Қонли 38-йил

Тошкентда “Қарамлик, қатағон ва миллат” деб номланган илмий йиғин бўлиб ўтди

Бундан 85 йил муқаддам (1938 йил, 4-14 октябрь) шўролар давлатининг қатағон машинаси сабаб миллий давлатчилик тарихимизда ҳеч қачон унутиб бўлмас воқеа – “қонли октябрь” воқеалари юз берган эди. Тошкентда 1938 йил 4-14 октябрь кунлари бўлиб ўтган СССР Олий суди Ҳарбий Коллегиясининг қўшма йиғилиши баёнотига биноан Абдурауф Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Ғози Олим Юнусов, Қаюм Рамазон, Отажон Ҳошимов, Мажид Қодиров, Худойберган Девонов, Раҳим Иноғомов, Усмон Эшонхўжаев сингари 500 га яқин давлат ва ҳукумат раҳбарлари, олимлар, ёзувчилар, шоирлар, журналистлар ўлим ҳамда узоқ муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Турон кутубхонасида 1938 йил 4 октябрдаги “Қонли қатағон” сиёсатига 85 йил бўлганлигига бағишлаб, қатағон қурбонлари хотирасини ёд этиш мақсадида Тарих институтининг Турон кутубхонаси ва “Абдулла Қодирий” ижод мактаблари билан ҳамкорликда “Қарамлик, қатағон ва миллат” умуммиллий илмий йиғин бўлиб ўтди. Тадбир очилиш маросимида Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти директори, тарих фанлари доктори — Азамат Зиё, “Турон” ахборот кутубхона маркази директори Дилдора Абдуазизова ва “Абдулла Қодирий” номидаги ижод мактаби директори Ҳилола Назировалар сўзга чиқиб, совет даврида амалга оширилган қатағон сиёсатининг мазмун-моҳияти ва мазкур илмий йиғиннинг аҳамияти ҳақида фикр билдиришди. Шундан сўнг, Абдулла Қодирий авлоди ва унинг номидаги ижод мактаби ўқувчиси томонидан Абдулла Қодирий ҳаётининг сўнгги кунлари ҳақида маълумотлар бериб ўтилди.

“Қарамлик, қатағон ва миллат” мавзусидаги умуммиллий илмий йиғиннинг маърузалар қисмида дастлаб сўзга чиққан Тарих институти бош илмий ходими Муҳайё Исақова қатағон сиёсатининг иқтисодий ва сиёсий жиҳатлари, ижтимоий чекловлар ва маънавий таз­йиқлар, сунъий тарзда очарчиликларнинг (чунки, “оч инсон исён кўтара олмайди, оч қолмаслик учун ҳам туну кун ишлашга мажбур бўлади”, деган ғоя асосида) ҳудудлар кесимида амалга оширилиши баён этилди. Шундан сўнг сўзга чиққан маърузачи Дилноза Жамолова “Жадидчилик ва қатағон” мавзусида фикр билдирди. Ушбу маърузада дастлаб маънавий ҳаракат сифатида шаклланган жадидчиликнинг сиёсий ҳаракатга айланиши сабаблари, ривожланиши ва ўз мевасини бера бошлаши натижасида (Учинчи Ренессанс шаклланаётганлиги учун ҳам совет ҳокимияти жадидларнинг барчасини жисмонан ва маънан йўқ қилишни бош мақсадга айлантирди) жадид­чилик ҳаракати етакчиларининг қатағон қилиниши ёритилди. Жадидларнинг қатағон қилиниши 3 босқичда амалга оширилган бўлиб, булар:

  1. 1919 йили Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ўлдирилиши;
  2. 1929-1931 йилларда Мунавварқори Абдурашидхонов бошчилигидаги “Миллий Иттиҳод”ларнинг йўқ қилиниши (Тошкент, Жиззах, Наманган, Андижон Самарқанд тараққийпарварлари);
  3. 1937-1938 йиллардаги оммавий қатағонлар даврида барча жадидчилик ҳаракати аъзолари ва уларнинг издошларининг қирғин қилиниши.

Тарих институти бош илмий ходими Қаҳрамон Ражабов “Совет ҳокимияти томонидан дин ва ишбилармон арбобларнинг қатағон қилиниши” мавзусида сўз юритиб, унда совет ҳокимияти томонидан сох­­та айбловлар билан дин вакилларининг, ишбилармон ва тадбиркорларнинг қатағон қилиниши ва бу йўлда инсон зоти чидай олмайдиган қийноқлардан фойдаланиши ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Қатағон сиёсатининг бундай кўринишлари 50-60 йилларда ва 80-йилларда ҳам такрорланганлиги кўрсатиб ўтилди.

“Қўрбошилар қатағони” мавзусида маъруза қилган Тарих институти етакчи илмий ходими Феруз Бобоев миллий озодлик йўлида курашган, ҳаттоки якуни ўлим билан тугашини билса ҳам жанг майдонини тарк этмаган қўрбошиларнинг қатағон қилиниши ҳақида гапирди.

Абай номидаги қозоқ миллий педагогика университети профессори, тарих фанлари доктори Мамбет Койгелдиев “Қозоқ миллатпарварларининг 2370-жиноий иши” (Алашўрдачиларнинг тергов ҳужжатлари асосида. 1930-1932)” мавзусида сўзга чиқиб, Қозоғистон ҳудудидаги қатағон сиёсати, унинг ҳозирги кунда ёритилиши хусусида батафсил тўхталди. Сўнгги сўз сифатида “қатағон сиёсати тарихини холисона ёритиш ва халққа етказиш мақсадида тарихчиларнинг бирлашиши ва биргаликда лойиҳаларни амалга ошириш” шартлиги ва бу масалани кечиктириб бўлмаслиги”ни алоҳида таъкидлаб ўтди.

“Туркия манба ва адабиётлари қатағон сиёсати ҳақида” мавзусида сўзга чиққан, ушбу мавзуда 2 ой давомида Туркиянинг турли шаҳарларидаги архивларда илмий тадқиқот олиб борган Тарих институти “Энг янги давр тарихи” бўлими бошлиғи Машҳура Дармонова қатағон сиёсатининг Туркияда ёритилиши бўйича маълумотлар берди. Маърузада қатағон сиёсати даврида Туркияга илм олиш учун жўнатилган ва ўша даврда Туркияга кетишга мажбур бўлган миллий зиёлиларимиз ҳақида, улар томонидан ёзиб қолдирилган эсдаликлар хусусида сўз борди.

“Қатағон ва маориф” мавзусида сўзга чиққан Юлдуз Турсунова (Тарих институти таянч докторанти) Туркистон заминида Миллий зиёлиларимиз томонидан таълим тизими ислоҳ қилиниб, сифат кўрсаткичлари йўлга қўйилганини кўрган совет ҳокимияти бунинг олдини олишга қаратилган сиёсат олиб борилгани ҳақида гапирди. Чунки, Совет ҳокимияти яхши билардики, бу заминда таълим тизими ислоҳ қилиниб ўз натижаларини берадиган бўлса, бу замин ривожланиб, мус­тақиллик учун курашиб, унга, албатта, эришиши мумкин эди. Шунинг учун ҳам маориф тизимида қатағон сиёсатини амалга оширди. Биргина мисол, 1933 йил 27 мартда ВКП(б) МК Ўрта Осиё бюроси ўқитувчи кадрлар сафини тозалаш ҳақидаги махсус қарор қабул қилади. “Тозалаш” деб аталган бўлса-да, амалда таълим тизимининг фидойи ходимлари, сифатли таълим бераётган ўқитувчилар соҳадан четлатилади, яъни қатағон қилинади. Совет тузуми андозасидаги таълим тизимини ўрнатиш учун ҳам маориф тизимида миллий кадрларни йўқотиш амалга оширилди.

Совет ҳокимияти ҳаттоки чет элга (Туркия, Германия) ўқишга жўнатилган талабалардан совет давлати учун айғоқчилик қилишни талаб қилиш ҳолатлари ҳам кузатилган. Бош тортган талабалар эса таътил вақтида уйларига қайт­гач, сиёсий айбловлар қўйилиб қамоққа олинган ёки ўқишга қайтиб боришини чеклаб қўйишган. Ўз ватанидаги бундай қатағон сиёсатидан хабар топган айрим талабалар эса ватанига қайтмасдан, ўша давлатларда қолишга мажбур бўлишган. Бугун совет даврининг ижобий томонларини кўрсатишга уринаётган, тарғиб қилаётганларнинг бу ҳаракатлари асоссиз эканлигини кўрсатиш учун ҳам халқимизга ана шу давр тарихини холисона кўрсатишимиз, етказишимиз керак. Совет ҳокимиятининг қатағон сиёсати сабаб 100 минглаб айбсиз бўлган халқимиз уйғоқ қатламининг турли қийноқлардан сўнг отилгани ёки узоқ муддатга қамаб юборилгани, сургун қилиниб, бадарға этилганини ҳеч қайси омил билан оқлаб бўлмайди.

Завқибек МАҲМУДОВ,

ЎзФА Тарих институти кичик илмий ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 + eight =