Туркий дунё: Дарёлар туташганда…

Глобал муносабатларда туркий мамлакатларнинг ўрни тобора ошиб бормоқда. Бу борада 2009 йил 3 октябрда таъсис этилган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши муҳим ўрин тутади. Мазкур тузилма фаолиятида Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Озарбайжон аъзо, Венгрия эса кузатувчи мақомида иштирок этиб келмоқда.

 

Поёнига етаётган 2021 йил мазкур халқаро бирлашма тарихида янги саҳифа очди. Хусусан, 12 ноябрь куни Истанбулда бўлиб ўтган VIII саммитда Туркий кенгаш номи Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) деб ўзгартирилди. Бу эса халқаро муносабатлар тизимида тўлақонли янги ташкилот пайдо бўлганидан далолат беради.

Таъбир жоиз бўлса, дарё­­­лар бир­­лашиб азим денгизга айланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Истанбул саммитида иштирок этиб, ҳамкорликнинг улкан салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган муҳим таклифларни ўртага ташлади. Давлатимиз раҳбари, жумладан, Туркий давлатлар савдо ҳамкорлиги тадқиқот маркази, Инжиниринг ва технологиялар марказлари ташкил этиш, “ТДТнинг транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлик дастури”ни ишлаб чиқиш, “Туркий дунё туризми” ва “Табаррук зиё­рат” лойиҳаларини амалга ошириш каби ташаббусларни илгари сурди.

Саммит якунида ўндан ортиқ ҳужжат, жумладан, “Туркий дунё нигоҳи – 2040” имзоланди. Хўш, мазкур стратегик ҳужжат ўзаро робиталарни кучайтиришда қай даражада аҳамиятли? Қарийб 4,5 миллион квадрат километр майдонни эгаллаган, 160 миллиондан зиёд нуфузга эга, ялпи миллий маҳсулоти 1,5 триллион АҚШ долларини ташкил этаётган ТДТ халқаро муаммоларни ҳал этишда қандай ечимлар таклиф эта олади? Ташкилот аъзолари – Туркия ҳамда Қозоғистоннинг юртимиздаги элчиларига ушбу саволлар билан мурожаат қилдик.

Олган БЕКАР, Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси:

– Турк дунёсининг келгуси 20 йиллик истиқболи акс этган “Туркий дунё нигоҳи – 2040” концепцияси ташкилотга аъзо ҳамда кузатувчи мамлакатлар ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш борасида зарур чора-тадбирларни ўз ичига олади. Бу жиҳатдан уни йўл харитаси деб аташ мумкин. Ушбу дастуриламал ҳужжатни қабул қилиш ғояси Қозоғис­тоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев томонидан илгари сурилган эди.

Сиёсат ва хавфсизлик, иқтисодиёт ва секторлараро ҳамкорлик, халқаро ҳамда учинчи томонлар билан алоқалар каби тўрт асосий йўналишга таянган ушбу ҳужжат аъзо давлатларнинг миллий ва жамоавий жабҳада кучли бўлишини таъминловчи стратегик ёндашувларни қамраб олгани билан аҳамиятлидир.

“Туркий дунё нигоҳи – 2040” сиёсат жабҳасида муштарак манфаатлар доирасига кирувчи халқаро ва минтақавий масалалар бўйича мунтазам маслаҳатлашувларни йўлга қўйишга хизмат қилади. Иқтисодий соҳада аъзо мамлакатлар ўртасида тижорий муносабатларни кенгайтириш, савдо ҳажмини ошириш, аъзо ўлкаларни Шарқ ва Ғарб – Шимол ва Жануб савдо йўлларини боғловчи кучли иқтисодий гуруҳга айлантириш, шунингдек, рақамли робиталарни жорий этиш каби мақсадлар кўзланган. Маданият жабҳасида эса турк дунёси маданий меросининг яхлит рўйхатини шакллантириш ҳамда уларни муҳофаза этиш, халқларимизни янада яқинлаштириш учун ҳар йили ҳамкорликда фильм, мусиқа фестиваллари ва тадбирларни ташкил этиш асосий мақсадлар сифатида белгиланган.

ТДТнинг халқаро муносабатларда ишончли иштирокчи сифатидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш ҳам муҳим вазифа саналади. Бу мақсадда учинчи мамлакатлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш мақсад қилинган. Стратегик ҳужжатда бу борада БМТ ва унинг тузилмалари, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш билан муносабатларни мустаҳкамлаш, шунингдек, Европа Иттифоқи, Қора денгиз иқтисодий ҳамкорлиги ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ва Вишеград гуруҳи сингари минтақавий тузилмалари билан робиталарни йўлга қўйиш белгиланган.

Мухтасар айтганда, жаҳон айвонида шиддатли ўзгаришлар рўй бераётган бир паллада беқарор халқаро муҳитда бўй кўрсатаётган муаммоларни ҳал этиш учун стратегик ҳужжат сув билан ҳаводек зарур эди. Халқларимизнинг тил, маданият ва муштарак тарихидан маънавий куч олган ТДТ таъсис этилган илк кезларданоқ аъзолар ўртасида робиталарни босқичма-босқич такомиллаштириш учун мус­таҳкам пойдевор қўйилган эди. Собиқ Туркий кенгаш ҳаётга татбиқ этган мақсад-ғоялар эса эндиликда Туркий давлатлар ташкилоти дея янги ном билан аталган тузилма фаолиятида тўлиқ акс этмоқда. “Туркий дунё нигоҳи – 2040” ушбу йўналишларга ҳаётбахш куч бағишловчи дастурдир.

Назаримда, ТДТ мавқе-мақомининг ошиши аъзо мамлакатлар ўрнини мус­таҳкамлаб, уларнинг фаровонлигини таъминлабгина қолмай, туркий дунёнинг бошқа минтақалардаги ролини кучайтиришга, айни чоғда, умуминсоний эзгу мақсадлар рўёбига хизмат қилади.

Дархон САТИБАЛДИ, Қозоғис­тоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси:

– Туркий тилли давлатлар билан муносабатларни чуқурлаштириш ҳамиша Қозоғистон Республикаси ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади. Бу борада Қозоғистон Республикаси Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг ҳам хизмати катта. Туркий кенгашнинг жорий йил ноябрь ойида Туркияда ўтказилган VIII саммитида Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев ҳозирги мураккаб даврда мушкулотларни енгиш, барқарор тараққиёт йўлида бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиш, янги технологияларни ишлаб чиқариш бў­йича яқиндан ҳамкорлик қилиш муҳим вазифа эканини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари замонавий муаммоларни ҳал этишда туркий мамлакатлар ҳамкорлик қилиши мумкин бўлган устувор йўналишларни санаб ўтди.

Биринчидан, қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиш. Бу эса истиқболда углерод бетарафлигига йўл очади.

Иккинчидан, водород энергетикасини ривожлантириш. Бу борада ТДТ мамлакатларининг етакчи илмий муассасалари саъй-ҳаракатларини уйғунлаштирувчи халқаро консорциум тузиш таклифи илгари сурилди.

Учинчидан, глобал исиш, сув ва озиқ-овқат хавфсизлиги, трансчегаравий сув манбаларидан самарали ва одилона фойдаланиш бўйича биргаликда қарорлар ишлаб чиқиш. Қозоғис­тон томони ҳамкорликда гидроиншоотлар қуришга тайёрлигини билдирди.

Тўртинчидан, “яшил” технологиялар ва лойиҳаларни амалга татбиқ этиш учун “яшил” капитал бозорини ривожлантириш. Давлатимиз раҳбари “Остона” халқаро молия маркази ҳамда Қозоғистон фонд биржасининг бой тажрибаси ва кенг имкониятларини ҳисобга олиб, туркий мамлакатларнинг “яшил” облигацияларини мазкур тузилмалар платформаларига жойлаштиришни таклиф қилди.

Бешинчидан, шаҳар аҳолиси сони ошиб бораётганини инобатга олган ҳолда хизмат сифатини ошириш. Бу борада туркий мамлакатларнинг IT компаниялари ўртасида “ақлли шаҳар” лойиҳалари доирасида ҳамкорликни кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

Қардош Ўзбекистоннинг ТДТга аъзо бўлиши тузилманинг нуфузини оширганини мамнуният ила қайд этишни истардим. Бу эса туркий тамаддун ҳамда савдо-инвестиция алоқаларини ривожлантиришда янги истиқбол эшикларини очади, божхона ва транзит жараёнлари, шунингдек, банк-молия операцияларини соддалаштиришга хизмат қилади.

Биз Ўзбекистоннинг узоқ давом этаётган пандемия туфайли юзага келган муаммоларни ҳал этиш, иқтисодиётни қайта тиклаш ва маданий-гуманитар алоқаларни жонлантириш борасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаймиз. Таъкидлаш жоизки, 2022 йилда ТДТнинг илк саммитига айнан Ўзбекистон мезбонлик қилади. Ушбу анжуман туркий дунё ўлкалари робиталарини янада мустаҳкамлашига ишончим комил.

Собиржон САЛИМ ёзиб олди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − 4 =