Она юртим шамоллари

Адабий дўстликабадий дўстлик

Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг шеърлар тўплами қорақалпоқ тилида нашр этилди

Қорақалпоқ адабиёти қадим туркий тилли адабиётнинг теран томирларидан саналади. Бу томирлар Амударё ва Сирдарёдан сув ичган, ўз замонида Оролдек тўлиб тошган, бугунги кунда тобора гуркираб ривожланиб бормоқда, мўл-кўл самаралар бермоқда.

Сирожиддин Саййид қорақалпоқ халқ оғзаки ижодини, қорақалпоқ мумтоз ва замонавий адабиётини кўп ўқийди. Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсуповнинг шеърларини ёд билади. Айниқса, “Эсар Жайҳун шамоллари” шеърини ҳар қадамда такрорлаб юради.

Қайда юрсам соғинтирар

Она юртим томонлари.

Хаёлимда саҳар-саҳар,

Эсар Жайҳун шамоллари…

 

Ўзбекистон — шонли диёр,

Булбуллар ишқинда ёнар.

Ҳамма фаслинда навбаҳор,

Эсар Жайҳун шамоллари…

Яна таниқли қорақалпоқ шоири, Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган маданият ходими Бахтиёр Генжамурод билан ёшлик вақтида Дўрмон семинарида бирга қатнашганини, ўшанда устоз Эркин Воҳидов маҳорат сабоқларини берган шеърият шўъбасида бадиий сўз сирларини ўрганганини ўзгача завқу сурур билан сўзлайдики, ушбу мароқли ҳикояларни тинглаган одамнинг ҳаваси келади.

Шоир Мўйноққа, Устюрт кенгликларига кўп ижодий сафарлар қилган. Бу юртдаги ислоҳотларни кўп бора қаламга олган. Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган улуғвор ишлар ҳақида “Матонат манзили” номли йирик шеърий асар битди. Янги Ўзбекистоннинг, Янги Қорақалпоғистоннинг нурли келажагини яратиш учун матонат билан меҳнат қилаётган замондошларимиз образларини маҳорат билан тас­вирлайди:

 

Мен ҳам бошга қия қўйиб

                     Қорақалпоқ бўркини,

Кўрсам Устюрт қирларидан

                     Она юртим кўркини.

Кўз илғамас кенгликларга

                     тўлган кўнглим етгайдир,

Уфқларга қадар кўнглим

                     бир ястаниб кетгайдир!

 

Устоз Ибройим Юсуповнинг бир вақтлар ўз шогирди Улмамбет Хўжаназаровга бағишлаб ёзган шеърини устоз Сирожиддин Саййид теран ҳикматга эга асар сифатида баҳолаб, давраларда айтиб юради.

 

Улмамбетжон, айтсам саған,

Дуруст қилдинг қалайда.

Нукусда сўз ҳайдагандан

Бўзатовда мол ҳайда.

 

Президентимиз ташаббуси билан Қорақалпоғистонда Бўзатов тумани ташкил этилди. Ажиниёз бобо таваллуд топган Бўзатов бугун обод манзилга айланди, бу ерда замонавий шаҳар барпо бўлди. Ибройим оғанинг қуруқ сўздан кўра, амалий иш яхши, деган фалсафий фикри ҳамда эзгу ниятлари бугун ижобат бўлмоқда.

Қорақалпоғистонда маънавий соҳаларда ҳам ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Адабиёт ривожланмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан чоп этилган “Туркий адабиёт дурдоналари” 100 жилдлик китоблар мажмуасининг беш жилди қорақалпоқ адабиётидан иборат. Шу билан биргаликда “Қорақалпоқ адабиёти дурдоналари” номли ўн олти жилдлик китоблар ўзбек тилига таржима қилиниб, нашрга тайёрланди. Ўзбек адабиётининг энг сара намуналари қорақалпоқ тилига таржима қилинмоқда. Адабиётимизнинг буюк намояндалари Алишер Навоий достонлари, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асари, Зулфия, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов шеърлари ва достонлари, Ўткир Ҳошимов, Муҳаммад Али романлари, Исажон Султон ҳикоялари қорақалпоқ тилига таржима қилинган.

Куни кеча Нукусдан яна бир янги китоб келди. Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг “Ана журтим” (“Она юртим”) номли 335 саҳифадан иборат шеърлар тўплами қорақалпоқ тилига таржима қилиниб, Нукус шаҳридаги “Қарақалпағистан” нашриётида чоп этилибди. Шоирнинг уч юз ўттиздан зиёд шеърларини Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Қорақалпоғистон халқ шоири Кенгесбой Каримов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Бахтиёр Генжамурод, таниқли шоир Жуманиёз Ўтаниёзов қорақалпоқ тилига таржима қилган.

Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Кенгесбой Каримов китобни нашрга тайёрлаган ва сўз боши ёзган.

“Сурхондарё вилоятининг олис Кундажувоз овулида туғилган бўйра сочли, кўзлари дунёга ўйчан боққан Сирожиддин отли бола кичкина вақтидан бошлаб футбол ўйнашга ва эртаклар билан афсоналарни тинглашга қизиқарди, — деб ёзади Кенгесбой Каримов “Болаликдан бошланган достон” мақоласида. — Боланинг момоси Ойбийи момодан тортиб, Сайидумар оғаси, Исломиддин тоғалари халқ достонлари, эртакларни унга кўп айтиб беришарди”.

Шоирнинг ўз болалиги ҳақидаги мақолалар, шеърларида ушбу воқеалар қизиқарли тасвирланади. Кўз ўнгимизда қиш­лоқ манзаралари, бўлажак шоир ўқиган мактаб, синфдош дўстлари қиёфалари гавдаланади. Сирожиддин Саййиднинг тўрт жилдлик “Асарлар” китобининг “Насрий оҳангларда” деб номланган бўлимида бадиий насрнинг чинакам намуналарини ўқийсиз. Турфа хил ибратли ҳаётий воқеалар жонли ва таъсирчан тасвирланади. Вақт, замон ва ҳар хил инсонлар образлари маҳорат билан чизилади. Ана шу “Насрий оҳангларда” бўлимига киритилган суҳбатлардан бирида “Агарда болалик пайтингиз қайтиб келса, қайси касбни танлаган бўлардингиз?” деган саволга шоир шундай жавоб беради: “Ҳозирги шарт-шароитлар ва имкониятлар билан бўлсайди — шак-шубҳасиз, футболни танлар эдим. Мактабда бу ўйинни жуда яхши кўрардим. Футбол тўпи, ям-яшил чимзор, кўкаламзор сайҳонлик менинг жону дилим эди. Мендан зўр футболчи чиқишига ҳам ишонардим. Узун бўйим, узун оёқларим бунга кафиллик бериб турарди. Радио-телевизорлар эса “Пеле, Пеле” деб ҳайқириб ётарди. Ўша замонларда бизнинг юртдан фақат пахта ва олтин чиқариларди, жаҳон чемпионлари эса негадир Ўзбекистондан чиқмас эди. Ўсмирлигимда шу алам билан “Бизлардан бўлмади ҳеч ким чемпион” деб ёзган бир шеърим ҳам бор”.

 

Бизлардан бўлмади ҳеч ким чемпион,

Спортни тарк этди болалар кўпи.

Ҳануз мени қийнар у стадион,

Ҳануз мени қийнар у футбол тўпи.

 

Ҳайқирди радио, телевизорлар

Кўкларга кўтариб Пелеларини.

Таъзирин берарди ота-оналар

Футбол деб югурган болаларини.

 

Яхши эслайман, қорақалпоқ шоири, дўстим Бахтиёр Генжамурод билан иккаламиз бирга устозимиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповни зиёрат қилгани борганимизда суҳбат жараёнида ижодда ҳаммамизнинг бошимизни силаб улғайтирган меҳрибон устозимиз ўзининг садоқатли шогирди Сирожиддин Саййидга бўлган меҳрини изҳор этиб: “Бугун ўзини шоир деб ҳисоблаб, жилд-жилд китоб чиқариб, қоғоз қоралаб юрганларнинг кўпини Сирожиддин Саййиднинг болалигида футбол ўйнаб, чим устига оёғидан тушиб қолган тирноғига ҳам олмайман”, — деган эди у.

 

Гоҳида кўзда ёшу гоҳида хандон бўлдик,

Гоҳида болға бўлсак, гоҳида сандон бўлдик,

Ахийри кулиб толе, соҳиби даврон бўлдик,

Фақатгина халқ яшар, фақатгина қолур халқ.

“Адабиёт деган катта кема бор, — деган эди юқоридаги сатр­лар муаллифи устоз Абдулла Орипов бир суҳбатларида, — ўша кемага чиқолмай қолганларга раҳмим келади”.

Шоир армон билан изҳор қилган дардлар, орзу-умидлар бугун Янги Ўзбекистон фарзандлари тимсолида рўёбга чиқди. Шунинг учун Сирожиддин Саййид бугун жаҳон чемпиони бўлган ўғил-қизларимизни беармон мадҳ этиб шеърлар битади. Чемпионларимиз шарафига Ўзбекистон байроғининг жаҳон ареналарида ҳилпираб кўкларга кўтарилиши, Она Ватанимизнинг Давлат мадҳияси янграши шоирни, барчамизни ҳаяжонга солади.

Шу ўринда бир тимсолни айтиб ўтмоқ жоиз. Сирожиддин Саййид футбол бўйича жаҳон чемпиони бўлмаган бўлса бордир, лекин у адабиёт, шеърият бўйича чемпион бўлганига шак-шубҳа йўқ. 2023 йили шоир халқаро адабий алоқаларга қўшган ҳиссаси учун туркий тилли давлатлар маданияти — ТуркСОЙ ташкилотининг олтин медали билан мукофотлангани фикримизнинг яққол далили бўла олади.

“ХХI асрнинг бошларига келиб Сирожиддин Саййид мус­тақил Ўзбекистоннинг забардаст шоирига айланди, — деб ёзади Кенгесбой Каримов. — Унинг шеърларида Ватанга, туғилган ерга, юртдошларга бўлган муҳаббат қудратли товушга айланди.

 

Балент-балент товларда

Бийкар жатқан қар болмас.

Ширилдаған палапан

Аспансиз шунқар болмас.

 

Боталари изинен

Келмесе ол нар болмас.

Журтинғ — сенинг савлатинғ,

Ўз-ўзинен бар болмас, —

 

дейди у “Ана журт” қўшиғинда”.

Ушбу шеър она тилимизда қуйидагича:

 

Баланд-баланд тоғларда

Бекорларга қор бўлмас.

Чирқираган полапон

Бежиз бир кун сор бўлмас.

Бўталари изидан

Келмаса гар — нор бўлмас.

Юртинг — сенинг юзингдир,

Юртнинг ўзи бор бўлмас.

 

Таржимадаги “Бийкар жатқан қар болмас”, “Аспансиз шунқар болмас”, “Журтинғ — сенинг савлатинғ, Ўз-ўзинен бар болмас” иборалари қорақалпоқ тилида ўзгача жаранглайди (Таржимон Бахтиёр Генжамурод). Ҳаёт тажрибалари, қанчадан-қанча синовлардан ўтган, шоирнинг қувваи ҳофизаси орқали мақолга, ҳикматли сўзларга айланиб кетган ушбу образли мисралар мазмуни жуда теран. Миллат, халқ, она Ватан тақдири, унинг шонли ўтмиши, бугуни ва келажаги ҳақидаги армонлар, орзу-умидлар тасвирланган шеърнинг сўзлари олмос мунчоқдек тасаввурни қамаштиради, юракка завқу шавқ беради. Неча минг йиллик қадимий оҳанглар янгича жило билан янграган бундай шеърлар туркий тилнинг қорақалпоқ шевасида қулоққа ёқимли эшитилади. Бунинг сабаби шеърнинг асл жозибаси, айниқса, таржимоннинг бадиий маҳоратидадир.

Қорақалпоқ тилидаги “Ана журтим” деб номланган китобнинг номи ана шу шеърдан олинган.

Китобнинг илк саҳифалари “Ният” номли шеър билан очилади:

 

Бийил суюншиға талас болажақ,

Меҳр басимизға қуйаш болажақ.

 

Бала тап қарийалар мисали дана,

Қарийа бала киби шоқ, жас болажақ.

 

Қайтип Мадинадан, Ҳиндистанлардан,

Қалдирғашлар тағи сирлас болажақ.

 

Албатта, ҳар бир китоб нашрга тайёрловчи томонидан ғоявий-бадиий жиҳатдан маълум мақсадни кўзлаб тузилади, унга тартиб берилади. Бунда ҳам шоирнинг, ҳам китобни нашрга тайёрлаган муҳаррирнинг дунёга, одамларга, элу юртга айтмоқчи бўлган сўзлари, фалсафий фикрлари, айни пайтда бадиий услуби намоён бўлади. Илк шеър билан ўқувчи диққатини тортиш, уни шеър билан сеҳрлаб, юрагини забт этиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Машҳур адиблар таъбири билан айтганда, ўқувчи асар муаллифи билан яккама-як­­ка беллашувга чиққан “рақиб”дир. Илк жумла ёки илк шеър билан асар муаллифи енгади ёки енгилади. Енггани ўқувчи фикри-хаёлини китоб саҳифаларига муҳрлаб қўяди, енгилган ёзувчининг китобини ўқувчи ўқимай, отиб юборади. Ёзувчи билан ўқувчи ўртасидаги муносабатни Кортасар бокс спорт мусобақасига ўхшатган эди: “Роман ҳар доим очколар бўйича ғалаба қозонади, ҳикоя нокаут билан ютиши зарур”. Шеър ҳам шундай бўлиши керак.

Шеър сеҳри, оҳанги ва ҳикмати билан китобхон кўнглига ёруғ ва эзгу туйғуларни бахш этса, бу шоирнинг бахти. Юқорида биз мисол келтирган шеърнинг асли шундай:

 

Бу йил севинчларга талош бўлажак,

Меҳримиз бош узра қуёш бўлажак.

 

Болалар кексалар сингари доно,

Кексалар боладай шўх, ёш бўлажак.

 

Қайтиб Мадинаю Ҳиндистонлардан,

Қалдирғочлар яна тилдош бўлажак.

 

Таржимада қипчоқ лаҳжасига хос “ж”, “қ”, “с”, “ш” товушлари ўзгача оҳанг билан эшитилади. Айниқса, “Бийил суюншиға талас болажақ”, “Қалдирғашлар тағи сирлас болажақ” сатрлари, улардаги “суюншиға”, “тағи” сўзлари фонетик образ яратади, қадимий туркий тилнинг оҳанрабоси билан онгу шууримизга кучли таъсир қилади.

Шеърлар номини қорақалпоқча талаффуз билан санаймиз: “Жаслиқ. Баҳар. Муҳаббат”, “Такирар”, “Муҳаббат ҳазили”, “Савға”, “Неъматулла ағаға”, “Неге”, “Ай”, “Умир”, “Гулше” ва ҳоказо. Ушбу шеърларнинг ҳар бирида шундай фонетик, морфологик янгиланишлар, услубий-шаклий ҳодисалар мавжуд.

Китоб мутолааси давомида ҳар бир таржимоннинг ўзига хос маҳорати, ўзининг услуби, изланиш ва қизиқишлари ёрқин кўринади. Масалан, Кенгесбой оға ўз руҳига мос шеърларни танлаб таржима қилган. Жуманиёз Ўтаниёзов ўзи ҳарбий соҳадан чиққан ижодкор бўлгани учун кўпроқ ҳарбий-ватанпарварлик, устозларга эҳтиром, эл-юртга муҳаббат мавзусидаги шеърларни танлаган. Бахтиёр Генжамуродни эса, жаҳон шеъриятининг янгича шакллари, қуйма метафоралар, шарқона қисқа, лўнда ва теран ҳикматлар, сўз сифатидаги ва матндаги кашфиётлар қизиқтиради. Бахтиёр анча мураккаб шеърларни танлаган ва энг кўп таржима қилган.

“Ана журтим” китобининг бадиий композицияси Қорақалпоғистон кенгликлари манзаралари, нефть ва газ конлари, бун­ёдкорлик ишлари қаламга олинган “Мартлер манзили” (“Матонат манзили”) достони билан якунланади. Муаллифнинг бу бепоён диёрга, кўнгли кенг, мард ва олижаноб қорақалпоқ халқига бўлган меҳр-муҳаббати изҳори намоён бўлади. Асар дебочасида шундай сўзлар битилган: “Ташкенттен минглаған чақирим, Нукустан 500 чақиримға чамалас қашиқлиқта жайласқан шегара маканда Президентимиз тарепинен қисқа вақит ишинде абаданластирилған “Қарақалпақистан” шаҳаршасинде жасап, мийнет етип атирған журтласларимиз ҳам уси жердеги пуқаралар жийини баслиғи Қутли Қошимбетоваға бағисланған”.

 

Умир недир — мартликдир ол,

Зор ғайратдур, заманлас,

Жасав недур — гуреслерден

Ибаратдур, заманлас.

 

Эсимда, Президентимизнинг Қорақалпоғистонга расмий ташрифларидан бирида олис Қорақалпоғистон қўрғони маҳалла раиси Қутли Қўшимбетова сўзга чиқиб: “Мен Ватанимизнинг энг чекка шимолий чегарасида ҳилпираб турган Ўзбекистон байроғини кўрганимда шундай Ватанда яшаётганимдан ҳаяжонланиб, ниҳоятда ғурурланиб кетаман. Шоир бўлганимда эди, жўшқин туйғуларимни шеърга солган бўлардим, ёзувчи бўлганимда романлар ёзар эдим…” деб Ватанимизга бўлган муҳаббатини изҳор этди.

Бу гапларни эшитганимиздан сўнг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид раҳбарлигидаги ижодий гуруҳ билан беш юзга яқин бадиий китобларни олиб, Қутли опа Қўшимбетова билан юзма-юз суҳбатлашиб, ўша олис манзилдаги бунёдкорлик ишлари билан танишиш учун “Қайдасан, Қорақалпоғистон қўрғони” деб йўлга тушдик. Нукусда Кенгесбой Каримов йўлбошчилигида “Jeep” русумли машинага ўтириб, йўл юрдик, йўл юрсак ҳам мўл юрдик. Аввал шаррос ёмғир қуйди, сўнг қорга айланди. Қўнғиротдан кейин бош­ланган Устюрт кенгликлари кимсасиз. Йўллар лой, балчиқ, ҳайдовчилар “яма” деб атайдиган ўйдим-чуқур кўп. Ёғингарчилик шароитида машина тез юролмайди. Шу боис жуда секин юрамиз, бошқа илож йўқ… Нукусдан ўн-ўн бир соатлар йўл юриб, Қутли опанинг ҳузурига етдик. Шоирларни, Тошкентдан совға қилиб келтирилган китобларни кўрган қорақалпоғистонликлар қувончини ифодалашга сўз ожиз. Ҳамманинг тилида: “Бизнинг шунча чеккадаги овулимизга Президентимиз шоирларни юборибди, бунинг устига яна кўп китоблар жўнатибдилар!” деган гап роса шов-шув бўлди ўшанда. Юртдошларимизнинг бундай ҳайрату ҳаяжонларини кўрганимиздан кейин олис йўл азоблари эсимиздан чиқиб кетган. Нукусга қайтгунимизча эса ана-мана тонг отиб қолган эди. Ана шу ижодий сафардан кейин Сирожиддин Саййиднинг “Матонат манзили” достони дунё­­га келди. Шеърий сатрлар кенг саҳроларга ёққан ёмғиру қорлар, осмондан бошга тегай-тегай деб энгашиб турган булутлар юзишидан, қувраб ётган туяқоринлар, ҳазорисбандлар, ёвшанлар ифоридан, нефть-газ конлари миноралари, ниҳоятда улкан қувурлар ҳайратларидан баҳра олиб, кимсасиз чўлда тизилиб юрган туялару бўталоқларнинг лўкиллашларидан оҳанг олиб, энг муҳими, бунёдкор замондошларимиз мардлигидан руҳ олиб пишди.

 

Сўз қарзини жони бирлан

                        тўлаб борган боболар,

Устоз Иброҳим оға ҳам

                        Тўлепберген боболар.

Томирларда қонлар қайнар

                        Ер остида конлардай,

Ер остида конлар қайнар

                       томирларда қонлардай.

Янги давру замонларнинг

                       дашту кенгликларида

Конлар узра қатор кетган

                       ундов белгиларидай —

Пайдо бўлган ҳар минорни

                       меҳримга қўйсам дейман,

Давру замон даъватидай

                       шеъримга қўйсам дейман.

 

Китобга кирган элликка яқин шеър ва “Матонат манзили” дос­тонини Кенгесбой Каримов, саксон бешга яқин шеърни Жуманиёз Ўтаниёзов, тўқсон икки шеър, 67 та фардни Бахтиёр Генжамурод таржима қилган. Унда шоир шеъриятидаги барча жанрлар қамраб олинган. Айтиш жоизки, барча шеърлар юксак бадиий маҳорат билан қорақалпоқ тилига ўгирилган. Шу фикр­­га асосланиб, Сирожиддин Саййиднинг “Ана журтим” шеърлар тўплами нашри ўзбек-қорақалпоқ адабий алоқалари ривожидаги муҳим воқеа бўлди, дейиш мумкин. Айни пайтда ўзбек шоирининг бадиий маҳорати, изланишлари ва тажрибалари қорақалпоқ шеъриятини бойитишга хизмат қилади. Ёш ижодкорларга турли жанр, шакл ва услубларда шеърлар ёзишга, янги бадиий тасвир воситаларини ўрганишида маҳорат сабоқлари вазифасини ўтайди. Шундай қилиб, ўзбек ва қорақалпоқ адабиёти бир-бирини бойитади, бир-бирини тўлдиради.

Фахр ила айтиш жоиз, Президентимиз томонидан бугун бадиий адабиёт ривожига катта эътибор қаратилмоқда, ижод аҳли учун зарур барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Агарда ўзбек ва қорақалпоқ адабиётини ёнма-ён югуриб бораётган икки улоқчи отга қиёсласак, улар бир мақсад, бир манзил, бир марра — Учинчи Ренессанс сари жуда катта шашту шиддат билан югуриб бормоқда, чавандозларнинг қўлидаги Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон байроқлари осмон узра юксакларда беармон ҳилпирайверади.

Рустам МУСУРМОН,

Қорақалпоғистон халқ шоири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 2 =