Қайсарнинг қилмиши

Ўлдим, куйдим, осмондаги ойни олиб бераман деган аҳду паймон сўзлар фақат сўқирларда йўқ экан. Лекин уларни чиндан ҳам дили тоза бўлади-да. Изҳорни бариси кўзи борларда.

Шокир ўзидан икки уч ёшлар кичикроқ Фаридани кўргач, юрак ўйноғи дардига мубтало бўлди. Ўзику бекорчи, ҳеч бир фойдали иш билан банд ҳам эмас. Унга ишқи борлигини синф­доши орқали билдирди. Кўчага чиққан куни кўзгу олдида ўзига оро берадиган бўлди. Сочига мой суриб, ёнбош тарайдиган одат чиқарди.

Бир куни маҳалла  йўлида Фаридани кўриб қолди. То қиш­лоққа кириб боргунча уч юз, тўрт юз қадамча масофага бирга кетишди. У охири ичидаги дардини дудуғлана-дудуғлана айтди. Айт­ди-ю юзи қизариб, пешонасидан тер оқди. Шу қисқа йўлда ҳам бир қоп ваъдалар берди. Қопдаги ёлғон-яшиқ ваъдалар  ичида осмондаги юлдуздан тортиб ойгача, дарахтдаги нордон мевадан тортиб, шўрданаккача бор эди.

Тадбиркорлик  билан шуғулланиб юрган ошна бўлмишидан озроқ пул олиб, байрам куни Фаридага совға-салом қилди. Совғалар орасида кичик бўлса-да тилла сирға ҳам борлигини кўрган Фарида бироз унга томон юмшагандай бўлди. Айни қовун пишиғи чоғида, тўрт беш қовун-у ширинликлар ёнида қат-қат ёғли патирлар билан уларникига Шокирларни уйидан совчилар келишди.

Икки томон рози бўлишди. Ёғли патирлар синдирилди. Яхшигина ёр-дўстлар даврасида тўй  ҳам бўлиб ўтди.  Бир-биридан ширин фарзандлар дунё­­га келди. Икки ўғил, бир қизли бўлганда ҳалиги осмондан олиб берган юлдузларни нури қочди, ой ғуборланди, мевали дарахтлар қуриди, шўрданакларнинг тузи қочди. Хуллас, оилага дарз кетди. Улар бор йўғи ўн уч йил бирга яшади. Музлаган диллар эримади. Олти йилдирки улар бошқа-бошқа хонадонда яшашади. Ўртада фарзандлар сарсон.

Кўп киши орага тушди, ярашишмади. Охири Фарида Хидирова болалар таъминоти учун судга берди. Болалари учун алимент ундирадиган бўлди. Сурункасига беш йил алиментдан бош тортиб қочиб юрди. Шокирни инсофга чақирди. Бўлмади. Маъмурий жазога тортилди. Қайсарлиги йўл қўймади. Бу орада алиментдан қарздорлик ўсгандан ўсиб ўн миллион тўрт юз ўн етти минг тўқсон олти сўмга етди. Яна қайсарлик касали тутди.

Суд алиментдан қочиб юрган қочоқ ота  Шокир Сувоновга тегишли қамоқ жазосини берди. Зора энди эси кириб, болалари эсига тушса.

Нурали МЎМИНОВ,

Денов туманлараро фуқаролик ишлари

бўйича суди судьяси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 4 =