Китоб ҳақида китоб

Китоб нима? У қандай ёзилади? Унинг қандай турлари мавжуд? Китобнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти қандай? Китобни қандай ўқиш керак? Қандай одамни чин китобхон дейиш мумкин?..

Булар ўзини китобхон санайдиган ҳар бир зиёли томонидан ўзига ўзи ва унга бошқалар томонидан бериладиган қизиқарли, долзарб саволлар бўлиб, уларга жавоб бериш учун ҳам изланиш, ўқиш керак бўлади.

Ўндан ортиқ шеърий китоб ва таржималар муаллифи, таниқли шоир, таржимон ва публицист Ҳумоюн бу каби кўпчиликни ўйлантирадиган саволларга жавоб топишда замондошларига яқиндан кўмак бериш мақсадида шиддат билан ўтиб бораётган 2021 йилда бирданига иккита: аввал “OYDIN” нашриёти томонидан “Сим-сим… Мутолаа сирлари” кейинроқ эса “CLOBAL BOOKS” нашриётидан “Ижод фалсафаси” номли китобларни нашр эттирди.

 

 

Тўғри, бу мавзу олим, ижодкор, ноширларни анчадан бери   қизиқтириб келади. Жумладан, мамлакатимизнинг энг нуфузли нашриётларидан бири бўлган “Ўқитувчи” нашриёти томонидан 1985 йилда таниқли тилшунос олим Ҳасанали Рустамов муаллифлигида “Ўқувчиларда китобга муҳаббатни тарбиялаш”, 1988 йили тарих фанлар доктори, профессор Е.Л.Немировс­кий тузувчи-авторлигида “Китоб нима?”, 1993 йили бутун умри ва фаолиятини болалар адабиётига бағишлаган филология фанлари доктори, профессор Сафо Матжон қаламига мансуб “Китоб ўқишни биласизми?” номли рисола ва китоблар чоп этилган. Аммо қуйида биз сўз юритмоқчи бўлган икки китоб бир неча жиҳатлари билан аввалги китоблардан тубдан фарқ қилади.

“Сим-сим… Мутолаа сирлари” номли китобда инглиз, испан, рус, француз, олмон, япон, бельгия, миср, чех, британ, ливан… адабиётининг ўттизга яқин энг машҳур адиб, шоир, файласуфларининг китоб мутолааси ҳақидаги дурдона фикрлари жамланган бўлиб, улар замондошларимизнинг китобхонлик маданиятини оширишга катта ёрдам беради.

Китоб таниқли шоир, таржимон ва файласуф олим Абдулла Шернинг “Хазинага йўл” деб номланган сўз боши ўрнидаги эссеси билан бошланган.

“Бугунги кунда шахсан Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан йўлга қўйилган миллатни китобга қайтаришдек муҳим ва савобли ҳаракат тобора тезлаб бормоқда, дея таъкидлайди Абдулла Шер мазкур эссеси хотимасида. Шу сабабли яқин орада янгиланаётган Ўзбекистонда мутолаа маданияти даражасининг юксалиши ва улуғларимиз томонидан бу борада ўзига хос мақола ҳамда хотиралар ёзилиши шубҳасиз. Шу боис бизни деб анчагина заҳмат чеккан Ҳумоюн дўстимизга раҳмат айтиб, хазинага бориш йўлларини яхшироқ билиб олиш учун китоб мутолаасига киришайлик.”

“Ижод фалсафаси” деб номланган иккинчи китобда ўзбек ва жаҳон адибларининг ижодий тажрибалари, айрим асарларининг ёзилиш жараёни ҳақидаги ҳаётий, қизиқарли ҳикоялар маҳорат билан саралаб, жамлаб   берилган.

Китоб таржимон ва тўпловчи Ҳумоюннинг “Биз севган дунё” деб номланган сўз боши ўрнидаги мақоласи билан бошланган бўлиб, унда, жумладан шундай дейилади: “…қалам аҳлини бирлаштириб турувчи айрим жиҳатлар борки, уларни ўқиб-ўрганиш ёшлар учун жуда муҳим. Жумладан, адабий тур ва жанрлардан ўз ўрнида фойдаланиш, ёзувчининг ҳаёт фалсафаси, янги асар ёзишга тайёргарлик жараёни, сўзга муносабати, асар тили, замон ва макон масалалари, персонажлар қиёфасини яратиш ва ҳоказо.

Ушбу тўпламда шу сингари масалалар юзасидан бевосита бадиий асар муаллифлари – ёзувчилар сизга ўз тажрибаларини сўзлаб берадилар”.

Чиндан ҳам, севимли адибимиз Абдулла Қодирий ўзининг машҳур тарихий асарларини қандай яратганлиги, Ойбек “Навоий” романини қандай ёзганлиги ёхуд Миртемир, Асқад Мухтор, Эркин Воҳидов, Шукур Холмирзаев, Муҳаммад Али каби устоз адибларимизнинг ўзига хос ижод жараёнларини билиш ҳар бир китобхон учун жуда қизиқ ва аҳамиятли.

Китобнинг иккинчи қисмида жаҳон адабиётининг йирик вакиллари Эдгор По, Жек Лондон, Хэрманн Хэссэ, Генри Миллер, Акутагава Рюнеске, Жорж Оруэл, Эфим Эткинд, Умберто Эколарнинг ёзувчилик, ёзувчидан талаб қилинадиган энг муҳим хусусиятлар, уларнинг нима учун ва қандай ёзишлари ҳақидаги қимматли фикрлари саралаб, китобхонга қулай усулда баён қилинган.

“Бадиий асар ёзувчи сифатида етарлича ғалати одамман, –   дея эътироф этади машҳур итальян адиби Умберто Эко мазкур тўпламда келтирилган “Мен қандай ёзаман?” сарлавҳали хотира мақоласида. – Аслида мен саккиз-ўн беш ёшлар оралиғидаёқ роман ва ҳикоялар ёзишни бошлаб юборганман… Китоблар фақат китобхонлар учун ёзилади. Ўзим учун ёзяпман, деб онт ичган ёзувчи сизни сурбетларча алдайди. Ва унинг қай даражада даҳрий эканини ўйлашнинг ўзи даҳшатли. Ҳатто бу сўз мутлақ дунёвий маъносида айтилганда ҳам…”

Дунё эътироф этган таниқли адибларнинг бу каби очиқ, жайдари фикрлари билан танишиш ҳар бир китобхон учун жуда қизиқ ва аҳамиятли, албатта.

Шу жиҳатдан олиб қараганда, биз фикр юритган бу икки китоб нафақат ёш ижодкорлар, филология факультетлари талабалари, ёш китобхонлар, балки барча китобхонлар учун жуда фойдали манба, ҳар икки китоб ўзбек китобхонлари учун катта совға бўлганлиги шубҳасиздир.

Сиддиқ МЎМИН,

филология фанлари доктори, профессор,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six − 5 =