул – атфол” нашри ила шуруъ этдим. Матлабимизнинг асоси болалар ва барча талаба тоқатинча, тавҳиди лисон(тил бирлиги), таъмим(ёйиш) ва тафҳими(тушунтириш) мактуботи туркия ва форсиядан иборатдур”.

Беҳбудий қўлланманинг ушбу кириш сўзида ёзган мақсаддан, қолаверса асарнинг тузилишидан ҳам маълум бўладики, муаллиф айни пайтда ҳужжатчилик билан шуғулланувчи идоралар учун иш юритувчилар, бошқарувчилар, маҳаллий ҳудуд раҳбарлари, раҳбарият таркибида олиб бориладиган суриштирувлар, давлат идоралари учун мажлис баённомалари, идоралар ўртасида ёзиладиган хатларнинг мазмуни, барча фуқаролик ҳолатлари билан боғлиқ расмий ёзишмалар каби ҳужжатларнинг намуналарини замонавий авлод мутахассисларини тайёрлаш ниятида амалга оширган.

Махмудхўжа Беҳбудий “Китобат ул – атфол” қўлланмасида қўйидаги йўналишларни урганиб, ўқиб, амалий жиҳатдан   кўрамиз:

  1. Иш юритиш соҳасидаги барча йўналишларда “хат ёзмоқнинг шартлари”;
  2. Хат ёзиш усулларининг одоби ва маданияти;
  3. Иш юритиш ҳужжатларида тиниш белгиларнинг қўлланилиши қоидалари;
  4. Шахсий хат ёзиш қоидалари;
  5. Идораларга хат ёзиш тартиблари;
  6. Ота – онага хат ёзмоқ тартиблари;
  7. Фарзандга хат ёзмоқ тартиблари;
  8. Дўстига хат жунатмоқнинг услуби;
  9. Қариндошга хат ёзмоқнинг тартиблари;
  10. Фуқарони тасдиқловчи паспорт бериш тартиб­лари;
  11. Тасдиқнома ёзиш қоидалари;
  12. Шаҳодатнома ёзиш қоидалари;
  13. Ишончнома ёзиш тартиблари;
  14. Ариза ёзиш қоидалари.

Қўлланмадаги иш юритишнинг “Хат ёзмоқ шартларида” унинг ўн саккизта қоида келтирилади. Энг аввало иш юритувчи маълум бир масалада хат ёзиши зарур бўлганида, ушбу истайдиган масаласини англаган, ўзи яхши тушунган бўлиши зарур. Хат ёзувчи хатнинг мазмунида яъни текстида ўзи билмайдиган, тушунмайдиган сўзларни киритмаслиги айтилади.

Муаллиф иш юритишда сўзнинг қудрати, сўзнинг муҳимлигига алоҳида эътибор қаратиб, ҳар бир сўзни ўз қоидаси, ўз имлоси бўйича ёзиш талаб этилиши кўрсатилади. Хатни шахсий фуқароларга бўлсин, идораларга бўлсин уни мулоҳаза қилиб, унинг етиб борганида олувчига ўз таъсирини ўтказишини ўйлаб,   фаҳм билан юбормоқ мақсадга мувофиқ, дейилади.

Шахсий хат ёзилганда ёки идорага хат ёзиганда унинг айбини юзига солиб, яъни кўрлигини, карлигини, ўғрилигини, ичувчилигини қолаверса, барча ёмон хис­латларини айтиб ёзмоқ таъқиқланиши белгиланган. Қўлланмада қайд этиладики, агарда ёзилиши лозим бўлган ҳолатлар яъни суднинг ҳукмлари бўлса бундан мустасно эканлиги ҳам киритилган.

Ҳужжатчилик ва тил қоидалари   китобида хат ёзишнинг қоидалари сифатида юбориладиган хат мазмунида ўзи тушунгани билан бошқалар тушунмайдиган, кўчада қўлланиладиган жаргон сўзлар, кўчада қўлланиладиган бошқа атамалар, айб деб қараладиган сўзлар, ҳар хил лақаблар ҳам ёзишилиши таъқиқ сифатида кўрсатилади. Бундан ташқари, юритилаётган ёзишмаларда халқ орасида унутилиб кетган, эски сўзлар, қўлланмаётган атамалар атайлаб ёзишмаларга киритилиши нотуғри эканлиги тушунтирилади. Қолаверса, айни пайтда ўқувчини зеҳнини тушуриб юбориши, ҳаловатини бузиши, уни ташвишга қўйиши мумкинлиги айтилади.

Беҳбудий ҳар доим тил масаласига алоҳида эътибор қаратган. Унинг “Тил масаласи”, “Икки эмас тўрт тил лозим” каби илмий мақолалари шулар жумласидандир. Ушбу муносабатлардан келиб чиқиб, хат ёзиш қоидаларида ҳам тилга эътибор масаласи алоҳида ажралиб туради. Айтиладики, ёзишмаларда ўз тилингда ёзиладиган сўзлар, иборалар ўрнига русча ёки хорижий бошқа тилларда қўлланиладиган сўзларни, ибораларни қўллаш, ишлатилиш мумкин эмас.

Қўлланма қоидаларида идораларга ёзилаётган хатлар камсўз, серъмано ва ихчам тарзида билдирилиши талаб қилинади. Ёзилган хатларни, мақолаларни мутахассисга, ўз муаллимига ёки аҳли дўстига кўрсатиб, камчиликларни билмоқ жоиз, дейилади. Бундан ташқари, ёзилаётган мақолада, хатларда жойларнинг номлари, маҳаллаларнинг, шаҳарларнинг номлари аниқ ҳолда ёзилиши, қайд этилиши билдирилади.

“Китобат ул-атфол” (Болалар учун ёзув китоби) қўлланмасида ёзилган қоидалар бўйича мактуб, хатларда таъна, ҳазил, фисқ, гуноҳга тааллуқли сўзлар, иборалар умуман келтирилмаслиги белгиланади.

Қўлланманинг иккинчи йўналиши бу — ёзиладиган хатларнинг турлари берилади. Яъни, хатлар биринчидан, хусусий. Иккинчидан, умумий хатларга бўлинади. Муаллифнинг таърифига кўра, хусусий хатлар икки киши орасида ёзиладиган муносабат хатларидир. Манбада хусусий хатларнинг ҳам одаби кўрсатиб берилади. Яъни, хат ёзадиган фуқаронинг исми, мансаби, муддоси каби сифатлари кўрсатилади.

Ўзбек ҳужжатчилик тарихида тил, унинг одоби, ахлоқи, унинг иш юритиш соҳасидаги қоидалари мавжуд асарлар ичида “Китобат ул-атфол” алоҳида ажралиб туради. Унда тиниш белгиларни ҳам ўзига хос номланишлари ўрин эгаллаган. Жумладан, сўроқ белгисини аломати савол; ундов белгисни аломати нидо, таажжуб хитоб; тере эса, икки сўзни фарқ қилатургон аломат; баробар эса, иккиси бир поғонада; вергул эса, озгина турмоқ учун; икки нуқта эса баён ва тафсил учун; кўп нуқталар эса, нотамом сўзлар; сўзнинг охири ёки вақфи том аломати каби атамалар билан берилганлигини кўрамиз.

“Китобат ул-атфол” ҳужжатчилик соҳасида тарихий қўлланма ҳисобланиб, айни пайтда жадидлар мактабида дарслик сифатида фойдаланилган. Унда тил қоидалари мужассамлашган. Яъни матнлар, хатлар, ҳужжатчиликка оид таҳлиллар берилганки, булар ўқувчини, талабаларни тарбиялаш ва ўз саводларини англашида алоҳида восита ҳисобланади. Қўлланмада берилган матнларда одоб ва ахлоқ қоидаларининг юқори даражада қўлланганлигини кўрамиз.

Шу боисдан Беҳбудийнинг “Китобатул – атфол” китоби ҳужжатчиликнинг манбаси сифатида тарихий қимматга эга. У бир асрдан ошганлигига қарамасдан ҳали ҳам ўз кучини йўқотган эмас.

 

PS: Улуғ жадидчи бобомизнинг ушбу асари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Қачонки, бугун кўпчилик хат ёзишни “унутиб” юборар даражага келган бўлса-да, айрим ташкилот, корхона ва идоралардан, ҳокимликлардан жўнатилаётган баъзи бир хатларни ўқиб, кулишни ҳам, куйишни ҳам билмайсан. Пала-партиш, сўзларнинг ноўрин қўллаши дейсизми, хуллас ғирт саводсизлик билан битилган бўлади. Демак, қанча ривож топган жамиятга қадам қўйилмасин, хат, мактуб ёзиш, хужжат юритиш маданияти, илмни пуҳта билмоқ керак.

Нормурод АВАЗОВ,

Тошкент давлат санъат ва маданият институти

“Тил ва адабиёт” кафедра мудири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four + eighteen =