Улуғ Соҳибқирон фазилатлари

Биз ким – мулки Турон,

амири Туркистонмиз.

Биз ким – миллатларнинг

энг қадими ва улуғи

Туркнинг бош бўғинимиз.

                       Амир ТЕМУР

 

Буюк давлат арбоби ва юксак маърифат соҳиби Амир Темур ибн Тарағай Муҳаммад Баҳодир моҳир саркардалиги, одил подшолиги, нафақат Марказий Осиё халқлари тарихида, балки жаҳон тарихида салмоқли ўрин эгаллаган. Темурийлар сулоласининг XIV-XV асрлардаги ҳукмронлиги оламшумул воқеаларга бойлиги билан жаҳон тарихида ўчмас из қолдирди. Ўтган олти юз йил мобайнида Амир Темурга бағишлаб Европада 500 дан зиёд, Шарқда эса 900 га яқин асарлар яратилган. Тарихда бирорта давлат бошлиғи ёки саркардага бағишлаб   бунчалик кўп асарлар битилмагани Соҳибқирон шахсининг буюклигига яна бир далолатдир.

Амир Темур Марказий Осиё халқларини ягона давлат остида бирлаштиришга муваффақ бўлди. Марказий Осиёда бир ярим аср ҳукмронлик қилган   чингизийларнинг босқинчилик, зўравонлик сиёсатига барҳам берилди. Халқ иқтисодий, маданий, маърифий турғунлик гирдобидан олиб чиқилди. Унинг буюк ишлари ва салобатли давлати ўз даврида Шарқу Ғарбда тан олинди. Амир Темур Иккинчи Ренессансни бошлаб берди ва темурийлар ҳукмронлигида бу давр гуллаб яшнади. Соҳибқироннинг оламшумул ишларни амалга оширишида унинг қандай фазилатлари пойдевор бўлган?

Биринчидан, Амир Темурнинг ота авлоди ва она авлоди илм-маърифатли инсонлар бўлган ва соҳибқирон зиёли оилада тарбия топган. Буюк бобомиз 1336 йил 9 апрелда Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) яқинидаги Хўжа Илғор қишлоғи (ҳозирги Яккабоғ тумани)да туғилган бўлиб, ёшлик йилларини Кешда ўтказган. У ёшлик чоғлариданоқ махсус мураббийлар назорати остида чавандозлик, овчилик, камондан нишонга ўқ узиш ва бошқа турли машқ ва ҳарбий ўйинлар билан машғул бўлган. Шу аснода Темур тулпорларни саралаб ажрата оладиган моҳир чавандоз ва довюрак баҳодир бўлиб вояга етган. У табиатан оғир-босиқ, теран фикрловчи ва юксак идрокли ҳамда ниҳоятда зийрак, кишилардаги қобилият, фазилат, айниқса, самимиятни тезда фаҳмлаб оладиган инсон бўлган.

Отаси амир Баҳодир Тарағай барлос уруғининг оқсоқолларидан ҳамда Чиғатой улусининг эътиборли бекларидан ҳисобланган. Унинг аждодлари Кешда ҳокимлик қилишган. Амир Темурнинг отаси йилда бир маротаба Или дарёси бўйида хон томонидан чақириладиган эл-юрт бекларининг қурултойига таклиф этиларди. Унинг бундай йиғинларга муттасил қатнашиб келганини муаррих Шарафуддин Али Яздий ҳам таъкидлаб ўтади: “Уламо ва сулаҳо ва муттақийларга мушфиқ ва меҳрибон эрди ва буларнинг мажлисига борур эрди…”. Тарағайбек пири Шамсиддин Кулолни айниқса чуқур эҳтиром қилган. Ке­йинчалик Шайх Кулол Амир Темурнинг ҳам пири бўлган. Тарағайбек 1360 йилда вафот этган.

Амир Темурнинг онаси Такинабегим бухоролик машҳур фақиҳ Тож аш-шариа (шариат тожи) тахаллуси билан машҳур бўлган Убайдулла ибн Масъуднинг авлоди (1350 йил вафот этган) эди.Соҳибқироннинг ота-онаси Шаҳрисабзда дафн этилган. Амир Темур онасининг хотирасига бағишлаб баландлиги 71 метр келадиган дунёга машҳур Оқсарой ёдгорлигини бунёд эттирган.

Иккинчидан, Амир Темур улуғ устозлардан тарбия олган. Амир Темур дастлаб Алибек исмли устоздан   сабоқ олган. Етти ёшга тўлганидан сўнг устоз Шайх Шамсиддиндан Калом илмини ўрганади ва Қуръон оятларини ёдлайди. У Шайх Шамсиддин мактабини муваффақиятли якунлагач, отаси уни илмда беназир инсон бўлган Абдулла Қутб мударрислик қиладиган мадрасага элтиб қўяди.

Ўн олти ёшга тўлганида ҳаётида муҳим воқеа рўй беради:   Самарқанд­­га сафари чоғида Амир Кулол билан танишади. Шамсиддин Кулолни Темурнинг отаси, кейинчалик Амир Темурнинг ўзи ҳам пир, деб билган ва у зотга чуқур эҳтиром кўрсатган. Соҳибқирон Темур улкан зафарларга эришишини Амир Кулолнинг дуолари шарофати билан, дея эътироф этгани тарихдан маълум.

Баҳоуддин Нақшбандни   тасаввуф илмининг йирик намояндаси, каромат кўрсатувчи мўъжизакор, нақшбандия тариқати асосчиси ва раҳнамоси сифатида бутун мусулмон дунёси яхши танийди. Амир Темурнинг пирларидан бири ана шу улуғ зот бўлиб, у 1318 йилда Бухорода туғилган. Баҳоуддин ўн саккиз ёшга етганда Амир Темур дунёга келган. У етук давлат арбоби сифатида ўз салтанатини мустаҳкамлаётган бир даврда (1389 йилда) Нақшбанд бу дунёни тарк этади. Амир Темур катта давлатни идора қилишда ўз пиру комили ғояларига таянган.

XIV асрнинг бошларида Мовароуннаҳрда чингизийлар истибдодидан қутулиш ҳаракати кенг қулоч ёзаётган эди. Босқинчиларга қарши курашга бел боғлаган Темур мамлакатнинг турли воҳаларида қасоскорона бош­ланаётган кураш жараёнларини диққат билан кузатади. Унинг ўткир нигоҳи доирасига Бухорода халқни озодлик курашига ундаётган Баҳоуддин Нақшбанднинг ватанпарварона чиқишлари ҳам кирганлиги тарихий ҳақиқатдир.

Соҳибқирон Амир Темур ўз ўгитларининг бирида шундай дейди: “Пиру комил шайх Баҳоуддин Нақшбанднинг – кам егин, кам ухла, кам гапир — деган панду насиҳатларига амал қилдим”. “Аркону давлатга, барча мулозимларимга ҳам айтар сўзим шу бўлди, кам енглар — очарчилик кўрмасдан бой-бадавлат яшайсизлар, кам ухланглар — мукаммалликка эришасизлар, кам гапиринглар, доно бўласизлар”. Ҳа, Нақшбанд таълимотининг ҳаётбахш қувватини жаҳонгир бобомиз ҳар лаҳзада ҳис этиб яшаган.

Амир Темур пирларидан яна бири Мир Сайид Барака 1320 йилда ҳозирги Афғонистоннинг Андхой деган жойида туғилган. У ислом динини кенг тарғиб қилиш мобайнида турли ўлкаларга бориб қолган Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) авлодларидан бўлган. У дастлаб Балхга Амир Ҳусайн ҳузурига боради, лекин Амир Ҳусайн у зотга яхши муносабатда бўлмагани учун Термизга келади ва шу ерда ислом динининг кўзга кўринган пешволаридан бирига айланади.

1370 йил баҳорида Амир Темур амир Ҳусайнга қарши лашкар тортади. Қўшин Термиз яқинидаги Биё қиш­лоғига етганда маккалик шарифлардан Саййид Барака Амир Темур фаолиятини қўллаб-қувватлаб, унга олий ҳокимият рамзи катта ноғора-табл билан ялов — байроқ тортиқ   қилади. Амир Темур салтанат ноғораси ва байроғининг ўзига тортиқ қилинишини чуқур англаб етган ва тарихий манбаларга кўра, мазкур рамзларни умрининг охиригача ардоқлаган. Саййид Баракани эса ўзига пир, деб билган.

Учинчидан, Амир Темур ислом илми ва маънавиятини мукаммал эгаллаган. Юқорида зикр этилганидек, Амир Темур кичиклигидаёқ Қуръони Каримни ёд олган. “Темурийлар шажараси” номли асарда муаллиф Турғун Файзиев Амир Темурнинг ихлос, эътиқоди ҳақида, жумладан, қуйидагиларни келтиради: “Амир Муҳаммад Тарағай аввало комил мусулмон ва баҳодир жангчи бўлган. Шунингдек, уламо фузалога ихлосманд, илм аҳлига ҳомий ва иштиёқманд киши эди”. Тарихчи Хельда Ҳукҳэм ўзининг “Етти иқлим султони” асарида ёзишича: “Темур беш вақт намозни канда қилмас, Рамазон ойи­­да, албатта, рўза тутарди. Ийд Рамазон ҳам Темур саройида катта тантана билан нишонланарди”. Яна мазкур асарда Соҳибқироннинг хайру саховати ҳақида ҳам илиқ сўзлар келтирилган. Амир Темур бир ҳақиқатни яхши англаган — жамият эътиқодсиз яшай олмайди. Одамларга дин керак, иймон керак, ишонч керак. У ўз “Тузук­лари”да шундай дейди: “Ҳар ерда ва ҳар вақт ислом динини қувватладим”.

Темур инсонпарварлик ва мардликни Аллоҳ ҳам, Халқ ҳам улуғлайди, деган гапни кўп такрорлар эди. Шунинг учун ўз муҳрига “адолат” ва “озодлик” деган сўзларни ёздирган эди. У ана шу икки сўзга умрининг охиригача содиқ қолган.

Тўртинчидан, Амир Темурнинг оила ва фарзандлар тарбиясидаги ўрни жуда катта эди. Амир Темур хотинлари орасида энг машҳури Сароймулкхоним номи билан танилган Бибихоним эди. Бибихоним Чингизхон авлодидан бўлгани учун, Соҳибқирон унга уйланганидан кейин Кўрагон унвонига сазовор бўлди. Сароймулк хоним фарзанд кўрмаган. Соҳибқироннинг хотини Турмуш оқадан туғилган ўғли Умаршайх мирзо ва набиралари Али мирзо, Рустам мирзо, Искандар Султон мирзо, Бойқаро мирзо ва бош­қалар бўлган. Дилшод оқадан ўғли Шоҳруҳ мирзо, Шоҳруҳ мирзонинг ўғиллари Улуғбек, Султон Муҳаммад ва бошқалар дунёга келган. Менглик Қурбон оқадан ўғли Мироншоҳ, набиралари Муҳаммад Султон, Оға бегим ва бошқалар туғилган.

Амир Темур бўлажак келинларининг насл-насабига ҳам алоҳида эътибор қаратарди. Адиб Хуршид Даврон “Самарқанд хаёли” номли китобида ёзишича, Амир Темур Ҳиндистондан зафар билан қайтганида, Соҳибқиронни Термизда Сароймулкхоним билан суюкли набираси Улуғбек тантанавор кутиб олишади. Ғалаба муносабати билан Ҳиндистондан олиб келинган ўлжалар намойиши   ўтказилади. Амир Темур набираси Улуғбекни қўлидан ушлаб, кўргазмани айланаркан, Деҳли шаҳридан келтирилган қилични унга совға қилмоқчи бўлади, аммо Улуғбек бобосига қилични эмас, осмон жисмларини ўлчайдиган асбобни, яъни устролобни совға қилишини сўрайди. Темурнинг ушбу саъй-ҳаракатида бир тарафдан биргина Мирзо Улуғбек мисолида нафақат фарзандларига, балки набираларига бўлган эътиборини кўриш мумкин бўлса, бошқа тарафдан Cоҳибқироннинг ҳамда темурий шаҳзодаларнинг моҳир жангчи бўлишларига қарамай, вазият тақозо этгандагина қиличга мурожаат этиши, имкон қадар дунё сир-синоатларини илм-маърифат билан забт этишга интилишини кузатасиз.

Амир Темур давлат бошқарувида “Рости русти”, яъни “Куч адолатдадир” тамойилига асосланиб бошқарган. У ушбу шиорни ҳамиша ўзи билан бирга эканлигини рамзи сифатида узугига ёздирган. У давлатнинг обрўси, шарафи, халқ манфаати йўлида ғоят адолатли бўлган. Темур қаттиққўлликда ўзини ҳам, ўғиллари ва набираларини ҳам, қариндош-уруғларини ҳам аямаган ва давлат ишларида ғоят мустаҳкам турганлиги тарихдан яхши маълум. Унинг оилапарвар, юртпарвар эканлигини фарзанд ва невараларига аталган қуйидаги дил сўзларидан ҳам билишимиз мумкин: “Ҳар неким мамлакат маслаҳати учун айтдим, қулоғингизда тутинглар… Агар менинг васиятимга амал қилиб адлу эҳсон билан оламни обод қилсангиз, кўп йиллар давлат ва мамлакат сизларда қолғусидир”. Амир Темур мамлакатни ситам ва зулм билан эмас, балки юксак маънавият билан, тафаккур билан бошқарган инсонгина узоққа бориши мумкинлигини ҳис этган.

Бешинчидан, Амир Темурнинг ўз юртига ва халқига бўлган муҳаб­бати чексиз эди. Амир Темурда ватанпарварлик, эркинлик ва миллий ғурур туйғуси ниҳоятда юқори бўлгани сабабли ҳам Мовароуннаҳрни чингизийларнинг бир ярим асрлик асоратидан халос этди, қудратли давлат тузиб, ўлкани дунёнинг маънавияти, иқтисодиёти, маданияти энг юксалган минтақасига айлантирди.   Рос­cияни Олтин Ўрда зулмидан, Европани Туркия тажовузидан сақлаб қолди; Амир Темур ўз сиёсатида маданият, ободончилик, ҳунармандчилик ҳомийси бўлиб танилди. Ўз сиё­сати билан маданий юксалишга ва туркий тилнинг ривожига кенг йўл очди, у зот, нафақат Марказий Осиё­нинг маданий-маънавий оламида, балки бутун мусулмон олами тарихида ўчмас из қолдирди ва сўнгги ривожланишига катта таъсир кўрсатди; Амир Темур қатор Шарқ мамлакатлари ва айниқса, Европа мамлакатлари билан дипломатик алоқалар ўрнатиб, улар билан турли савдо-сотиқ, маданий алоқаларга янада кенг йўл очиб берди.

Ўз давлати, халқи равнақи учун ҳаёти ва кучини аямади, ақл-заковати билан иш тутди. У бирор масалани ҳал этишдан олдин шу соҳанинг билимдон олимлари билан маслаҳатлашар, сўнг қарор қабул қилар эди. Амир Темур давлатни ақл-заковат ва ҳуқуқий асос билан идора этган. Унинг “…давлат ишларининг тўққиз улушини кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улушини қилич билан амалга оширдим”, деган сўзлари бунинг ёрқин далилидир.

Тарихчи Ибн Арабшоҳнинг ёзишича, Амир Темур Самарқанд атрофида қад кўтарган бир қанча янги қишлоқларни Шарқнинг машҳур шаҳарлари Димишқ (Дамашқ), Миср, Бағдод, Султония ва Шероз номлари билан атади. Амир Темурнинг фик­рича, Самарқанд катталиги, гўзаллиги ҳамда теварак-атрофининг обод этилганлиги жиҳатидан дунёдаги энг йирик шаҳарлардан ҳам устунроқ турмоғи лозим эди. Ҳофизи Абрўнинг ёзишича, Амир Темур турк, араб ва эронликлар тарихини чуқур билган. Тиббиёт, риёзиёт, фалакиёт, тарих, адабиёт, тилшунослик илми намояндалари, шунингдек, илоҳиёт ва дин соҳасидаги машҳур уламолар билан суҳбатлар ўтказарди. Амир Темур саройида уламолардан мавлоно Абдужаббор Хоразмий, мавлоно Шамсуддин Мунши, мавлоно Абдулло Лисон, мавлоно Баҳруддин Аҳмад, мавлоно Нуъмонуддин Хоразмий, Хўжа Афзал, мавлоно Алоуддин Коший, Жалол Хокий ва бошқалар хизмат қилишарди.

Марказий Осиё халқлари орасида етишиб чиққан буюк тафаккур эгаларининг бутун бир авлоди Амир Темур асос солган ҳудудда шаклланди ва ижод қилди. Бутун дунёга номлари машҳур тарихчилар Шарафуддин Али Яздий, Мирхонд, Хондамир, Давлатшоҳ Самарқандий; олимлардан Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Қозизода Румий; файласуф-шоирлардан Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Лутфий, Саккокий, Атоий; мусаввирлардан Камолиддин Беҳзод, Қосим Али, Мирак Наққош; ҳаттотлардан Султон Али Машҳадий, Султон Муҳаммад Хандон, Муҳаммад Нур ва бошқалар шулар жумласидандир. Уларнинг барчаси ўша давр ва ўзларигача бўлган инсоният маънавияти, маърифати ва маданияти ютуғининг барча соҳаларини мукаммал билиб, ўзлаштириб олган, ўзлари танлаган соҳаларининг ҳали ҳеч ким томонидан забт этилмаган чўққиларини эгаллаган улуғ сиймолар, қомусий илм эгалари бўлганлар.

Ҳозирги кунда фарзандларимизнинг Амир Темурга муносиб бўлиши лозимлиги ҳақида кўп гапирамиз. Бундай юксак салоҳиятга эга шахс­ларнинг   етишиб чиқиши учун эса, аввало ота-оналарнинг маънавий қиёфаси гўзал бўлиши лозим. Қолаверса, халқимизнинг “Бир болага етти маҳалла ота-она” деган пурмаъно ўгити бугунги ҳаётимизда мустаҳкам ўрин эгаллаши, ўқитувчи ва мураббийларимиз таълим-тарбия узвийлигини сидқидилдан таъминлаши, бир сўз билан айтганда, фарзанд тар­бияси замирида жамиятимизнинг эртанги кунига пойдевор қураётганимизни ҳар доим ёдда тутишимиз фарздир. Соҳибқирон маънавиятининг мустаҳкам пойдевори асрларга юз тутиб келаётгани, йиллар ушбу пойдевор тўзонида тўзимасдан, аксинча, янада сайқал топаётгани сири ҳам, шубҳасиз, шундадир.

Бўри ҚОДИРОВ,

Республика Маънавият ва маърифат

маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий

тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи,

тарих фанлари номзоди

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 5 =