Қора сақич ичидаги хазина

Журналистик фаолиятим мобайнида Буюк Ипак йўли манзилгоҳлари — Хоразмдан Термиз қадар, Сармишсой қояларидаги битиклардан Афросиёбгача, Жайҳуну Сайҳуннинг бетакрор гўшаларигача кезганман. Шу аснода Ватан чиройини шоирона нигоҳ асносида кузатиб, таассуротларимни тасвирлаганман. Она юрт, ота макон бўйлаб уюштирган сайру саёҳатларим чоғида қадимий ва афсонавор “Шарқ эртаги” дея таърифланадиган Хиванинг  тарихи ва табиати, муқаддас қадамжолари, урф-одатлари, ўзига хос мўъжизаларига ошуфтаю лол бўлганим ҳам рост.

Хивадаги Саидниёз Шоликорбой мажмуаси сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган масканлардан бири ҳисобланади. Мазкур эсседа мажмуа тарихига боғлиқ воқеа хусусида сўз боради. Негаки,  то ҳануз Хивадаги ўтмиш осори-атиқалари етти иқлим сайёҳларида ҳайрату ҳавас уйғотмоқда.

1

Қарчиғайдай бостириб келган куз бошида Хоразмдан Самарқандга қараб карвон йўлга тушди. Олдинда икки ўркачли, оёқлари бақувват, жундор “саҳро кемалари” борарди. Гарчанд устига зил-замбил, оғир юк ортилган бўлишига қарамасдан, туялар буни кўрдим демасдан бир маромда илгарилаб борар эди. Карвонбоши узун бўйли, қотмадан келган, баджаҳл, пихи қайрилган одам. У негадир доимо темир интизомга амал қилади. Бошқалардан ҳам шуни талаб қиларди. Саидниёз Шоликорбой ва ҳамроҳлари унинг буйруғига сўзсиз бўйсунишга мажбур эдилар. Аслида, буларнинг бариси уларнинг фойдасига, қолаверса, хавфсизлиги учун. Ўн беш кун давомида чўлда юришди. Бора-боргунча бийдай саҳро, на учи, на кети кўринади. Кўзга фақатгина олачалпоқ бўлиб ўсиб ётган саксовул, ёвшан, какра, қуёнсуяк каби ўсимликлар ташланади. Қум уюмлари устида тошбақа, калтакесак, эчкиэмар ўрмалайди. Чўл қушлари чуғур-чуғур этиб, ўз тилларида алланарсалар деб жаврайдилар. Ҳар замонда соқчилар бошлиғи тўриқ отида келиб, карвондагиларни жадалроқ юришга чақиради. Унинг мақсади қош қораймасдан қум ичидаги қудуққа етиб олиш эди.

Ниҳоят, карвон айтилган жойда ҳозир бўлди. Қудуқ атрофида тўрт-беш туп саксовул дарахти қаққайиб турарди. Шохлари тарвақайлаб ўсган, танаси бужур, эгри-бугри. Шамол тинмай эсмоқда. Туялар чўктирилди. Шу ерда маълум бир вақт дам олиниб, ҳордиқ ёзадиган бўлишди. Қозон осиб таом тайёрланди, қумғонда чой қайнатилди. Оёқларга дам берилди. Шу тобда карвондагилар ёдига созанда йигит тушди. Уни дарҳол ёнларига бошлаб келишди. Иссиқдан толиққан, соғинчдан зада бўлган юраклар ғамгин, юракни ўртагувчи қўшиқ ишқида ёнар эди. Буни илғаган созанда таранг этмасдан, танбурини  созлади-да, қўшиқни бош­лаб юборди:

Эй сарбон, оҳиста юр, оромижоним кетадур,

Кўнглимни кўксимдан олиб, ул дилистоним кетадур.

Андин қолиб, ўксик ўзим, бечораю шўрлик ўзим,

Бағримга тиғ ботиб бир зум,

                                           то устихоним кетадур.

 

Қанча уриндим ноўрин, розим тутай деб ёшурин,

Пинҳон қилолмайдир сирим,

                                           чун ташга қоним кетадур.

Маҳмулни тут, эй сарбон,

           карвонни тезлатма у ён,

Сарви равон ишқи дебон руҳи

                    равоним кетадур.

 

Тортиб этак кетгай у жон,

           ёлғиз ютиб мен қон, ишон,

Сўрма букун мендан нишон,

           дилдан нишоним кетадур.

Даврон,  ўжар ёрим кетар,

                           айшим ўтар, бағрим тутар,

Ўтхонамен, бошдан бадар дуду тўфоним кетадур.

 

Карвон аҳли саҳро бағрида, кимсасиз гўшада янграётган қўшиқни астойдил тинглар, кўзларини узоқ-узоқларга қадаганча, ажиб оҳангдан роҳатланарди.

Юракни сел қилувчи бу қўшиқни тинглаб, ҳордиқ чиқазган карвон аҳли яна машаққатли йўлга равона бўлди. Улкан нортуя устида бораётган Саидниёз Шоликорбойнинг хаёли киндик қони томган, болалиги ўтган Хоразм элига, кенг ва поёнсиз далаларга бош­лади.

Бир учи уфқларга қадар туташиб кетган отизлар… Суви қочирилган кенг майдонларга ҳафсала билан шоли экилган. Ичига сув тўлатилган. Ҳадемай шоли ҳосили пишиб етилади. Уни тез фурсатда ўриб олиш, далада қуритиш, тегирмонда оқлаб тайёр ҳолга келтириш зарур бўлади. Бу юмушларни қойиллатиб бажарадиган одамлар бор. Улар доимо пишиб етиладиган “ош”дан бохабар бўлиб туришади. Эсида, бир гал тегирмонда обдан оқланиб, истеъмол учун тайёр ҳолатга келтирилган йигирма беш қопча гуручни Хива яқинида истиқомат қиладиган етим-есирларга тарқатувди. Ғарибларга аталган маҳсулот талон-торож бўлиб кетмаслиги учун бу юмушнинг бошида ўзи турувди.

Ўшанда уйида ётган ўсал беморлар ҳам бу саховатдан бенасиб қолмовди. Шу-шу бой тез-тез хайр-эҳсон қиладиган бўлди. Негадир шу ишни амалга оширса, кўнгли енгил тортиб, виждони роҳатланарди. Бошқа бир сафар эса остидаги отини кўзлари чақнаб турган бир болакайга тортиқ этиб юборганди. Қишлоқда, оддий, қўли калта оилада ўсган болакайнинг ўшандаги қувончини ҳозир таърифлаб бера олмайди. “Ростдан ҳам, оға, бу от энди меникими?” — деб қайта-қайта сўраб, беҳад севинганди болакай. Шу маҳал улар олдида соқоллари оппоқ, нуроний  бир чол пайдо бўлди. Эски қадрдонлардек бой билан омонлашди. Кейин икки қўлини очиб дуо қилди: “Иним, шу болага берган тортиғинг ўзингга юз-минг маротаба кўп бўлиб қайтсин! Етимнинг бошини силаган, уни рози қилган одам у дунёю бу дунё хорлик-зорлик кўрмайди. Давлатинг кўпайиб, эл-улус орасидаги нуфузинг ошсин, илойим!” Шундан кейин орадан маълум бир вақт ўтди. Бойнинг мол-дунёси кўпайса кўпайдики, аммо камаймади. Ўшанда у одамлар кўнглига йўл топиш, мурувват, саховат қилиш нақадар олижаноб ва эзгу юмуш эканлигини ич-ичидан англаган эди. Бойнинг хаёлини нортуянинг бўкириги бўлиб юборди.

 2

Ялангликдан тинимсиз эсган муздай изғирин одамнинг суяк-суягидан ўтиб кетади. Совуқ емаслик учун карвондагилар қалин кийинишган. Россиянинг Оренбург шаҳри шу совуқ кунларда узоқ-яқиндан келган савдогарлар билан тўлган. Бу шаҳарда савдо-сотиқ, олди-берди авжига минади. Мисоли савдогарлар уясига айланади. Саидниёз Шоликорбой чўккан туядан пастга сакради. Савдо-сотиқ илинжида шаҳарга келган бой беҳад мамнун эди. Соқолини тутамлади-да, асл молларни топиб харид қилсайдим, деб ўй суриб кетди. Бозорда турли матолар камалак рангида товланади. Бой бир қанча асл моллар харид қилди. Уларни хизматкорларга айтиб сандиқларга жойлатди.

Рус савдогарлари уни бир куни турк афанди билан таништирдилар. У билан эмин-эркин, бемалол туркий тилда сўзлашди. Тез орада иккаласи апоқ-чапоқ бўлиб кетишди. Гапдан гап чиқиб, турк афанди унга туркий халқларнинг келиб чиқиши, урф-одатлари ва тутумлари тўғрисида батафсил сўзлаб берди. Сафари қариб, юртига қайтаётганида, турк афанди бойни бағрига босиб, эски қадрдонлардек хайр-хўшлашди. Ҳурмат рамзи сифатида унга маълум миқдорда  қора сақич совға қилди.

Карвон «Хоразм эли қайдасан?» дея йўлга тушди. Қанчадан-қанча тевараги баланд пахса деворлар билан ўралган қўрғон-қалъалар, учи-кети кўринмас далаларни, чўлу биёбонлар, чўққилари булутларга қадар чўзилган тоғу тошлар этакларидан ўтишларига тўғри келди. Қайтишда ғўлабурдан келган Саидниёз Шоликорбой анча пишиди, озди. Бир карвонсарой яқинидаги боғда уларни тавозе билан кутиб олишди. Хизматкорлар югуриб чиқиб, карвондагиларнинг туяси ва отларини етаклаганча ичкарига олиб киришди. Ўзларини жаннатий мевалар билан сийлашди. Айниқса, бой ва унинг ҳамроҳларига дарахтларга ёпирилиб олганча бол йиғаётган, ширинликка ўч ариларнинг ғўнғиллаши жуда ёқди. Бу алпоз одамга ғам ва андуҳдан, ташвишдан холи бўлган ёшлик дамларини эслатиб юборарди. Баҳонада бой олис-олисларда қолган она юртини эслаб кетди. Соғинч унга тинмай азоб берарди.

 3

Хива шаҳри қадимда Ўрта Осиёнинг шимоли-ғарбидаги Оролбўйи ҳудудига узоқ бўлмаган йирик шаҳарлардан бири сифатида ном қозонган эди. Шу сабабдан шаҳардан машриқу мағрибдан келган элчилар ҳамда той-той мол келтирадиган савдо карвонлари аримасди. Улар бир-биридан ноёб, қимматбаҳо моллар келтирардилар. Саидниёз Шоликорбой тушган карвоннинг ҳам асл мақсади шу эди. Карвон Хоразмга етиб келган кун Хивадаги аксар хонадонларда байрам бўлиб кетди. Шоликорбойнинг ҳовлиси ҳам қўни-қўшни, яқинлари ҳамда дўстлари билан тўлди. Келди-кетди сийраклашиб, одам қадами узилиб, икки-уч кун ҳордиқ чиқариб, ўзига келган савдогар бой молларига кўз ташлади. Келтирган молларининг баъзи бирларини  маҳаллий савдогарлар савдолашиб, бўлиб олишди. Бироқ турк афанди совға қилган ўша бир уюм  қора сақичга  харидор чиқмади. Саидниёз керакли тошнинг оғирлиги йўқ, деган нақлга амал қилиб, сақични бўлак-бўлаклаб омборхонасига киритиш тадоригида эди. Даст кўтариб урилган болтанинг тиғи кутилмаганда қаттиқ нарсага тегди. Болта тиғи орқага қайтди. Ҳайрон қолган бой бир амаллаб сақични бўлаклади. Сақич ичидан чиройли темир сандиқ чиқди. Қизиқиши устун келиб, сандиқ ичини очди. Не кўз билан кўрсинки, бу ерда сон-саноқсиз тилла тангалар бор эди. Бу сирдан оила аъзоларини ҳам воқиф этмайди. Аксинча, пешона тери, заҳмат билан топилган молига шайтон ораламасин деб шундай фикрга боради. Бировнинг ҳақи, мулки, омонат ҳеч қачон ўзгага буюрмайди, деган ҳадик–хавотир унинг қалбини кемира бошлади. Ҳаловати бузилди, тинчи йўқолди. Шу тобда унинг хаёлидан: «Бу бойлик менга қора мум совға қилган ўша турк афандиники бўлмасин тағин», деган ўй кечади. Дарҳол ўтириб афандига мактуб битади. Мактубда қуйидаги сўзлар ёзилганди: “Ҳурматли афандим! Сизга Хоразм элидан салом. Уйга келгач, икки-уч кун ёзилиб ҳордиқ чиқардим. Кейин сиз совға қилган ўша қора мумни бўлаклаб сотиш нияти туғилди. Уни болта билан бўлаклаётганимда мум ичидан сандиқ чиқди. Ичи тўла тилла тангалар экан. Мен бу сизнинг омонатингиз, деб қўрқиб кетдим. Омонатингизга сираям хиёнат қилганим йўқ. Уни етказсам дейман. Бораётган карвонбошидан ушбу мактубни бериб юбораяпман. Сизга салом ва ҳурмат билан инингиз Саидниёз Шоликорбой”.

Карвонбоши тезда жўнаб кетади. Бу вақт давомида бой сандиқ ичидаги тангаларни санаб кўриш, зарурат туғилгудек бўлса, ўз шахсий манфаатлари учун ишлатишни ҳатто хаёлига ҳам келтирмайди. Бой иймонли, айни чоғда Яратган эгам олдида, ўзганинг ҳақидан қўрқадиган инсофли, диёнатли киши эди. Ниҳоят, орадан бироз вақт ўтиб, узоқ кутилган карвонбоши келади. Карвонбоши турк афандидан келтирган мактубда шундоқ дейилган: “Салом Саидниёз Шоликорбой афандим! Мактубингиздаги сўзларни синчковлик билан ўқиб чиқдим. Таажжубга тушдим. Худони ўртага қўйиб айтаманки, мен сизга ичи олтин тангаларга тўла сандиқ бермаганман. Қора мум ичига сандиқни устомонлик билан Дашти Қипчоқ қароқчилари яширган бўлса керак деб ўйлайман. Назаримда, бу сизнинг иймонли, инсофли, виждонли, диёнатли инсон эканлигингизга Оллоҳ томонидан берилган ҳадя, иноят. Ушбу бойликни эзгу амалларга сарф этасиз, деган умиддаман”.

Бойнинг юзидан совуқ тер чиқади. Кўнгли тинч­ланиб, хотиржам тортади. Тўппа-тўғри яқин иниси, уста Қаландарнинг устахонасига боради. Бўлиб ўтган воқеа тафсилотларини дўстига ипидан-игнасигача оқизмай-томизмай сўзлаб беради. Ойни этак билан ёпиб бўлмайди деганларидек, бу гапнинг бир учи Оллоқулихоннинг қулоғига бориб етади. Бу вақтда хон саройида хизмат қиладиган қушбеги хондан бесўроқ хатарли ишга қўл уради. У дарҳол Саидниёз Шоликорбойга ўша сандиқни ҳузурига олиб келишни буюради. Келтирилган сандиқни ўзида олиб қолади. Бойни эса тап тортмасдан жосусликда айблайди ва уни дўсти уста Қаландар билан бирга зиндонга ташлашга буйруқ беради.

 4

Хон саройига барча аъёнлар жам бўлган. Улкан, нақшинкор тахтда Оллоқулихон савлат тўкиб ўтирибди. Ниҳоят, у ўнг қўлини хиёл кўтарди. Бу Россия жосуси дея гумонда бўлган Саидниёз ва унинг дўсти уста Қаландарни сўроқ қилишни бошлашга изн бердим, дегани эди.

“Хўш, қани айтинг-чи, Саидниёз Шоликорбой, сизни бундайин йўл тутишингизга нима мажбур этди?” — дея хон савол ташлади. Бой сўзлашга хондан изн сўради. “Рухсат” дегач, оҳиста, дона-дона қилиб, воқеа тафсилотини ипидан-игнасигача қолдирмай сўзлай бошлади. Сўзи ниҳоясида ўша тиллаларни хонлик хазинасига топширажагини айтди. Ва хон ҳазратларига карвонбоши келтирган жавоб мактубини узатди.

Хон мактубга кўз югуртирди. Мамнун бўлиб, хиёл жилмайиб қўйди. Қўлларини олдинга кўтарди-да, бой айтган гаплар тўғри эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилиш илинжида: “Сандиқда ўзи қанча танга бор экан?” деб сўради. Саидниёз Шоликорбой жавоб беришга чоғланган ҳам эдики, ундан олдин қушбеги ўзи билмаган ҳолда: “Бир минг беш юз танга!” деб юборди. Хон ялт этиб, қушбегига қаради. Сўзи бўлингани учун жаҳли чиққанди. Аммо ичидагини сиртига чиқармади-да: “Афсус, элдан бурун санаб улгурибсиз-да?!” деб киноя қилди. Бу боқиши асносида хон: “Сендай пасткаш кимсадан бошқа яна нимаям кутиш мумкин эди?” дея пичинг қилаётганди.

Саидниёз Шоликорбой: “Хон ҳазратлари, камина қулингиз шайтон васвасасидан қўрқади, шу важдан бойликка қўл урмадим”, деб жавоб берди. Бу гап хоннинг айни кўнглидаги жавоб эди. “Энди сиз, Саидниёз Шоликорбой, каттакон бир масжид қуражаксиз. Унинг минораси жума масжиди минорасидан паст бўлиши лозим. Тиллаларни ушбу савобли ва хайрли ишга сарф этингиз”, деб якуний сўз айтди хон. Ишнинг бу тахлит якун топганидан, Саидниёз Шоликорбой ҳамда унинг дўсти уста Қаландар дорга осилмай қолганидан қушбеги ичидан зил кетди. У мулла минган эшакдек ювош тортиб, хон саройидан орқаси билан юриб секин чиқиб кетди. Бу сафар у қаттиқ изза бўлган эди.

 5

Саидниёз Шоликорбой шошилганича қадам ташлади-да, масжиднинг қурилиши учун белгиланган жой яқинига борди. Ўз илкидаги йигитларни: «Бери кела қолинглар», деб имлаб чақирди. Унинг қалбини бир ўй кечадан бери безовта қиларди. Масжид қурилиши учун белгиланган жойда Ҳовважон момо яшар экан. Эри ва ўғиллари ёғий билан бўлган жангда шаҳид кетган. Кампир ёлғиз, бир оёғи ерда бўлса, бир оёғи гўрда… Қаровга, ширин сўзга муҳтож. Бой кампир ёнига борди. Кампирга салом берди,  у алик олди. “Онахон, сиз турган жойда масжид тикламоқчи бўлиб турибмиз. Агар сиз изн берсангиз, ушбу уйингиз ўрнига бошқа жойдан уй қуриб берамиз, Қолаверса, иссиқ-совуғингиздан доимий равишда хабардор бўлиб турадиган бирор кимса топиб берамиз”, деди. Бой бу гапларни шунчалик мулойим ва ҳамсуҳбатининг иззат-нафсига тегмайдиган бир тарзда баён этди. Олдинига кампир розилик бермади. Бой, энди нима қилсам экан, деб турганида, мушкули бирдан осонлашди-қўйди.

Сал туриб кампир Саидниёз Шоликорбойнинг олдига борди. “Иним Саидниёз, масжид қуриш, тоат-­ибодат қилиш ниятида мўминларга қулай шароит яратиб бериш — савобга йўғрилган амал. Мен сенинг бу эзгу ва хайрли ишингни қўллаб-қувватлайман. Шу ниятда ўзим турган уйимни масжид учун беришга қарор қилдим. Эвазига ҳеч нарса сўрамайман. Менинг ҳеч кимим йўқ. Бир оёғим уйда бўлса, бир оёғим гўрда. Қанча умр кечиришим фақатгина Яратган эгамгагина аён. Аммо сендан бир илтимосим, ўтинчим бор. Бир кун келиб, омонатимни топширсам, ўлигимга ўзинг эгалик қилгин. Аниқроғи, тикланадиган масжиднинг бир чеккасига мени дафн этсанг”, деди кампир. Бой  бу шартга рози бўлди. Шундан кейин масжид қурилиши бошланди.

 6

Саидниёз Шоликорбой тиклаган муҳташам, нақшинкор масжид, ибодат уйи бамисоли Хива шаҳри ўртасида савлат тўкиб турган қоятошга ўхшайди. Бу жойга қанчадан-қанча мусулмонлар ташриф буюриб, ўз тоат-ибодат амалларини адо этиб кетишади. Албатта, Саидниёз Шоликорбой  руҳига атаб дуойи фотиҳа қилишади. Саидниёз Шоликорбой мажмуаси гўзал ва эртакмонанд шаҳар Хиванинг кўрки бўлиб турибди.

Дарвоқе, тақдир тақозоси боис Ҳовважон момо ҳамда элдошлари учун қадрли, ҳимматли инсон бўлган Саидниёз Шоликорбойларнинг охират уйлари ёнма-ён жойлашади. Буям бўлса, иймон-эътиқодни, юрт равнақини  ўз манфаатидан устун қўйган диёнатли инсонларга қаратилган Оллоҳнинг иноятидир.

Хиванинг афсонавор қалъаю қўрғонларини сайр қилиб, Саидниёз Шоликорбойдек мард инсон ҳақида эл-улус тилидан эшитганларим руҳий оламимни чароғон айлади. Шу тобда шаҳар ичида ўтмиш садолари кезиниб юргандек эди.

Улуғбек ЖУМАЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

7 + 15 =