Ҳукмдорнинг ибратли ишлари: ҳийла ила адолатли жазо

Темурийлар сулоласига   мансуб ҳукмдорлар ва   шаҳзодалар ичида илму   фан, адабиёт билан машғул   бўлганлари анча. Аммо улар орасида   Мирзо Улуғбек алоҳида   ажралиб туради. Биз бу   гал Улуғбекнинг   фан   тараққиётига қўшган ҳиссаси   тўғрисида эмас, инсоний хусусиятлари, ибратли ишлари   ҳақида тўхталишни маъқул   топдик.    

Диёнатсиз қозининг айбини қандайдир ҳийла билан топганлиги ва жазолаганлиги тўғрисидаги миш-мишлар аҳли Мовароуннаҳрни қойил қолдирди. Ана шу воқеадан сўнг омма, ҳукмдори бўлган Улуғбекнинг адолатпарварлигига қаттиқ ишониб, унга ихлос қўйди…

1394 йилнинг 22 мартида таваллуд топган Муҳаммад Тарағай болалигидан бобоси Амир Темур, отаси Шоҳрух ва устози Қозизода Румийдан юксак тарбия олгани боис, ўз даврининг етук фузалоси бўлиб етишганди. Мирзо   Улуғбек ҳаёти ( 1394-1449) давомида асосан, салтанат сиёсати туфайли вақтининг кўпини давлат бошқаруви ва урушлар банд қилса-да, фан билан шуғулланишга имкон топа олди. “Зижи кўрагони”, “Тарихи аръба улус” асарларини ёзди. Бухоро, Самарқанд ва Ғиждувонда учта мадраса бунёд қилдирди. 1424-29 йилларда Самарқандда муҳташам расадхона барпо эттириб, атрофига Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид, Али қушчи, Муиниддин Кошоний сингари кўплаб алломаларни тўплади. Уларга зарур шарт-шароит яратиб берди. Шундай катта ишларни қилган ҳукмдор ва алломанинг ўзиям доимо илмга интилар, тарозининг илм палласи сиёсат палласини босиб қўярди.

Ғиёсиддин Жамшид шунга доир бир воқеани 1417 йили отасига ёзган мактубида келтириб ўтган. Унга кўра, кунлардан бирида Улуғбек ва алломалар отда кетаётиб, 818 йил ражаб ойининг ўнинчи ва ўн бешинчи кунлари орасидаги ( милодий 1415 йил 15-20 сентябрь) душанба куни йил мавсумининг қайси кунига тўғри келишини аниқлашади. Улуғбек отда борганича хаёлий ҳисоб билан қуёшнинг тақвими ўша куни бир даража ва икки дақиқа эканлигини топади. Кейин эса манзилга келгач, отдан тушиб қоғозга ёзиб ҳисоб қилишганида, Улуғбек Мирзонинг хаёлан қилган тақвими тўғри эканлиги ойдин бўлади. Бу ҳолат ҳукмдорнинг қувваи ҳофизаси ва ақл-идроки шунчалик кучли бўлганини кўрсатади. Шу билан бирга у давлатниям олимона, адолатли равишда бошқарган.

Зайниддин Восифийнинг “Бадойиъ ул-вақоиъ” асарида шунга доир ибратли воқеа келтирилади:

Бир куни Улуғбекнинг ҳузурига номаълум шахс келиб арз қилади:

— Ҳукмдорим! Бундан олти ой олдин Рум тарафларга сафарга кетишда, беш минг ашрафий ақча пулим бор эди. Пулимни шу шаҳарда бирон кимсага омонат қўйиб кетмоқчи бўлдим. Ушбу шаҳарда қозидан бошқа диёнатли ва инсофлироқ одам бўлмаса керак, дея ўйладим. Шу боис ўша пулни офтобага солдим ва оғзини маҳкам бекитиб қозига топширдим. Сафардан қайтгач, қозиникига бориб омонатимни талаб қилсам, у ўзини танимасликка олиб, пўписа қилди.

Улуғбек бу воқеани эшитиб ўйланиб қолди ва деди:

— Эртага қозиникига бормоқчиман. Сен ҳам бор ва мени кутиб тур. Қозиникидан чиқиб отга минаётганда “дод-вой” кўтар ва бўлган воқеани баён қил.

Эртасига Улуғбек Мирзо қозини чақиртириб:

— Эй , қози! Мен беҳисоб нақд ақча, сандиқ тўла қимматбаҳо мато ва кўза-кўза олтину жавоҳир тўп­ладим. Мақсадим, қазо қилсам, фарзандларим оғир аҳволга тушиб қолса, шу бойлик уларнинг ёмон кунига яраб қолар, дея ўйлайман. Шаҳарда бундай хазинани ишониб топширадиган бирон ишончли одам йўқ. Сени диёнатли дея хазинани топширишга аҳд қилдим. Буни иккимиз билсак, бас! Зинҳор бошқа одам эшитмасин.

Қози Улуғбекдан бу гапни эшитиб, ич-ичидан суюнди, қувонганидан юраги ёрилишига сал қолди.

— Сен уйингга боравер, — деди Улуғбек қозига, — мен изингдан чиқиб, хазинани яширадиган жойни ўз кўзим билан кўриб келаман.

Шу тарзда Улуғбек қозининг уйига борди ва “хазина”ни яширадиган жойни белгилашди. Ҳукмдор қозиникидан чиқиб энди отга минаётганида, қозига омонат қолдирган кечаги одам келиб, “дод-вой” қила бошлади.

— Ҳукмдорим! — деди у, — шу қозиникида омонат қолдиргандим. Лекин ҳеч қайтариб оломаяпман.

Буни эшитиб қозини титроқ босди, рангу-рўйи ўчди. Ичида ўзича мулоҳаза қилди: “Бордию,унинг даъвосини рад этсам, подшоҳнинг ишончи йўқолади.Оқибатда арзимас беш минг ашрафи( пул бирлиги) деб улгуржи давлатдан қуруқ қоламан. Яхшиси, шу   каззобнинг омонатини қайтариб берай”.

Шундан сўнг қози ўша одамга ўшқира кетди:

— Эй, баттол! Нега дод соласан? Қачон сен омонатингни мендан талаб қилдинг-у, мен йўқ дедим? Диёнатли бир қозига туҳмат қилгани қандай журъат топдинг?

Шундай қилиб қози ғуломига “омонат фалон жойда, тез бориб бунга олиб чиқиб бер!”, — деб буюрди.

Ана шу тариқа Улуғбек ҳийла ишлатиб, қозидан омонатчининг пулини олиб берди. Диёнатсиз қозига “хазина”ни топшириш ўрнига, уни жазолади ва ишдан бўшатди. Ҳукмдор ҳаётида бўлган бу воқеа Улуғбек Мирзонинг юксак тафаккурли олим ва адолатпарвар подшоҳ бўлганини кўрсатади.

Мирзо Улуғбек ҳаётининг 40 йилини Самарқанд тахтида ўтириб, Мовароуннаҳрни бошқариб ўтказди. Қисқа умри давомида нафақат сиёсий арбоб, балки тарих ва фалакиёт илмларининг зукко билимдони, бир нечта куйлар яратган бастакор ҳамда созанда сифатида ҳам тарихда қолди…

Бундан ташқари Улуғбек Мирзо (1394-1449) ўз замондошлари орасида хотирасининг кучлилиги билан ҳам донг таратган эди. Давлатшоҳ Самарқандийнинг “Тазкират уш-шуаро” номли асарида Улуғбекнинг ана шу хислатига оид мисоллар келтирилган.Барча ҳукмдорлар сингари шикорга ҳам ғоят қизиқадиган Мирзо Улуғбек ов пайтида бирор жониворга ўқ отиб теккизганида, ўша вақтни эслаб қолар, бу воқеа қайси куни, қаерда содир бўлгани, қайси жонивор овланганини дафтарга битиб қўярди. Тасодифан бир куни ўша дафтар ғойиб бўлади. Қанча изласалар ҳам, амалдору хизматкорлар   дафтарни топа олмайдилар. Дафтарни сақловчилар саросимага тушадилар.

Шунда Мирзо Улуғбек:

— Ташвиш тортмангиз, мен дафтарга ёзилганларни бошдан оёқ билурмен, — деди ва котибларни чақириб, айтиб турди, улар эса ёзиб олишди.

Хуллас, ов ҳам кўпайиб, шикорда отилган жониворлар қайд этилавериб, янги дафтар тўлай деган эдики, йўқолган эскиси топилиб қолди. Шунда косиб­лар йўқолган дафтар ва янгидан Улуғбек айтиб туриб ёздирган қайдларни таққослаб кўрдилар. Котибу сарой амалдорлари Мирзо Улуғбекнинг фаросати ва хотирасига тасанно айтишди. Чунки қайси ҳудудда, қачон, кимлар билан қандай ҳайвон овланганини ҳукмдор ёддан айнан айтиб берган эди.

Худди шунга ўхшаш бошқа бир ибратли воқеани Улуғбекнинг замондоши Шайх Озарий (1382-1462) шундай ҳикоя қилади:

“Мен ҳижрий 800( милодий 1398) йили Қорабоғда, улуғ Амир Темурнинг қиссахони тоғоим бирлан бирга эрдим. Ўшанда Улуғбек мирзонинг хизматига тайин этилдим. Ўша пайтда ҳали ёш бола эрдим ва бир неча йил болаликнинг шоду хуррамлигини шаҳзода бирлан бирга кечирдим. У бирлан бирга ўйнардим, унга нақлу ривоятлар айтиб берар эрдим. Шаҳзода мен ила яқин дўст ва ўртоқ бўлиб қолдилар.

Ҳижрий 852 ( милодий 1448) йили мазкур подшоҳ (яъни Мирзо Улуғбек) Хуросонни забт этди ва Исфароинга келиб тушди. Ёшлик ўтиб, қартайиб қолган эрдим. Ўрнимдан туриб подшоҳнинг ҳузурига бордим. Мени узоқдан фақиру тақводор либосида кўрди. Салом-аликдан кейин сўрадилар: “Эй, дарвеш, сен эски суҳбатдошимизга ўхшайсен, қиссахонимизнинг жияни эрмасмусен?” Подшоҳнинг ўткир зеҳни, фаросат ва пок идрокидин лол қолиб дедим: “Ҳа, жаноби олийлари, ўша қиссахоннинг жияни эрурмен. Улуғбек Қорабоғда айтилган ҳикоятлар, Гуржистон ғазовати ҳамда Озарбайжон ажойиботларини ўртага ташладилар”.

Эллик йилдан кейин ҳам болалик хотиралари, айтилган ҳикоятларини айнан хотирада сақлаб қолишга ҳамманинг ҳам ақл, қуввати етмайди. Мирзо Улуғбек эса ўз даврининг жангу жадаллари, сарой ўйинларининг фисқу фасодлари, илму нужум, фалакиёт сирлари билан оворалигига қарамай, болаликдаги дўстини, юқорида айтилганидек, ҳатто орадан қанча вақт ўтмасин, шикордаги қайси жониворни қачон овлаганини ёдида сақлаб қолиш даражасидаги инсон эди.

У. БЕКМУҲАММАДОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 4 =