Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Қ А Р О Р И

 

2019-2021 йилларда республика аҳолисига эндокринология ёрдами кўрсатишни такомиллаштириш бўйича миллий дастур доирасида диагнос­тика ва даволашнинг янги стандартлари тасдиқланди, 75 минг нафарга яқин беморлар 40 миллиард сўмдан зиёд Давлат бюджети маб­лағлари ҳисобига 100 фоиз инсулин билан бепул таъминланди, 200 миллиард сўмга яқин маблағ эвазига 14 та ҳудудий эндокринология муассасаларининг моддий-техника базаси мустаҳкамланиб, 3,3 миллион АҚШ доллари миқдорида замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланди.

Шу билан бирга, эндокринология хизматини республика бўйича ягона интеграциялашган тизим сифатида шакллантириш, йод етишмовчилиги билан боғлиқ касалликлар профилактикаси, қандли диабет касаллиги ҳамда унинг оқибатларининг олдини олиш билан боғлиқ тиббий-ижтимоий тадбирлар самарадорлигини қайта кўриб чиқиш талаб этилмоқда.

Аҳолига кўрсатилаётган эндокринологик ёрдамнинг самарали ҳамда замонавий тизимини шакллантириш, касалликлар ва уларнинг асоратлари профилактикасини такомиллаштириш, аҳолига юқори малакали эндокринология ёрдамини кўрсатиш сифатини ҳамда ушбу йўналишдаги тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш мақсадида:

  1. Қуйидагилар аҳолига кўрсатилаётган эндокринология хизматини ташкил этишнинг энг муҳим йўналиш­лари этиб белгилансин:

а) академик Ё.Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази (кейинги ўринларда – Марказ) – ҳудудий тиббиёт муассасалари – туман (шаҳар) тиббиёт муассасалари ўртасида тизимли узвий боғлиқликни таъминлаш;

б) соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинида эндокрин касаллик­лар профилактикаси, уларни барвақт аниқлаш ва бошқариш дастурларини амалиётга жорий этиш. Бунда:

бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ва оммавий ахборот воситалари орқали аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш ҳамда жисмоний фаолликни оширишни тарғиб этиш;

оилавий шифокорларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш орқали касалликни барвақт аниқлаш ва олдини олиш кўламини кенгайтириш;

туман (шаҳар) тиббиёт муассасалари тор соҳа мутахассислари фаолиятига эндокрин касалликларни эрта ташхислаш, асоратларининг олдини олиш алгоритмларини жорий қилиш;

в) қандли диабетга чалинган беморларнинг замонавий диспансер назорати (онлайн регистр) тизимини жорий этиш орқали ҳар бир бемор ҳолатининг мониторингини юритиш;

г) аҳолининг касалликка чалиниш хавфи юқори бўлган гуруҳлари, жумладан, болалар, ўсмирлар, ҳомиладор ва эмизикли аёлларни йод препаратлари билан бепул таъминлаш орқали йод танқислиги касалликларининг самарали профилактикасини таъминлаш;

д) “Профилактика мактаблари”га тор соҳа мутахассисларини жалб этган ҳолда беморлар ва уларнинг оила аъзоларига эндокрин касалликни бошқариш усулларини ҳамда касаллик билан яшашни ўргатиш;

е) ташхислаш ва даволашнинг юқори технологияли ҳамда инновацион усулларини амалиётга жорий этиш орқали ҳудудларда ва Марказда юқори технологик жарроҳлик амалиётлари улушини ошириш;

ж) эндокринология йўналишида илмий-тадқиқот фаолиятини такомиллаштириш, соҳа ходимларининг илмий салоҳиятини ошириш.

  1. 2022 йил 1 апрелдан бошлаб эндокрин касалликларни эрта аниқлаш ва мақсадли кузатишни таъминлаш учун қуйидагиларни назарда тутувчи тиббий кузатув ва патронажнинг янги модели жорий этилсин:

оилавий шифокорларни эндокрин касалликларни ташхислаш ҳамда даволаш бўйича қайта тайёрлаш;

эндокрин касалликлар мавжуд оилаларга махсус тайёргарликдан ўтган патронаж ҳамширасини бириктириш;

патронаж ҳамшираси томонидан эндокрин касаллиги бўлган, умумий ҳолати қониқарли ёки хавф гуруҳидаги аҳолини эрта аниқлаш ва дифференциаллашган ёндашув асосида кузатиб бориш;

тиббий кузатув натижалари бўйича хавф омиллари юқори бўлган беморларни шифокор олди кўриги хоналари ҳамширалари ҳамда оилавий шифокорларга йўналтириш;

эндокрин касалликлар бўйича хавф гуруҳига кирувчи беморлар устидан дои­мий кузатув ўрнатиш мақсадида барча тиббиёт бригадаларини глюкометр ва махсус тест япроқчалари билан таъминлаш;

ташхислаш ва даволаш мақсадида беморларни бир кунлик диагностик стационар кузатиш тизимини жорий этиш.

  1. 2022-2024 йилларда республика аҳолисига эндокринология ёрдами кўрсатишни ривожлантириш дастури (кейинги ўринларда – Дастур) иловага мувофиқ тасдиқлансин.
  2. Белгилансинки:

а) ҳар йили камида бир марта 40 ёшдан ошган аҳоли қандли диабет ва диабет олди ҳолатлари учун мақсадли скринингдан ўтказилади ҳамда эндокрин касалликлар аниқланган беморлар билан мунтазам алоқа ўрнатилади. Бунда сурункали эндокрин касалликлар ривожланишининг олдини олиш учун эндокрин касалликларни даволашнинг замонавий клиник протоколлари ва алгоритмлари жорий этилади;

б) 2022 йил 1 февралдан бошлаб анъанавий ва масофавий (аралаш) усулда тиббиёт ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими йўлга қўйилади. Бунда:

патронаж ҳамширалари ҳамда оилавий шифокорлар учун эндокрин касалликларнинг олдини олиш, эрта ташхислаш ва даволаш бўйича икки ҳафталик ўқув курслари ташкил этилади;

эндокринолог шифокорларни қайта тайёрлаш учун уч ярим ойлик ўқув курслари йўлга қўйилади. Бунда улар дастлабки икки ярим ой давомида Марказда ўқитилади ҳамда бир ой давомида туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида амалиёт ўтайди;

ҳудудларда фаолият юритаётган эндокринолог шифокорларнинг малакасини ошириш учун бир ойлик ўқув курс­лари ташкил этилади;

в) 2022 йил 1 апрелга қадар:

зарур глюкометр, махсус тест япроқчалари ҳамда игналар марказлашган тартибда харид қилинади ва тиббиёт бригадаларига етказилади;

бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида белгиланган стандартларга мувофиқ жиҳозланган шифокор олди кўриги хоналари ташкил этилади;

туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларидаги эндокринолог шифокор хоналари зарур тиббий ускуналар билан жиҳозланади.

  1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) 25 ёшгача бўлган қандли диабетнинг биринчи тури билан касалланган беморлар аналогли инсулин ҳамда ўзини ўзи назорат қилиш воситалари (глюкометр ва махсус тест япроқчалари) билан;

қандсиз диабет билан касалланган беморлар, соматотроп етишмовчилик билан касалланган болалар ҳаётий зарур махсус дори воситалари (десмопрессин ва ўсиш гормони) билан;

25 ёшдан ошган қандли диабетнинг биринчи тури билан касалланган инсулинга муҳтож, шунингдек, қандли диабетнинг иккинчи тури билан касалланган беморлар одам инсулини билан;

қандли диабетнинг иккинчи тури билан касалланган ҳамда эҳтиёжманд сифатида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да бўлган беморлар метформин дори воситаси билан бепул таъминланади;

б) беморларга бепул бериладиган дори воситалари ва тиббий жиҳозлар марказлашган тартибда харид қилинади ҳамда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари орқали тақсимланади.

  1. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан давлат-хусусий шериклик асосида 2020 йилнинг 10 февралида “Тошкент шаҳрида намуна сифатида марказлаштирилган клиник диагностика лабораториясини ташкил этиш, жиҳозлаш ва эксплуатация қилиш тўғрисида”ги 1-33К-сон концессия шартномаси имзоланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.Мусаев):

Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда концессия шартномаси доирасида 2022 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳридаги барча поликлиника ва туман тиббиёт бирлашмалари лабораторияларини марказлаштириш;

2022 йил якунига қадар тажриба сифатида ҳар бир ҳудуддан биттадан туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси муассасаларининг лабораторияларини марказлаштириш ва давлат-хусусий шериклик асосида аутсорсингга бериш чораларини кўрсин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.Мусаев) 2023 йил 1 апрелгача тажриба натижаларига мувофиқ лаборатория хизматини яхшилаш юзасидан асосланган таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

  1. Белгилаб қўйилсинки:

тиббиёт ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек, глюкометр, махсус тест япроқчалари ва игналар, десмопрессин, ўсиш гормони, аналогли инсулин, одам инсулини ҳамда метформин махсус дори воситаларини харид қилиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси респуб­лика бюджетидан 2022 йилда соғлиқни сақлаш тизими учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан;

шифокор олди кўриги ва эндокринолог шифокор хоналарини ташкил этиш ҳамда зарур тиббий ускуналар билан жиҳозлаш, шунингдек, марказий лабораторияларни ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар тегишли маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

  1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бир ҳафта муддатда мазкур қарор талабларига мувофиқ тегишли ҳудудларда 2022-2024 йилларда эндокринология ёрдами кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича ҳудудий дастурларни ишлаб чиқсин ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида кўриб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминласин.
  2. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг оилавий поликлиникалар ҳамда туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларидаги катталар ва болалар шифокор эндокринологи лавозимларининг штат меъёрларини бир штат бирлигидан кам бўлмаган миқдорда белгилаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Иноятов) Молия вазирлиги (Ж.Абруев), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Б.Умурзаков) билан биргаликда бир ой муддатда оилавий поликлиникалар ҳамда туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари штат меъёрларини қайта кўриб чиқсин ва тасдиқласин.

  1. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.Мусаев) Қурилиш вазирлиги (Б.Зокиров), Молия вазирлиги (Т.Ишметов), Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Ж.Артикходжаев) билан биргаликда Марказ ҳамда унинг кўп тармоқли клиникаси янги бино ва иншоотларини қуриш, таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ишларини 2022 йил 1 майга қадар якунлаш чораларини кўрсин.

Бунда замонавий талаблар асосида зарур йўналишдаги бўлимларни, шунингдек, махсус лабораторияларни яратишни назарда тутган ҳолда қурилиш ишлари олиб борилиши ва тиббий техникалар билан жиҳозланиши таъминлансин.

  1. Қуйидагилар Марказнинг эндокрин касалликларнинг олдини олиш ва даволаш соҳасидаги қўшимча вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

метаболик синдром йўналишида фундаментал ва амалий тадқиқотларни амалга ошириш ҳамда инновацион ло­йиҳаларни ишлаб чиқиш;

метаболик жарроҳлик амалиётларини амалга ошириш, эндокрин касалликларни рентгенэндоваскуляр ташхислаш ва даволаш ҳамда буйрак усти безларига жарроҳлик аралашувининг каминвазив эндовизуал усулларини жорий этиш;

дори воситаларининг ножўя таъсирини ўрганиш ва минималлаштириш дои­расида марказлашган клиник синовлар менежменти ва сифат назорати тизимини яратиш;

хорижий давлатларнинг мазкур соҳадаги илмий ташкилотлари ва марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда биргаликда тадқиқотларни олиб бориш;

коронавирусда қандли диабетнинг кечишини илмий-амалий жиҳатдан ўрганиб, унинг олдини олиш бўйича стандартларни ишлаб чиқиш;

соҳа мутахассисларини ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун ўқув дастурларини ишлаб чиқиш.

  1. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.Мусаев) Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Марказ ҳамда ҳудудий тиббиёт муассасаларидан шаффоф танлов асосида танлаб олинган 50 нафаргача эндокринолог мутахассисларни ҳар йили нуфузли хорижий эндокринология марказларида малака оширишга юбориш, шунингдек, Марказнинг илмий малака кенгаши фаолиятига етакчи хорижий мутахассисларни жалб этиш чораларини кўрсин.
  2. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.Мусаев) Молия вазирлиги (Т. Ишметов) билан биргаликда икки ой муддатда:

соғлиқни сақлаш муассасаларида пуллик хизматларни ривожлантириш ҳамда тиббий хизматлар нархларини бозор механизмлари асосида шакллантириш;

ҳудудий эндокринология диспансерлари фаолиятида ҳар бир даволанган ҳолат асосида молиялаштириш механизмини, беморларни ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллаш тизимини жорий этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

  1. Фармацевтика тармоғини ривож­лантириш агентлиги (С.Кариев) икки ой муддатда эндокринология соҳасида махсус дори воситалари ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар фаолиятини кенгайтириш, шунингдек, глюкометр ва махсус тест япроқчаларини республикада ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш чораларини кўрсин.
  2. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.Мусаев) соғлом турмуш тарзини шакллантириш, юқумли бўлмаган касалликлар ва уларнинг хавф омилларига қарши курашиш ҳамда олдини олиш, шунинг­дек, соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича махсус туркум дастурларни вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ишлаб чиқсин ҳамда оммавий ахборот воситаларида тарғиб қилиб борсин.
  3. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти оммавий ахборот воситаларида, шунинг­дек, аҳоли ўртасида кенг ёритилишини таъминласин.

Бунда эндокрин касалликларда соғлом турмуш тарзининг аҳамияти, дори воситаларини ҳамда ўзини ўзи назорат қилиш воситаларини қўллашга оид махсус кўрсатувлар, ижтимоий рек­ламалар ва роликларнинг мунтазам намойиши йўлга қўйилсин.

  1. Ушбу қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб соғлиқни сақлаш вазири Б.Мусаев, Марказ директори Ф.Тураев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.

Қарорнинг ўз вақтида ва натижали ижро этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Л.Н.Тўйчиев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

     Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2022 йил 26 январь

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two + six =