Ёруғ ҳасрат

Яқинда устоз ижодкор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Икромжон Ўтбосаровнинг хотирасига бағишланган “Меҳрнома” китоби нашр этилди. Ушбу китобда унинг устозлари, ҳамкасблари, шогирдлари томонидан ёзилган хотиралар, дилсўзлари ҳамда муаллифнинг “Ватанда сафар қил” тўпламидан айрим боблар киритилган. Ушбу китоб тақдимотида таниқли журналист ижоди, инсоний фазилатлари ёдга олинди. Қуйида қисқартирилган тарзда газета ўқувчилари ҳукмига ҳавола этилаётган ёднома ҳам ана шу китобдан ўрин олган.

Кўпчиликнинг ёдида бўлса керак, “Халқ сўзи” газетасининг ташкил этилиши катта шов-шув бўлган эди. Газетанинг нишона сони кузда чоп этилди. Тўғриси, у кўплар кутган “бомба” бўлиб чиқмади, аксинча, анча босиқ, фақат воқеликка янгича назар солишга уриниш бор эди. Барибир ваҳималар босилмади, оҳорли шов-шувлар авж олди: “Янги бино қурилармиш. 400 та ўрин ажратилибди. Бош муҳаррир — Аҳмаджон Мухторов  Москвада Гдлян ва Ивановнинг ёқасидан олибди…”. Умуман, янги бир мужда бор эди ва кўпчилик буни кутарди.

Ниҳоят, бир неча вақтдан буён атрофи ўраб ташланган ва таъмири тугамаётган уч қаватли бино тез битказилиб, газетага берилди. Шу ҳам эътиборли воқеа эди. Энди ходимлар тўплана бошлади. Бошлиқ қамровни кенг олиб, бутун рес­публикадан ўткир қаламкашларни излашга киришди (чамаси, шундай эди, мен иш бошлаганда туман газетасидан келганлар ҳам бор эди Ҳ.С.). Бир сўз билан айтганда, янги жамоа шакллана бошлади.

Гарчи мақолаларини ўқиган бўлсам-да, ўша вақт Икром акани танимас, ҳамкасбларининг чуқур ҳурмат билан уни тилга олишларидан, келишини кутаётганларидан ғойибона қизиқиб қолгандим: “Қандай омадли одам! Биз ялиниб ўтдик, унга столни банд қилиб туришибди-ю, тарозига солиб, тезроқ ўтавермайди!” Хуллас, кўп ўтмай, Икром ака “Қишлоқ ҳаёти”дан “Халқ сўзи”га ўтди. Маълум бўлишича, тепадан рухсат келмаётган — муҳаррир Неъмат Ёқубов “Бирга ишлаймиз” деб рўйхушлик бермай турган экан. Шу билан бир жамоадаги фаолиятимиз бошланди ва у олти йилга яқин давом этди. Ундан кейинги яқинлик эса абадийлик касб этди, дейиш мумкин.

Негаки, биз кечирган кунлар ҳаёт тегирмонининг юзасидаги, оғирнинг остидан, енгилнинг устидан қабилида “борди-келди”чилик эмас эди. Гарчи биров сезиб-сезмаса-да, биз мамлакат тақдирига дохил масалаларда фикр юритар эдик, “халқимиз”, “республикамиз”, “тарихимиз” деб ёзар эдик, бизнинг айтган, битган гапимиз қайсидир доираларда акс-садо берарди, биз билмаган, кўрмаган, танимаган одамлар фамилиямизни биларди, уларнинг бу фамилияларга шаклланган муносабатлари бор эди.

Биз ўзимиз билиб-билмай катта ҳаётда яшар эдик. Газета бизга ана шундай толени инъом этган эди ва йўлида айтилган эътирофлар ҳам ижодий изтироблар, изланиш ва қийинчиликлар гирдобида туғилган. Шундай бўладики, одамлар бирор даражада ёрдам беролмайди, бермайди ҳам, лекин ҳатто муваффақият қозонганингда ҳам битта илиқ гапини айтмайди. Ҳолбуки, қоғоз ва қалам билан ёлғиз қолиб, борингни бериб ёзган мақоланг ҳақидаги бир оғиз гап сени ё бор қилади, ё йўқ. Шундан куч оласан ёки у ёқ-бу ёғинг­­ни тўғрилаб, янги қадамга шайланасан. Бизнинг Икром ака, Йўлдош ака билан мулоқотларимиз шунчаки дастурхон устидаги ширингуфторликлар эмас, чинакамига ижодий мубоҳаса бўларди. Акаларда ишга баҳо берадиган, йўл кўрсатадиган салоҳият бор эди.

Уларнинг ҳаётий тажрибалари-чи?! Биродарларим қизғин ҳаётни бошидан кечирган, ҳарбий хизматда бўлган, теран оила муҳитида шахслари шаклланган кишилар эди. Касбда ҳам барча босқичларни ўтаган, етарлича муваффақиятга эришган, газетачиликнинг алифбосидан алгоритмигача ўзлаштирган зотлар эди. Уларнинг дилкаш, беғубор суҳбатлари чинакам мактаб эди. Шунинг учунми, вақт топилди дегунча самимий суҳбат қура олар, бу дийдорлашув ҳам кўнгил эҳтиёжи, ҳам тажриба алмашув, ҳам ёруғ режаларнинг туғилиши бўларди. Ҳозир бу удумлар сақланиб қолганми-йўқми, билмадим, аммо газетачининг ишдан кейинги ўзаро мулоқоти маиший рутбадаги тажриба майдони эди. Негаки, мухбирнинг фаолияти одамлар орасида ўтади, турли сажияли кишилар билан муносиб тарзда муомала қилишни билиш — катта сабоқ. Ана шу фазилат унсурлари ўзаро суҳбатларда туғиларди, чамаси.

* * *

Янги газетанинг оёққа туриб кетиши осон бўлмаган. Бу ўша кунларнинг безовталик­лари, силкинишлари билан кўпроқ боғлиқ. Бош муҳаррир ўша вақтларда Собиқ Иттифоқ халқ депутати бўлгани сабаб кўпинча Москвадан туриб газета чиқишини назорат қиларди. Масъ­­ул котиб Турғун Назаров билан телефонда қайси саҳифада қандай материал кетаяпти, шрифти, ўлчами, сарлавҳаси, неча устунда қандай жойлаштирилгани, сарлавҳаси — ҳамма-ҳаммасини муҳокама қиларди. Аҳмаджон Мухторов газетани фарзандидек ардоқларди. Ортиқча меҳр ҳам яхши эмас экан, чамаси, раҳбарнинг бошига кўп савдолар тушди, биз ожизона кузатиб турдик, холос, ёрдам бера олмадик. Жамоа фитна ва иғвонинг қурбони бўлди. Бу гап­ларни эслашимга сабаб — бир жамоага бирлашган катта-кичик ҳаммамизнинг таржимаи ҳолимиз ўша буҳронларда синовдан ўтди, кимнинг кимлиги билинди, келажагимиз шаклланди. Ҳар бир кишидан газетанинг янги йўлини қўллаб-қувватлаш, бу борада бош муҳаррир атрофида уюшиш, қолаверса, шахсий садоқат даражасида оқибат кўрсатиш талаб қилинган. Ана шундай ша­роитда Икром ака зиммасидаги вазифани маҳорат билан уддалаган экан.

Икром ака феъл-сажияси тобланган киши эди. Балки оила тарбияси, балки яхши жамоаларда ишлагани ёки ҳарбий хизматни астойдил ўтагани туфайлими, у кишида ўзига ва атрофидагиларга синчковлик билан разм солиб, одамларни тез ажрата олиш баробарида ўзига ҳам, яқинларига ҳам қатъий талабчанлик билан ёндашиш фазилати қарор топган эди. Бу ҳол ижтимоий ҳаётда — жамоа орасида ўзини тутишида аниқ кўринади. Батартиб кийинишми, бировга чиройли лутф билан муомала қилишми, сўзининг устидан чиқиш — субутми, бошқага зиён етказмаслик баробарида ўзганинг ҳаққига хиёнат қилмасликми, хуллас, бир комил инсонга қанча яхши фазилат лозим бўлса, ҳаммаси мужассам эди. Мен у киши билан иш юзасидан, сафарларда, маиший ҳаётда узоқ муддатларда бирга бўлиб, шундай хулосага келган эканман. Афсуски, бу қадр-қиммат инсон дунёни тарк этгандан кейин янада бор бўй-бастини кўрсатар экан… Бу мулоҳазалар балки ўша эски ҳақиқатни — одамни тириклигида қадрлаш кераклигини яна бир марта таъкидлаётгандекман.

Очиғи, ўттиз йилдан кўпроқ мулоқотлар давомида инсоннинг яхши-ёмон томонларини очиқлайдиган катта-кичик гаплар кўп ўтган. У лаҳзалар умр дафтарини безаб турибди. Ибратли томонларидан бири — ака вақтни қадрлашни биларди. Иш вақтида самарали ишларди, бўш вақтини эса жуда мароқли ташкил қиларди. Айниқса, меҳнат таътилига олдиндан жиддий ҳозирланиб, бир ойга яқин муддатни ё Ургутда, ё Кампирравот сув омборида, ё Бухоро кенгликларида ўтказарди. Яна бир томони — бу сафарларига эсини таниб қолган фарзандларидан бирини олиб борарди. Болаларнинг юрт танишига, одамлар билан муомала қилишни ўрганишига, характери тобланишига йўл очиб берарди.

* * *

Икром аканинг бўлгани шулар эмас. Бу инсоннинг дўстларга, умуман, одамларга оқибати ҳақида ўзим гувоҳ бўлган бир-икки воқеани айтмасам бўлмас. Зеро, у инсонлар ҳам чин дунёга кетишди, энди ҳеч нарсани ўзгартириб ҳам, қўшиб ҳам, унутиб ҳам бўлмайди.

Ака болалар газетасида ишлаб юрганида, хизмат сафари билан Қашқадарёга бориб қолади ва курсдоши Маҳмуд Сатторов ёдига тушиб, уни излашга тушади. Маҳмуд ака Китоб туманидаги Навоий номли мактабда ишлаётган, айни пайт­­да чангга ботиб, пахта даласида юрган бўлади. “РайОНО мудири чақиртираяпти” деганда ҳовлиқиб югуриб борсам, шляпа кийиб, пўрим бўлиб олган Икромжон…” — дея эслар эди ҳалиям ўша ҳаяжон билан раҳматли Маҳмуд ака. Икки хил вазиятдаги курсдош учрашади: бири оддий қишлоқ ўқитувчиси, иккинчиси ўқитувчи борганда қабул ҳам қилмайдиган мулозим хушомад қилиб турган республика газетасининг мухбири. Албатта, самимий гап-сўзлар бўлган ва Маҳмуд ака юрагида чўкиб ётган ғайрат ўт олиб, шубҳа ва иккиланишларни бартараф этиб, пойтахтга йўл олган. Шаҳарда илдиз отиб улгурган курсдош ҳар жаб­ҳада ўртоғига кўмаклашган. Маҳмуд Сатторов пойтахтда ўрнини топиб, узоқ йиллар “Ўқитувчи” нашриётида ишлади, “Адолат” нашриётида директор бўлди. Фан номзоди сифатида китоблар чиқарди, муттасил мақолалар ёзиб турди. Ана шу иқболнинг очилишида Икром аканинг ҳам каттагина улуши бўлган.

Кейинроқ узоқ йиллар “Маънавият” нашриётини бошқарган, филология фанлари номзоди Суннатилла Аҳмедов билан ҳам шундай бўлган. “Суннатни Ғузорда ҳеч ким танимас экан, — деб эсларди Икром ака. — Қидириб топдим. Иши ўлда-жўлда. Бир чеккадаги тожик мактабида нари-бери ишлаб турган экан. “Нима бу юриш? Юр, кетдик…” дедим. Ўзида бор экан, йўлини топиб кетди”.

Бундай яхшиликларни Икром ака тамасиз, йўлида амалга оширарди. Албатта, унинг қалби “стадион” эмас эди, ҳамма сиғиб кетавермас, танлаб, саралаб муносабат билдирарди. Муносабатида мунофиқлик, манфаатпарастлик йўқ эди. Шу туфайли ҳам ҳамма қадр­ларди. Ана шундай фазилатлари акада бир оҳанраболикни яратган, юзага чиқарган эди. Уни кўрган одам бепарво қолмас, ҳеч бўлмаганда узоқдан бош ирғаб саломлашарди ва алик ўрнида ўша самимий, майин табассумни қабул қиларди.

Аканинг файзли хонадонида дилкаш гурунглар кўп бўлган, улар шунчаки кўнгилхушлик гаплари ёки вақтни ухлатиш учун айтилган енгил-елпи латифалар билан ўтмаган, балки жиддий масалалар ҳам ўртага тушган. Битта эътиборли мисол. 1992 йил бўлса керак, аканинг туғилган куни 27 мартда тўпландик, гурунг ўша кунларда тилда кўп айланаётган тарих, буюк зотлар ҳақида кетди. Ака мени давра аҳлига таништириб, ўтмиш мавзусида яхши нарсалар ёзаётганим, ҳатто ёшлар юриши уюштириб, 20 кун сафарда бўлганимни эслатди. Шунда шоир Султон Жаббор:

— Мана, Илҳом ҳам Амир Темур ҳайкалини яратишни орзу қилиб юрибди, — деб қолди.

Бундан давра аҳли анча ҳушёр тортди ва “Бўлмаса, икки ижодкор тўрдаги диванга ўтсин-да, ўзаро фикр алмашсин”, деган таклиф бўлди. Шунда Илҳом Жабборовни биринчи марта кўрдим, суякдор, йирик одам экан. Секин суҳбатимиз қўр олди. Илҳом ака: “Кўп ҳайкалтарошлар ишлаган отга қойил эмасман. Отга ўхшамайди, образга сингмайди”, деди. Мен Европада олтиндан ишланган ҳайкалнинг суратини кўрганимни, отнинг бели майишиб тургани, бу чавандозга ўзгача улуғворлик бағишлаганини айтдим.

* * *

…Дилкаш суҳбатларнинг поёнига етиб бўлмасди. Улар тугамаса, ҳаёт қадар давом этса, деган орзу ҳам бўлгандир. Айниқса, менинг қўшним, дилбар инсон Йўлдош Исмоилов — учаламиз қўшилиб қолсак, бу дийдорнинг баҳоси бўлмасди. Орада заррача кибр йўқ, хокисорлик; кайфиятга ёмон таъсир этадиган қиттай ҳаракат зоҳир бўлмайди ёки шундай ҳол бўлса ҳам эътиборга олинмайди. Гўё ким кимни кўпроқ ҳурмат қилади, яхши кўради ёки кимнинг шахсий маданияти юксак — худди шу тамойилларни бир-бирига меҳр билан намойиш қилишга ўхшарди бизларнинг гурунгларимиз. Яна қачон шундай уч киши дунёга келади, яна уларни тақдир дуч келтиради, улар бир жамоада ишлайди, бир-бирини тўлдириб, гўзаллаштириб, умргузаронлик қилади?! Ҳаётнинг такрорланмаслиги, даврларнинг бир-бирига ўхшамаслигини қаранг. Ёши катта акаларимнинг сабоқларини, менинг ҳар бир қадамимни қўллаб-қувватлаб, яна олдинга руҳлантириб, берган баҳоларини унутиб бўлмайди.

Ростдан, ҳамма нарсанинг чегараси бўлиши мумкин, ширинлик жонга тегиши, аччиқ ситамлар ҳам бартараф бўлиб тугаши мумкин, аммо меҳр-оқибатнинг, ўзаро ҳурматнинг чегараси ҳам, интиҳоси ҳам бўлмас экан. Қуёшнинг иккинчи номи меҳр, деб беҳуда айтишмас экан. Меҳр ҳам қуёшдек сахий, туганмас ва поёнсиз экан. Бугун мўътабар акаларим билан мулоқотларим, ўзаро борди-келдиларим сарҳисоби, хулосаси билан шундай тўхтамга келдим, Улардан Оллоҳ рози, жойлари жаннатда бўлсин. Бинобарин, ҳамма нарса ўткинчи дунёда боқийлик тақчил, жами ҳою ҳаваслар муваққат экан, соғинчлар ҳаприқтирганда беихтиёр ташқарига чиқиб кетадиган ўша залворли гап тилга келаверади: “Бир-биримизни қадрлаб яшайлик!” Бошқани қадрлаган одам қадр топар экан, ўзгани яхши кўрган одам ўзи ҳам яхши кўринар экан. Қалбларимиз меҳр-оқибатга лиммо-лим бўлсин.

Ҳаким САТТОРИЙ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen − eight =