Илмдан ўзга нажот йўқ

Асалари билан инсон боласи ўртасидаги фарқ ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Йигирма кунлик асаларини гулдангулга қўниб, асал йиғаётганини кўп кўргандирсиз. Инсон фарзанди эса икки ёшдан ошиб оёққа туради, гапиришни ўргана бошлайди. 6-7 ёшларида мактабга боради. Ўқиш- ёзишни ўрганади. Мактабни ва олий ўқув юртини тугатгунига қадар яна ўқийди, ўрганади, изланади. Чунки инсон яшаши учун аввало, бирор касб ёки ҳунарни, қолаверса, ҳаётни, жамиятни ўрганишга муҳтождир. Бироқ асалари боласи-чи? У асал йиғишни ўрганиши учун на ўқишга, на олий ўқув юртини битиришга эҳтиёжи бор. У дунё ҳаётига мукаммал ҳолда юборилган. Инидан чиқар- чиқмас ишини бошлайди. Биз эса нафақат йигирма кун ёки йигирма йил, балки умр бўйи ўқиш, ўрганишга муҳтожмиз. Инсон ўз қобилиятини билим ва тажриба билангина оширади.

Буюк шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг қуйидаги ҳам маъно, ҳам сўз ўйини жиҳатидан чиройли мисраларига назар солинг:

Ким ёр анга илм, толиби илм керак,

Ўргангали илм толиби илм керак!

Мен толиби илму толиби илме йўқ,

Мен бормен, илм толиби илм керак.

Ҳар бир инсоннинг ўз ҳаёт фалсафаси ва йўли бўлганидек, ҳар бир давлатнинг ўз тараққиёт стратегияси бўлади. Буни белгилашда эса миллат етакчиларининг салоҳияти муҳим аҳамият касб этади. Масалан, Сингапурни олайлик. Таъбир жоиз бўлса, “йўқдан бор бўлган” ушбу давлатни бугун дунёнинг барча жойида билишади, ҳавас қилишади. Ҳолбуки, ярим аср муқаддам бу ҳудуд мустақиллик эълон қилганида Малайзия давлати унга қаршилик ҳам кўрсатмаган эди. Ҳатто битта “бош оғриқ”дан қутулганига хурсанд ҳам бўлгандир? Лекин Сингапур бугун нафақат иқтисодиёти билан, балки мўъжизага бой масканлари билан жаҳон сайёҳлари харитасининг энг ёрқин нуқтасига айланди. Бу улкан эврилишлар бир инсон — ҳақиқий маънода етакчи Ли Куан Ю номи билан боғлиқ. У давлат ҳамда фуқаролар ўртасида узвийликни таъминлай олди ва дунё иқтисодиётига “Сингапур мўъжизаси” деган атамани олиб кирди.

Хитой иқтисодиётида ўзига хос инқилоб ясаган Дэн Сяопин ислоҳотлари эса бугун ушбу давлатни жаҳоннинг етакчилари қаторига олиб чиқди. Кичик бизнесни рағбатлантиришдан бошланган ислоҳотлар йирик компаниялар, корпорациялар даражасигача кўтарилиб, жаҳон бозорини забт этди. Бугун дунёнинг ҳар бир минтақасида дастурхондаги таомдан тортиб, маиший техникагача Хитой маҳсулотларини кўриш мумкин. Юқоридаги давлатларда эришилган ютуқлар фан ва таълимдаги янгиликларни ҳаётга кенг тат­биқ этилганлигининг натижасидир.

Илм-фан – ҳар қандай давлатнинг бугунги куни ва келажагини белгилайдиган муҳим соҳадир. Ўзбекистон замини жаҳон илм-фани ва маданияти тарақ­қиёти йўналишини маълум даражада белгилаб берган улуғ алломалари, буюк мутафаккирлари билан шуҳрат қозонган.

Давлатимиз раҳбари академиклар ва илм-фан зиёлилари билан 2016 йил декабрь ойида ўтказган учрашувда шундай деган эди: “Илм-фан билан шуғулланиш, янги кашфиёт ва ихтиролар қилиш игна билан қудуқ қазишдек гап. Шундай экан, бу машаққатли соҳада фидокорона меҳнат қилаётган   олимларимизни меҳнати таҳсин ва рағбатга муносиб”.

Шу аснода Ўзбекистон Президентининг топшириғига асосан “Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Шунингдек, мактабгача, мактаб, ўрта махсус ва олий таълим, академик илмни ривожлантиришга доир қабул қилинган қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар соҳа ривожида янги даврни бошлаб берди. Бугунги кунда Ўзбекистон Фанлар академиясининг олимлари буюк аждодларимиз анъаналарини давом эттириб, мустақил Ватанимизнинг илмий-иқтисодий, илмий-техник, маданий, маънавий-маърифий тараққиёти йўлида кенг кўламли илмий изланишларни олиб бормоқда.

Ўзбекистонда давлат илмий-техника дас­турларининг ижрочи ташкилотлари ҳисоб­ланган 93 та илмий-таълим, 73 та олий таълим, 63та конструкторлик, жами 230 га яқин илмий-таълим муассасалари мавжуд. Уларда 11 мингдан ортиқ фан докторлари, катта ва кичик илмий ходимлар фан тарақ­қиёти йўлида хизмат қилаётир. Республикамизда илмий, илмий-техник ва инновацион потенциални яратиш ва тараққий эттириш соҳасида катта ишлар амалга оширилмоқда. Фан тизимини бошқаришни такомиллаштириш, илмий-инновацион фаолиятнинг қонуний ва норматив ҳуқуқий асосини кенгайтириш, академик ва олий таълим тадқиқотларини такомиллаштириш чоралари амалга оширилмоқда, ишлаб чиқаришнинг инновацион характерини ошириш, ахборот ва инновацион инфратузилмаларини яхшилаш, янги илмталаб корхоналарни яратиш, янги юқори технологияларни жорий этиш ишлари фаоллашмоқда.

Юрт тараққиётини билимли, доно, ҳар томонлама етук ўғил-қизлар белгилаб беради. Унда миллат келажаги пойдеворига асос солинади. Халқимизнинг эртанги куни қандай бўлишига, кўп жиҳатдан, бугун фарзандларимиз таълим-тарбия олаётган янги илм масканларига қўйилаётган тамал тошига боғлиқ.

Бугунги кунда таълим-тарбия тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ва бу соҳада яратилаётган кенг имкониятлардан аёнки, учинчи Ренессанснинг мактаб остонасидан бошланишини тасаввур этиш қийин эмас, мактаб юксак маънавият бешиги, ёшларимизни касбга ўргатадиган даргоҳга айланиши муқаррар.

“Кўпчилик зиёлилар қаторида мен ҳам бир фикрни ҳамиша катта армон билан ўйлайман: мамлакатимизда учинчи Ренессансни ХХ асрда маърифатпарвар жадид боболаримиз амалга оширишлари мумкин эди. Улар “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас”, деган ҳадиси шарифни ҳаётий эътиқод деб билдилар”, дея таъкидлайди Президентимиз.

Аммо бу юксалишдан манфаатдор бўлмаган мустабид тузум ўзининг қабиҳ режасини амалга оширди: жадидлар жисман қатлиом этилди. Акс ҳолда ўлкамизда не эврилишлар, не юксалишлар рўй берарди, буни тасаввур этиш ҳам мушкул. Ўзбекистонда кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларда жаҳон афкор оммаси дунё сиёсатида янги бир тўлқинни кўраётганини эътироф этишмоқда. Бу тўлқинни ҳаракатга келтираётган куч эса Президент Шавкат Мирзиёев томонидан белгиланган мамлакатнинг янги тараққиёт йўлидир.

Биқиқ иқтисодиётдан шаффофликка ўтган, дунёга кенг қулоч очган, ҳар бир қадамида одамлар манфаатини устувор қўйган ўзига хос тараққиёт йўлидир. Таъбир жоиз бўлса, уни бешта “И”- интеграция, инновация, инсон капитали, ишонч ва иқтисодий ўсишга асосланган тараққиёт формуласи, деб аташ мумкин.

Президентимиз мамлакатимиз келажагини таълим ва илму фанда кўраётгани, учинчи Ренессанс ғояси миллий ғоя даражасига кўтарилгани, замонавий дунёга юзланиш ҳамда дунё билан тенглашмоқ истагида ана шу Ватан ва миллат туйғусининг яна бир жилваланишини кўриш мумкин.

Бу туйғу халқимизнинг қонида жўш уриб турган маърифатга ташналик ва ўша олис ўтмишдаги буюк Уйғониш насимларининг соғинчи билан муштаракдир. Шундай экан, дунё саҳнига яна янги тамаддун билан бўйламоққа бу халқ минг бора ҳақлидир. Учинчи Ренессанс пойдеворининг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилувчи бугунги буюк ғояларда ана шундай улуғ мақсадлар мужассамдир.

Бўри ҚОДИРОВ,

Республика Маънавият ва маърифат

маркази масъул ходими

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 + 6 =