Бирни кўриб фикр қил…

Яқинда газеталардан бирида Мозамбик давлатида очарчилик туфайли одамлар ноиложликдан дала сичқонлари ва каламушлар гўштини истеъмол қилишаётгани ҳақидаги мақолани ўқиб қолдим. Кейинги вақтларда ижтимоий тармоқлар ва турли нашрларда шунга ўхшаган ёқимсиз хабарлар тез-тез берилаяпти ва буларни ўқиб, кайфиятингиз бузилиши табиий. Айниқса, Африка қитъасидаги баъзи давлатларда очлик, қаҳатчилик, қурғоқчиликдан қийналиб, бир бурда нон, ҳатто оддий ичимлик сувига зор инсонларнинг аянчли аҳволи бир зум кўз олдингиздан ўтар экан, ўтган кунингизга минг бора шукроналар айтасиз.

Биз – педагоглар асосан, ёшлар билан ишлаймиз, ҳар куни улар билан мулоқотда бўламиз. Аксарияти кечагина мактаб партасидан олий ўқув юрти аудиториясига кириб келган, анча ғўр, ҳали паст-баландни билмайди, ҳаёт тажрибаси ҳам йўқ ўсмирлар. Ёшларга сабоқ бериш баробарида, ота-она, катталарга ҳурматда бўлиш, ўтган кунини унутмаслик, ғанимат кунларнинг қадрига етиш ҳақида ҳам тарбиявий дарслар ўтамиз. Биз – катта авлод вакилларининг ёшларга билим ва тарбия бериш борасидаги бирмунча устунлик томонимиз шундаки, мамлакатимиз мустақиллигигача бўлган давр билан ҳозирги даврни қиёслаган ҳолда, уларга айни вақтларда давлатимиз раҳбари бошчилигида барча соҳаларда кечаётган   чуқур ислоҳотлар ва улар қандай натижалар бераётганини жонли мисоллар билан тушунтириб берамиз.

Кейинги йилларда давлат ва миллатнинг келажаги бўлган ёшларнинг яшаши, ўқиши, меҳнат қилиши учун яратиб берилаётган шароитларни бир кўз олдимизга келтириб кўрайлик. Жонли бир мисол – мактабни кечагина битирган ёшлардан баъзилари нуфузли танловларда қатнашиб, бир неча хорижий олий ўқув юртларининг талабаси бўлишга улгуришди.

Жорий йилда юртимизда 182 минг нафар ёш талабаликка қабул қилинди. Бу умумий қамров 28 фоизга етказилди дегани. Бундан тўрт йил аввал бу рақам атиги 9 фоизни ташкил этар эди. Давлат грантлари 21 мингтадан 47 мингтага кўпайтирилди. Эҳтиёжманд оилаларга мансуб икки минг нафар қизга олий ўқув юртларига кириш учун алоҳида грантлар ажратилди. Охирги тўрт йилда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 27,7 фоиздан 60 фоизга етди.

Ёшларнинг тадбиркорлик соҳасидаги ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқариш, уларни иш ва даромад манбаи билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги тўрт йилда 30 ёшгача бўлган тадбиркорлар сони беш баробарга кўпайди. Масалан, жорий йилда 92 мингдан зиёд ёшга тадбиркорлик лойиҳалари учун 2 триллион 300 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди. Шу йилнинг ўзида “Ёшлар дафтари”га киритилган 430 минг нафар йигит ва қизларнинг муаммоларини ҳал этиш учун 300 миллиард сўм маблағ ажратилди. “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг олий таълим муассасаларида таълим олаётган фарзандларининг 2021 – 2022 ўқув йилидаги контракт пули биринчи ўқув йилида давлат бюджети ҳисобидан тўлаб бериладиган бўлди.

Давлатимиз раҳбари яқинда тадбиркорлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотида жойларда ёш тадбиркорларга самарали фаолият юритишлари учун етарли шарт-шароитлар яратиб бериш ҳақида яна бир таъкидлаб ўтди.

Ёки телевидение дастурларини кузатиб бораётганлар деярли ҳар куни вилоят, туманларда ёшларга ер берилаётгани, ишсизлар иш билан таъминланаётганликлари ҳақида янги маълумотларга эга бўлаяптилар. Жорий йилдан қишлоқ ёшлари учун ўн сотихдан бир гектаргача ер майдони ажратиш бошланди. Яна бир муҳим жиҳат – миллионлаб сўмларга баҳоланиб, мамлакатимизга инвестиция бўлиб кираётган янги лойиҳларни ҳаётга татбиқ этишда кенг аҳоли қатламлари билан бирга,   ёшларни кенг жалб қилинаётганидан ҳам беҳад хурсанд бўласиз. Холисона айтинг-чи, илгари ёшлар учун ҳозиргидек қулай имкониятлар бормиди? Очиғини айтганда, улар учун бу – орзу эди.

Давр, замон тезлашиб кетди. Замонга мослашиб, давр шиддатига ҳамоҳанг бўлмаган ҳар бир касб эгаси ҳаётдан орқада қолиши табиий, қолаверса, ишида унум ҳам бўлмайди. Ҳозир ризқ, қут-барака турли сабабларни рўкач қилиб баҳона қидирганларга эмас, вазиятни ҳисобга олиб, шарт-шароитни биргаликда яратиб, йўқдан бор қилаётганларга насиб қилаяпти.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда ўқиш, меҳнат қилиш учун имкониятлар эшиги очилган бир даврда яшаяпмиз. Истасангиз ўқинг, тадбиркорлик билан шуғулланинг, қуринг, яратинг.

Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги байрами муносабати билан орден, медаль, мукофотга сазовор бўлган, шунингдек, “Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланганлар орасида ёшларнинг кўпчиликни ташкил этганлиги ҳам қувонарли ҳол, албатта. Бу – ёшлар, яъни мамлакатимизнинг буюк келажагига эътибор, дегани.

Шу ўринда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўтган ҳафта – 31 август оқшомида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрамига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида мамлакатимиз ёшларига мурожаат қилиб айтган сўзлари ҳам келажагимиз бунёдкорларига катта ишонч билдираётганидан далолатдир. Юртбошимизнинг нутқида ёшларга қарата, жумладан, мана шундай сўзлар айтилади: “Мен ишонаман, сизлар замонавий билим ва тараққиёт чўққиларини пухта эгаллаб, биз бош­лаган ишларни муносиб давом эттирасиз! Юксак ғайрат-шижоатингиз ва фидокорона меҳнатингиз билан юртимизда янги Ўзбекис­тонни – учинчи Ренессансни бунёд этишга албатта қодир бўласиз! Ҳеч қачон бўш келманг, азиз фарзандларим!”

Ҳа, бугунги ёшларга ҳавас қилсак арзийди!

Юсуф ҲАМДАМОВ,

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон

Миллий университети доценти.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × two =