Телевидениенинг ватани — Тошкент

Инсон ҳаётини оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур этиши қийин. Бугун жамиятда уларнинг ўрни беқиёс. Телевидение, радио, газета ёки интернет – ҳар бирининг ўзига хос ахборот бериш тартиби ҳамда йўналиши бор. Ким қандай ахборотга эга бўлса…

Аммо барчасининг ўз ўрни билан бирга улар орасида телевидениенинг аҳамияти беқиёс. Биз у орқали кўра оламиз, эшитамиз, муҳими тас­вир ва овоз унда мужассам.

Тўғри, кимдир айтиши мумкин, интернетда барчаси мавжуд деб, аммо телевидение улардан фарқли ўлароқ тамал тошини қўйиб улгурган оммавий ахборот воситаларидан ҳисобланади. Таъкидлаш лозим, телевидение ахборот ва маълумотлар маконига айланган, кенг омма эҳтиёжларини қондирувчи восита сифатида хизмат қилиб келмоқда. Унинг тарихи деярли бир асрга бориб тақалади. Ота-боболаримизга завқ бағишлаган, уларни бир уйда дийдорлашишлари учун имкон берган замонавий ясси экранли телевизорларнинг “бобокалонлари” ХХ асрнинг йигирманчи йилларида АҚШ, Япония, Россия ҳудудида электрон нурлар орқали тасвир узатиш ва қабул қилиш борасида тадқиқотлар олиб бориш жараёнида пайдо бўлган. Шубҳасиз, бу ҳолат барчага қувонч бағишлаган, замон билан ҳамнафас яшаб, ривожланишга, ўсишга туртки берган. Муҳими, янгиликларнинг тез ва осон етказилишини таъминловчи ахборот макони ҳам ҳисобланган.

Маълумотларга ёндашадиган бўлсак, 1996 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамбеляси илк маротаба Бутунжаҳон телевизион форумини ташкил этиш ҳақида қарор қилиб, тадбир ўтказиладиган санани “Xалқаро телевидение куни” деб эълон қилган.   Дунёнинг кўпгина мамлакатларида соҳа вакиллари 21 ноябрни байрам сифатида нишонлашади.

Таъкидлаш лозим, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси телевидениени жаҳоннинг эътиборини можаролар, тинчлик ва хавфсизликка таҳдид соладиган ҳолатларга ҳамда иқтисодий-ижтимоий масалаларни ўз ичига олган бошқа муҳим масалаларга қаратишда асосий таъсир кучи деб тан олган.

Шунингдек, телевидение жамоатчилик фикрини бошқаришнинг муҳим воситаси сифатида ҳам айтилган. Аммо қайд этиш лозим, телевидение жамоатчилик фикрини ўрганган ҳолда унга таҳлилий ёндаша оладиган ва реалликка асосланган оммавий ахборот воситаларидан ҳисобланади.

Дарвоқе, кўплаб манбаларда телевизорнинг ватани дея пойтаxтимиз Тошкент эътироф этилган. Электрон телевидение тизими 1928 йилда тошкентлик икки кашфиётчи Б.П.Грабовский ва И.Ф. Белянский томонидан яратилган. Тажриба сифатида қўлланилган илк телевизион ускуна ўша пайтда “телефот” деб номланган.

Алоҳида тилга олишни жоиз деб билдик, яъни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг видео бўлими ҳам мавжуд бўлиб, у дунёдаги гуманитар инқирозлар ҳақида видео материаллар, инсон ҳуқуқлари, тинчлик ва хавфсизлик, тараққиёт каби долзарб масалалар бўйича ҳужжатли фильмлар тайёрлаб беради. Шунингдек, Бош Ассамбеляси ва Хавфсизлик Кенгашининг йиғилиш­ларини тўғридан-тўғри трансляция қилади. Видео бўлим ўз фаолиятини 1947 йилда бошлаган ва материалларини БМТда амал қиладиган олтита тилда тайёрлайди. Бу билан нима демоқчимиз, шубҳасиз, бу амалий иш ҳам ўз-ўзидан телевидениенинг вазифаларини кўрсатиб туради. Телевидениенинг илк кўринишлари десак, муболаға бўлмайди. Шундай экан, бугун барчамиз учун тасвирни сифатли кўрсатиб беришга ўз ўрни билан аҳамиятга эга бўлган телевидение инсонларга ҳар томонлама кўмак берувчи, бирлаштирувчи ҳамда ахборотнинг асл кўринишини кўрсатувчи ахборот восита ҳисобланади.

Севара ИШМУРАТОВА,

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази

умумий бўлим бошлиғи

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 3 =