“Ватан манзумаси” — юрак қўшиғи
Ҳар бир инсон боласи учун Ватандан улуғ, муқаддас маконнинг ўзи йўқ. Зеро, улуғ боболаримиз “Ўзга юртда султон бўлгандан кўра, ўз юртингда чўпон бўл” дея бежиз айтишмаган. Бу ҳикматнинг маъноси жуда чуқур, жуда тийрандир. Ўзингиз айтинг, нега улкан бир юртнинг подшоҳи бўлса-да Бобур Мирзо бир умр Она юрт ҳажрида куйиб ёнди, Ватан соғинчидан ўртаниб яшади, ҳамиша юрт сари кўз тикди.
Демак, Ватан, Она тупроқ туйғуси қонимизда, жонимизга туташ.
Халқимизнинг ардоқли шоири Абдулла Ориповнинг “Мен нечун севаман Ўзбекистонни” деб номланган шеърини билмаган, ўқимаган ёхуд эшитмаган юртдошимиз бўлмаса керак. Шоир куйлаганидек, инсон боласи қачон ва қаерда бўлмасин, Ватан дейди, Она дейди. Бир сиқим юрт тупроғини кўзига тўтиё айлайди. Бу туйғуни сўзлар билан аслида тўла-тўкис ифодалаб бўлмайди. Ватан меҳрига боғлиқлик абадий жон қўшиғимиздир.
Кеча пойтахтимиздаги муҳташам “Туркистон” санъат саройида “Ватан манзумаси” деб номланган адабий-маърифий дастур намойиш этилди. Унда Ватан, Она юрт, Она тупроқ қадри улуғланди. Буюк жадид боболаримиз Абдулла Авлоний, Абдулла Қодирий, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Абдулҳамид Чўлпон, Усмон Носир сингари эл ўғлонларининг ўтли фикрлари, шеърлари янгради.
Адабий-маърифий кечада асосан юртимизнинг ёш, навқирон шоирлари Ватан ҳақидаги шеърларини ўқиди. Истеъдодли санъаткорлар юракка етиб борадиган қўшиқларни ижро этди. Мудофаа вазирлиги марказий ҳарбий оркестри билан бирга Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли, Ички ишлар вазирлигига қарашли ансамбль, Миллий гвардия ва ашула рақс ансамбли хонандалари, ёш курсантларнинг чиқишлари барчага манзур бўлди. Бу билан юртимиздаги тинчлик ва тотувликни, аҳилликни асраб-авайлаш наинки ҳарбий соҳа вакиллари, балки барча ватандошларимиз, айниқса, ёшларнинг муқаддас бурчи экани ранг-баранг мусиқий чиқишлар асосида намойиш этилди.
Энг эътиборлиси, ана шундай адабий-маърифий кечаларнинг мамлакатимиз бўйлаб жойларда ҳам ўтказилиши кўзда тутилгани жуда ибратли ташаббус. Ахир Ватан мадҳини, Ватан қўшиқларини дилларга жо айлаш нақадар ёқимли ва ҳузурлидир.
Адабий-маърифий кечада Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Ҳайриддин Султонов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов иштирок этди.
Ўз мухбиримиз.