Фермер куйлаган қўшиқ

ёки Ўзбекистон Қаҳрамони Лола Муротова ҳақида шийпонда ёзилган эссе

 

2019 йил Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги “Нурли ­обод” фермер хўжалиги раҳбари Лола Муротова Президентимиз фармонига кўра Ўзбекистон Қаҳрамони юксак унвони билан тақдирланган эди.

Оддий лекин жуда меҳнаткаш қишлоқ аёлининг шу қадар юксак унвонга лойиқ топилиши, давлатимиз, Юртбошимиз томонидан эъзозга муносиб кўрилгани нимадан? Бу шунчаки омадданми? Йўқ, она юртга, элга садоқат билан меҳнат қилиш, пешона тери тўкиб одамларга, элу-халққа нафи тегиши туфайлигина бу саодатга эришиш мумкин экан. Демак, юртимизда меҳнат қилган инсон барибир кам бўлмайди, қадри улуғланади. 

Қадр туйғуси шунчалар улуғ кучки, шунчалар жонбахш дарё эканки, унинг юрак томирларига ҳаётбахш этди.

Қоронғу тунлардаги қум бўронлари умидларини кўма олмади, бевақт ёққан қорлар иродасини синдиролмади. Чунки у ҚАДР кўрди. Уни эл севди.

Мамлакат раҳбари уни ибрат қилиб тилга олди, эъзозлади. Кўксига Ўзбекистон Қаҳрамони — “Олтин юлдуз” медалини тақди.

Унинг завқи, ҳузур-ҳаловати пахтазорларида,буғдойзорларида. Унинг юрак торлари кўринмас толалар билан пахтанинг, буғдойнинг илдизларига боғлангандек. У қишин-ёзин даласининг бошида бўлади. Инсон соғлом бўлиши учун тонгги ҳаводан тўйиб нафас олмоғи керак. Майин шаббода эсиб турган далаларда эртадан кечгача пиёда юриши керак. Тўғри аёл чиройли бўлиши шарт. Аммо ташқи гўзаллик, қалб гўзаллигини еб қўймаслиги керак. Фақат ташқи таассурот билан инсон қалбини забт этиб бўлмайди. Одамларнинг юрагидан жой олиш учун уларга  мана шу буғдойзордек, пахтазор­дек, сув билан ҳаводек керак бўлиш даркор. Инсон яшар экан кўпчиликнинг бахтли бўлишида ўрни бўлиши керак. Элнинг қувончлари, изтиробларига дахлдор бўлмоғи лозим. Ҳа, Лолахоннинг қувончлари кўп бўлганидек изтироблари ҳам кўп. То пахта теримга келгунича чекилган машаққатлари, тўккан терлари… Лоланинг катта душмани  ғўзага тушадиган ширача, капалак қурти, қандала деган зараркунанда ҳашаротлар. Кейинги йилларда айни пахта гулга кирганда шира босади. Ширага қарши такрор-так­рор дори сочилади.

Сеп­илган дорилар кор қилмади. “Прес­тиж”, “Трихограмма”, “Олтин куз”, “Хонқизи”, “Бензасупер”, “Багира” каби биомаҳсулотлар бефойда кетди.

У дори учун ишлатиладиган харажатни сарфлаб бўлди. Бу пулларга битта трактор сотиб олиш мумкин эди.   Энди эркин нафас олай деб турса, бир ҳафтадан кейин яна ҳашарот ғувуллай бошлайди. Бу туришда барча далалардаги ғўзалар нобуд бўлади. Ўша вақтлар  Лолада уйқу йўқ. Зараркунандаларга қарши биомаҳсулот етиштириб берадиган хусусий биофабрикалар  ожизлик қилди. Мўри малахдек ёпишган ҳашаротни наҳотки, йўқ қилиш учун улар бирон ихтиро қилолмайди.  Қанча деса шунча пул беришга рози бўлсак, ахир заҳарли дори учун ҳам пул тўла­япмиз-ку.  Лола Муротова сўнгги чорани қўллади. Энди одамларга нақд пул бериб, қуртларни тердиришини эълон қилди. Ўз ишчиларига ҳам, кўнгиллиларга ҳам бир дона капалак қурти учун 500 сўм берадиган бўлди. “Бу туришда ҳисобимизда бир тийин ҳам қолмайди” — деб додлайди, ҳисобчи Комилжон Рустамов. Бир кунда 5 миллионгача, натижада 260 миллион сўм пулни капалак қурти терувчиларга берилди. Хазинадаги маблағ сарфлаб бўлинди. Далалар тозаланди. Аммо Лолахон деярли ҳар куни ғўза қатор ораларини бирма-бир кўздан  ўтказади. Ниҳоят ўн беш кун ўтди. Минг бир қўрқув  ортга чекинди. Барча далалари тоза чиқди. Ям-яшил ғўза япроқларини кўзга суртар экан, кенг даланинг ўртасида Оллоҳга илтижо қила бошлади: “Эй, Яратган Эгам ўзинг аҳволимизни   кўриб турибсан. Кўпнинг ризқини  асрагин!”. Лолахон шу сўзларни айтиб йиғлар экан,  оқ дуррачасини бошидан олиб кўзларига босди. Рўмол ечилгач, елкаларига шов этиб қум тўкилди, гавҳар сочлари сирпаниб елкаси узра тушди.  Сочларидан таралган муаттар бўй кенг далаларни жаннат ифорларига ғарқ этди.

Лола — у  далаларсиз умрини тасаввур этолмайди.  Чунки унинг ҳаёти ҳали туғилмасиданоқ,  мана шу муқаддас далалар билан боғлаб қўйилган эди.

* * *

Далада куни бўйи ишлайдиган Неъматжоннинг хаёли уйида. Аёли Наимахон оғир оёқли. Бугун-эрта кўзи ёрийди. Шундай пайтда унинг ёнида бўлолмагани учун Неъматжоннинг виждони қийналади.  Аёли — унинг бу дунёга келиб топган бахти. Неъматжон аёлини эркалатиб, азаматим дейди. Гарчи бу сўз мард эркакларга нисбатан ишлатилсада, Неъматжон хотинига шу сўзни лойиқ кўради. Чунки Наимахон баъзи эркаклар эплай олмайдиган ишларни ими-жимида бажариб қўяди. Масалан: уйларининг томини суваб, қишга тайёргарлик кўриш, деворни йиқилган жойини ғишт териб-тиклаб қўйиш керак. Аммо Неъматжоннинг вақти йўқ. Далада ишлар кўплигидан, бир ҳафтада бир бориб фарзандларини кўриб келолмайди. Шундай пайтларда Наимахон, қачон эрим келиб бу ишларни бажаради? — деб қараб ўтирмасди. Бир маҳаллада яшайдиган укаларини ёрдами билан сувоқ ишларини бажариб, деворларни оқлаб қўяди. Тандир қуришми, печкани таъмирлашми? Барчаси қўлидан келади. Ҳовлиларни гулдек қилиб, Неъматжоннинг келишини байрамдек кутиб олади. Наимахонга кўнгил қўйган пайтларида, унинг вас­ли-висолига етаолармикинман деб, савдойи бўлиб қолишига оз қолган эди. Чунки Наимахонларнинг уйи ёнида ҳар куни совчилар миниб келган отлар боғлиқ турар эди. Оллоҳга шукур, Наимахоннинг отаси не-не отлиқларга эмас, Неъматжоннинг совчисига розилик бериб жўнатди. Ҳа, йигитга омад уч марта берилади, дейдилар. Биринчи омадини Неъматжон шундай қувонч билан кутиб олди.

Тун яримда дала ишларидан тинка мадори қуриб, шийпонда сувчилар қаторида ухлаб қолган Неъматжон туш кўрибди. Тушида  Наимахон от миниб, қучоғида бир даста лолалар билан турган эмиш. Мана отаси тоғдан лола олиб келдим — деб, жилмаяр эмиш. Неъматжон авайлаб қўлини узатган экан, Наимахон унга “Қўрқмай маҳкам ушлайверинг, бу лолалар олтиндан, синиб қолмайди”, — дер эмиш.

Уйқудан қушдек енгил бўлиб турган Неъматжонга ҳақиқатан ҳам ўша куни қишлоқдан хушхабар келди. Аёли қиз кўрибди. Наимахон ҳам чақалоқ ҳам соғ-саломат экан. Даладаги дўстлари Неъматжонни табриклашди. Қувончдан терисига сиғмаётган Неъматжон чўл билан қишлоқ ўртасида қатнаб турадиган аравакашга “Наимахонга айт, катта қўчқорни сўйдирсин. Чақалоқнинг исмини Лола қўйсин тушундингми? Лола деб, қўйсин!” — деди. Атрофдаги меҳнаткаш, оқкўнгил дўстлари ҳам хурсанд эдилар. Чунки ҳаммаси унинг хосиятли туш кўрганини эшитишган эди.

“Қапчиғай” қишлоғи Олтиариқ туманидаги туғруқхонадан анча узоқ. Агар транспорт кутиб ўтирмай дала йўлини кесиб ўтилса, бир соатлик йўл.  Дўхтирлардан рухсат теккач, Наимахон чақалоқни кўтарди-да ям-яшил дала йўлидан уйга қараб одимлади.

Чақалоғи дунёга келган кун уйидаги қўйи биратўла бешта туғибди. Туғуруқхонага кетаётганида, уйларидан олтита уй нарида яшайдиган опасига совлиқдан хабардор бўлиб туришни тайинлаган эди. Қизалоғи Лола туғилган кун, уни кўришга келган опаси “Наимахон шу кечаси мен ҳам сенинг қўйхонангда доялик қилиб чиқдим. Сов­лиғинг эгизак туғди” — деди. “Вой сиздан айланай опажон, қўйим иккита туғдими? — деди Наимахон қувониб. “Кўп сўра-сўрайвер — деди опаси. “Учтами”? — сўради Наимахон. “Кўп, сўрайвер” — деди опаси. “Тўрттами?. “Қўрқмай сўрайвер”, “Бештами? бўлиши мумкин эмас” — деди Наимахон.  “Ҳа, Наимапошша қизингни қадами қутлуғ экан” — деди опаси. “Қўйим бешта туққан бўлса, улардан биттасини авлиё­ларга атадик” — деди Наимахон  қувониб.

Турфа рангли чечаклар билан ўранган дала йўлидан янги туғилган чақалоғини кўтариб, бахтиёр кетаётган аёлнинг оёғида эскигина калиш бўлса-да, устидаги кўйлагидан жаннат анбарлари  уфуриб турар эди. Қўлидаги чақалоғи билан эса нафақат  Фарғона баҳорига, балки,  Ер юзига кўрку чирой бағишлаб борар эди у.

Ташландиқ ерларни ўзлаштириб, экишга тайёр бўлгандан кейин Неъматжон уйга қайтди. Дарвозаси ёнида уни бир этак болалари ва қўлида чақалоғи  билан Наимахон кутиб олди. Чақалоқни бағрига босиб, Неъматжон нуқул “Лолам менинг, олтин Лолам” дер эди.

Оддий деҳқон оиласи. Мол айвонида иккита соғин сигир, қўйлар ва бешта қўзичоқ. Аёлининг кўзида туганмас бахт балқийди. Неъматжон болаларини бирин-бирин қучиб, юз, кўзларидан ўпиб чиқди. Наимахоннинг эса кўзларига термулиб қолди. Улар  бир-бирини сўзсиз  тушунишар, нигоҳлари билан ардоқлашишар ва қутлашар эдилар. Шунинг учунми тақдир уларни туганмас саодатлар билан сийлади. Узоқ ва бахт­­ли умр кечиришди. Қўлларидаги чақалоқ эса ўсиб-униб камолга етди. Олтиндек бебаҳо, олтиндек қадри баланд бўлди.  Мустақиллик даврига келиб, у — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси, Олтиариқ туманидаги “Нурли обод” фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони Лола  Муротова бўлиб танилди.

* * *

Лола болалигидан ота-онасини дуо­сини олишни, катталарни оғирини енгил қилишни, кичкиналарни севинтиришни яхши кўрарди. Етти ёшлигидаёқ, шахсан ўзи парваришлайдиган иккита қўйи бор эди. Саккиз ёшида қўйлари тўртта бўлди. Мактабда аъло баҳоларга ўқир, рақс ва спорт жону-дили эди. Тўққиз ёшида қўйлари саккизтага кўпайди. Ўн ёшида эгизак туққан қўйлари сабаб, қўйларининг сони яна ўн бештага кўпайди. “Қизи ўнга кирди, онаси сонга кирди”, деган гап бор халқимизда. Лолахоннинг ҳар қадами қут-баракали бўлиб борарди. Ўн беш ёшидан кажавали мотоциклни  бемалол миниб, эрта саҳардан то-мактаб вақти бўлгунча даладан ўт-ўланларни териб, мол, қўйларга ташлаб қўйишга улгурарди. Ўнинчи синфда ўқиб юрган пайтида механизаторлар тайёрлаш курсига қатнаб, имтиҳонларни аъло баҳоларга топширди. Ўнинчи синфни битиргач, Тошкент шаҳридаги “Педагогика ва индустрия” билим юртини битириб, Олтиариққа қайтди.  Энди унинг қўлида ёшларга техникадан сабоқ бериши мумкинлигини тасдиқловчи ҳужжат бор. Аммо Лолахон яна далага чиқиб кетди. Аввал ёрдамчи механизатор, синовлардан аъло даражада ўтгач, механизатор бўлиб ишлай бош­лади. Уйларида соғин сигирнинг сони йигирма еттитага кўпайди. Энди у, эрта саҳарда онасига сигир соғишга ёрдамлашарди. Саратон офтобида отаси ва акаси билан чўлга бориб молларга қиш­лик емиш-янтоқ йиғиб келарди. Ўн саккиз ёшида звено бошлиқлигидан, бригадир лавозимига кўтарилди. У узоқ йиллар отасидан деҳқончилик сирларини ўрганди.  Лола ўн тўққиз ёшидаёқ  “Ерни боқсанг, ер сени боқади” деган ҳикматнинг маъносига етган эди. У  энди ўз бригадаси ҳудудидаги ерларни серҳосиллиги устида қайғура бошлади.  Неъматжон ака ва Наима опалар қизининг қувонч ва ташвишларига шерик эдилар. Улар баҳордан то-кеч қишгача, далага кўчиб чиқадиган бўлди. Аммо наилож турғунлик йилларидаги пахта яккаҳокимлиги бу меҳнаткаш оиланинг ҳам косасини оқартирмади. Сигир, қўйларини далада боқишга йўл  қўйилмади. Пахтазорга сепилган дорилар туфайли эгатлардан терилган ўтларни молларга бериб бўлмас эди.  Қўшимча даромадни, ноқонуний даромад деб, бечора, жўжабирдай жон оилаларга, кеч кузда солиқчилар келиб, катта-катта жарима сола бошлади. Солиқчилар ҳовлиларда дарахтларни санар, молхона-ю, қўйхоналардаги жонлиқларнинг ҳисобини олар, ҳатто, паррандалар қанча тухум бераётганини ҳам хом чўтга солардилар. Бу ҳаракатлардан мақсад: халқ бойиб кетишининг олдини олиш эди.

Элга келган тўй, дея чидадилар.  Лолани энди йилдан-йилга хасталаниб, қариб бораётган ота-онасининг соғлиғи ташвишга сола бошлади.  Меҳрибонларини қариган чоғида дардига малҳам бўлишни истар эди у. Бунинг учун янада берилиб ишлар, дўхтирлар нима деса, ўшани топиб бериш учун маблағ йиғишга жон-жаҳди билан тиришар эди.

Ота-онасининг умри ҳам шу далаларда кечди. Колхозлар тугатилиб, ширкат хўжалигига айлантирилганда, уларнинг хўжалигига “Нурли обод”, деб ном бердилар.  Лолахон олти йил ширкат хўжалигига раис бўлди. Ҳар йили  ўттиз беш центнердан ҳосил олишгача эришдилар. Фермерлик ҳаракати бош­лангач, аввал иқтисоди заиф ширкат хўжаликлар, аста-секин кўрсаткичлари яхши бўлган ширкат хўжаликлари фермер хўжалигига айлантирилди. 2006 йилдан бошлаб Лолахон “Нурли обод” фермер хўжалигини мустақил бошқара бошлади.

Чўл, барибир чўлда.  Кутилмаганда тўзон туради.  Кутилмаганда қуюн кўтарилади.  Соатлаб сап-сариқ чанг тарқамай туради. Ёввойи чўл деб, шуни айтишар эканда. Тўзон тўхтагач, яна ишларни давом эттиришаверади. Чўл ҳам  энди Лолахоннинг  қадрдонига айланган. Унинг устозлари: ота-онаси ва узоқ йиллар раҳбар бўлиб ишлаган Ҳабибуллахон Юсупов­лар чўлнинг феъл-атворини ўргатишган. Отаси эса раҳбарлар топширган топшириқни аъло даражада бажариш кераклигини доим уқтирган. Вилоят ёки туман ҳокими бирор топшириқ берса, олдига мингта муаммони кўндаланг қилма!   Улар билан муштни бир ерга уриш керак.

Ишонч Лолага шундай куч бердики, гўё у тоғни урса талқон қиладигандек сезар эди, ўзини. Мамлакатда фермерлик ҳаракати кенг қулоч ёзди. Ҳа, энди ўзингни кўрсатадиган вақт келди — деди у ўзига-ўзи.

Лола энди, меҳр билан ишлай бош­лади. Ёнида, қийинчилик кунларида унинг ҳалоллиги, меҳнаткашлигини ҳурмат қилган одамлари, узоқ йиллардан буён бирга ишлаб келаётган содиқ ишчилари қолди. Хайрият уни сотмайдиган, оғир пайтда  хиёнат қилмайдиган, ташлаб кетмайдиган одамлар бор. Фаоллар йиғилишида унга яна янги ерларни ўзлаштириш вазифасини юклади. Энг оғир ҳудудларни айтиб, ўша ерга борасиз, обод қиласиз  деб  топшириқ берилди. Оҳ, яна қум, яна тош… Пичоқ келиб суякка қадалган ҳолда Лола ўрнидан турди ва ниҳоятда кескин овозда “Майли ўзлаштирилмаган ерларни олишга розиман, серҳосил қиламан, аммо баракага киргандан кейин ўша ерларга хўжайин бўлиб бирорта тайёрхўр борадиган бўлса, оёғини уриб синдираман” — деди. Атрофда унинг заҳматли ва оғир меҳнатини тушунганлар ўринларидан туриб қарсак чалиб юборишди. Лола ҳокимият эшигидан чиқиб кетаётганида ҳам қарсаклар тингани йўқ эди. У тракторига  ўтирди-ю, оқ дуррачасини юзига босиб ўксиб-ўксиб йиғлади. Бошидан рўмоли ечилгач, Лоланинг ҳайдар кокиллари шовуллаб елкаси узра тушди. Орадан қанчадир вақт ўтгач, у кўз ёшидан ҳўл бўлган рўмолини шаҳд билан боғладида, далага, жамоа аъзолари  олдига кетди. Негадир гўдакдек авайлаб парваришлаган тутзорлари ёнидан ўтаётиб, яна ўксиб йиғлади. Энди унинг товушини ҳеч ким эшитмайди. Тутзор оралаб оқаётган ариқча олдида трактордан тушиб, анча камайиб қолган, аммо, муздек сувда юз-қўлини чайиб олди. Бу декабрь ойининг охирлари эди. Янги йил эшик қоқмоқда эди. Келаётган янги йилнинг қутлуғ йил бўлажагини Лоланинг юраги сезар эди. Албатта ҳаммаси яхши бўлади. Ахир шу пайтгача нимани орзу қилган бўлса ҳаммасига эришди.

…Эрта тонгда  отасини ва тўртта ишчисини олиб айтилган далаларни кўргани борди. “Ташландиқ чўлнинг ҳам ташландиғи-ю” — деб юборди, тракторчи Мақсудали Худойқулов. Аҳвол улар ўйлагандан юз баравар оғир эди. Чўлдан қайтар экан барчанинг кай­фияти тушиб кетди. “Ҳеч қиси йўқ, кўпи билан икки, уч йилда бу ерларни серҳосил ерларга айлантирамиз. Шундай оромижон жойга айлантирайликки, келганнинг кетгиси келмай, кўрган одамлар лол қолсин. То бу ерларда ободончилик бўлгунча нечта бўлса шунча қўйларимни сўйиб, керак бўлса ҳар кун энг тансиқ таомлар билан чўлқуварларни зиёфат билан сийлайман”, — деди  Неъматжон ота.

Лолахон эртаси куни ҳам, индинига ҳам жияни билан бирга чўлни айланиб режа тузиб юрди. Бири катта, бири кичик икки тепалик ўртасида кимдир қуриб ташлаб кетган, неча йиллик қор ва ёмғирлар остида нураб кетай деб турган бир уйча ва бир кичкина даҳлизча турарди. Буни ким  қандай ният билан қурган? — дея Лола ўйланиб қўярди. Уйча ёнига бир кун, бир нуроний отахон келди. У анча дадил кўринади. От миниб олганига қараганда ёшлигида паҳлавон бўлганлиги кўриниб турар эди. Отахон шу ерларда қўй боқиб юрар экан. Салом-аликдан сўнг “Қизим бир неча кундан буён шу ерларда куймаланиб юрибсиз, сўраганни айби йўқ, нима мақсадда юрибсиз” — деб сўради. “Эй отажон, бу ерларни обод  қилмоқчиман. Мўл-кўл ҳосил олиб, мана бу тепаликлар ўрнига пахта хирмонларини тик­ламоқчиман. Ғаллазорлар шовуллаб турадиган ризқ­-рўз далаларига айлантирмоқчиман. Албатта сизга ўхшаган пирибадавлатлар дуо берсалар” — деди Лолахон чарақлаб. “Барака топ қизим, баракалар топ!  Аммо бу ерларни обод қиламан деб, не-не сарлочинлар  келиб кетмади. Биттаси манави чор деворни ҳам тиклади.  Бироқ чиябўриларнинг тунги чий-чийларидан асаб касаллигига учраб, бу ердан кетиб қолди. Сенинг руҳинг бақувватга ўхшайди.  Сен эплайдиганга ўхшайсан. Ҳукумат ёрдам берар эканми?” — деб сўради. “Ҳа, отажон, ҳозир мустақиллик замони. Олтиариқ туман ҳокими  — ёрдам керак бўлса беришга тайёрмиз демоқда”, деди Лолахон. Ундай бўлса бўш келма!  Кеча-ю, кундуз биз кексалар дуодамиз” — деди отахон. Отахоннинг дуосидан сўнг қушдек енгил бўлган Лоланинг кўзларига бу далалар янада қадрдон кўрина бош­лади. Эртаси куниёқ туман ҳокими билан маслаҳатлашиб керакли техникаларни олиб чўл томон ҳақиқий юриш бошланди. Энг аввал ташландиқ уйни таъмирлаб, устини шиферлаб қў­йишди. Ёнидан ошхона, тракторчилар учун алоҳида хона қурилди. Декабрь эди. Ҳаво совуқ бўлишига қарамай, қўлларига қўлқоп кийиб ишлаётган қурувчиларга қараб, завқинг келади. Ер зах бўлгани учун хоналарга стол-стул ва краватлар олиб келинди. Печка қурилиб, усти оқланиб, олов ёқиб, чой қайнатиб ичилганда ҳамма худди биринчи ғалабани қўлга киритгандек хурсанд бўлиб кетди. Янги йилгача биб-бинойи чўлқуварлар уйи тайёр бўлди. Неъматжон ота катта қўчқорини шу ерда сўйдириб,  икки килограмдан барчага бўлиб берди.

…Тажриба алмашиш йиғилишларида иштирок этди. Тендерда қатнашиб, ютиб чиқди. Кўпчиликнинг розилиги билан фермер хўжалигининг номи илгариги ширкат хўжалигига берилган “Нурли обод” бўлиб қоладиган бўлди.  Ҳа, “Нурли обод” бўлиб қолаверсин, келажаги ҳам нурафшон, ёруғ, обод, баракали бўлсин.  Нурдек ҳеч сўнмасин. Кўнгилларни ҳам,  йўлларни ҳам ёритиб турсин,  ўйлади ич-ичида Лолахон.

Лолахон  тракторига ўтирди-ю, кенг даланинг қоқ ўртасида тўхтади. “Оллоҳим фақат ўзинг гувоҳсан чеккан азоб­ларимга, мен шон учун ёки ортиқча пул, давлат учун аёл бошим билан бу дашти биёбонларда юрганим йўқ. Ор учун юрибман. Эркак бўлмасамда баъзи эркаклардан ғурурлидирман. Ҳа, мен Лоламан тоғу тошлар орасида ял-ял ёнган баҳор лоласи. Ўзинг мени берарингдан қисмагин, Тангрим!”.

Иккита сув чиқарувчи насосим бор. Битта насосимни муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев давлат бюжетига ўтказиб бердилар. Мана шу шийпонни 1984 йил келиб қурганимда бу ерлардан ўтаётган одамлар  аттанг дегандай бош  чайқаб ўтардилар. Соясида ўтирганимиз гужум дарахтларини уч марта қайта экдим. Ниҳоят кўклади, илдиз олди. Олмаларим ҳосилга кириб, узумларим мева бера бошлаганига ҳам неча йиллар бўлди. Бу шийпон эмас. Офис-шийпон.  Америкадан, Германиядан келган олимлар, қишлоқ хўжалиги мутахассислари ҳам  ОКЕЙ деб кетишди.

…Мен бу далалардан кетолмайман. Ёзда ғўзалар билан суҳбатлашаман. Ғўзалар менинг болаларимдек гап. Ғўза ниҳолларига жароҳат етса ўзимга жароҳат етгандек бутун аъзои­ баданим, юрагим зирқирайди. Далаларимдаги   буғдой бошоқлари менинг сўзларимни тушунади. Мен уларнинг рангига қараб аҳволини англайман. Агар улар соғлом бўлсалар шовуллаб туради. Агар бирор касаллик пайдо бўлса, овозлари бўғиқ чиқади. Дарҳол чорасини излаймиз ва топамиз.

…Бир марта унинг ҳайдар кокиллари рўмолидан сирпаниб тракторининг оёқларига тушиб турганини кўрдим.  Қадим бир достонда  от устида кетаётган соҳибжамол маликанинг сочлари ечилиб кетиб, аввал отининг ёлларига, ундан оша тушиб ерга теккани таърифланган эди.   Лолахоннинг ўша туриши достондаги маликанинг ҳолатини эслатди. У тракторида ўтириб олиб қандайдир бир мурувватни тузатиш билан овора. Мен уни узоқдан кузатиб пичирлайман: бошинг тошдан бўлсин саратоннинг қирқ даража иссиғида дала кезганим,  қаҳратон қиличини қўли билан қайирганим, сабрида музларни синдирганим, қорларга қалов топиб ёндирганим, чўлларни бўйсиндирганим. Тошлар орасида очилган Лолам — чидамлилигим. Қадр маликаси – Ўзбекистон Қаҳрамони.

Зулфия МЎМИНОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 + 3 =