Матбуотга қайтмасак бўлмайди

Ёки миллионлаб хонадонларга газета-журналлар етиб бормаётганига

сабаб нима?

 

Кўп йиллар олий ўқув даргоҳида бўлажак журналистларга сабоқ берган олим Сайди Умировни кўпчилик билади. У киши биз билан қўшни эди. Эски матбаачи бўлганим учунми мен билан гурунглашишни яхши кўрарди. “Сизлар тухумни арчиб меҳмонга тутган мезбон каби, ўқиш пайти талабаларни шижоат пўчоғидан айириб қўясизлар чоғи, матбуотда юрак ҳовучлаб ишлайдиган бўлишади – танқидий мақола ёзишдан қўрқадилар”, деб ҳазиллашсам, ўйланиб қоларди раҳматли. Нега гапни бундан бошладим? Чунки ўша ҳазил-чин гап замирида кейинги йиллар мени   ўйлантирган жуда катта муаммолар ётади.

Камина 1936 йилда Тошкент туманининг Келес шаҳрида туғилиб ўсганман. 1953 йили меҳнат фаолиятимни Тошкент почта бошқармасида газета ва журналларни сараловчига ёрдамчи сифатида бошладим. Соҳага қўйган ихлосим туфайли фаолиятим доирасида бир неча босқичлардан ўтиб, почта бошқармаси раҳбари лавозимига кўтарилдим. Кўп йиллар Тошкент шаҳар “Союзпечать” агентлиги (ҳозирги “Матбуот тарқатувчи” АК) директори вазифасида ишладим. Тўғри, бир соҳада узоқ ишлаган баъзи кишилар ишдан кетгандан кейин корхонаси фаолиятига беписандлик билан қараган, уларнинг ишидан нуқсон излаган ҳоллар кўп кузатилган. Шу маънода андишага бориб ўзимга савол бераман: матбуотнинг бугунги аҳволи, унинг муштарийларга етиб бориш даражаси, бу соҳадаги муаммолар ҳақида муносабат билдиришга маънавий ҳаққим борми? Сўнг яна ўзимга дейман: тўқсон ёшни қоралаш арафасида турибман, билдирадиган фикрим қандайдир манфаат, тама илинжида эмаслиги аён. Чунки менга шу ёшимда ҳеч қандай иш, вазифа керак эмас, Худога шукр, пенсия гаштини суриб юрибман.

Қолаверса, Ўзбекистонда сўнги беш–олти йил ичида ёшу қарини қувонтирадиган ўзгаришлар бўлди. Яширишнинг ҳожати йўқ, деярли барча соҳа инқи­розга учраш арафасида эди. Журналистлар таъбири билан айтганда, хом-хатала бир мақолани таҳрир қилишдан кўра янгисини ёзиш осон бўлганидек, сиё­сий-иқтисодий, маданий-маърифий ҳаётда бировлар йўл қўйган камчиликларни бартараф этиш жуда қийин. Шукрки, қи­йинчилик билан бўлса-да, элимиз фаровонлик сари қадам ташлади.

Бу эзгу йўлда барча, айниқса, биз қариялар ҳақли ислоҳотларга бош бўлаётган Йўлбошчимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоғимиз керак деб ҳисоблайман. Шу маънода матбаачиликдаги эллик йиллик тажрибамдан келиб чиқиб, мазкур соҳага яна эътибор берилиши зарур бўлган масалалар хусусида ўз муносабатимни билдирмоқчиман.

Президентимиз фаолиятларининг илк дамларидан бошлаб давлат ва жамоат арбоби, ёзувчи Шароф Рашидовнинг номини тиклашга   алоҳида эътибор қаратганлари бежиз эмас. Чунки ҳукумат ишини юритиш ҳеч қачон осон бўлмаганидек, шўролар даврида ҳукуматни бошқаришнинг ўзига яраша янада мураккаб­ликлари бор эди. У киши ҳар соҳада Иттифоқ бўйича жорий қилинган, аммо бир томонга йўналтирилган иш тизимидан оқилона фойдаланган. Жумладан, матбуот тарғиботи ҳам мисли кўрилмаган даражада эди. Масалан, “Ўзбекистон овози” (“Совет Ўзбекистони”) 700 минг, “Правда Востока” 200 минг, вилоят газетаси “Тошкент ҳақиқати” 60 минг, болаларга бағишланган газета ва журналлар юзминглаб нусхада чоп этилган. Газета ва журналларни алоқа бўлимларига етказиш учун 130, “Союзпечать” чакана савдо дўконларига олиб бориш учун 26 та юк автомашинасида хизмат кўрсатилар эди. Пойтахт­­да 213 та алоқа бўлими, 420 та газета дўконлари фаолият юритарди. Даврий нашрлар почта бўлимларига соат   8-00, савдо дўконларига 7-00 гача етказиб берилмаса, аҳоли шикоят билан чиқарди. Сиё­сий аҳвол ўзгариб, қайта қуриш, ошкоралик, республикаларнинг иттифоқ ихтиёридан чиқарилиши, юртимиз мустақиллиги эълон қилингандан кейинги бир неча йиллик ўтиш даври қийинчиликлари таъсиридан матбуотимиз ҳам завол топди. Негаки, шўролар сиёсати билан бирга ўйланган, натижаси ой каби равшан иш тизимидан ҳам воз кечдик. Мана, ҳозиргача матбуотимиз   ўзини ўнглаёлгани йўқ. Бунга мисол келтираман: 2022 йилга келиб “Ўзбекистон овози” газетаси 2010, “Правда Востока” 3988, “Миллий тикланиш” 1057, бир пайтлар қарийб 800 минг нусхада чоп этилган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси 925 нусхага тушиб қолибди. Пойтахтда газета харид қилувчи одам қаерда “Матбуот” дўкони борлигини суриштириб юрадиган бўлиб қолди. Ўзим истиқомат қиладиган Юнусобод туманининг Бодомзор мавзесининг саккизта маҳалласида 30 мингга яқин аҳоли яшайди. Иккита почта бўлимига кириб фуқароларнинг обуна бўлганликларига қизиқиб кўрдим: “Шайх Шабли” маҳалласидан бир фуқаро “Халқ сўзи”, яна бир киши “Янги Ўзбекистон”, Мирзо Улуғбек маҳалласидан икки киши “Халқ сўзи” ва “Бўз сув” маҳалласидан камина “Правда Востока”, “Hurriyat” ва “Хабар” газеталарига обуна бўлганмиз. Маҳалламиздаги 105-сонли мактабдан газета-журналларга ҳеч ким ёзилмаганлигини билиб, қарилик экан кўзларимга ёш келди. Шундай экан, матбуот дўконлари фаолиятини тезроқ йўлга қўяйлик, одамлар ўзларига керак газета-журналларни харид қилишсин, ахир?!

Вилоят ва туманларда-ку матбуот дўконларининг фаолияти умуман тўхтаган ҳисоб. Фақат баъзи бозорларнинг гавжум жойларида матбуот нашрлари сотилаётганлигига кўзингиз тушиб қолади. Уларда ҳам “сариқ матбуот инъомлари”. Ҳатто жуда кам қолган матбуот дўконларининг олд пештахтасидан ҳам шундай олди-қочди нашрлар ўрин олган. Саё­ҳат, зиёрат илинжида вилоятларга кўп чиқаман. Таниш-билишларнинг уйида меҳмон бўламан. Тўғрисини айтиш керак, қишлоқларимизда шундай хонадонлар борки, китоб у ёқда турсин, бир парча газета ёки журнал парчасини ҳам кўрмайсиз. Китобхонликка бўлган даъватлар ким учун? Кейин матбуот орқали янгиликлардан вақтида хабардор бўлиб туриш китобхонликнинг бошланиши эмасми? Қизиқ, туман марказий кутубхонасида ҳатто туман газетаси йўқ. Кўп йиллар ўз ҳолига ташлаб қўйилган туман газеталарини, асосан, обуначи ўқитувчи ва ўқувчилар сақлаб келди. Аммо дафъатан “Обуна мажбурийми” деган масала ўртага чиқди. Оқибатда қобилиятли ўқувчиларнинг дастлабки ойнаси бўлмиш туман газеталари масъуллари муштарий излаб мактаблар маъмуриятига мурожаат қилолмай қолдилар. Бу ҳолат ўқувчиларни ўз севимли нашрларидан ҳам бенасиб қилди. Ахир, ҳеч бўлмаса “Гулхан”, “Тонг юлдузи”, “Ғунча” каби болалар нашрларини ҳар бир синфга биттадан етказишнинг иложи бор-ку! Мактаб раҳбарларига ҳам ҳайронман, баъзи газета ва журналларга юқоридан кўрсатма бўлсагина обунасини ташкил қилишади. Аммо инсон руҳияти, маънавияти, муаммоларига асосланган “Янги Ўзбекистон”, “Халқ сўзи”, “XXI аср”,   “Тафаккур”, “Шарқ юлдузи”, “Ўзбекистон ада­биё­ти ва санъати”, “Hurriyat” каби матбуот нашрлари, болалар тарбиясига мўлжалланган газета ва журналлардан ўқитувчи ва ўқувчиларни бенасиб қилаётганлари ҳақида ўйламайдилар ҳам. Наҳотки, атрофдаги бизнесмен, тадбиркор, фермерлар ўз ходимларининг кўнгли учун ҳам уларни вақтли матбуотга обуна қилишни исташмайди? Хўш, ҳокимлар қаерга қарашяпти? Уларга вилоят, туман ва шаҳарлари ҳудудида матбуот дўконлари фаолиятини йўлга қўйиш шунчалик ҳам қийинми? Бугунги кунда китобхонликка давлат миқёсида аҳамият берилаётганини биладилар-ку!

Ҳозир ҳокимликларда матбуот котиби штати жорий қилинган. Афсуски, ҳоким ёрдамчиси мавқеидаги мазкур матбуот котиблари фақат ҳокимлар фаолиятини интернет сайтларига жойлаштириш, уларни ишлаётгандай кўрсатишдан ортмайдилар. Ҳатто бу ишга туман газетаси ходимларини ҳам жалб этишади. Аслида котибларнинг асосий вазифаси аҳолини матбуот билан маънан боғлаш, бу масалада журналистларнинг ролини ошириш, туманда соғлом ижодий муҳит яратишдан иборат, ҳоким қаерга борса, унинг ортидан қолмаслик эмас!

Гап кўп, муаммо кўп. Уларни ҳадеб такрорлашдан кўра, амалий ишга ўтиш лозим. Матбуотнинг мавқеини тиклаш учун, аввало, мутахассисларнинг фикрини ўрганиш лозим. Менинг ҳам шу ўринда камтарона таклифларим бор: биринчидан, таҳририятлар, обунани ташкиллаштирувчи ташкилотларни қўшимча қиймат солиғидан бутунлай озод қилиш, ягона солиққа ўтказиш лозим; иккинчидан, обуна уюштирувчи муассасаларга маълум шартлар эвазига обуна қилишга рухсат бериш керак; уларнинг ҳар бир туманда бу иш билан шуғулланувчи ходими, вилоят кесимида тарқатиш тизими ва логистикаси бўлиши шарт; маҳаллий туман ҳокимларига ҳудудларида матбуот дўконлари ўрнатилиши ва фаолият ҳолати бўйича масъулият юклаш керак. Бинобарин, аҳолига матбуот нашрларининг талаб даражасида тарқатилиши, газетхонлар сафининг кенгайишига қараб ҳам ҳокимларнинг маънавий аҳволига етарлича баҳо бериш мумкин.

Қолаверса, газета-журналларга обуна қилиш тизими Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Маънавият ва маърифат маркази билан биргаликда ҳар бир ҳокимликда назорат қилиниши мақсадга мувофиқ. Агар шундай қилинса, бу “мажбурий обуна” бўлиб қоладими?

Йўқ, албатта. Одамлар барибир газета-журнал ўқигиси келади. Бунинг учун соҳага янада эътибор, тарғибот ва қўллаб-қувватлов керак, холос.

Қолаверса, нима учун ижтимоий тармоқ, интернет деганлари ниҳоятда ривож топган дунё мамлакатларида ҳар бир хонадонда газета бор, эрталабки нонуштадан аввал маънавий озуқа — газета ўқишади, матбуот нашрларига бирров кўз югуртирадилар. Ҳа, бу хусусда жуда кўп гапирилади, кўп ёзилади. Чунки бу маданият. Лекин шу даражага қачон етамиз ўзимиз?

Бизда-чи, бугун миллионлаб хонадонларга ақалли бирон-бир номдаги нашр бормайди. Шунинг учун почта ходимларига ҳам иш йўқ. Аслида бу катта кемтиклик. Газета-журнал ўқимайдиган одамлар ёлчитиб китоб ҳам ўқишмайди. Шу боис, аллақачон “ҳар бир хонадонга газета” ёки “ҳар бир уйга — матбуот нашри” лойиҳасида иш олиб боришнинг мавриди келди.

Қачонки, уйда, мактабда, олий таълим даргоҳида газета-журнал ўқилмас экан, бу улкан фожиа. Унинг асоратлари, оғир белгилари бугунги ёшларда акс этаётгани бежиз эмас. Ҳечдан кўра кеч дейдилар. Матбуотга қайтиш керак. Ўзга чора йўқ. Ўзга йўл йўқ.

Бир замонлар жадид боболаримиз бежиз “Нажот-таълимда” дейишмаган эди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам таълимга, айниқса, мактаб таълимига эътиборни кучайтираётир. Таълим ва тарбияни ривож топтирадиган омиллардан бири эса бу — матбуот воситалари эканлигини унутмайлик.

Собир ХАТАМОВ,

меҳнат фахрийси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 + nineteen =