Фуқароларнинг ахборот олиш эркинлиги — жамият тараққиётининг муҳим мезони

Инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланган демократик жамиятни сўз ва ахборот эркинлигисиз тасаввур этиб бўлмайди. Шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги замонда оммавий ахборот   воситаларини давр солномачисига қиёсласак, бу кўзгуда мамлакатимиз ҳаётидаги ўзгаришлар бутун борлиғи билан акс этади.

Бундан беш йил аввал қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси асосида 2017–2021 йилларда давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, халқнинг осойишта ва фаровон ҳаёт кечириши учун шарт-шароитлар яратиш, халқаро майдонда Ўзбекистоннинг муносиб ўрин эгаллашига қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Президентимизнинг жорий йил 28 январда имзоланган фармони билан 2022−2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт страте­гияси ҳамда уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тасдиқланди.

Таъкидлаш жоизки, Тараққиёт стратегияси сўнгги йилларда мамлакатимиздаги тизимли ижобий ўзгаришларнинг асосий ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилган Ҳаракатлар стратегиясининг узвий давоми ҳисоб­ланади.

“Инсон – жамият – давлат” деган тамойил асосида шакллантирилган “Инсон қадри учун”, “Давлат – инсон учун” деган эзгу ғояларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ишлаб чиқилган ушбу дастурий ҳужжатда яқин ва ўрта истиқболда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш тенденциялари, бу борадаги устувор вазифалар белгилаб олингани, “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт страте­гияси сари” деган тамойил асосида ислоҳотларнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилгани эътирофга молик ва барча соҳалар равнақ топишига, Ўзбекистоннинг ривожланган давлатлар қаторидан жой олишига, халқимизнинг адолатли, эркин ва фаровон жамият қуришдек улуғ истаклари ижобат бўлишига хизмат қилади.

Тараққиёт стратегиясининг халқчиллиги хусусида алоҳида тўхталиб, унинг лойиҳаси оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали аҳоли ва кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилгани, муҳокамалар жараёнида юртдошларимиз томонидан 17 мингдан ортиқ таклифлар билдирилгани, уларнинг аксариятидан лойиҳани такомиллаштиришда фойдаланилгани, шу жумладан, журналистларнинг ҳам кўплаб таклифлари инобатга олингани бизни қувонтиради. Кейинги беш йилда мамлакатимиз тараққиёти учун дастуриламал бўлган Тараққиёт стратегияси лойиҳасининг муҳокамаси кўлами, билдирилган таклифлар, уларнинг дастурий ҳужжатда аксини топиши юртимизда эркин фуқаролик жамиятининг ривожланиб бораётганидан далолат беради.

Тараққиёт стратегияси ҳақиқий ўзбекона дастур бўлди десак, муболаға бўлмайди. Одатда, халқимизга хос анъанага кўра, катта ишни бошлашдан олдин кўпчилик билан маслаҳат қилинади. Маслаҳатлашув жараёнида жўяли таклифлар билдирилади. Қизғин муҳокамалардан сўнг кўпчиликнинг ризолиги билан якуний қарорга келиниб, ишга киришилади. Тараққиёт стратегияси лойиҳаси бўйича ҳам айнан шундай йўл тутилди.

Ушбу ҳужжатда мамлакатимизнинг ривож­ланиш тенденциялари, бу борадаги устувор вазифалар, 7 та устувор йўналиш юзасидан кейинги беш йилда 100 та мақсадни амалга ошириш белгиланган. Шу мақсадларга эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ҳам, ажратилган маблағлар   ҳам аниқ. Хусусан, Тараққиёт стратегиясини жорий йилда амалга ошириш бўйича Давлат дастурида умумий қиймати 55 трлн. сўм ва 11,7 млрд. долларлик 398 та чора-тадбирнинг кўзда тутилганлиги бунга яққол мисол бўла олади.

Таъкидлаш жоизки, тараққиёт страте­гиясининг бир неча мақсадларида оммавий ахборот воситаларининг роли ва журналистларнинг касбий фаолияти ҳимоясини янада кучайтириш, фуқароларнинг ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги борасидаги ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш белгиланганлиги биз соҳа ходимларини янада руҳлантирди. Жумладан, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган 12-мақсадда жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шаклларини ривожлантириш, жамоавий мурожаатлар асосида ҳудудий, тармоқ ва давлат дастурлари ижро сифатини текшириш амалиётини жорий этиш, айрим давлат функцияларини амалга ошириш жараёнига жамоатчилик назорати субъектларини кенг жалб қилиш, давлат органлари фаолиятини ўрганишда ижтимоий сўровлар ўтказиш ҳамда аниқланган камчиликларни очиқ муҳокама қилиш амалиётини йўлга қўйиш назарда тутилмоқда. Бу жараёнда оммавий ахборот воситаларининг роли ва журналистларнинг касбий фаолияти ҳимоясини янада кучайтириш, одамларни қийнаётган муаммолар ҳамда ислоҳотларнинг ижроси аҳволини ўрганишда уларнинг меҳнатидан самарали фойдаланиш белгиланмоқда. Хусусан, фуқароларни қийнаётган муаммолар ҳамда ислоҳотларнинг самарадорлигини ўрганишда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш тартиби жорий қилинади, шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига ноқонуний аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, шу жумладан, мансабдор шахс­лар томонидан цензура ўрнатиш, таҳририят ходимларига босим ва тазйиқ ўтказиш, материаллар ва техник воситаларни улардан ғайриқонуний равишда олиб қўйиш ҳаракатлари содир этилгани учун жавобгарлик янада кучайтирилади. Яна бир муҳим жиҳати, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклларида қўллаб-қувватлаш ҳажмини икки баробарга ошириш кўзда тутилмоқда.

Жамиятда миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитини мус­таҳкамлаш деб номланган 74-мақсадда хорижий тилларда фаолият юритаётган ҳамда миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсатини ёритаётган оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланмоқда. Хусусан, “O’zbekiston”, “Звезда Востока” ва “Амударё” журналлари, “Еркин Қарақалпақстан”, “Нурлы жол”, “Овози тожик”, “Мекан” ва “Достук” газеталарининг моддий-техник базаси яхшиланади. Соҳага оид материалларни оммавий ахборот воситаларида ёритиш бўйича танловлар, грантлар ташкил этилади. Оммавий ахборот воситалари, журналистлар ва блогерларни пресс-турларда иштирок этиш, уларга бериладиган ижтимоий буюртмаларни қоп­лаш тартиби ҳам белгиланмоқда.

Фуқароларнинг ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги борасидаги ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш — Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси еттинчи йўналишининг дастлабки ва муҳим мақсади сифатида белгиланганидан ҳам англаш мумкинки, биз яшаётган глобаллашув ва ахборот асрида ҳаётимиз, жамият тараққиёти, мамлакат равнақи замонавий медиа макон ва ахборот-коммуникация технологиялари, оммавий ахборот воситалари фао­лияти билан бевосита боғлиқ.

Дарҳақиқат, кундалик ҳаётимизни ёки бирон соҳани ҳар кунлик ахборотсиз тасаввур қилиш мушкул. Техника ва технологиялар тараққиёти жамиятда ахборотнинг аҳамиятини янада оширди. Ахборот барча соҳага қадар чуқур кириб боргани, инсон ва жамият ҳаётига таъсири мисли кўрилмаган даражада ортгани, ўз навбатида, уларни тартибга солиш заруратини ҳам юзага келтирди.

Тараққиёт стратегиясининг еттинчи, яъни “Мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ ва прагматик, фаол ташқи сиёсат олиб бориш” деб номланган устувор йўналишининг 89-мақсадида “Ахборот соҳасини тартибга солувчи ягона тизимлаштирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш” доирасида замон талаб­лари асосида ахборот соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, ахборот соҳасини тартибга солишга қаратилган мавжуд қонунларни Ўзбекистон Республикаси Ахборот кодекси шаклида унификация қилиш белгиланган.

Ахборот кодексини ишлаб чиқишнинг зарурияти шундаки, бугунги кунда ахборот соҳасидаги мавжуд бўлган ўндан ортиқ қонунлардаги айрим моддалар бир-бирини инкор этиш ҳолатлари ҳам кузатилаётганидан кўз юмиб бўлмайди.

Тараққиёт стратегияси еттинчи йўналишининг 89-мақсадида давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлиги ҳамда матбуот котиблари фаолияти самарадорлиги рейтингини тузиш орқали соҳада юқори натижаларга эришган ташкилотлар матбуот котибларини рағбатлантириш тизимини жорий қилиш белгилангани ҳам фуқароларнинг ахборот олиш борасидаги ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Барчамизга маълумки, сўнгги йилларда давлат идораларининг жамоатчилик билан алоқаларини мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Агар 2019 йилда давлат ва нодавлат ташкилотларидаги ахборот хизматларининг манбалари — расмий веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлардаги каналлар 559 тани ташкил этган бўлса, 2021 йилда бу рақам 2410 тага етди.

Оммавий ахборот воситаларидаги танқидий чиқишларга вазирлик ва идоралар, ҳокимликларнинг ахборот хизматлари орқали тезкор муносабатлар билдириш амалиёти шаклланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг мажлислари “О‘zbekiston” ва “UzReport” телеканаллари, шунингдек, Сенатнинг www.senat.uz расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали тўғридан-тўғри эфирда намойиш этилмоқда.

Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг “Facebook”даги “Халқ билан мулоқот/Диалог с народом” гуруҳида фуқаролар билан онлайн мулоқотлари ҳам юртдошларимизда қизиқиш уйғотмоқда. Ушбу мулоқотлар давомида адлия вазири фуқароларнинг кўплаб саволларига жавоб беряпти.

Замонавий дунёда ахборот нафақат узатилади, балки сотиб олинади ёки сотилади, ундан фойда кўриш назарда тутилар экан, глобаллашув даврида ахборотнинг кўпайиши туфайли бизга нафақат кўп фойдали маълумотлар, балки хавфли таҳдидлар ҳам кириб келади. Маълумотларга кўра, мамлакатимизда ҳозирги вақтда “Facebook”да 4,7 млн., “Instagram”да 3,7 млн. , “LinkedIn”да 288 минг, “Telegram”да 18 млн., “Оdnoklassniki”да 16,7 млн., “Twitter”да 51,6 ва “В-контакте”да 2,6 млн. фойдаланувчи борлигининг ўзиёқ ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданияти ва зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш масалалари долзарблигини англатади.

Шуни ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимизда фуқароларнинг ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланиш маданиятини ошириш мақсадида турли ёш тоифаси учун мўлжалланган ўқув курслари ҳамда онлайн дастурларни оммалаштириш, халқ таълими ва профессионал таълим тизимининг тегишли дарсликларига медиа саводхонлик бўйича мавзулар киритилишини даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Зеро, ҳозирги глобаллашув замонида ахборот оқими шунчалар кўпайдики, уларни таҳлил қилиш, англаш, қолаверса, тегишли хулоса чиқариш ҳар биримизнинг билим ва дунёқарашимизга бевосита боғлиқ.

Дарҳақиқат, жамият ҳаётининг турли соҳаларини компьютерлаштириш, замонавий коммуникация воситалари, электрон маълумотлар базаси, тезкор ахборот технологияларидан фойдаланиш бизга қатор қулайликлар берди. Масалан, интернет тармоғи орқали дунёнинг исталган жойидаги янгиликдан тезда хабардор бўламиз. Аммо қайси манбалардан ахборот олишни ва ундан қаерда, қандай фойдаланишни билиш ҳам талаб этилади.

Ахборот майдонида яширин мақсад-муддаолар, ёт ғоялар, ғаразли мақсадлар бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас. Биз жаҳолатга қарши маърифат билан курашишга бел боғлаган эканмиз, бу қарама-қарши­ликлар ҳудудига қадам босишдан олдин тафаккурни чарҳлаб олишимиз зарур. Шундагина таҳдидларга қарши иммунитет ҳосил бўлади, онгда мафкуравий ҳимоя тизими шаклланади ва ахборот оқими, таҳдиди салбий таъсир кўрсата олмайди.

Тараққиёт стратегиясида қайд этилган 89-мақсад бўйича шахсий ва сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни Интернет тармоғида ошкор қилиш билан боғлиқ дахлсизлик ҳуқуқлар бузилишининг олдини олиш учун Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларнинг шахс дахлсизлик ҳуқуқлари билан боғлиқ моддаларига тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси тайёрланиши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, кибержиноятчилик учун жиноий жавобгарлик қайта кўриб чиқилади. Ахборот майдонидаги киберҳужум ва таҳдидларни мониторинг қилиш тизими янада такомиллаштирилади. Бунда: киберхавфсизликнинг Ягона тармоғининг техник инфратузилмасини кенгайтириш; “Кибернетикада инновациялар IT-парки” фаолиятини янада жадаллаштириш; IT-паркнинг ҳудудлардаги рақамли технологиялар ўқув марказлари негизида ёшларни киберхавфсизлик асослари бўйича ўқитилишини таъминлаш, ҳамда ҳар йили талаба ва ўқувчилар орасида киберҳужумларни аниқлаш бўйича республика миқёсида конкурслар ўтказиш назарда тутилади.

Миллий ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар ҳамда ахборот-коммуникацион дастурлар яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Соҳанинг етук мутахассислари ва йирик тадбиркорларни миллий коммуникация платформаларини яратишга жалб қилиш, маълумотларни узатиш ва қайта ишлашнинг замонавий талабларига мос дастурий таъминот ва техник воситалар билан таъминлаш белгиланган.

Тараққиёт стратегиясининг 98-мақсади Жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимиз имиджини оширишга қаратилган ахборотлар етказиш самарадорлигини оширишни назарда тутади. Бунда “Дунё” ахборот агентлиги фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади. Шунингдек, жаҳондаги етакчи ахборот агентликлари билан ҳамкорликни янада жадаллаштириш, Ўзбекистон имиджини жаҳон саҳнасида илгари суришни назарда тутувчи чора-тадбирларни амалга ошириш, мамлакатимизда ислоҳотларнинг бориши, жамиятни демократик янгилаш жараёнлари ҳақида холис ахборот тарқатиш самарали давом эттирилади. Маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг ўзаро ҳамкорлиги ва соҳада мавжуд муаммоларни ўрганиш, уларни бартараф этиш ҳамда истиқболларни белгилаб олиш учун қулай медиа-майдон яратилади.

Бу жараёнда халқаро ахборот бозорларига чиқиш, Ўзбекистоннинг ижобий имиджини илгари суриш механизмлари, воситалари ва каналларини биргаликда ишлаб чиқиш, халқаро майдонда PR-шериклик лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида етакчи хорижий оммавий ахборот воситалари билан ўзаро алоқалар ривожлантирилади, ҳамкорлик алоқалари ўрнатилади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадлар ва жорий йил бўйича қабул қилинган Давлат дастурида белгиланган вазифаларга асосланиб, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг жорий йилдаги устувор йўналишларини белгилашда аввалги йиллардан фарқли равишда бутунлай янгича ғоя ва мақсадлар асосида ёндашилди.

Мухтасар айтганда, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида фуқароларнинг ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги борасидаги ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашга алоҳида урғу берилгани “Инсон қад­ри учун”, “Давлат – инсон учун” деган ғояларнинг ҳаётбахшлигини намоён этади.

Мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқини янада кенгроқ рўёбга чиқариш учун имкон яратиш, ОАВларнинг давлат ҳокимияти ва бош­қарув органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш борасидаги ролини кучайтиришга хизмат қилади.

Тараққиёт стратегиясининг мақсад ва вазифаларини оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиб этиш, унинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказишда журналистлар олдинги сафда бўлишига ишончимиз комил.

Олимжон Ўсаров,

Ўзбекистон Журналистлари

ижодий уюшмаси раиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 + sixteen =