Тараққиёт стратегияси: Инсон қадри учун 100 та мақсад

Президентимиз томонидан мамлакатимизда инсон қадр- қиммати, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, тадбиркорлик ва ишбилармонликни янада ривожлантириш, таълим ва тиббий хизмат сифатини ошириш, қисқача айтганда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини янги босқичга олиб чиқишни ўзида акс эттирган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармон имзоланди.

Кейинги беш йилга мўлжалланган мазкур Тараққиёт стратегияси жами 7 та йўналиш, 100 та мақсаддан иборат.

Тараққиёт стратегияси лойи­ҳаси оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали аҳоли ва кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди. Ушбу жараёнда жами 17 мингдан ортиқ таклиф, 300 дан ортиқ янги ташаббус келиб тушган. Вилоятимизнинг фаол фуқаролари ҳам 2 мингга яқин таклиф ва тавсиялари билан иштирок этган. Бу мамлакатимизда эркин фуқаролик жамиятининг ривожланаётганлигидан далолатдир.

“Инсон қадри учун” тамо­йили асосида халқ билан очиқ мулоқот натижалари ҳамоҳанглигида тайёрланган ушбу стратегиянинг пировард мақсади барча соҳаларни ривожлантириш орқали халқимизнинг фаровонлигини ошириш ва кундалик ҳаётидаги муаммоларни ҳал этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Давлат бошқаруви органлари фаолиятини “фуқарога хизмат қилишга йўналтириш” тамойи­­ли асосида трансформация қилиш орқали, давлат идоралари фаолиятининг барча йўналиш­ларини “Давлат – халқ хизматчиси” тамойили асосида фуқарога тўғридан-тўғри хизмат кўрсатишга йўналтирилаётганлиги ҳам аҳоли манфаатларини ўйлаб амалга оширилаётган ислоҳотларнинг яққол намуна­сидир. Албатта, стратегияни ишлаб чиқиб тасдиқлаш бир томон бўлса, унинг ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш иккинчи муҳим масала ҳисобланади.

Фармоннинг 25-бандида Адлия вазирлиги, Ҳисоб палатаси, “Тараққиёт стратегияси” маркази ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатига Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурлари амалга оширилишининг боришини тизимли мониторинг қилиш, уни сифатли ва ўз вақтида бажариш учун қўшимча чоралар кўриб бориш бў­йича муҳим вазифалар юклатилди.

Шунингдек, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштирган ҳолда, айрим давлат функцияларини амалга ошириш жараёнига жамоатчилик назорати субъектларини кенг жалб қилиш, давлат органлари фаолиятини ўрганишда ижтимоий сўровлар ўтказиш ҳамда аниқланган камчилик­ларни очиқ муҳокама қилиш амалиёти жорий этилмоқда. Фаол жамоатчилик назоратини йўлга қўйишда эса фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистларнинг меҳнатидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бундан ташқари, Тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнларига халқаро ҳамжамиятни кенг жалб қилиш ва уларни ислоҳотлардан хабардор қилиб боришга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳузурида фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат йиллик муқобил ҳисоботлар тайёрлаб борувчи Мустақил мониторинг ва баҳолаш жамоатчилик гуруҳи ташкил этилмоқда. Шу билан бирга ҳудудларда нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, экспертлар ва маҳалла фаолларидан иборат Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватлаш жамоатчилик гуруҳлари фаолиятини йўлга қўйган ҳолда тизимли равишда жамоатчилик эшитувларини ўтказиб бориш амалиёти жорий этилганлиги ҳам мамлакат тараққиётининг янгича механизмлари яратилаётганлигининг ифодасидир.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси нафақат мамлакатимизнинг келгуси беш йиллик тараққиётини, шу билан бирга, унинг узоқ йиллик ривожланиш стратегиясини белгилаб берувчи муҳим ҳужжат ҳисобланади. Унда назарда тутилган мақсадларнинг изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилиши, Янги Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси бугунги турмушидан мамнун бўлиб, юрт тараққиёти ва ривожидан ўзида дахлдорлик ҳиссини туйиб яшашига хизмат қилади.

Даврон ШОДМОНОВ,

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати  

Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари.

ЎзА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four + 15 =