Наби Ғаниевни нега қамашган?

Ота ўғлининг ўз касбини давом эттиришини хоҳларди. Аввалига диний, кейин шўро мактабида таҳсил олган Набижон эса киночи бўлишни истарди. Умрини қассоблик билан ўтказган Ғани ака суюкли фарзандининг ўз сўзида қатъий туриб олганини кўриб уни Москвага ўқишга юборишга мажбур бўлди. Шу тариқа Ғани қассобнинг ўғли 1921-25   йилларда Москва Кинематография институтида таҳсил олиб, кинорежиссёр бўлиб қайтди. Буюк ўзбек кинорежиссёри деган ном қозонган Наби Ғаниев (1904-1953) ўзбек кино саноати юксалишига Худойберган Девонов, Сулаймон Хўжаевлар билан бир қаторда катта ҳисса қўшди.

У “Ўзбеккино” да   директор, маслаҳатчи, режиссёр ёрдамчиси вазифаларида ишлади. 1928 йилдан мустақил равишда фильм ола бошлади. 1937 йилгача “Ҳокимият кимники?”, “Лотинлаштириш”, “Рамазон”, “Юксалиш”,   “Ажойиб-ғаройиб иш” “Ўлим қудуғи”, “Йигит” каби фильмлари ўз даврида элга манзур бўлиши билан бирга, бугунги авлод учун ўтган давр ҳаётидан маълумот берувчи нодир манба ҳамдир. Одамлар ҳали кино хусусида тасаввурга эга бўлмаган, уни “юрадиган суратлар”, “афсунгарлик” деб тушунган бир пайтда фильм суратга олиш жуда қийин эди. Жараёнда ўша давр билан боғлиқ шундай воқеалар содир бўлардики, бу ҳам хавфли, ҳам қизиқарли ҳолатлар эди. Масалан, 1929 йилдаги “Сўнгги   бек” фильмининг суратга олиниши жуда қизиқ кечган. Ўшанда режиссёрлар Ч.Сабинский ва Наби Ғаниев раҳбарлигидаги ижодий гуруҳ Водилда эди. Бу вақтда катта қўшинга бош бўлган “босмачи”лар йўқ қилинган, оз сонли тўдаларга бош қўрбошилар изига тушилган эди. “Сўнгги бек”нинг “қаҳрамон”и   Ёрмат махсум бўлиб, у ўзи ҳақида кино олинаётганидан хабар топади. Агар фильмда ҳаёт воқелиги нотўғри акс эттирилса, киночиларни йўқ қилишга қарор қилади. Бундан хабар топган чекистлар режиссёрларни огоҳлантириб, улардан қўрқмасликларини айтишади. Ниҳоят, суратга олиш ишлари бошлаб юборилади. Оммавий кўриниш учун таклиф қилинган отлиқ аскарлар эскадрони “босмачи”лар қиёфасида тўда-тўда бўлиб ҳордиқ чиқаришаётганда “сўнгги бек” – Ёрмат махсум беш-ўн нафар йигити билан съёмка майдони томон келади. Чекистлар “босмачи” ниқобидаги   артистларни қўлга қурол олишга ундашади. Улар жанг­­га кирадилар. Оз сонли Ёрмат қўрбоши тоққа қараб қочади. Ижодий гуруҳ ҳам ўз ишларини бошлаб юборишган эди. Шу тахлит қувиш ва отиш манзаралари жонли тарзда суратга олинади. “Сўнгги бек”нинг айнан шу лавҳаси ғоят ҳаққоний чиқади.

Шоҳимардонда суратга олинаётган ушбу фильм­даги баъзи эпизодик ролларга айнан маҳаллий аҳоли орасидан ҳам кишиларни танлашга тўғри келади. Наби Ғаниев ана шундай инсонларни синовдан ўтказиб суҳбатлашиш ва фотосуратини ишлашга машғул бўлди. Режиссёр   эшон ролини ўйнаш учун таклиф этган нуроний эшик олдида навбат кутиб турарди. Гал келганида ундан кимдир сўрайди: “Сиз эшон ролини ўйнар экансиз, ҳаётда эшонни кўрганмисиз ўзи?!” Шунда ҳалиги киши қимтинибгина жавоб беради: “Ўзим эшонман”. Шу билан режиссёрларнинг эшон ролига ҳақиқий эшон излаб топилгани бошқаларга ҳам маълум бўлади.

Шунга ўхшаш   қизиқарли ҳолат “Насриддиннинг саргузаштлари” фильмини суратга   олиш пайтида ҳам рўй беради. Фильмнинг навбатдаги эпизоди катта   кўл олдида суратга   олиниши керак эди. Сценарийга кўра, кўл сувини   Оғабек исмли зиқна бир бой деҳқонларга сотиши, экинни суғориш ташвишидаги   деҳқон аҳли навбат   кутиб туриши, бой   гўзал қиз “Зулфияни   менга берсангиз тўғонни   очаман”, дейиши, шунда   орага Саид исмли   йигит тушиб қизни   олиб қочмоқчи бўлиши — бу   кадрларнинг барчаси кўл   ёнида суратга туширилиши   керак эди. Шунда   суратга   олаётган гуруҳ тўғон   билан беркитилиб   ясалган   кўлни кўп изладилар. Афсуски, суратга мос   кўл топилмади. Шунда Наби   Ғаниев: “Кўлни ўзимиз қазамиз!   Ҳамма белкурак, кетмон топсин. Замбил, қоп-қанор ҳам   келтирамиз қиш­лоқдан”, — деди.

Ташаббус кўрсатган   режиссёрнинг ўзи қўлига   кетмон олиб ишга   киришди. Ён-атрофида ғайрат билан   ишлаётган ҳамкасбларига қараб: “Сув   тиниқ бўлиши керак. Экин   суғориш вақти яқинлигини   билган бой сув йўлини   тўсиб қўяди. Олинадиган кадр ёз манзарасини бериши, кўлнинг таги тоза бўлиши керак.   Ёғингарчилик бўлмаса бас, акс   ҳолда сув бўталанади. Куз пайти, билиб бўлмайди…”

Ниҳоят, сунъий   кўл ҳам тайёр   бўлади. Бироқ ёмғир бошланади. Бир оздан кейин у қорга   айланади. Режиссёр   бошчилигидаги санъаткорлар чойхонадан   паноҳ топишади. Ўша куни   бирортаям кадр суратга   олинмайди.

Эртасига гуруҳ аъзолари   иссиқ кийимлар кийиб,   кўл ёнига келишади.   Наби Ғаниев: “Бугунги   эпизодда саратоннинг иссиғи, ер   сувсирагани билиниб туриши   лозим, буни сўз билан   эмас, хатти-ҳаракатингиз   билан билдиришингиз зарур”,   дейди актёрларга. Ясама   “кўл” ёнига боришса,   сувнинг устки қатлами   музлаб қолган. Шунда актёрлардан   бири: “Наби ака, биз   чопонни ечиб яктакда   ўйнайверамиз. Лекин ялтираб турган   кўлни нима қиламиз? Кўлни муз қоплагани кўриниб турибди-ку!” деганида режиссёр уларга жавобан: “Музни олдин   парчалаймиз. Кейин   бир четга   йиғиб, олиб ташлаймиз”,   дейди.

Шу тариқа биров тош   билан, кимлардир узун хода, яна баъзилар этиги билан музни   парчалашга тушади. Сўнг сувга   тўр ташланади. Қирғоқдаги актёрлар   тўрнинг икки чеккасидан   ушлаб тортадилар. Ниҳоят пешинга яқин кўл суратга олишга   тайёр бўлади.

Режиссёр кўл эгаси — Оғабекни эшакнинг шаҳзодага айланишига ишонтириш эпизодини   суратга олишда актёрлар Раззоқ   Ҳамроев, Раҳим Пирмуҳаммедов, Обид Жалиловлар маҳоратидан фойдалана олган, яъни Насриддиннинг эшаги иссиқ   нон еб туриб, фавқулодда ер   тепкилай бошлаши, сўнгра   ҳанг­раши керак эди. Насриддин афанди эса шу   хатти-ҳаракатга мосланган сўзларни   айтиб, гоҳ ҳовлига югуриши, гоҳ эса уйга таъзим   билан кириб, Хоразм шоҳи   ҳақида илиқ сўзлар   айтиши лозим эди. Афсуски, эшак ҳеч ҳанграмасди. У думини ликиллатиб, катта баркашдаги нози-неъматларни паққос туширарди. Уни калтаклаб ҳам кўрдилар, барибир бўлмади — эшак ҳанграмайди. Шунда режиссёр Наби Ғаниевнинг   ёдига бир воқеа   тушади.

— Савалайверманглар жониворни, — дей­ди у. — Худди шундай   воқеа Яков Александрович билан   “Насриддин Бухорода” фильмини   суратга олганимизда ҳам   рўй берган. Ўшанда бир   мўйсафид ёнимизга келиб: “Нега эшакни қийнаяпсиз?” деб   сўраб қолди. Шунда бир чол ёнимизга келиб: “Ия, кўрмаяпсизларми, ахир бу   ошиқ эшак-ку?” деб   бир хонадондан бошқа эшакни етаклаб чиққан. Шунда эшагимиз унга қараб ҳанграган. Буни қайдан билдингиз, деб сўраганимизда, истеҳзоли кулиб: “Эшакнинг   одамдан фарқи   шуки,   у кўча-кўйда учрайдиган   ҳар бир эшакка   “севгисини изҳор қилаверади”, — деган.

Ижодий гуруҳ кула-кула шу усулдан фойдаланишади. Наби Ғаниев   ҳам кулимсираб “Оқ рангнинг оқлигини   қора ранг билан   таққослаганда   яққол сезасан”, деган одатий гапини так­рорлайди.

…1937 йилда Наби   Ғаниевни Абдулла Қодирийнинг маслакдош дўсти бўлганлиги, “Ҳокимият кимники?” фильмида   фожиаларга тўла ҳаққоний ҳужжатли фильм ишлаб, шўро давлатининг истиқболига шубҳа билдиргани учун   аксилинқилобчиликда айб­лаб, ҳибсга оладилар. Шу тариқа режиссёр 27 ой   авахтада жабр тортиб, 1939 йилда қамоқдан озод қилинади. У нима учун қамалди, қандай қилиб озод бўлди?

Наби Ғаниев   ҳибсга олинишидан   олдин — 1937 йил 2 августда Москвага хат йўллаб, кино соҳаси олдида турган муаммоларга ўз муносабатини билдирган эди. Унда шундай жумлалар бор: “Ижодларини эндигина бошлаётган, кино сирларини ўрганаётган ёшларга дўстона танқид фойдали бўларди. Лекин… бахтга қарши, киносаноатда ҳар ким фақат ўз манфаатини ўйлаши одат тусига кириб қолди. Тажриба ўрганилмади. Таниш-билишчилик авжига чиқди”; “бош­қа республикалардан таклиф этилган режиссёрлар, асосан, пул ишлаш учун келардилар. Кадрлар тайёрлаш соҳасида мутлақо иш олиб бормасдилар…”; “…шуниси ачинарлики, танқидий мулоҳазалар, таклифлар ўрнини мақтовлар эгаллади…”; “режиссёр драматург эмас. У сценарий ёзиши шарт эмас…”; “кинодраматурглар йўқлиги, бинобарин, сценарий танқислиги бизга тўсқинлик қилмоқда…”.

Хуллас, Наби Ғаниевнинг кинони ривожлантиришга доир шу каби мулоҳаза ва таклифлари билан Абдулла Қодирийга нечоғлик фикрдош эканлиги кўриниб туради. Эътиборлиси шундаки, Наби Ғаниев ҳибсдан озод этиладиган бўлгач, у “Мени кимлар қаматганини айтмас экансиз, бу ердан чиқмайман” дея дадил туради. Шунда уни   суд   залида туҳматчилар билан юзлаштиришга мажбур бўлишади. У ҳибсдан озод этилганидан кейин ҳам кузатув остида бўлади. Наби Ғаниев бутун иттифоқ санъат бошқармаси бошлиғи Кержанцевга йўллаган юқоридаги мактубидаги мулоҳазаларини, қамоқдан чиққач, амалга оширишга киришади. “Биз енгамиз”, “Жангчи дўстлар”, “Насриддин Бухорода” каби фильмларни яратади. Бу пайтда Иккинчи жаҳон уруши бошланган, кино маълум даражада эъти­бордан тушиб қолган давр эди. Шу йилларда у “Тоҳир ва Зуҳра”, “Насриддиннинг саргузаштлари” каби фильмларни суратга олади. Бу ишга дастлаб “Марказ” рухсат бермади.Улар: “Ҳамма қайғуга ботган пайтда, халқ достони – Афанди ҳақида фильм олиш шартми?” дейишади.

Наби Ғаниев эса аксинча, халқ қайғу-­аламга ботган пайтда, унинг кўнглини кўтариш учун ҳам қувноқ воқеалар акс этган фильмлар яратиш зарур, деб фикрини “марказдагилар”га асослаб беради ва халқ қаҳрамонининг оддийлиги, қувноқ ва донолигини, халқ оғзаки ижоди орқали тилдан-тилга ўтиб юрган достон, латифаларни экранга кўчирди. Ғаниевнинг назарида кино қанчалик мукаммал, замонавий техника мутахассислари билан таъминланмасин, аввало, миллий мерос ва қадриятлар пойдевор бўлиши керак эди. Ана шундай жўшқин руҳда ишлаган режиссёр қаттиқ бетоб бўлиб қолганига қарамай, “Алпомиш” достонини ҳам фильм қилишга жазм этди. Ҳатто, Барчин ролини ўйнашни Юлдуз Ризаева (“Тоҳир ва Зуҳра” даги Зуҳра) га топширади. Аммо бунга рухсат берилмайди.

Бунинг устига, баъзи ҳасадгўйлар 1937 йилдаги каби 1948 йилда ҳам уни турли баҳоналар билан айблашга ҳаракат қиладилар. Бу сафар халқ меҳрини қозонганлиги учундир санъаткорга қаттиқ огоҳлантириш, ҳайфсан бериш билан кифояланишади. Аммо доимий кузатувда бўлмасин, ундан камчилик топишга уринишмасин,   Наби Ғаниев ўз йўлидан қолмайди. “Фарғона қизи”, “Ўзбек рақс усталари”, “Биз енгамиз”, “Довюрак дўстлар”, “Қорақалпоқ диёрида”, “Канаш” каби бадиий ва ҳужжатли фильмларни суратга олади. Ўзбек киносини юксалтириш борасида тажрибасидан келиб чиққан ҳолда мақолалар, китоблар ёзади. Айниқса,“Кинорежиссёр”, “Киносценарий” номли китоблари бугун ҳам бўлажак санъаткорлар учун нодир қўлланмалар ҳисоб­ланади.          

Умид Бекмуҳаммад

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × three =